Бизга боғланинг
Кофирлар байрамини нишонлаш
Савол:
Абул Аббос Аҳмад ибн Яҳё Ваншарийсийнинг (ҳижрий 914- йил вафот этган) «ал-Меъйор ал-муъриб» – моликий мазҳаб фатво китобидан:
Абул Асбағ Ийсо ибн Муҳаммад Тамийлийдан январ кечаси ҳақида сўрадилар. У кечани одамлар «таваллуд кечаси», деб номлаб, унга жуда катта тайёргарлик кўрадилар, уни худди ҳайитдек қилиб олишган. Бир-бирларига турли ҳадялар бериб, овқатлар чиқариб йўқлайдилар, шу куннинг ҳурматидан эркагу аёл ҳамма ишларини йиғиштириб, дам олиш қиладилар ва уни янги йилнинг бошланиши деб санайдилар.
Муҳтарам устоз, бу иш мусулмон учун ҳаром, динда йўқ амалми? Қариндош-уруғ, қуда-андалардан биронтаси шу кеча муносабати билан овқат қилиб чақириб қолса, бориш мумкин эмасми? Ёки бу ишлар ҳаром даражасига етмаган макруҳи таҳримий ёки оддий макруҳ саналадими? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган ҳадисларда ўзларини насоро–христианларга ўхшатиб, уларнинг наврўз, маҳражон каби байрамларини нишонлаган мусулмонлар қиёмат куни маҳшарда ўша кофирлар билан бирга бўлиши нақл қилинган экан. Яна бир ҳадисда: «Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, албатта улардандир», деган эканлар.
Шу ҳақда сиз ўзингиз тўғри деб билганингизни яхшилиб тушунтириб беринг, Аллоҳ сизни азиз ва даражангизни улуғ қилсин!
Жавоб:
Абул Асбағ саволга қуйидагича жавоб берди:
Мактубингизни ўқидим, сўраган саволингизни тушундим. Мактубда айтилган ишларнинг ҳаммаси уламолар наздида қилиш ҳаром бўлган ишлардир.
Бу каби ишлардан қаттиқ қайтариб сиз айтган ҳадислар ривоят қилинган.
Яҳё ибн Яҳё Лайсий: «Янги йил байрамида насронийнинг ҳам, мусулмоннинг ҳам ҳадяси қабул қилинмайди, меҳмондорчиликка чақирилса борилмайди, унга тайёргарлик кўриш мумкин эмас, унинг бошқа кунлардан ҳеч қандай фарқи бўлмаслиги керак», деб айтган ва бу тўғрида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни нақл қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобаларига айтдилар: «Сизлар ажам – ғайридинлар орасига борасизлар. Шунда ким уларнинг наврўзи ва маҳражонида уларга ўзини ўхшатса, қиёматда ўшалар билан бирга бўлади».
Яҳё сўзида давом этиб: Мен бу ҳақда Ибн Кинонадан сўраб, юртимиз (Андалус)даги аҳволни айтиб бергандим, Ибн Кинона бу ишларни қаттиқ қоралаб: Бизнинг наздимизда (мазҳабда) бу ишларнинг бари ўта ёмон ишлардир. Пайғамбаримизнинг «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, қиёмат куни улар билан бирга бўлади» мазмунидаги ҳадисларига кўра имом Молик ҳам бу ишдан қайтарган, деди.
(Манба: «ал-Меъйор ал-муъриб» 1- жилд, 180- бет. Марокко давлати, диний ишлар вазирлиги нашри)