Бизга боғланинг
Маҳси ва бошқа оёқни ўраб турувчи нарсаларга масҳ тортиш ҳукмлари тўғрисидаги боб
Динимиз енгиллик ва қулайлик дини, оғирлик ва машаққат дини эмас. У ҳар бир ҳолатга ўзига муносиб келадиган ва у билан манфаат ҳосил бўлиб, машаққат кетадиган ҳукмларни тузиб берган. Шу ҳукмлардан бири – таҳорат қилиш пайтида таҳорат қилувчи кишининг бирон аъзосида ечишга қийналадиган ва туриши зарур бўлган – оёқни ўраб турган маҳси ва шу каби нарса ёки бошга ўралган салла ёки жароҳатга боғланган боғлов каби – бирон тўсиқ бўлса, шариат соҳиби бундай одамга ана шу тўсиқни ечиб, унинг ичидаги аъзосини ювиши ўрнига унинг устига масҳ тортиб қўйишига рухсат берган. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан бандаларга берилган енгиллик ва улардан қийинчиликни кўтаришдир.
Маҳси ёки унинг ўрнини босадиган пайпоқ каби нарсаларга масҳ тортиш ва оёқни ювиш ўрнига шу билан кифояланиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарда ҳам, муқимликда ҳам уларга масҳ тортганлари, бунга буюрганлари ва шундай қилишга рухсат берганлари ҳақидаги саҳиҳ ва мутавотир ҳадислар билан собит бўлган.
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан етмиш киши менга у зотнинг маҳсига масҳ тортганларини айтганлар».
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маҳсига масҳ тортиш машруълигини саноқсиз кўп саҳобалар ривоят қилганлар».
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Масҳ тортиш ҳақида кўнглимда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қирқта ҳадис бор».
Ибнул Муборак ва бошқалар – раҳимаҳумуллоҳ – айтадилар: «Маҳсига масҳ тортиш ҳақида саҳобалар ичида ихтилоф бўлмаган, у жоиздир».
Ибнул Мунзир ва бошқалар унинг жоизлигига уламолар ижмоъ қилганларини нақл қилган.
Уни жоиз деб кўрмайдиган бидъат аҳлининг аксича аҳли сунна вал-жамоа унинг жоизлигига иттифоқ қилганлар.
Маҳсига масҳ тортиш ҳукми – рухсатдир. Аллоҳ азза ва жалланинг рухсатини ушлаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ва бидъат аҳлига хилоф қилиб, масҳ тортиш уни ечиб, оёқларни ювгандан кўра афзалдир. Масҳ тортиш билан масҳ тортилган нарса остидаги таҳоратсизлик кетади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолатлари нимани тақозо қилса, шуни қилардилар, ўзларини қийнаб, такаллуф қилмасдилар. Агар маҳсида бўлсалар, унга масҳ тортардилар, оёқяланг бўлсалар, оёқларини ювардилар. (Оёқ ювишдан қочиб,) фақат масҳ тортиш мақсадида маҳси кийиш машруъ эмас.
Маҳсига масҳ тортиш муддати муқим кишига ва сафар муддати намозни қаср ўқишга имкон бермайдиган кишига бир кеча-кундуз, намозни қаср ўқиш имкони бўлган мусофирга эса уч кеча-кундуздир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусофир учун уч кеча-кундуз, муқим учун бир кеча-кундуз», деганлар.
Масҳ тортиш муддатининг бошланиши ҳар икки ҳолда ҳам маҳси кийгандан кейин таҳорати синган пайтдан ҳисобланади. Чунки, таҳоратнинг синиши таҳоратни вожиб қилади ва масҳ тортишнинг бошланиши ўша таҳорат синишидан бошлабдир. Демак, муддатнинг бошланиши масҳ тортиш жоиз бўлган биринчи вақтдан бошланади. Баъзи уламолар муддатнинг бошланиши таҳоратсизликдан кейинги биринчи масҳ тортиш пайтидан бўлишини ҳам айтганлар.
Маҳси ва шу каби нарсаларга масҳ тортиш шартлари:
1) Маҳсига ёки унинг ўрнига ўтадиган пайпоқ ва шу каби нарсаларга масҳ тортиш учун киши уни кийган пайтида таҳоратли бўлиши шарт қилинади. «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида келганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилганларида у зотнинг маҳсиларини ечишга ёрдамлашмоқчи бўлган саҳобага (яъни, Муғийра ибн Шуъбага): «Қўяверинг, мен уни таҳоратли оёқларга кийганман» дедилар ва уларга масҳ тортдилар.
«Маҳсиларни таҳоратли ҳолда кийган бўлсак, уларга масҳ тортишимизга буюрдилар» (Аҳмад, Байҳақий, Дорақутний Сафвон ибн Ассолдан ривоят қилганлар).
Ушбу ҳадислар маҳсига масҳ тортиш пайтида оёқлар таҳоратли бўлиши лозимлигига очиқ далолат қилади. Кияётган ҳолида таҳорати синса ҳам масҳ тортиш жоиз бўлмайди.
2) Маҳси ва шу кабилар мубоҳ бўлиши шарт. Агар ўғирланган ё босқинчилик билан қўлга киритилган бўлса ёки – эркак кишига нисбатан – ипакдан қилинган бўлса, унга масҳ тортиш мумкин эмас.
3) Маҳси ва шу каби нарса оёқни ўраб туриши шарт қилинади. Таҳоратда ювилиши лозим бўлган жойни тўла ўраб турмаса, яъни, тўпиқдан паст бўлса ёки юпқа ва шаффофлиги туфайли ичидан оёқ кўриниб турса, унга масҳ тортилмайди.
Маҳсининг ўрнига ўтадиган нарсага масҳ тортилади, жун ва шу каби нарсалардан қилинган оёқни беркитиб турувчи қалин пайпоққа масҳ тортиш мумкин. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавраб (қалин пайпоқ) ва наъл (кавуш)га (биргаликда) масҳ тортганлар (Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган, Термизий саҳиҳ санаган). То муддат тамом бўлгунича устидан маҳси ё кавуш каби оёқ кийим бўлмаган ҳолида масҳ тортиб юриш жоиз. Агар пайпоққа масҳ тортган бўлса, маҳси ё кавушни кийиб-ечиб юришининг бунга таъсири йўқдир.
Саллага масҳ тортишнинг иккита шарти бор:
Биринчи: Бошнинг очиб юриш одат бўлмаган қисмини ўраб турувчи бўлиши;
Иккинчи: Саллани бир ё кўпроқ марта жағнинг остидан айлантириб ўралган бўлиши ёки бир тарафи орқага ташлаб қўйиладиган пеши бор салла бўлиши. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саллага масҳ тортганлари бир неча имомлар томонидан ривоят қилинган ҳадислар билан собитдир. Умар розияллоҳу анҳу: «Саллага масҳ тортиш кимни покламаса, Аллоҳ уни покламасин», деганлар.
Маҳсига масҳ тортиш ҳам, саллага масҳ тортиш ҳам фақат кичик таҳоратсизликдан покланишда жоиз бўлади. Аммо катта таҳоратсизлик ҳолида масҳ тортиш кифоя қилмайди, балки унинг ичидаги аъзони ювиш шарт бўлади.
Жабирага, яъни, синиқ устига маҳкамланган тахтачага (гипсга) ёки яра устига қопланган боғлов ва ёпиштиргичга (пластирга) ҳам масҳ тортилади. Буларга масҳ тортиш шарти – синиқ ё ярага зарурат миқдорида ўралган бўлишидир. Заруратдан ташқарисини ечиб, ичидаги аъзони ювиш лозим бўлади.
Жабира ва шу кабиларга масҳ тортиш ҳам кичик, ҳам катта таҳоратсизликдан покланишда жоиз бўлади. Унга масҳ тортишнинг чекланган муддати йўқ, то ечиб ташлангунча ёки жароҳат тузалгунча масҳ тортилаверади. Чунки, унга масҳ тортиш зарурат юзасидан бўлиб, зарурат миқдорига қараб ўлчанаверади.
Жабирага масҳ тортишга далил Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадисидир. Унда шундай дейилади: «Сафарда эканимизда бизлардан бир кишининг бошига тош тегиб, боши ёрилди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолиб, шерикларидан: «Мен учун таяммум қилишга рухсат бормикин?» деб сўраган эди, улар: «Йўқ, сенга рухсат бор деб билмаймиз, сен сувга қодирсан», деб жавоб беришди. У ғусл қилиши оқибатида вафот этди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганимизда у зотга ушбу воқеа ҳақида хабар берилди. Шунда у зот: «Уни ўлдирибдилар, Аллоҳ уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрасалар бўлмайдими?! Билмасликнинг давоси сўрашлик-ку! Унга таяммум қилиши ва жароҳати устига бирорта латтани боғлаб, унга масҳ тортиши кифоя эди», дедилар» (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари, Ибнус-Сакан саҳиҳ санаган).
Ушбу нарсаларга масҳ тортиш ўрни:
Маҳси ва пайпоқнинг устига масҳ тортади, салланинг кўп қисмига, айниқса унинг
айланасига масҳ тортади, жабиранинг ҳаммасига масҳ тортади. Маҳсига масҳ тортиш
кўриниши – иккала қўлининг бармоқларини ҳўллаб, оёқлари бармоқларидан бошлаб,
болдирига қараб тортади. Ўнг оёққа ўнг қўли билан, чап оёққа чап қўли билан масҳ
тортади. Масҳ тортишда бармоқлари орасини очади. Бир марта тортиши кифоя,
қайта-қайта тортмайди. Аллоҳ таоло барчамизни фойдали илм ва солиҳ амалга
муваффақ қилсин.