Лақит – ташландиққа доир аҳкомлар ҳақидаги боб

    Ташландиқ (яъни ташлаб кетилган, йўқолиб қолган, топиб олинган) болага доир ҳукмларнинг топилдиққа доир ҳукмларга катта алоқаси бор. Чунки, топилдиқ адашиб (йўқолиб, тушиб) қолган нарсаларга хос бўлса, ташландиқ деб адашиб қолган (топиб олинган) инсонга айтилади. Бу ҳукмлардан Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларига оид ҳукмларни ўз ичига олган экани ва уларнинг барчасида олам ҳозирги даврда билган боғча-яслилар, етим ва боқувчиси йўқларни ўз бағрига оладиган мурувват уйлари (етимхоналар) каби муассаларни ташкил қилишдек ишлардан қиёс қилиб бўлмас даражада юксакликларга кўтарилган экани кўринади. Исломнинг ташландиқ болаларга кўрсатган эътибори ҳам бунга мисол бўлади.

    Лақит – ташландиқ деб ташлаб кетилган ёки оиласидан адашиб, йўқолиб қолган ва ҳар икки ҳолда ҳам насаби номаълум бўлган болага айтилади.

    Ана шундай ҳолатдаги ташландиқ болани топиб олган киши уни олиши фарзи кифоядир. Яъни, бир киши бу вазифани адо қилса, бошқалардан гуноҳ соқит бўлади. Аммо, олишга имкон бўла туриб, ҳеч ким уни олмаса, ҳамма гуноҳкор бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2), деган. Оятнинг умумий маъноси ташланди болани олиш фарзлигига далолат қилади. Чунки, бу яхшилик ва тақво йўлидаги ҳамкорликка киради. Қолаверса, бу унинг жонини сақлаб қолиш ҳамдир. Бу зарурат пайтида овқатлантириш ва ғарқ бўлишдан қутқариб қолиш каби фарз ишдир.

    Ташландиқ (бола) барча ҳукмларда ҳур-озоддир. Чунки, одам аслида озод бўлади, қуллик оризий (кейин пайдо бўлувчи)дир. Агар қуллиги билинмаса, асли унинг қул эмаслигидир.

    У билан ёки унинг ёнида топилган мол зоҳирга амал қилиниб, уники ҳисобланади. Чунки, мол унинг қўли остида бўлган. Болани топиб олган одам унга ўша молидан инсоф билан сарф қилади. Агар унинг ёнида ҳеч қандай мол топилмаса, унга байтулмолдан сарф қилинади. Умар розияллоҳу анҳу ташландиқ бола топиб олган одамга: «Буни олиб кетавер, у озод, валийлиги сенга, нафақаси бизнинг зиммамизга», деганлар (Абдурраззоқ (9/16, №1690), Ибн Аби Шайба (6/295, №31569), Байҳақий (6/201) ривоятлари). «Нафақаси бизнинг зиммамизга» дегани мусулмонларнинг байтулмолидан, деганидир.

    Бир лафзда Умар розияллоҳу анҳу: «Разоъи (яъни, эмизишга сарфланадиган нафақаси) бизнинг зиммамизга», деганлар. Топиб олган одамнинг зиммасига унга инфоқ қилиш ва эмиздириш сарфи лозим бўлмайди, балки бунинг учун байтулмолдан сарф қилинади. Бунинг имкони бўлмаса, нафақаси унинг аҳволини билиб турган мусулмонлар зиммасига бўлади. Сабаби, Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2), деган. Унга нафақа қилмаслик ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Нафақа қилиш эса худди меҳмонни меҳмон қилингани каби ёрдам турига киради.

    Дин тарафидан унинг ҳукми шуки, агар у ислом диёрида ёки аксарият аҳолиси мусулмонлар бўлган куфр диёрида топилса, у мусулмон саналади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир чақалоқ (ислом) фитратида туғилади», деганлар (Бухорий (1359) ва Муслим (2658) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Агар фақат кофирлар яшайдиган ёки мусулмонлар сони камчиликни ташкил қиладиган диёрда топилса, у диёрига тобеъ саналаиб, кофир дейилади. Унинг тарбияси топиб олган одамга – омонатли бўлиши шарти билан – бўлади. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу ташландиқ болани Абу Жамиланинг қўлида қолишига рози бўлганлар, чунки унинг солиҳ одам экани маълум бўлганди.

    Топиб олган одам унинг ёнида топилган молдан унга сарф қилади, чунки унга валий бўлиб қолади ва унга яхшилаб инфоқ қилади.

    Агар топиб олган одам тарбия қилишга салоҳиятли бўлмаса, яъни у фосиқ ё кофир бўлса ва ташландиқ бола мусулмон бўлса, болани унинг қўлида қолдирилмайди. Чунки, мусулмонга кофир ва фосиқнинг валийлиги ўтмайди, чунки улар унинг динини бузадилар.

    Шунингдек, топиб олган одам кўчманчи саҳройи бўлса ва жойдан жойга кўчиб юрса, болани унинг қўлида қолдирилмайди. Чунки, бунда болага қийинчилик ҳосил бўлади. Болани ундан олиниб, шаҳарда муқим одам қўлига топширилади. Чунки, боланинг шаҳар (қишлоқ)да муқим бўлиши унинг дини ва дунёси учун фойдалироқ ҳамда аҳли-оиласи топилиши ва насаби аниқланиши учун яхшироқ бўлади.

    Ташландиқ ўлса, унинг мероси ва ўлдирилса, унинг хун пули – агар меросхўр фарзанди бўлмаса – байтулмолга бўлади, агар аёли бўлса, унга тўртдан бири тегади.

    Уни қасддан тажовуз билан ўлдирилган бўлса, валийси имом (халифа) бўлади. Чунки, мусулмонлар унинг меросхўри бўладилар, имом эса улардан ноиб (вакил) бўлади ва у қасос олиш ёки байтулмол фойдасига хун пули ундириш ўртасида ихтиёрли бўлади. Зеро, имом валийси йўқ кишининг валийси саналади.

    Агар унга қасддан ўлдиришдан бошқа бирон жиноят қилинса, балоғатга етишини кутилади, шундан сўнг қасос олиш ёки кечириб юборишда ихтиёрли бўлади.

    Агар бирон киши ёки бирон аёл ташландиқ бола унинг фарзанди эканига иқрор бўлса, унга болани берилади. Чунки, бунда болани ўз насабига қўшилиши билан манфаат ҳосил бўлади ва бошқалар учун зарар бўлмайди. Фақат шарти шуки, даъво қилаётган одам битта бўлиши керак. Агар бир неча киши уни бизники даъво қилишса, далил-ҳужжати бўлганига берилади. Агар ҳеч бирида ҳужжат бўлмаса ёки ҳужжатлари бир-бирига қарама-қарши бўлса, болани улар билан бирга қофага (яъни, кишининг қиёфасига қараб, кимнинг боласи эканини айтиб берувчи кишига) рўпара қилинади, қофа кимга ҳукм қилса, ўшанга берилади. Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар ҳозирликларида ана шундай қилганлар (Абдурраззоқ (7/360, №13475), Ибн Аби Шайба (6/287, №31468) ривоятлари).

    Қофа-қиёфачи бир киши бўлиши кифоя қилади, унинг адолатли, тўғри топиши
    тажрибадан ўтган эркак киши бўлиши шарт қилинади.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962