Мен нега намоз ўқийман

    Абдурроуф Ҳаннавий
    Араб тилидан Умму Жамол таржимаси

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Икки дўстнинг суҳбатига қулоқ тутинг:

    – Ҳа, биродар, анави икки одамга тикилиб қолдинг?! Нима, улар ўртасидаги қалин муносабат – бири иккинчисига меҳр ила боқиб, ширинсуханлик билан сўзлаётгани, иккинчиси эса унга жонини фидо қилишга тайёр тургани сени ажаблантиряптими? Биласанми, улар ким? Ота ва ўғил. Меҳрибон ота ва қобил фарзанд. Хўш, уларнинг бир-бирига муносабатлари сенга маъқулми?

    – Албатта маъқул-да. Ахир қалбларни бир-бирига маҳкам боғлайдиган, якдилликни ҳосил қиладиган бундай гўзал муносабат кимга ҳам ёқмайди? Бу – яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш ва шукрони неъматнинг яққол намунаси-ку! Одамзот бу ҳаётда ота-бола, хеш-ақрабо, қўни-қўшни, дўст-биродарларидан айри яшай олармиди? Кўпчилик ичида, кимгадир муҳтож бўлиб, кимдир сизга муҳтож бўлиб яшашга табиатлантирилган эмасмизми, ахир!

    – Демак, сен одамлар ўзаро меҳр-мурувват билан, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзиб яшашлари зарур, деб биласан ва ўзларига кўрсатилган меҳр-мурувват ва яхшиликларга шукроналик билан жавоб қайтаришлари керак, деб ўйлайсан. Шундайми?

    – Ҳа, албатта.

    – Агар бирор кимса яхшиликка нонкўрлик билан жавоб қайтарса ва куфрони неъмат қилса-чи?

    – Заррача ҳаё ва виждони бор одам бундай қила олади, деб ўйламайман.

    – Ахир сен ўзинг шундай қилаяпсан-ку!

    Суҳбатдошнинг бу сўздан ғазаби қўзиб, шаҳд билан ўрнидан туриб кетди. Бироз вақтдан сўнг ўзини сал босиб олгач, сўради:

    – Нега ундай деяпсан?

    – Чунки сен Аллоҳнинг сенга бўлган фазли ва неъматини инкор қилаяпсан.

    – Нега энди? Қанақасига?

    – Аллоҳ фазлу-марҳамат соҳиби эканини тан оласанми?

    – Ҳа, тан оламан.

    – Ул зотга шукр қилишимиз керак эмасми?

    – Керак, албатта.

    – Қандай қилиб шукр бажо келтириш йўлини биласанми?

    Ўйланиб қолди. Бироз жим тургач, хижолатомуз деди:

    – Билмайман. Биродар, яхшиси ўзинг айтиб бер ва мени шукрни адо этиш йўлига йўлла.

    – Унда эшит. Шукр бажо келтиришнинг икки йўли бор ва ҳар иккиси биргаликда адо этилиши лозим:

    1) Нафақат тилинг билан, балки чин дилдан Аллоҳнинг фазлу-марҳаматини тан олишинг ва бунинг исботи ўлароқ хушуъ ила пешонангни саждага қўйишинг;

    2) Ул зотнинг неъматларини асраб-авайлашинг ва Ўзи рози бўладиган ўринларга сарф этишинг.

    – Сўзларинг ҳақ ва рост эканини тан оламан. Гувоҳ бўл, Аллоҳга аҳд-паймон бераман ва тирик эканман, намозни ташламасликка сўз бераман. Лекин менинг қадрдон бир дўстим ҳам борки, намоз борасида у ҳам худди мендек. Энди сендан илтимос, менга шу мавзуда бирор нарса ёзиб берсанг. Шояд, дўстим ҳам таъсирланса ва Аллоҳ унинг ҳидоятини сенинг қўлингда қилган бўлса, намозга бепарво бўлмайдиган ҳамда Аллоҳ билан ўзининг ўртасидаги алоқани узмайдиган кишилардан бўлса.

    – Бош устига, албатта ёзиб бераман.

    Шундан сўнг ушбу сўзлар сатрларга терилди:

    Азиз биродар! Ассалому алайкум.

    Мен ўзим эшитган-билган ва қалбимга таъсир қилган пок сўзларни сизга етказиш истагидаман. Умид қиламанки, ушбу сўзлар сизга ҳам худди менга ўтказганидек таъсир ўтказса ва ҳаётингизда ўзгариш ясаса.

    Ҳозирда кўпчилик намозга бепарво қарайдиган, уни ўзи учун кераксиз ва оғир бир иш деб кўрадиган бўлиб қолган. Намозга даъват қилсанг, узрлари ҳам тайёр. Баъзилари муҳим иш билан бандлигини рўкач қилса, бошқалари эгнидаги кийими пок ва намозга яроқли эмаслигини, уйига боргач, кийимини алмаштириб, сўнг ўқишини айтади. Сўзлари ёлғон экани эса шундоққина билиниб туради. Айримлар эса ўз қусурларини тан олади, бироқ: «Бизни ҳам бир кун Аллоҳ ҳидоят қилиб қолар» деб, қутулмоқчи бўлади. Яна бир тоифа кимсалар борки, гуноҳ ишларни очиқ-ошкор қилишдан уялмайдилар, Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қиладилар, намоз ва намозхонларга камситиш назари билан қарайдилар. Кейин яна мусулмонлик даъвосини ҳам қилиб қўйишади. Ундай кимсаларга ягона Аллоҳни эслатилса, юраклари сиқилади. Аллоҳга даъват этилса: «Эшитдик ва лек итоат этмаймиз», дейишади. «Уларга нима бўлганки, худди шердан қочган ёввойи эшаклар мисоли эслатма-Қуръондан юз ўгиришади.!»

    Келинг, энди ўшаларнинг намозга нисбатан тутган муносабатларини ва намозни тарк этишга сабаб қилиб кўрсатаётган баҳоналарини ўрганиб чиқайлик.

    · Намоз зўравонлик билан солинадиган айрим солиқлар каби инсон адо қилиши шарт бўлган жаримами?

    · Намоз вақтни зое қиладими? Инсоннинг шунчалик бўш вақти бормики, уни намоз билан зое қилса?!

    · Намоз диктатура ҳукм сурган мамлакатларда халқларга сиёсий ғояларни мажбуран қабул қилдирилгани каби инсонларга зўрлик билан қабул қилдириладиган мажбурий қоидами?

    · Намоз шахс эркинлигини чеклаш, ҳоҳиш-иродага тўсқинлик қилишми?

    · Намоз ким хоҳласа қилиб, савоб олмайдиган ва хоҳласа қилмай, гуноҳкор бўлмайдиган ихтиёрий бир ишми?

    · Аллоҳ бизнинг намозимизга муҳтожми?

    · Киши намоздан қанчалик фойдага эга бўлади ва намоз ўқимаслиги билан қанча зиён кўради? …? …?

    Инсонга нафс-ҳавоси ва шайтони олиб келаётган, унинг миясини чулғаб олаётган бу каби саволлар кўп. Агар жавобига ожиз бўлса, бу саволлар инсон онгига бутунлай ғолиб бўлади, унинг мафкурасига ўзининг ифлос таъсирини ўтказади ва охир-оқибат инсонни йўлдан оздиради. Ёмон амалларини яхши деб, бузуқ фикрларини тўғри қилиб кўрсатади. Уни бефойда мунозаралар сари етаклайди, пуч орзулар билан орзулантиради. Бора-бора қаъри 70 йиллик йўл бўлган дўзах сари шўнғиб бораётганини сезмай қолади.

    Агар жавобига моҳир бўлса, шубҳаларни янчиб ташласа, ақлу-мантиқни ҳоким қилса, уларни мот ва мағлуб қилади.

    Энди бу саволларни бирма-бир рад қилишга, шубҳа қилувчида бирор шубҳа қолдирмайдиган даражада аниқ-тиниқ жавоб беришга киришамиз. Ким шундан кейин ҳам юз ўгириб кетса, у ўзига зулм қилувчилардан бўлади.

    Биринчи: Йўқ эй дўстим, намоз тўланадиган нақд жарима ҳам, йиғиб олинадиган солиқ ҳам эмас. Балки, у бир омонатки, у омонатнинг Эгаси ҳар куни унга беш марта назар солиб туради, сенинг вафодорлигингга, сидқу-ихлосингга, ҳақларни асраб-авайлашингга гувоҳ бўлади, омонатни гўзал риоя қилганинг эвазига сени улкан ажрлар билан мукофотлайди.

    Ҳа, у солиқ ҳам, жарима ҳам, тўлов ҳам эмас. Балки, у ҳақни эътироф этиш, неъматга шукр бажо келтириш, пешвога итоат этиш ва унинг амрларини бажариш билан дилнинг тозаланишига далил, қалбда ўрнашган Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг ифодасидир.

    Кўрамизки, ҳамма одамлар ўзларича қандайдир нарсаларни улуғлашади, уларни қудратда ва манфаат беришда ўзларидан юқори кўришади, шунинг учун ҳам мусибатларида уларга илтижо қилишади, мушкулотларида мадад сўрашади, тўй-маросимларида баракотлар тилашади, ёдларидан чиққанда эслатиб турадиган эсталиклар қилиб олишади.

    Нега насоролар Ийсо ибн Марям алайҳис-саломни илоҳ қилишади? Хочни черковлари узра белги қилиб кўтаришади, бўйинларига осиб олишади, ибодат учун черковларига шошилишади?

    Нега яҳудлар Узайрни илоҳ тутишади ва сағанага ўхшаш бино атрофида тўпланиб, унга атаб шамлар ёқишади, Таврот ўқиб, ибодат қилишади? Нега диндорлари кичкина дўппини бошларининг учига қўндириб олишади? Нега Фаластинда давлатлари барпо бўлгандан бошлаб ўзларига олти юлдузни шиор қилиб олишган?

    Нега мажусийлар оловга, ҳиндлар сигир ва маймунларга, айрим ботиний фирқалар шайтонга сиғинишади?

    Улар ҳаммаси Аллоҳдан ўзга илоҳларга сиғинишмоқда, уларни муқаддаслаштирмоқда, уларга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилишмоқда. Ваҳоланки, булар худди уларнинг пуч мафкуралари каби ботил нарсалардир, уларга на фойда, на зарар етказа олишади. Шундай бўлса-да, сиз уларнинг ибодатини инкор қилмайсиз-у, менинг ҳақ, қадрли, манфаатли бўлган намозимни инкор қиласиз?!

    Ўшаларга турли-туман ибодатлари қандай фойда келтиради-ю, маъбудлари уларни нимадан беҳожат қилади? Дуоларини ижобат қила оладими? Сўзларини тушунадими? Улар учун нима яхши-ю, нима ёмонлигини биладими? Уларга ризқ берадими? Ҳаёт ато эта оладими? Шифо берадими? Улардан зарарни даф қила оладими? Уларга ёмғир ёғдириб, экинларини ўстириб берадими?

    Йўқ, асло! Буларнинг ҳеч бирини ҳеч қачон қилиша олмайди. Шундай бўлса ҳам уларга ибодат қилишмоқда, ич-ичларидан уларнинг муқаддаслигини эътироф этишмоқда, бу эътирофларига далил ўлароқ улар учун намоз ўқишмоқда.

    Эй дўстим, ўйлаб кўринг, агар бир инсон сизга бир бўлак ҳолва тутса, ё юкингизни кўтаришга ёрдамлашиб юборса, ё йўл кўрсатса, ё тўхтаб қолган машинангизни юргизишса, ё тушириб юборган нарсангизни олиб берса, унга раҳмат айтмайсизми, қалбингизда унга нисбатан ҳурмат уйғониб, уни тақдирлашни ва қилган яхшилигига ундан-да яхшироқ жавоб қайтаришни ният қилмайсизми? … Ҳа, албатта қиласиз.

    Мен ҳам сиз каби инсонман, яхшиликни ёдда тутаман, хайр-саховатни тан оламан, ҳадяга ташаккур айтаман. Менга нисбатан марҳамат қанча катта бўлса, менинг шукронам ҳам шунча каттайиб боради. Менга Аллоҳ азза ва жалла каби неъмат бериб, марҳамат кўргизувчи бормики, Ул зот менга ақл-идрок ва ҳиссиётлар ато этди, мени ҳалол-пок ризқлар билан кўмиб ташлади, соғлик-омонлик берди, тўғри динга йўллади, оила ва фарзандлар ато этди, азиз дўстлар ва яхши қўшнилар орасида яхши бир ватан ичра сарафроз айлади!

    Йўқ, албатта! Бу оламда менга Аллоҳ таборака ва таолоча эҳсон қилувчи зот йўқ! Модомики, бошқаларнинг озгина яхшиликларига шукр изҳор этарканман, нега энди шунча неъматлар ато этган Зотга шукр келтирмай?!

    Шубҳа йўқки, У зотга шукр бажо келтиришда сиз ҳам мен билан биргасиз ва мени бунга тарғиб этасиз. Балки, агар уни адо этишда ноқислик қилсам, мени бунга мажбурларсиз ҳам. Чунки, сиз менинг яхшиликни билмайдиган, неъматга нонкўр инсон бўлишимни истамайсиз.

    Табиийки, шукрнинг катта-кичиклиги ҳадянинг қиймати ва ҳадя қилувчининг қадри билан ўлчанади. Яъни менга бир бўлак ҳолва тақдим қилган кишига айтган раҳматим бир қути ширинлик тақдим қилган кишига айтган раҳматимдек эмас. Қаламим ерга тушса, уни менга олиб берган ёш болага айтган сўзим уни менга олиб берган катта кишига айтган сўзим каби эмас. Бинобарин, неъматларига шукроналик адо этишим учун Аллоҳ таоло мендан суядиган иш – У зотнинг рубубиятига иқрор бўлиб, улуҳиятини муқаддас санаб, фазл-марҳаматларини эътироф этиб пешонамни ерга қўйишимдир.

    Одамлар бут-санамлар олдида бош эгишади. Аслида уларнинг ҳеч қандай фазилати йўқ, аксинча одамларни ҳақдан ва ҳидоятдан адаштиради. Кўпчилик ўз бошлиқларини улуғлаб, улар олдида бош эгади, ваҳоланки улар Аллоҳнинг энг ёмон халқи бўлишлари мумкин.

    Шундай экан, нега энди мен барча мулклар Молики, борлиқни яратган, еру-осмоннинг парвардигори, фойда ва зарар етказишга қодир, ато этувчи ва ман қилувчи, тирилтирувчи ва ўлдирувчи, катта-ю кичик ишларимиздан ҳисоб қилувчи Зот олдида эгилмаслигим керак?!

    Иккинчи: Намоз вақтни олмайди. Инсон тирикчилик югур-югурларидан, келиб-кетувчиларнинг ғовур-ғувурларидан бир оз тин олган пайтида, олди-сотди, талашиб-тортишиш, муомала, муҳокама, ўқиш ва ўқитиш, мурожаат қилувчиларнинг талабларидан ҳориб намозгоҳида турганда, бу ташвишларнинг барчасидан холи бўлади, нафси тинчланади, қалби ором олади, жисми роҳат топади, ғазаби сўнади, нафс-ҳавоси жиловланади ва бир неча дақиқа мобайнида ўзи суйган зотга муножот қилиб туради.

    Ишқ оташин жўш урар они –

    Маҳбуб ила хилват замони.

    У зотдан ёрдам ва мадад тилайди, қийинчиликлар устида сабр беришини сўрайди, бирор кишига паст назар, аччиқ сўз ё қўпол муомала билан озор етказган бўлса, Аллоҳдан афв сўрайди. Ушбу дақиқалар у учун гўё кучсизланган аккумуляторни зарядлаш ва қизиган двигателни совутишдек бир вазифани ўтайди.

    Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор ташвишли ҳолат пайдо бўлганда дарҳол намозга шошилардилар. Душман билан жанг қилиб, ҳолдан тойган пайтларида: «Эй Билол, бизни намоз билан роҳатлантиринг», яъни намозга азон айтинг, намоз ҳаёт қийинчиликларида, мушкулотларида биз учун роҳат бўлсин, дер эдилар.

    Инсон заиф, қуввати чекланган, бетўхтов ишлашга қодир бўлмайдиган жонзот. У жисмонан ва ақлан дам олишга муҳтож. Бундай роҳат унга фақат намозда насиб бўлади. Инсон ҳаётининг ярми дам олиш билан ўтади. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кечани сукунат пайти, уйқуни роҳат қилиб қўйди. Намоз ўқувчи намозига қанча вақт сарфлайди? Роса берилиб, узоқ ўқиганда ҳам чорак соатдан ортиқ вақт кетмайди. Эй оқил, меҳмондорчиликларда, гап-гаштакларда бекорга совурилаётган бир неча соатлаб вақтларингга сахийлик қиласан-у, ўзинг учун кўп манфаатлар ҳосил бўладиган бир неча дақиқа вақтингга қизғанчиқлик қиласанми?!

     «Муддассир» сураси, 49-51 оятлар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962