Кашфуш-шубуҳот (4)

    Уларнинг бошқа яна бир шубҳалари бор. Айтишадики: «Набий соллаллоҳу алайҳи
    ва саллам Усоманинг «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишини ўлдирганини жуда ёмон
    санаганлар ва: «Сен уни «ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан кейин ўлдирдингми?!»,
    деганлар. Ундан ташқари, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен одамлар билан
    улар то «ла илаҳа иллаллоҳ» демагунларича урушишга буюрилдим», деганлар. Бу
    калимани айтган кишилардан тийилиш кераклиги ҳақидаги бошқа ҳадислар ҳам
    бор».
    У жоҳилларнинг муроди шуки, «ла илаҳа иллаллоҳ» деган киши нима иш қилса ҳам
    кофир бўлмайди ва қатл қилинмайди.

    «Уларнинг бошқа яна бир шубҳалари бор. Айтишадики: «Набий соллаллоҳу
    алайҳи ва саллам Усоманинг «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишини ўлдирганини
    жуда ёмон санаганлар ва: «Сен уни «ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан кейин
    ўлдирдингми?!», деганлар. Ундан ташқари, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен
    одамлар билан улар то «ла илаҳа иллаллоҳ» демагунларича урушишга буюрилдим»,
    деганлар. Бу калимани айтган кишилардан тийилиш кераклиги ҳақидаги бошқа
    ҳадислар ҳам бор».

    У жоҳилларнинг – бу ҳадисларни келтиришдан ва булар орқали шубҳа
    солишдан – муроди шуки, «ла илаҳа иллаллоҳ» деган киши нима иш қилса ҳам
    кофир бўлмайди ва қатл қилинмайди».
    Яъни, шу калималарни айтиб қўйишнинг ўзи
    банданинг мусулмон бўлишига кифоя қилади. Уларнинг муроди шуки: «Сиз муваҳҳидлар
    «ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берган кишини кофир санайсизлар… ва ҳоказо».
    Бу эса уларнинг нақадар жоҳилликлари ва кўрликлари белгиси бўлиб, динни
    расм-русумлардангина иборат деб тушунишади, уларнинг руҳи ва маъносини англай
    олишмайди. Ҳолбуки, лафзлар жасад бўлса, маънолар руҳдир. Набий соллаллоҳу
    алайҳи ва салламнинг бу ҳадисларидан мурод нималиги ва у улар ўйлагандан бошқа
    нарса экани ҳақида айтиб ўтилади.

    У жоҳил мушрикларга айтилади: Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    саллам яҳудларга қарши урушганлар, уларни асирга олганлар, ваҳоланки улар ҳам
    «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишарди.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Бану Ҳанифа қабиласига
    қарши уруш қилдилар, ваҳоланки улар «ла илаҳа иллаллоҳу муҳаммадун расулуллоҳ»
    деб гувоҳлик беришарди, намоз ўқишарди, мусулмонлик даъво қилишарди.
    Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ёқиб юборган кишилар ҳам шундай кишилар
    эди.

    «У жоҳил мушрикларга – жавоб тариқасида – айтилади: Маълумки,
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудларга қарши
    – бир неча марта –
    урушганлар, уларни асирга олганлар…» Бошқа кофирлар билан қандай
    қилсалар, уларнинг аёлларини ҳам қул-чўрига айлантирганлар..

    «… ваҳоланки улар ҳам «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишарди». «Ла илаҳа
    иллаллоҳ» дейишлари уларга қарши уруш қилиш ва уларни асир олишдан
    тўсолмади.

    Демак, «ла илаҳа иллаллоҳ» дебгина қўйишнинг ўзи кишини кофир санашдан ман
    қилмас экан. Дарҳақиқат, жуда кўпчилик одам бу калимани айтгани ҳолда ўзи ё уни
    билмагани ё амал қилмагани ё эса унга зид амални қилиши билан кофир бўлиб юради.
    Уни айтиш билан бир қаторда бошқа бир неча ишлар ҳам зарурки, улардан энг
    каттаси унинг маъносини билиш ва унга амал қилишдир.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Бану Ҳанифа
    қабиласига қарши уруш қилдилар, ваҳоланки улар «ла илаҳа иллаллоҳу муҳаммадун
    расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришарди, намоз ўқишарди, мусулмонлик даъво
    қилишарди».
    Шундай бўлса ҳам уларга қарши урушдилар, хотинларини ва
    бола-чақаларини асирга олдилар. Чунки, уларда бошқа кофирликка туширувчи амаллар
    бор эди.

    «Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ёқиб юборган кишилар ҳам шундай
    кишилар эди».
    Улар ҳам намоз ўқишарди, Исломни даъво қилишарди, улар Алий
    розияллоҳу анҳунинг асҳобларидан эди, лекин улардан Ҳазрат Алий шахсларида ғулув
    ва у кишини улуғлашда ҳаддан ошиш содир бўлди, ҳатто у кишининг илоҳлигини даъво
    қилишгача боришди. Демак, мурод лафзнинг ўзигина эмас, балки лафз, иқрор ва амал
    бўлиши зарур экан. Мана шу учаласи ҳосил бўлса, у одамда «ла илаҳа иллаллоҳ»
    мавжуд экан, акс ҳолда қуруқ лафзигина бор бўлиб, руҳи ва ҳақиқати йўқ экан. «Ла
    илаҳа иллаллоҳ»ни бузадиган, ўзи унинг асли-асосидан бўлмаган нарсалар мавжуд.
    Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаш, у зотнинг покиза
    жуфтларини бадном қилиш каби. Булардан ҳар бири мазкур улуғ калимани
    синдиради-ку, қандай қилиб у калимани рад қилиш, яъни Аллоҳдан бошқага сиғиниш
    ва бутларни бу калима соҳиби қалбининг қибласига айлантириш (ушбу калимани йўққа
    чиқармасин?!). Бу ушбу калимани айтишдан бош тортадиган кишининг ҳолидан ҳам
    кўра ёмонроқ ҳолатдир. Чунки, бу кимсанинг айби шуки, у Исломга кирди, сўнг
    ундан содир бўлган иш у номланган (мусулмонлик номи)га зид бўлди ва шу билан
    муртадга айланди. Муртаднинг ҳукми эса аслий кофирникидан кўра қаттиқроқ. Яъни,
    унинг моли ҳам мусулмонлар ўлжасига айланади ва ҳоказо… Яҳудий, насроний ва
    мажусийлар эса, аксинча, бир-биридан мерос олаверадилар. Бу эса муртаднинг куфри
    қаттиқлигидандир. Чунки, у (ҳақни) билиб туриб, кейин инкор қилди, кўриб туриб,
    кейин кўрга айланди, шу билан аслида ҳеч қачон иқрор бўлмаган кишидан кўра
    ёмонроқ бўлди.

    У жоҳиллар ўзлари иқрорки, қайта тирилишни инкор қилган киши гарчи «ла илаҳа
    иллаллоҳ» деса ҳам кофир бўлади ва қатл қилинади. Ислом арконларидан бирини
    инкор қилган киши «ла илаҳа иллаллоҳ» деса ҳам кофир бўлади ва қатл қилинади.
    Фарълардан бирини инкор қилса, (бу калимани айтиши) фойда бермагани ҳолда,
    қандай қилиб пайғамбарларнинг динлари асоси ва боши бўлган тавҳидни инкор
    қилганида фойда берсин?!

    «У жоҳиллар – мушриклар – ўзлари иқрорки, қайта тирилишни инкор
    қилган киши гарчи «ла илаҳа иллаллоҳ» деса ҳам кофир бўлади ва қатл
    қилинади».
    Икки калимага гувоҳлик бериши унга фойда бермайди.

    Улар яна шунга ҳам иқрорларки, «Ислом арконларидан бирини – масалан,
    намознинг фарзлигини ёки рўзанинг фарзлигини – инкор қилган киши «ла илаҳа
    иллаллоҳ» деса ҳам кофир бўлади ва қатл қилинади. Фарълардан бирини инкор қилса,
    – бу калимани айтиши – фойда бермагани ҳолда, қандай қилиб
    пайғамбарларнинг динлари асоси ва боши бўлган тавҳидни инкор қилганида фойда
    берсин?!»

    Лекин, Аллоҳнинг душманлари ҳадислар маъноларини тушунмадилар.

    «Лекин, Аллоҳнинг душманлари ҳадислар маъноларини тушунмадилар».
    Уларнинг кўзларини кўр-кўрона тақлид ва тавҳиддан бутунлай юз ўгирган кишиларга
    нисбатан яхши гумонда бўлиш пардаси қоплаб олди, улар ушбу ҳадисларда айтилган
    «ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини «ла илаҳа иллаллоҳ» маъно-мазмунини билмаган
    ҳолда айтиб қўйишнинг ўзи кифоя, деган гумондаги кишиларга эргашдилар.

    Инсон агар фуқаҳоларнинг сўзларини мутолаа қилиб ўрганишни истаса, бир киши
    агар куфрга туширувчи хоҳ қавлий, хоҳ эътиқодий бир ишни қилса, кофир бўлиши ва
    унга қилган ҳеч бир амали фойда бермаслигини билади. Замонамиз мушриклари даъво
    қилишадики, фақат унга (яъни, сиғиниладиган бутга) боғланиб қолган ва у ўзи
    мустақил равишда фойда ё зарар келтиришга қодир деб ишонган кишигина кофир
    бўлади. Бу уларнинг жуда катта жаҳолатда эканларидан дарак беради. Бу айни ўша
    уларни рад қилиб барча самовий китоблар туширилган ва пайғамбарлар юборилган
    мушрикларнинг динининг ўзидир. Чунки, аввалги мушриклар ичида ҳам жуда
    камчиликлари ўз бутларининг мустақил равишда фойда ё зарар етказа олишига ишонар
    эди.

    Усома розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадисга келсак, у исломни даъво қилган бир
    кишини буни у жони ва молидан хавф қилиб даъво қилди, деган гумонда ўлдириб
    қўйган эди. Биров исломни изҳор қилса, то ундан бунга хилоф келадиган иш содир
    бўлгани аниқ бўлмагунча ундан тийилиш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда оят
    нозил қилган: «Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз
    (душманларингизни) аниқ таниб олинглар» (Нисо: 94). Оят далолатига кўра, ундан
    тийилиш ва тасаббут (ҳоли нима бўлишини кузатиш) вожиб бўлади. Шундан кейин агар
    ундан Исломга хилоф бўладиган иш содир бўлгани аниқланса, ўлдирилади. Чунки,
    Аллоҳ таолонинг «аниқ таниб олинглар» деган сўзи шунга далолат қилади. Агар
    (калимаи шаҳодатни) айтса умуман ўлдирилмайдиган бўлганида ушбу ояти калиманинг
    маъноси бўлмас эди.

    «Усома розияллоҳу анҳу – бир кишини «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтганидан
    сўнг ўлдириб қўйгани – ҳақидаги ҳадисга келсак, у исломни даъво қилган бир
    кишини буни у жони ва молидан хавф қилиб даъво қилди, деган гумонда ўлдириб
    қўйган эди».
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида «ла илаҳа
    иллаллоҳ»ни ё чин дилдан ишониб ва ихлос билан айтувчи киши бўларди ё эса тили
    билан айтиб, дилида куфрни яширган мунофиқ бўларди. Булардан бошқалар ушбу
    калимани айтишмасди. Аллоҳ таоло айтади: «Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай
    ҳақли илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган
    эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар
    эканмизми?» дер эдилар»
    (Вас-соффат: 35, 36). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
    ва салламнинг амакилари билан бўлган воқиа, яъни у зот: «Эй амаки, сиз «ла илаҳа
    иллаллоҳ» денг…» деб айтганларида ҳолат буни яққол очиқлаб беради.

    «Биров исломни изҳор қилса, то ундан бунга хилоф келадиган иш содир
    бўлгани аниқ бўлмагунча ундан тийилиш вожиб бўлади».
    Яъни, шаръий ҳукми
    шуки, у ўлдирилмайди, модомики рост айтаётгани ё ёлғон сўзлаётгани эҳтимолли
    бўлиб тураркан, то бу калиманинг зидди ундан содир бўлмагунича ундан қўл тортиш
    лозим бўлади.

    «Аллоҳ таоло бу ҳақда оят нозил қилган: «Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида
    жиҳод учун сафарга чиқсангиз (душманларингизни) аниқ таниб олинглар» (Нисо: 94).
    Оят далолатига кўра, ундан тийилиш ва тасаббут (ҳоли нима бўлишини кузатиш)
    вожиб бўлади. Шундан кейин агар ундан Исломга хилоф бўладиган иш содир бўлгани
    аниқланса, ўлдирилади. Чунки, Аллоҳ таолонинг «аниқ таниб олинглар» деган сўзи
    шунга далолат қилади. Агар (калимаи шаҳодатни) айтса умуман ўлдирилмайдиган
    бўлганида ушбу ояти калиманинг маъноси бўлмас эди».
    Мурод – ундан мутлақо
    тийилиш дегани эмас. Ислом калимасини айтган киши агар бу калимани ўлимдан
    қутулиб қолиш учун айтганига аломатлар бўлса, то бу калиманинг хилоф бўладиган
    иш ундан содир бўлмагунича унинг қони ва жони омонда бўлади. Бунинг хилофи содир
    бўлсагина ўлдирилади.

    Шунингдек, иккинчи ҳадис ва шу каби ҳадислар маъноси, юқорида айтиб
    ўтганимиздек, ким исломни ва тавҳидни изҳор қилса, то ундан бунинг хилофи содир
    бўлгани аниқ бўлмагунича тийилиш вожиб бўлади.

    «Шунингдек, иккинчи ҳадис – «Мен одамлар билан улар то «ла илаҳа
    иллаллоҳ» демагунларича урушишга буюрилдим» ҳадиси – ва шу каби ҳадислар
    маъноси, юқорида айтиб ўтганимиздек, ким исломни ва тавҳидни изҳор қилса, то
    ундан бунинг хилофи содир бўлгани аниқ бўлмагунича тийилиш вожиб бўлади».

    Агар бунинг зидди ундан содир бўлгани аниқ бўлса, шундагина у билан уруш олиб
    борилади.

    Умуман «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтмайдиган кишининг «ла илаҳа иллаллоҳ»
    дейиши эътиборли бўлади. Агар уни илгарида айтиб келган бўлса-ю Аллоҳдан бошқага
    ибодат қилишда давом этиб турган бўлса, у одам ҳеч нарсани ўзгартирган бўлмайди.
    Аҳли китоблар ҳам «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишгани ҳолда ҳеч нарсани
    ўзгартирмаганлар.

    Демак, бу ерда учта сурат юзага келди:

    Биринчиси: Бу кишининг ушбу калимани айтгач унга амал қилгани маълум бўлиши.
    Уни ўлдирилмайди.

    Иккинчиси: Унинг ҳоли ҳақида шак бўлиши. Агар жонини сақлаб қолиш учунгина
    айтгани гумон қилинса, у ҳам ўлдирилмайди.

    Учинчиси: Калимани айтиши, лекин кейин уни (унга зид келувчи ишлар билан)
    вайрон қилиши. Уни ўлдирилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «аниқ таниб олинглар»
    (Нисо: 94), деган, ундан эса Исломга зид келувчи иш содир бўлди, шу билан қони
    ва моли ҳалол бўлди. Шунингдек, уни аввалдан айтиб келган бўлса-ю, унга амал
    қилмаса ва бу ундан такроран содир бўлиб турса, унга (мусулмонлик) ҳукми
    йўқдир.

    Бунга далил шуки, «Уни «ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан кейин ўлдирдингми?!»
    деган ва «Одамлар билан то «ла илаҳа иллаллоҳ» демагунларича урушишга буюрилдим»
    деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хаворижлар ҳақида:
    «Уларни қаерда учратсангиз ўлдирингиз, агар мен уларни топсам (яъни ҳаётлигимда
    чиқишса), албатта Од қавмининг қатлидек қатл этаман» деганлар, ваҳоланки улар
    (хаворижлар) энг ибодатгўй ва таҳлили («ла илаҳа иллаллоҳ» дейиши) кўп кишилар
    эди. Ҳатто, саҳобалар уларнинг намозлари олдида ўз намозларини ҳақир санашарди,
    улар илмни саҳобалардан олган эдилар. Лекин, шариатга мухолифликлари зоҳир
    бўлгач, уларга «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишлари ҳам, кўп ибодат қилишлари ҳам,
    исломни даъво қилишлари ҳам фойда бермади.

    «Бунга – яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муродлари
    шу эканига – далил шуки, «Уни «ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан кейин
    ўлдирдингми?!» деган ва «Одамлар билан то «ла илаҳа иллаллоҳ» демагунларича
    урушишга буюрилдим» деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари
    хаворижлар ҳақида: «Уларни қаерда учратсангиз ўлдирингиз, агар мен уларни топсам
    (яъни ҳаётлигимда чиқишса), албатта Од қавми қатлидек қатл этаман» деганлар, ваҳоланки улар (хаворижлар)
    энг ибодатгўй ва таҳлили («ла илаҳа иллаллоҳ» дейиши) кўп кишилар эди. Ҳатто,
    саҳобалар уларнинг намозлари олдида ўз намозларини ҳақир санашарди, улар илмни
    саҳобалардан олган эдилар,
    – хаворижлар «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишар ва ундан
    зиёда амалларни ҳам қилишарди – Лекин, шариатга мухолифликлари зоҳир бўлгач,
    уларга «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишлари ҳам, кўп ибодат қилишлари ҳам, исломни
    даъво қилишлари ҳам фойда бермади».

    Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен уни «ла илаҳа
    иллаллоҳ» деганидан кейин ўлдирдингми?!» деган сўзларидан муродлари – ҳар бир
    «ла илаҳа иллаллоҳ» деган киши кофир бўлмаслиги ва ўлдирилмаслиги эмас экани
    маълум бўлди. Уларнинг: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган киши ҳар қанақа ишларни қилса
    ҳам, кофир бўлмайди ва ўлдирилмайди» деган сўзлари жуда катта жоҳилликларидан
    бўлди. Шариат насларига (яъни, оят ва ҳадислардан бўлган далил-ҳужжатларга)
    назар солган киши кўрадики, «ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишининг қатл қилиниши
    жуда кўп топилади. Ким бунинг аксини айтган бўлса, аҳли илм эмас экан.

    Юқорида айтиб ўтганимиздек, яҳудларга қарши уруш ҳам, саҳобаларнинг Бану
    Ҳанифага қарши урушлари ҳам шу турдан эди.

    «Юқорида айтиб ўтганимиздек, яҳудларга қарши уруш ҳам, саҳобаларнинг Бану
    Ҳанифага қарши урушлари ҳам шу турдан эди».
    Агар «ла илаҳа иллаллоҳ»
    калимасининг ўзигина қон ва молни сақлаб қололганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу
    алайҳи ва саллам асло яҳудларга қарши урушмаган бўлардилар, саҳобалар ҳам Бану
    Ҳанифага қарши жанг олиб бормаган бўлардилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен уни «ла илаҳа иллаллоҳ»
    деганидан кейин ўлдирдингми?!» деган сўзларидан, «Мен одамлар билан улар то «ла
    илаҳа иллаллоҳ» демагунларича урушишга буюрилдим» деган сўзларидан ва калимаи
    шаҳодатни айтган кишидан тийилиш ҳақидаги бошқа ҳадислардан мурод улар бу ерда
    далил қилиб келтирган нарса эмас. Балки, у зотнинг муродлари – ким аввал куфрда
    бўлиб, сўнг Исломга кирган бўлса, агар эҳтимолли ҳолат бўлса, ундан тийилиб
    турилади, демакдир. Шаръий ҳукм шуки, ундан тийилиб ва кутиб турилади. Агар
    Исломда барқарор ва давомли бўлса яхши, акс ҳолда аввалгидан ҳам ёмонроқ ҳолатда
    қатл қилинади, унинг иши аввалги аслий куфр ҳолидан кўра ёмонроқ деб саналади.
    Китоб, Суннат ва умматнинг ижмоъи шунга далолат қилади.

    Шунингдек, бир киши Бану Мусталиқ қабиласи закотни ман қилишгани хабарини
    келтирганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши уруш очмоқчи
    бўлганлар, кейин Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса
    бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга
    мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз
    учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!»

    (Ҳужурот: 6) оятини нозил қилди, ҳалиги киши уларга нисбатан ёлғон сўзлаган
    бўлиб чиқди. Буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар
    ҳужжат қилган ҳадисларидаги муродлари биз айтганимиздек эканига далолат
    қилади.

    «Шунингдек, бир киши Банул-Мусталиқ қабиласи закотни ман қилишгани
    хабарини келтирганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши уруш
    очмоқчи бўлганлар, кейин Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ
    кимса бирон хабар келтирса, сизлар
    (ҳақиқий аҳволни) билмаган
    ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат
    чекиб қолмасликларингиз учун
    (у фосиқ кимса олиб келган хабарни)
    аниқлаб-текшириб кўринглар!»
    (Ҳужурот: 6) оятини нозил қилди, ҳалиги киши
    уларга нисбатан ёлғон сўзлаган бўлиб чиқди».

    «Буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар ҳужжат
    қилган ҳадисларидаги муродлари биз айтганимиздек эканига далолат қилади».

    Хаворижларни қатл қилишга бўлган буйруқ ҳам худди шундай. Демак, юқорида
    ўтганлардан маълум бўлдики, «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтиб қўйишнинг ўзи қон ва
    молни асраб қолишга кифоя қилмайди, балки у одамдан агар бу калимага зид иш
    содир бўлса гарчи «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтса ҳам ўлдирилади.

    Савол: Мазкур шубҳа билан ундан аввалгиси ўртасида нима фарқ бор?

    Жавоб: Мусанниф замонамиз мушрикларининг ширки аввалги мушриклар ширкидан
    икки иш билан ёмонроқ бўлганини айтгач, унга ману шу шубҳа ва шу фарқларни айтиб
    эътироз билдиришди ва: «Биз «ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берамиз, қанақасига
    бизни бу калимага гувоҳлик бермайдиганлар билан баробар қиласизлар… Унинг
    устига бизни улардан ҳам ноқисроқ санаб, мана бу икки ишни ортиқча ҳам
    санадингизлар», дейишди.

    Мусанниф уларга мазкур шубҳаларнинг барисига жавоб бериб айтдики, кимдаки
    пайғамбарни бир нарсада тасдиқлаб, бошқа нарсада ёлғончи қилиш сабабли куфрга
    туширувчи иш топилса ёки махлуқни холиқнинг даражасига чиқариб қўйиш орқали
    куфрга тушиш содир бўлса ёки солиҳлардан биронтаси ҳақида ғулувга кетиб, унда
    илоҳлик борлигини даъво қилиш билан куфрга кетиш вужудга келса, ёки шариат ҳаром
    қилган ишда, масалан икки опа-сингилни никоҳида жамлаш каби ишда шариатга хилоф
    қилиш содир бўлса, ёки муртадликнинг бирон тури орқали куфр содир бўлса, ёки
    Аллоҳни ё Унинг оятларини масхаралаш билан куфрга тушиш ҳосил бўлса… Хуллас,
    мазкур куфрга туширувчи ишлардан биронтаси орқали куфрга тушиш содир бўлса, у
    одам калимаи шаҳодатга гувоҳлик бериши ва бошқа амалларни қилишидан қатъий назар
    ўшалар билан баробар бўлади.

    Иккинчиси шуки, улар: «Ким «ла илаҳа иллаллоҳ» деса мусулмон бўлиб, қони ва
    моли ҳаром бўлади. Усома ҳақидаги воқиа бунга далил бўлади…», дейишади.

    Мусанниф уларга жавоб қилиб айтдики, ким Исломни ва тавҳидни изҳор қилса, то
    бунинг хилофи ундан билинмагунича ундан тийилиш вожиб бўлади. Қачон ундан бунинг
    хилофи содир бўлса, гарчи бу калимани айтса ҳам, то у далолат қилган нарсага
    амал қилмагунича унга қарши урушилади.

    Уларнинг яна бир шубҳалари ҳам бор. У шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва
    саллам айтганларки, қиёмат куни одамлар ёрдам сўраб Одам алайҳиссалом ёнларига,
    сўнг Нуҳ алайҳиссаломга, сўнг Иброҳим алайҳиссаломга, сўнг Мусо алайҳиссаломга,
    сўнг Ийсо алайҳиссаломга борадилар, ҳаммалари узр айтишади, охири улар
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келишади. Улар айтишларича,
    мана шу ҳам Аллоҳдан ўзгасидан ёрдам сўраш ширк эмаслигига далолат
    бўларкан.

    «Уларнинг – яъни ҳозирги замон мушрикларининг юқорида ўтганидан бошқа
    яна бир шубҳалари ҳам бор. У шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    айтганларки, қиёмат куни
    – ҳолат ўта оғирлашиб, машаққат кучайиб кетгач
    – одамлар ёрдам сўраб Одам алайҳиссалом ёнларига, сўнг Нуҳ алайҳиссаломга, сўнг
    Иброҳим алайҳиссаломга, сўнг Мусо алайҳиссаломга, сўнг Ийсо алайҳиссаломга
    борадилар, ҳаммалари узр айтишади, охири улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    саллам олдиларига келишади
    – ва у зот уларнинг илтимосларини адо этишни ўз
    зиммаларига оладилар. Улар – яъни, шу ҳадис билан шубҳага солмоқчи
    бўлганлар – айтишларича, мана шу ҳам Аллоҳдан ўзгасидан ёрдам сўраш ширк
    эмаслигига далолат бўларкан».
    Бу уларнинг жаҳолатларидан белги бўлиб, иккала
    турдаги ёрдам сўраш ўртасини фарқлай билмадилар. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи
    ва салламнинг қиёмат кунида ҳаёт бўлишлари энг комил суратда бўлади, биз инкор
    қилган ширкона мадад сўрашнинг баёни қуйида келади, яъни у ғоибдаги шахсдан ёки
    маййитдан ё эса ғоиб эмас, ҳозир бўлса ҳам мададга қодир бўлмайдиган одамдан
    мадад сўрашдир. Аммо, ҳозир бўлиб турган тирик инсондан мадад сўраш жоиздир.
    Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраш жинсидаги нарсалар қиёмат куни
    мавжуддир. Насда (ҳадисларда) мавжудки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у куни
    шафоатга изн берилган кишиларни шафоат қиладилар. Жоизлиги маълум бўлган иш
    билан ҳаром ва ширклиги аниқ бўлган иш ўртасида катта фарқ бор.

    Жавоб шуки: Душманларининг қалбларини муҳрлаб қўйган Зотни поклайман.
    Махлуқдан (бандадан) у қодир бўладиган ишларда ёрдам сўрашни биз ҳам инкор
    қилмаймиз. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида баён қилганидек:
    «
    (Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан
    бўлган кимсага қарши ёрдам сўради»
    (Қасас: 15). Шунингдек,
    инсон уруш ва бошқа ҳолатларда бандадан у қодир бўладиган ишларда ёрдамланиши
    мумкин. Биз уларнинг авлиёларнинг қабрлари олдида ё улардан узоқда туриб,
    улардан ёлғиз Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган ишларда ёрдам сўраб
    сиғинишларини инкор қиламиз.

    «Жавоб шуки: Душманларининг қалбларини муҳрлаб қўйган Зотни поклайман».
    У Зот уларни бу турдаги ёрдам сўраш билан у турдаги мадад сўраш ўртасидаги
    фарқни билишдан тўсиб қўйди. Шу боис энди улар куппа-кундуз куни қуёшни
    кўрмайдиган, ширк билан тавҳид ўртасини фарқламайдиган бўлиб қолдилар.
    Ваҳоланки, бу бошқа нарса, у эса бутунлай бошқа нарсадир. Китобу Суннатда ҳам,
    ҳукм ва жазода ҳам улар ўртасида жуда катта фарқ бор.

    «Махлуқдан (бандадан) у қодир бўладиган ишларда ёрдам сўрашни биз ҳам
    инкор қилмаймиз».
    Бир инсон бошқа бир инсондан у қодир бўладиган ишларда
    мадад сўраши мумкин.

    «Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида баён қилганидек: «(Мусонинг)
    гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам
    сўради» (Қасас: 15). Шунингдек, инсон уруш ва бошқа ҳолатларда бандадан у қодир
    бўладиган ишларда ёрдамланиши мумкин. Биз уларнинг авлиёларнинг қабрлари олдида
    ё улардан узоқда туриб…»
    «Авлиёларнинг қабрлари олдида туриб, яъни вафот
    этиб кетганларидан кейин ёки улар ҳаёт бўлсалар ҳам, узоқда туриб» дегани
    кўпчилик ҳолатлардан келиб чиқиб гапирилди. Аслида, бутлар билан ҳам шу аҳвол
    бўлади.

    «… улардан – яъни тирик ва ҳозир бўлганларидан ҳам – ёлғиз
    Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган ишларда ёрдам сўраб сиғинишларини инкор
    қиламиз».
    Масалан, қалбларни ҳидоят қилишини сўраш, тоғни ва шу кабиларни
    кўтариб ташлаш каби. Бу хилдаги мадад сўраш ширкона мадад сўраш бўлади. Биз
    буларнинг ҳаммасини инкор қиламиз. Ким бу икки турли мадад сўрашни баробар
    кўрса, икки бир-бирига қарама-қарши ишни баробарлаштирган бўлади. Бу эса худди
    икки бир хил нарсани ўртасини ажратишга ўхшаган бўлади.

    Зотан, маййитдан мадад сўраш ширкдир, чунки у ҳаракатсиз, билмайди, қодир
    бўлмайди.

    Ғоибдаги шахсдан мадад сўраш ҳам ширк, чунки у эшитмайди ва билмайди.

    Тирик ва ҳозир бўлиб турган шахсдан мадад сўраш масаласи тафсилотларга
    тўхталишга муҳтож. Агар у қодир бўлмайдиган ишларда бўлса, масалан, тиббий
    муолажасиз кўрнинг кўзини очиш, иршод ва ҳужжатсиз қалбга ҳидоят бахш этиш ва шу
    кабилар ҳаммаси ширкдир. Чунки, буларга Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайди.

    Тирик, ҳозир бўлиб турган ва қодир кишидан мадад сўраш табиий ва зарурий
    бўлган, ҳамда шариат билан ҳам, ҳис ва истеъмолда ҳам маълум бўлган ишдир.
    Чунки, инсон фарзанди ўзининг ҳаёти ва муомалаларида ўзига ўхшаган бошқа инсонга
    албатта муҳтож бўлади. Оламдаги ҳамма жонзотнинг аҳволи ҳам бундан бошқача
    эмас.

    Мана шу нарса очиқ равшан бўлган бўлса, энди қиёмат куни пайғамбарлардан
    улар Аллоҳдан одамларнинг ҳисоб-китобини бошлашини ва жаннат аҳли тезроқ ушбу
    мавқифнинг шиддатидан халос бўлишларини тилаб дуо қилишларини илтимос қилиб
    ёрдам сўраш дунёда ҳам, охиратда ҳам жоиз, яъни бир солиҳ киши ҳузурига бориб,
    унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш ва «Менинг ҳақимга Аллоҳга дуо қилинг» деб
    сўраш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у зотнинг
    ҳаётлик пайтларида шундай қилишарди.
    Аммо, у зотнинг вафотларидан кейин, ҳаргиз қабрларига бориб, бундай нарсани
    сўрамаганлар. Балки, салафларимиз у зотнинг қабрлари олдида Аллоҳга дуо қилишни
    қасд қилган одамга инкор қилардилар, энди у зотнинг ўзларига дуо-илтижо қилиш
    қандай мумкин бўлсин?!

    «Мана шу нарса очиқ равшан бўлган бўлса…» Яъни, юқорида айтиб
    ўтганимиз, бири биз инкор қилган ширкий мадад сўраш ва иккинчиси жоиз бўлган
    мадад сўраш бўлмиш икки турли мадад сўраш ўртасини ажратиб олган бўлсангиз ва
    булар ичидан биз инкор қилаётганимиз тирик ва ҳозир одамдан у қодир бўлган ишда
    мадад сўраш эмас, балки сиғиниш маъносидаги мадад сўраш эканини билган
    бўлсангиз…

    «Энди қиёмат куни пайғамбарлардан улар Аллоҳдан одамларнинг ҳисоб-китобини
    бошлашини ва жаннат аҳли тезроқ ушбу мавқифнинг шиддатидан халос бўлишларини
    тилаб дуо қилишларини илтимос қилиб ёрдам сўраш дунёда ҳам, охиратда ҳам
    жоиз…»
    Бу хилдаги ёрдам сўраш иккинчи тур ёрдам сўрашга киради. Чунки, бу
    тирик, ҳозир ва қодир одамдан ёрдам сўрашдир. Зотан, у ҳолатда пайғамбарлар
    барча одамлар олдида ҳозир, қодир ва бу дунёдагидан кўра мукаммал ҳаёт билан
    тирик бўладилар. Бу мадад сўрашнинг ҳақиқати шуки, одамлар улардан Аллоҳга
    ёлвориб дуо қилишларини сўрайдилар. Бу эса мумкин ва жоиз иш.

    «Яъни, бир солиҳ киши ҳузурига бориб, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш ва
    «Менинг ҳақимга Аллоҳга дуо қилинг» деб сўраш мумкин».
    Чунки, бу унинг
    имкониятида бор бўлган иш. Худди шунга ўхшаш, пайғамбарлар ҳам қиёмат куни
    одамлар билан бир жойда, Аллоҳдан сўраш ва дуо қилишга имкониятлари бор бўлади.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у зотнинг ҳаётлик
    пайтларида шундай қилишарди».
    Масалан, Анас розияллоҳу анҳунинг онаси у
    зотга хитоб қилиб: «Ё Расулуллоҳ, жажжи хизматкорингиз Анас учун Аллоҳга дуо
    қилинг», деган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, унинг
    молини ва фарзандларини кўпайтиргин, унга ато этган нарсаларингда баракот
    бергин» деб дуо қилганлар (Муттафақун алайҳ). Шунингдек, Уккоша розияллоҳу анҳу:
    «Аллоҳга дуо қилинг, мени улардан қилсин», деганида «Сиз улардансиз», деганлар
    (Имом Муслим ривояти).

    «Аммо, у зотнинг вафотларидан кейин, ҳаргиз қабрларига бориб, бундай
    нарсани сўрамаганлар».
    Уммат бошига кўплаб кулфат ва мусибатлар келди,
    бироқ на Ҳарра замонида, на бошқасида у зотнинг қабрларига мадад сўраб
    бормадилар. Балки, саҳобалар бундай қилишни жуда катта мункар ишлардан ва катта
    ширк деб санардилар, мадад сўрашни у зотнинг тириклик пайтларига хос деб
    билардилар, вафотларидан кейин бундай қилиш тўхтади, деб билардилар. Шунинг учун
    у зотдан мадад ҳам сўрамасдилар, ўзлари учун Аллоҳдан сўраб беришни ҳам
    сўрамасдилар.

    «Балки, салафларимиз у зотнинг қабрлари олдида Аллоҳга – холис Унинг
    ўзига – дуо қилишни қасд қилган – ва бу ишини ижобатга яқинроқ деб
    санаган – одамга инкор қилардилар…» Масалан, Алий ибн Ҳусайн
    раҳимаҳуллоҳ – у киши ўз замонасида аҳли байтнинг энг олимларидан эди – Аллоҳга
    дуо қилиш мақсадида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига борган
    кишини бундай қилишдан қайтариб, шундай деган: «Мен сенга отамдан эшитган, отам
    бобомдан, бобом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисни
    айтиб берайми? У зот: «Менинг қабримни ийд (сайилгоҳ) қилиб олманглар ва
    уйларингизни қабристон қилиб қўйманглар (яъни, уйларда ҳам намоз ўқинглар),
    менга салавот айтинглар, зеро салавотларингиз қаерда бўлсангизлар ҳам менга
    етгусидир», деганлар (Абу Яъло, қози Исмоил, ҳофиз Зиё Муҳаммад ибн Абдулвоҳид
    ал-Мақдисий ривоят қилганлар, «Фатҳул-мажид: 258-бет).

    «… энди у зотнинг ўзларига дуо-илтижо қилиш қандай мумкин бўлсин?!»
    Агар салафларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бориб, ўша
    ерда шериксиз Аллоҳнинг Ўзига дуо қилишни қасд қилган кишига инкор қилишлари
    шундай бўлса, энди у зотнинг ўзларига дуо-илтижо қилишга муносабатлари қандай
    бўларди?! Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига дуо-илтижо
    қилаётган одамни кўрсалар, нима деган бўлардиканлар?! Албатта, буни жуда қаттиқ
    мункар санаган бўлардилар! Зеро, аввалги амал бидъат эди, шу ҳам жоиз бўлмади.
    Аммо, иккинчи амал энди у катта ширк бўлади. Чунки, ундан ибодатнинг мағзи, яъни
    Аллоҳдан бошқага дуо қилиш содир бўлади. Нима деб ўйлайсиз, агар салафлар бир
    кишининг (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга) «Менга мадад беринг, менга
    ризқ ато этинг» деб илтижо қилганини кўрсалар, унга қандай муносабат билдирарди
    эканлар?!

    Уларнинг яна бир шубҳалари бор. Яъни, Иброҳим алайҳиссалом ўтга отилган
    пайтларида ҳавода у кишига Жибрил алайҳиссалом рўбарў келиб: «Бирон эҳтиёжингиз
    борми?» деб сўрадилар. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Агар сизга бўлса, йўқ», деб
    жавоб бердилар. Уларнинг даъволарига кўра, агар Жибрилдан ёрдам сўраш ширк
    бўлганида у зот Иброҳим алайҳиссаломга ўз ёрдамларини таклиф қилмаган
    бўлардилар.

    «Уларнинг яна бир шубҳалари бор. Яъни, Иброҳим алайҳиссалом
    Аллоҳнинг душмани бўлган Намруднинг амри билан жуда кўп ўтин йиғилиб, унга ўт
    ёқилиб, у кишини манжаниққа (тошотар асбсоб)га ўрнатилиб – ўтга отилган
    пайтларида ҳавода
    – ана шундай оғир танглик пайтида – у кишига Жибрил
    алайҳиссалом рўбарў келиб: «Бирон эҳтиёжингиз борми?» деб сўрадилар. Шунда
    Иброҳим алайҳиссалом: «Агар сизга бўлса, йўқ», деб жавоб бердилар».
    Мана
    шундай қаттиқ музтарлик ва ҳожат пайтида ҳам сабр қилдилар. Сўнг Иброҳим
    алайҳиссалом: «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакийл», яъни Аллоҳнинг Ўзи бизга кифоя
    қилувчидир, У бандаларининг иши топширилувчи энг яхши Зотдир, дедилар. Шундан
    сўнг Аллоҳ таоло: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!»
    (Анбиё: 69), деб амр этди ва олов у учун салқин ва омонлик бўлди.

    Хуллас, бу мушриклар мана шу ҳикоя билан шубҳа солишади.

    «Уларнинг даъволарига кўра, агар Жибрилдан ёрдам сўраш ширк бўлганида у
    зот Иброҳим алайҳиссаломга ўз ёрдамларини таклиф қилмаган бўлардилар»
    ,
    Иброҳимга Жибрилдан ёрдам таклиф этилиши ундан мадад сўрашнинг жоизлигини
    англатади, акс ҳолда бундай қилиш жоиз бўлмас эди, дейишади.

    Уларнинг мазкур шубҳадаги адашишларининг асли жоиз билан ҳаром ўртасини
    фарқламаган эканлари, Китобу Суннатда ҳамда ижмоъда бу ҳақда баён этилган
    нарсалардан билимлари бўлмаган эканидир.

    Жавоб: Бу ҳам аввалги шубҳанинг жинсидан. Чунки, Жибрил у кишига ўзлари
    қодир бўлган иш билан ёрдам беришни таклиф қилганлар. Зеро, Жибрил Аллоҳ таоло
    айтганидек: «кучга тўлган» (Нажм: 5) бир фариштадир. Агар Аллоҳ таоло
    унга Иброҳимга ёқилган ўтни ва унинг атрофидаги ер ва тоғларни олиб, машриқ ё
    мағрибга улоқтиришга изн берса, у албатта буни қилган бўларди. Агар уни осмонга
    олиб чиқиб кетишга изн берса, уни ҳам қилган бўларди.

    Бу хадди мол-дунёси кўп, бой-бадавлат киши бир муҳтож кишига қарз бериб
    туришини ёки унинг ҳожати равон бўлиши учун бирон нарсани ҳадя қилишини таклиф
    қилса, муҳтож уни қабул қилмасдан, то Аллоҳ унга бировнинг миннати
    аралашмайдиган ризқ ато этгунича сабр қилганига ўхшаган гапдир. Ёрдам сўраб
    сиғиниш ва ширк қаёқда-ю, бу қаёқда, агар тушунсалар?!

    «Жавоб: Бу ҳам аввалги шубҳанинг жинсидан. Чунки, Жибрил у кишига ўзлари
    қодир бўлган иш билан ёрдам беришни таклиф қилганлар».
    Жибрил алайҳиссалом
    тирик, ҳозир ва қодир эдилар. Бу эса тирик, ҳозир ва қодир кишидан мадад сўраш
    жинсидан.

    «Зеро, Жибрил Аллоҳ таоло айтганидек: «кучга тўлган» (Нажм: 5) бир
    фариштадир. Агар Аллоҳ таоло унга Иброҳимга ёқилган ўтни ва унинг атрофидаги ер
    ва тоғларни олиб, машриқ ё мағрибга улоқтиришга изн берса, у албатта буни қилган
    бўларди. Агар уни осмонга олиб чиқиб кетишга изн берса, уни ҳам қилган
    бўларди».
    Худди Лут қавмининг диёри ва унинг атрофидаги бошқа диёрларни
    ағдар-тўнтар қилишга буюрилганида қилгани каби.

    Шундан сўнг мусанниф Иброҳим ва Жибрил алайҳиссаломлар ҳолатига мисол
    келтириб, айтади:

    «Бу хадди мол-дунёси кўп, бой-бадавлат киши бир муҳтож кишига қарз бериб
    туришини ёки унинг ҳожати равон бўлиши учун бирон нарсани ҳадя қилишини таклиф
    қилса,
    – бу Жибрилнинг мисолидир – муҳтож уни қабул қилмасдан, то Аллоҳ
    унга бировнинг миннати аралашмайдиган ризқ ато этгунича сабр қилганига ўхшаган
    гапдир».
    Бу эса Иброҳим алайҳиссаломнинг мисолидир. Фақир киши бой одамдан
    ёрдамини қабул қилса, мушрик бўлиб қолмасди, бу ҳам худди шунга ўхшайди.

    «Ёрдам сўраб сиғиниш ва ширк қаёқда-ю, бу қаёқда, агар тушунсалар?!»
    Яъни, уларнинг ўликлар ва ғоибларга нисбатан қилаётган ишлари аввалги мушриклар
    феълининг айни ўзидир. Бу иш бир жинсдаги иш бўлса, Иброҳим алайҳиссалом
    воқиасидаги иш бутунлай бошқа бир жинсдаги амалдир. Ким бу икки иш ўртасини
    баробарлаштирса, икки бир-биридан бутунлай фарқли ишни бир хил санаган
    бўлади.

    Дарҳақиқат, ким шундай дейдиган бўлса, ақлини бир текшириб олиши лозим
    бўлади. Чунки, бу иккиси бир хил ва баробар деб билган одамнинг ақлида халаллик
    бор бўлади.

    Гапни – иншооллоҳ – жуда ҳам муҳим, улкан бир масала билан якунлаймиз. Бу
    масала аслида, юқорида айтилган гаплардан ҳам тушунарли бўлди. Бироқ, аҳамияти
    кучли бўлганидан ва бу хусусда ғалат-хатоликлар кўп бўлганидан унга алоҳида яна
    бир бор қайтамиз. У шундан иборатки, тавҳид қалб, тил ва амал билан бўлиши
    зарурлигида ҳеч қандай хилоф йўқ, булардан биттасига халал етса ҳам киши
    мусулмон бўлмай қолади.

    Агар тавҳидни билса-ю, унга амал қилмаса, у худди Фиръавн, Иблис ва шунга
    ўхшаганлар каби кофирдир. Мана шу масалада кўп одамлар хатоликка йўл қўйишади.
    Айтишадики: «Бу гап тўғри, биз ҳам уни тушунамиз ва ҳақлигига гувоҳлик берамиз.
    Лекин, уни бажаришга қодир эмасмиз, бизнинг диёр аҳли ўзларига мувофиқ
    келмайдиган ишларни қабул қилишмайди» ва ҳоказо узрлар. У бечора билмайдики,
    куфр миллатларининг аксарияти ҳақни билиб туриб, уни баъзи узрлар билан тарк
    қилишган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга
    алмаштиришди»
    (Тавба: 9) ва бошқа оятлар. Масалан:
    «Биз китоб ато
    этган кимсалар
    (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни)
    ўз фарзандларини таниган каби танийдилар.
    (Яъни ўзларининг илоҳий
    китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари
    ҳолда ҳақиқатни беркитадилар»
    (Бақара: 146).

    Агар тавҳидга зоҳиран амал қилса, ўзи уни тушунмаса ё қалби билан эътиқод
    қилмаса, у мунофиқдир ва кофирдан ҳам ёмондир, «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг
    энг қуйи жойида бўлурлар»
    (Нисо: 145).

    «Гапни – иншооллоҳ – жуда ҳам муҳим, улкан бир масала билан якунлаймиз. Бу
    масала аслида, юқорида айтилган гаплардан ҳам тушунарли бўлди».
    Яъни, бу
    ҳақда умуман юқорида ўтган шубҳаларнинг жавобларида кифоя қиларли даражада
    гапириб ўтилди. Бироқ, улар тарқоқ ҳолда келди. Энди алоҳида-алоҳида
    келтирилганда улар тушуниш ва ёдда сақлаб қолишга осонроқ бўлади. Демак,
    юқоридаги жавобларда умумий ҳолда келтирилган гаплар бу ерда хоссатан ва алоҳида
    кўринишда келтирилади.

    «Бироқ, аҳамияти кучли бўлганидан ва бу хусусда ғалат-хатоликлар кўп
    бўлганидан унга алоҳида яна бир бор қайтамиз».
    Токи толиби илмлар уни
    тасаввур қилиб, ёдлаб олишлари осон бўлсин.

    «У шундан иборатки, тавҳид қалб, тил ва амал билан бўлиши зарурлигида
    – аҳли илмлар ўртасида – ҳеч қандай хилоф йўқ…» Демак, тавҳид учун учта
    нарса зарурдир:

    У қалбда эътиқод қилинадиган нарса бўлиши зарур;

    У тилда айтиладиган нарса бўлиши зарур;

    Унга бадан аъзолари билан амал қилиниши зарур.

    «Булардан биттасига халал етса ҳам киши мусулмон бўлмай қолади». Агар
    тили билан тавҳид калимасини айтса-ю, дили ундан ғофил бўлса, унинг тавҳиди
    фойда бермайди. Агар қалби билан ва бадан аъзолари билан тавҳидни адо қилса-ю,
    тили билан тавҳид калимасини айтмаса, бу ҳам фойда бермайди. Агар аъзолари билан
    тавҳидга амал қилса-ю, тили билан айтмаса ва дили билан эътиқод қилмаса, у ҳолда
    ҳам киши мусулмон бўлмайди. Демак, бу инсон эътиқоди, тили ва дили билан
    муваҳҳид бўлиши зарурлигига ижмоъдир.

    «Агар тавҳидни билса-ю, унга амал қилмаса… кофирдир». Яъни, агар
    эътиқод қилса-ю, тили билан тавҳид калимасини айтмаса ва аъзолари билан унга
    амал қилмаса, бундай одам умматнинг барчаси наздида кофирдир.

    «… худди Фиръавндек…» Фиръавн ҳам шундай эди. Оятда келганидек:
    «(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан
    (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини
    аниқ билурсан»
    (Исро: 102).

    «Иблис каби…» Иблис ҳам шундай, ҳақни биларди. Аллоҳ таоло
    айтганидек: «(Иблис) айтди: «Энди, Сенинг қудратингга қасамки»
    (Сод: 82), «(Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан
    оздирганинг сабабли»
    (Ҳижр: 39). Ҳар иккисининг куфри саркашлик куфри эди.
    Фиръавн ҳам, Иблис ҳам ҳақни умумий суратда билишарди, уни тиллари билан
    айтишарди. Баъзи куфрлар эса жаҳолат ва билмасликдан ҳам бўлади.

    «… ва шунга ўхшаганлар каби». Масалан, ғазабга дучор бўлган уммат
    бўлмиш яҳудларнинг олимлари ва уларга ўхшаб, ҳақни билиб, унга амал қилмаган
    кишилар каби.

    «Мана шу масалада кўп одамлар хатоликка йўл қўйишади». Яъни, тавҳид
    масаласида ва унинг тил, дил ва амал билан бўлиши зарурлиги масаласида..

    Айтишадики: «Бу гап тўғри, биз ҳам уни тушунамиз ва ҳақлигига гувоҳлик
    берамиз. Лекин, уни бажаришга қодир эмасмиз, бизнинг диёр аҳли ўзларига мувофиқ
    келмайдиган ишларни қабул қилишмайди» ва ҳоказо узрлар».
    Яъни,
    билмаганликдан эмас, уни инкор қилмадилар, балки кўзга кўриниб турган нақд
    нарсани келажакдаги насиядан устун кўрдилар.

    «У бечора билмайдики, куфр миллатларининг аксарияти – худди унга
    ўхшаб –ҳақни билиб туриб, уни баъзи узрлар билан тарк қилишган».

    «Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга
    алмаштиришди»
    (Тавба: 9)».
    Шундан ҳам улар ҳақни билишган экани маълум
    бўлади. Уларнинг ягона офатлари шаҳватларидан воз кечолмаслик ва нақдни
    келажакдаги нарсадан афзал кўриш бўлди.

    «… ва бошқа оятлар. Масалан: «Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий
    ва насронийлар) уни (Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
    пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг
    илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи
    билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар»
    (Бақара: 146). Яҳудий уламолар
    ҳақни танишган ва унинг ҳақ эканини билишган, лекин бошлиқликни қўлдан беришдан
    қўрқув уларни унга бўйсунишдан тўсганди. Уларнинг ҳақни билишлари ва унинг
    ҳақлигига иқрор бўлишлари ўзларига фойда бермади. Сабаби, унга амал қилишни ва
    унга бўйин эгишни тарк қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    пайғамбар бўлиб келишларидан олдинроқ яҳудлар: «Пайғамбар чиқиши замони
    яқинлашиб қолди. Аллоҳга қасамки, агар пайғамбар юборилса, биз у билан бирга
    сизларга қарши урушамиз», дейишарди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қачонки уларга
    Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани
    (Тавротни) тасдиқ этувчи китоб
    келганда
    ҳолбуки, илгари кофирларга қарши ўша китобни олиб келувчи
    пайғамбардан ёрдам кутардилар
    бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса
    келганда унга кофир бўлдилар»
    (Бақара: 89).

    «Агар тавҳидга зоҳиран амал қилса…» Тилида жорий бўлса ва аъзолари
    билан унга амал қилса..

    «… ўзи уни тушунмаса ё қалби билан эътиқод қилмаса…» ёки
    тушунса-ю, қалби билан унга бўйсунмаса..

    «… у мунофиқдир ва кофирдан ҳам ёмондир…» чунки, очиқдан-очиқ
    кофир кимса ёмонликни яширмасдан қилади, алдамайди, тили бошқа, дили бошқа
    бўлмайди. «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг қуйи жойида бўлурлар»
    (Нисо: 145). Яъни, улар дунёда ҳам кофирлардан тубан бўлишгани боис охиратда
    ҳам кофирлардан кўра ёмонроқ аҳволда бўладилар.

    Нифоқ ёки мунофиқлик луғатда «нофиқоъ» сўзидан олинган бўлиб, қўшоёқнинг
    инидан чиқувчи тешиклар маъносини англатади. Қўшоёқни ушлайман дейилса, уларнинг
    биридан кириб иккинчисидан чиқиб кетади.

    Шаръий истилоҳда унинг маъноси – зоҳирда мусулмон бўлиб кўриниб, ботинда куфр
    ва ёмонликни яширишдир. Эътиқодда эса, мунофиқ кимса тили билан айтади, аъзолари
    билан амал қилади, бироқ қалби билан унга мухолиф бўлади. Бу эгасини диндан
    чиқарадиган катта нифоқдир.

    Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг ўн уч оятида мунофиқларни зикр қилди.
    Ваҳоланки, аслий кофирларнинг ҳоли мунофиқларга қараганда енгилроқ бўлганидан
    улар ҳақида мазкур сурада фақат икки оятгина келган.

    Иккинчи қисми амалий нифоқ бўлиб, ҳадиси шарифда уни шундай тушунтирилади:
    «Гапирса ёлғон сўзлайди, ваъда берса хилоф қилади, омонат берилса хиёнат
    қилади». Бу нифоқ эгаси аввалги қисм билан бир хил бўлмайди, буниси гуноҳи
    кабиралардан саналади. Ояту ҳадисларда куфр ё нифоқ деб номланган ишлар гуноҳ
    аталиб, оғир жазолар берилиши билан огоҳлантирилган ишлардан кўра қаттиқроқдир.
    Чунки, ширк ва нифоқнинг гуноҳи бошқаларнинг гуноҳидан каттароқ ва оғирроқ
    бўлади.

    Бу масала жуда катта ва узун масала бўлиб, фикр юритиб кўрсангиз,
    одамларнинг тилларида (юриш-туришларида) билинади. Баъзилар ҳақни билиб туриб,
    дунёсига ё обрўсига нуқсон етиш хавфидан ё муроса важидан унга амал
    қилмасликларини кўрасиз. Баъзиларнинг унга зоҳирда амал қилиб, ботинда амал
    қилмасликларини кўрасиз. Агар қалбидаги эътиқодидан сўрасангиз, тавҳидни
    билмаслиги кўринади.

    «Бу масала…» Яъни, тавҳид қалб, тил ва амал билан бўлиши зарурлиги
    масаласи..

    «… жуда катта ва узун масала бўлиб, фикр юритиб кўрсангиз, одамларнинг
    тилларида (юриш-туришларида) билинади».
    Агар сиз одамларнинг ҳолига разм
    солиб, улардан мазкур учта ишни – яъни, тавҳидга эътиқод қилишларини, тиллари
    билан уни айтишларини ҳамда амаллари билан уни мукаммал қилишларини топмоқчи
    бўлсангиз, жуда кўпчилик бу уч ишни мукаммал адо этмаслигини, биттаси ё
    иккитасини қилмасликларини топасиз.

    «Баъзилар ҳақни билиб туриб, дунёсига ё обрўсига нуқсон етиш хавфидан ё
    муроса важидан унга амал қилмасликларини кўрасиз».
    Яҳудларнинг олимлари ёки
    бўлмасам Фиръавн ва Иблис каби.. Бу биринчи қисми..

    «Баъзиларнинг унга зоҳирда амал қилиб, ботинда амал қилмасликларини
    кўрасиз».
    Эътиқод ҳақиқати қалбига етиб бормаган бўлади. Бу иккинчи
    қисмдир.

    «Агар қалбидаги эътиқодидан сўрасангиз, тавҳидни билмаслиги кўринади».
    Биринчиси кўп, иккинчиси ундан камроқ, учинчиси жуда оз.

    Яъни, билиб, тили билан айтадиганлар кўп. Шунингдек, эътиқод қилиб, тили
    билан ҳам айтадиганлар ҳам кўп. Учинчиси, яъни ҳам эътиқод қилиб, ҳам амал
    қиладиган, бироқ тили билан айтмайдиганлар камроқ.

    Сиз Аллоҳнинг Китобидан икки оятни яхшилаб тушуниб олинг:

    Биринчиси: Юқорида ўтган «Узр айтманглар! Сизлар иймон
    келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз»
    (Тавба: 66) ояти. Агар
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Румга қарши жанг қилган
    саҳобалардан баъзилари ҳазил-мазах қилиб айтган сўзлари туфайли кофир бўлиб
    кетишганини билган бўлсангиз, сизга маълум бўладики, мол-дунёсига ё обрўсига
    нуқсон етиш хавфидан ё ким биландир муроса қилиш учун куфр калимасини айтадиган
    ё куфрга амал қиладиган кишининг ҳоли уни ҳазиллашиб айтган одамдан кўра
    оғирроқдир.

    «Сиз Аллоҳнинг Китобидан икки оятни яхшилаб тушуниб олинг». Бу икки
    оятни тушуниш орқали сизга мусанниф уқтираётган тавҳид қалб, тил ва амал бўлиши
    зарурлиги масаласи равшан бўлади.

    «Биринчиси: Юқорида ўтган «Узр айтманглар! Сизлар иймон
    келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз»
    (Тавба: 66) ояти. Агар
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Румга қарши жанг қилган
    саҳобалардан баъзилари ҳазил-мазах қилиб айтган сўзлари туфайли кофир бўлиб
    кетишганини билган бўлсангиз, сизга маълум бўладики, мол-дунёсига ё обрўсига
    нуқсон етиш хавфидан ё ким биландир муроса қилиш учун куфр калимасини айтадиган
    ё куфрга амал қиладиган кишининг ҳоли уни ҳазиллашиб айтган одамдан кўра
    оғирроқдир».
    Бу одам ўзи саҳобалардан бўлган ва у сўзни ҳазил-мазах қилиб
    айтган одамдан кўра куфрга ҳақлироқ ва лойиқроқ. Ё ундай сўзни айтган саҳобалар
    кофир бўлиши мумкин-у, улар кофир бўлмай қолишадими?!

    Иккинчи оят эса «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин
    (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким
    қалби иймон билан ором олгани ҳолда
    (куфр калимасини айтишга) мажбур
    қилинса,
    (унинг иймонига зиён етмас)»
    (Наҳл: 106) оятидир.
    Аллоҳ таоло улар ичидан фақат қалби иймон билан хотиржам бўлгани ҳолда куфр
    калимасини айтишга мажбур қилинган кишинигина узрли санади.

    «Иккинчи оят эса…» Яъни, мусаннифнинг мурод қилган тавҳид қалб, тил
    ва амал билан бўлиши зарурлигига далолат қилувчи оятларнинг иккинчиси…

    ««Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса
    (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани
    ҳолда
    (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён
    етмас)» (Наҳл: 106) оятидир». Яъни, у кишида иккита шарт топилиши
    керак:

    Биринчиси: мажбурланган бўлиши.

    Иккинчиси: қалби иймон билан сокин ва хотиржам бўлиши.

    «Аллоҳ таоло улар ичидан фақат қалби иймон билан хотиржам бўлгани ҳолда куфр
    калимасини айтишга мажбур қилинган кишинигина узрли санади».

    Мажбурланиш деганда жонига ё бола-чақасига қатл етиши хавфи бор бўлган
    даражага етиш тушунилади. Мана шундай одам мажбурлик ҳолатида саналиб, куфр
    калимасини тилга олиши жоиз бўлади. Бироқ, шарти шуки, қалби иймон билан
    хотиржам бўлиши, яъни ҳаққа чин дили билан эътиқод қилган бўлиши керак. Лекин,
    агар мажбур қилинган ишига қалби билан рағбат қилса, кўнгли хотиржам бўлмаса, у
    куфр аҳлидан бўлади.

    Аммо, ундан бошқаси иймонга келганидан кейин куфрга қайтган бўлди, бу ишини
    қўрққанидан қилган бўлсин, муроса учун қилган бўлсин, ватанини, оиласини,
    қариндош-уруғларини ё мол-мулкини кўзи қиймасдан қилган бўлсин, ё буни ҳазил
    йўсинида қилган бўлсин ё бошқа ғаразларда қилган бўлсин, фарқсиздир. Фақат
    мажбурланган киши бундан мустасно бўлади.
    «Аммо, ундан бошқаси иймонга келганидан кейин куфрга қайтган бўлди, бу ишини
    қўрққанидан қилган бўлсин, муроса учун қилган бўлсин, ватанини, оиласини,
    қариндош-уруғларини ё мол-мулкини кўзи қиймасдан қилган бўлсин, ё буни ҳазил
    йўсинида қилган бўлсин ё бошқа ғаразларда қилган бўлсин, фарқсиздир. Фақат
    мажбурланган киши бундан мустасно бўлади».
    Оят икки жиҳатдан шунга далолат қилади:

    Биринчи: «Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда
    (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса»
    дейиш билан Аллоҳ таоло
    фақат мажбурланган кишинигина истисно қилди. Маълумки, инсон фақат бирон сўз ёки
    ишга мажбур қилинади, аммо қалбдаги эътиқод борасида бировни мажбурлаш
    имконсиз.

    Иккинчи: «Бунга сабаб улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал
    билганларидир»
    дейиш билан Аллоҳ таоло бу куфр ва бу азобга дучор бўлишлари
    эътиқод сабабли ё жаҳолат сабабли ё динни ёмон кўрганликдан эмас ё куфрга
    муҳаббат қўйишганидан эмас, балки бунинг сабаби фақат дунёдан бирон улуш бўлиб,
    ўшани диндан афзал кўришгани эканини очиқ баён қилди.

    «Оят икки жиҳатдан шунга – яъни тавҳид қалб, тил ва амал билан бўлиши
    зарурлигига – далолат қилади:

    «Биринчи: «Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр
    калимасини айтишга) мажбур қилинса» дейиш билан Аллоҳ таоло фақат
    мажбурланган кишинигина истисно қилди. Маълумки, инсон фақат бирон сўз ёки ишга
    мажбур қилинади, аммо қалбдаги эътиқод борасида бировни мажбурлаш имконсиз».

    Кимдан куфр содир бўлса, у иймонидан сўнг кофирликка қайтган бўлади.

    «Иккинчи: «Бунга сабаб улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал билганларидир»
    дейиш билан Аллоҳ таоло бу куфр ва бу азобга дучор бўлишлари эътиқод сабабли ё
    жаҳолат сабабли ё динни ёмон кўрганликдан эмас ё куфрга муҳаббат қўйишганидан
    эмас, балки бунинг сабаби фақат дунёдан бирон улуш бўлиб, ўшани диндан афзал
    кўришгани эканини очиқ баён қилди».

    Куфрга мажбур қилинаётган инсон қуйидаги ҳолатлардан бирига кўндаланг бўлади:

    1) Куфрдан бош тортиш ва сабр-матонат билан туриш. Бу энг афзал ҳолат
    саналади.

    2) Тили билан куфрни айтиб, қалби билан иймонни эътиқод қилиш. Бу ҳам жоиз
    ҳамда унга нисбатан енгиллик ва раҳматдир.

    3) Мажбур қилинганда ижобат қилиши, дили ҳам куфрга мойил бўлиши. Бу одам
    маъзур эмас, кофирдир.

    4) Ундан куфрга қайтиш талаб қилинади, бироқ таклиф мажбур қилиш
    даражасига етиб бормаган бўлади.
    Шундай бўлса-да у таклифни ижобат қилади ва
    тили билан куфрни айтади, бироқ қалби иймон билан хотиржам бўлади. Бу кимса
    ҳам кофирдир.

    5) Унга куфр ҳақида айтилади, бироқ мажбур қилинмайди. Шундай бўлса-да тили
    билан ҳам, дили билан ҳам мувофиқ келади. Бу одам ҳам кофир бўлади.

    Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билувчироқдир. Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн, ва
    соллаллоҳу ала Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.
    «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билувчироқдир. Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн, ва
    соллаллоҳу ала Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн».

    Ушбу қораламани оққа кўчириш 1411 ҳижрий сафар ойида ниҳоясига етди.

    Ушбу тақрир ва изоҳларнинг аксариятини шайхимиз Муҳаммад ибн Иброҳим оли Шайх
    оғизларидан 1366 ҳижрийда ёзиб олинган, бир қисми ундан олдинроқ, бир қисми сал
    кейинроқ ҳам ёзиб олинган. Шайхимизнинг дарслари мобайнида ёзиб олганим нусхалар
    олти нусхага етган бўлиб, мен бу оқламада уларнинг ҳаммасини жамлашга ҳаракат
    қилдим.

    Бу билан жумла мўминлар қаторида мени ҳам фойдалантиришини Аллоҳ субҳанаҳу ва
    таолодан сўраб қоламан.

    Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар
    йўлласин.

    Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Қосим
    Ўзек тилига таржимаси 1430 ҳижрий 1 рамазонда (22.08.2009) ниҳоясига етди.

    Жумладан: «Одамлар билан
    то улар «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадун Расулуллоҳ» демагунларича урушишга
    буюрилдим. Агар «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик
    берсалар, қибламизга юзлансалар, сўйган (гўшт)имизни есалар, намозимизни
    ўқисалар, бизга уларнинг қонлари ва моллари ҳаром қилинади, магар (Исломнинг)
    ҳаққи бундан мустасно» (Бухорий ривоятлари).

    Яъни, «ла илаҳа иллаллоҳ»
    дейиши унинг қони ва молини сақлаб қолишига ёрдам бермайди.

    Абу Довуд, Насоий, Аҳмад,
    ривоят қилганлар, хаворижларни қатл қилиш мазмунидаги ҳадисларни Бухорий, Муслим
    ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962