Бизга боғланинг
Кусуф намозига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Аллоҳ таоло айтади:
«У (Аллоҳ) қуёшни зиё сочувчи, ойни ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган зотдир. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ бу (борлиқни) ҳақ (Қонун ва мақсад) билан яратди. У зот биладиган қавм учун Ўз оятларини муфассал баён қилур» (Юнус: 5).
«Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Кусуф намози (яъни, қуёш тутилганда ўқиладиган намоз) уламолар иттифоқи бўйича, суннати муаккададир. Далили – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган суннатдир.
Кусуф – кун тутилиши Аллоҳ таоло у билан бандаларини ҳалокатдан қўрқитадиган оят-аломатлардан биридир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз» (Исро: 59).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида кун тутилганида у зот қўрққан ҳолларида, шошилиб, кийимларини судраганча масжидга чиқдилар ва одамлар билан намоз ўқидилар, сўнг уларга кун тутилиши Аллоҳнинг оят-аломатларидан бири эканини, Аллоҳ таоло у билан бандаларини қўрқитишини, у гоҳо одамлар устига азоб тушиши сабаби бўлиши ҳам мумкинлигини хабар бердилар, уни аритадиган нарсага буюрдилар, у юз берганда то ўтиб кетгунига қадар дуо, истиғфор, садақа, қул озод қилиш ва бошқа солиҳ амаллар қилишга буюрдилар. Кусуфда одамлар учун огоҳлантириш ва қўрқитиш бордир, токи улар Аллоҳ таолога тавба қилиб қайтсинлар.
Жоҳилият пайтида кусуф-кун тутилиши бирон улуғзоданинг туғилиши ёки вафоти сабабли юз беради, деган эътиқод ҳукм сурарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу эътиқодни бекор қилдилар ва кусуфда бўлган илоҳий ҳикматни баён қилиб бердилар.
Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этган куни кун тутилди. Одамлар: «Кун Иброҳимнинг ўлими сабабли тутилди», дейишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кун ва ой Аллоҳнинг оят-аломатларидандир. Улар бировнинг ўлими ё ҳаётга келгани учун тутилмайдилар. Агар (тутилганини) кўрсаларингиз, Аллоҳнинг зикрига ва намозга шошилинглар», дедилар (Бухорий (1041) ва Муслим (911) ривоятлари.
«Саҳиҳайн»да келган бошқа бир ҳадисда: «То очилиб кетгунича Аллоҳга дуо қилинглар ва намоз ўқинглар» (Бухорий (1043) ва Муслим (915) Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
«Саҳиҳ»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ юборадиган бу оят-аломатлар бировнинг ўлими ёки ҳаётга келгани учун бўлмайди. Лекин, Аллоҳ у билан бандаларини қўрқитади. Агар шундай ҳолатни кўрсаларингиз, Аллоҳнинг зикрига, Унга дуо қилишга ва истиғфор айтишга шошилингиз», дедилар (Бухорий (1059) ва Муслим (912) ривоятлари).
Аллоҳ таоло ушбу икки улуғ оят-аломатни – қуёш ва ой тутилишини бандалар бу билан ибрат олишлари ва улар ҳам ўзлари каби махлуқ эканини, уларга ҳам нуқсон ва ўзгариш етиши мумкинлигини билишлари учун жорий қилади. Токи, бандалари бу билан Унинг комил қудрат эгаси эканига ва ибодатга Угина ҳақли эканига йўллансинлар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Кусуф намози вақти кун тутилиши бошланишидан то очилиб кетгуничадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар тутилганини кўрсангиз, намоз ўқингиз», деганлар (Бухорий (1044) ва Муслим (901) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоятлари).
Бошқа ҳадисда: «Агар бу ҳолни кўрсангиз, то очилиб кетгунига қадар намоз ўқингиз» (Муслим (904) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Кун очилиб кетганидан кейин кусуф намозининг қазоси ўқилмайди. Чунки, вақти ўтган бўлади. Кун тутилганини билгунларича у очилиб кетса, намоз ўқимайдилар.
Кусуф намозини қуйидагича ўқилади:
Уламолар сўзларининг саҳиҳроғига кўра, қироатни жаҳрий қилиб, икки ракъат намоз ўқийди. Биринчи ракъатда «Фотиҳа»ни ва «Бақара» ё шунга ўхшаш бирон узун сурани ўқийди, сўнг узун рукуъ қилади, сўнг бошқа намозлардаги каби рукуъдан бошини кўтариб: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд», дейди. Сўнг яна «Фотиҳа»ни ва биринчи ракъатда ўқиганидан қисқароқ, масалан «Оли Имрон» сураси каби бир узун сурани ўқийди. Сўнг узунликда биринчи рукуъдан қисқароқ рукуъ қилади. Сўнг бошини кўтариб: «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамду ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳ, милъас-самаъи ва милъал-арз ва милъа ма шиъта мин шайъин баъд», дейди. Сўнг узун-узун икки сажда қилади, саждалар ўртасида узоқ ўтирмайди. Кейин иккинчи ракъатни ҳам худди биринчи ракъатдагидек узун-узун икки рукуъ ва икки сажда қилиб ўқийди. Сўнг ташаҳҳуд ўқиб, салом беради.
Бу кусуф намозининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиганларидек ва у зотдан бир неча йўллар билан ривоят қилинганидек кўринишидир. Бу ривоятларнинг баъзилари «Саҳиҳайн»да ҳам бор бўлиб, жумладан Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида кун тутилди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқдилар, туриб, такбир айтдилар, одамларни ўз ортларига сафга тиздилар. Сўнг узоқ қироат қилдилар, сўнг такбир айтиб, узоқ рукуъда турдилар, сўнг бошларини кўтариб: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана ва лакал ҳамд» дедилар. Сўнг тик туриб, яна узоқ қироат қилдилар, бу қироатлари аввалгидан кўра қисқароқ бўлди. Сўнг такбир айтиб, рукуъга бордилар ва узоқ рукуъда турдилар, бу рукуълари аввалги рукуъларидан қисқароқ бўлди. Сўнг: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана ва лакал ҳамд» дедилар. Кейин сажда қилдилар. Иккинчи ракъатни ҳам худди биринчи ракъат каби ўқидилар. Ҳатто, (намозни) тўрт рукуъ ва тўрт сажда билан охирига етказдилар. Намозни тугатмасларидан туриб кун очилиб кетди» (Бухорий (1044) ва Муслим (901) ривоятлари).
Ушбу намозни жамоат билан ўқиш суннатдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Бошқа нафл намозлари каби ёлғиз ҳолда ўқилса ҳам жоиз. Лекин, жамоат билан ўқиш афзал ва суннатдир.
Кусуф намозидан кейин имом одамларга ваъз-насиҳат қилиши, уларни ғафлатдан ва ғурурга берилишдан огоҳлантириши, дуо ва истиғфорни кўп қилишга буюриши суннатдир. «Саҳиҳ»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозларидан) бурилдилар, кун очилиб кетган эди. Одамларга хутба қилдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай дедилар: «Албатта, кун ва ой Аллоҳнинг аломатларидан икки аломатдир. Улар бировнинг ўлими ё тириклиги учун тутилмайди. Агар шу ҳолни кўрсангизлар, Аллоҳга дуо қилинг, такбир айтинг, намоз ўқинг ва садақа қилинг!…» (Юқоридаги манба).
Агар намозни ўқиб бўлганида ҳали кун очилиб кетмаган бўлса, то очилиб кетгунига қадар Аллоҳни зикр қилиб, дуо қилиб туради, яна намозга қайтмайди. Агар намозда эканида кун очилиб кетса, намозни енгил қилиб тугатади, уни бузмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Амалларингизни ботил-бекор қилиб қўйманглар!», деган (Муҳаммад: 33). Намоз кусуф вақтида бўлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «то очилиб кетгунича» деган сўзлари бунга далил бўлади.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кусуфнинг вақти кун тутилишига
қараб, баъзан узоқроқ, баъзан қисқароқ бўлади. Гоҳо куннинг ҳаммаси тутилади,
баъзан ярми, баъзида эса учдан бири тутилади. Агар кун кўпроқ тутилса, намозни
ҳам узунроқ ўқийди, ҳатто биринчи ракъатда «Бақара» ва шу каби бирон сурани
ўқийди. Иккинчи рукуъдан кейин ундан қисқароқ қироат қилади. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу мазмунда саҳиҳ ҳадислар келган. Сабаб зойил
бўлса, шунингдек кусуфнинг узоқ давом этмаслигини билса намозни енгиллатиши
машруъдир. Кусуф тугашга яқин бўлиб қолган бўлса, намозни бошлайди ва енгилроқ
ўқийди. Аҳли илмлар жумҳури шундай деганлар, чунки бу намоз сабаб туфайли машруъ
бўлган. Сабаб эса зойил бўлди. Намоз бошлашидан олдин очилиб кетган бўлса, намоз
ўқимайди.» (Мажмуъул-фатава: 24/260).