Маҳр ва унинг миқдорини айтиб берсангиз

    Савол:

    Ассалому алайкум исламнури.cом сайтининг ижодкорлари, мени саволим қуйидагидан иборат, Маҳр ҳақида тўла маълумот ва ҳозирги кунда бизларнинг диёримиздаги белгиланган даражаси қандай, шулар ҳақида сўрамоқчи эдим. Олдиндан вақтингизни аямасдан ёрдам берганингиз учун ташаккур, Оллоҳ рози бўлсин.

    Жавоб:

    Ва алайкум ассаламу ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

    Маҳр ҳақида тўла маълумот бериш учун бир китоб ёзиш керак бўлади. Қисқача қилиб жавоб берамиз: маҳр эр-хотин ўртасида никоҳ ўқиладиган пайтда ёки ундан кейин бериладиган қадр-қиймати бор шаръан ҳалол нарса, у нақд ёки насия бўлади. Бу хотиннинг ҳақкидир. Унинг оз кўплигининг фарқи йўқ, ҳар ернинг ўз урф-одатига қараб, куёвнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади. У бир ковуш ёки 100 гр тилло бўлиши мумкин бунинг хадди йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Физоралик бир аёлга никоҳ ўқиётганларида «бир жуфт ковушга розимисан» дедилар. Аёл ҳа деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қабулига кўра никоҳни ўқиб тугатдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Уммаҳотул Муъмининга берган маҳрлари ҳамда қизларининг маҳрлари ҳам ўн тўққиз динордан ошмаган, 19 динор бугунги кунда тақрибан 397$ га тенгдир. Маҳр маънавий нарса бўлиши ҳам мумкин. Масалан, Қуръондан бир неча сура ёдлатиш, илм ўргатиш, ҳатто эр намоз ўқимайдиган бўлса намоз ўқисангиз шу мени маҳрим деса ҳам бўлаверади. Унинг берилиш муддати никоҳ пайтида берилса ҳам бўлади, кейинроқ берилса ҳам бўлади, бу икки томоннинг келишувига боғлиқ. Маҳр ҳар бир юртда одат бўлганидан кам бўлмагани яхши. Масалан, одатда бир тилло узук бериладиган бўлса, демак шундан кам қилмагани яхши, куёвнинг камбағаллиги эътиборидан бундан камига рози бўлинса ҳам жоиз.

    Маҳрни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига ва қизларига белгилаганларидан ортиқча қилиш яхши эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан ортиғига қодир эдилар, лекин қилмадилар. Ким ундан ортиқ қиламан деса, жоҳил аҳмоқдир. Бу сўзни Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ ўз фатоволарида айтганлар (32/194).

    Аёл маҳрнинг ҳаммасига қачон ҳақли бўлади? 1- қачонки эр-хотин бир бор бўлсада жимоъ қилсалар. 2- эр-хотиннинг қайси бири бўлмасин қўшилишдан аввал вафот этса. 3- Абу Ҳанифанинг сўзларига кўра эр хотин бир марта бўлсада уйга киришиб эшикни ёпсалар ва пардани туширсалар, агар жимоъ бўлмаса ҳам маҳр тўла вожиб бўлади. Жимоъдан аввал хотинини талоқ қилса ярим маҳрини беради, тўла берган бўлса ярмини қайтариб олади.

    Агар аёл тўйдан кейин маҳрини кўпайтириб беришини талаб қилса, эр хоҳласа саховат юзасидан кўпайтириб берса ҳам бўлади. Валлоҳу аълам

    Сизга ҳурмат ила Ислом Нури таҳририяти

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962