Муҳаррамга оид мавзулар

    1Муҳаррам ойида нафл рўза тутишнинг фазилати
    2Нега Ошуро рўзасини тутамиз?
    3Ошуро куни рўза тутишнинг фазилати

    Ҳадислар

    Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи Муҳаррамдаги рўзадир ва фарз намозларидан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқилган – таҳажжуд – намоздир», дедилар.

    Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага – ҳижрат қилиб – келганида яҳудларни Ошуро куни рўза тутаётган ҳолда топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан:

    – Нима учун бу кунда рўза тутяпсизлар? деб сўрадилар. Улар:

    – Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-салом ва унинг қавмига нажот берган, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилган, Мусо алайҳис-салом шукр қилиб, рўза тутган улуғ кун, биз ҳам – бу кунда – рўза тутамиз деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    -Биз Мусо алайҳис-саломга сизлардан кўра ҳақлироқмиз», дедилар. Ва – шу кунда – рўза тутдилар, умматини рўза тутишга буюрдилар.

    Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ошуро куни тутиладиган рўзанинг савоби ҳақида сўрашди: «Ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорот бўлади», дедилар.

    Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Келаси йилга ҳаёт бўлсам, 9- кунни хам тутаман». Абу Бакрнинг ривоятида, «яъни, Ошуро кунини», деган зиёдаси бор.

    Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро кунида рўза тутиб ва бунга буюрганларида саҳобалар  айтдилар: Бу яҳуд ва насоролар улуғлайдиган кун. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «ин ша Аллоҳ келаси йил бўлса тўққизинчи кунни хам тутамиз» дедилар. Келаси йил келмасдан туриб расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар» (Имом Муслим ривояти).

    Шарх:

    Ошуро кунидаги рўза дейилганда муҳаррам ойининг ўнинчи куни тутиладиган рўзани тушунамиз. Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломни қавми билан нажот топтириб, Фиръавнни ғарқ қилган кун. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда рўза тутмоқни суннат қилдилар ва ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорот бўлишининг хабарини бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилаётган амалларида аҳли китобларга ўхшашлик бўлса, уларга хилоф иш тутишни севардилар. Шунинг учун ҳам келаси йилгача қолсалар 9- кунни ҳам қўшиб тутишларини эълон қилдилар. Ул зотга Аллоҳ таоло келаси Ошурога етишни насиб этмади. Бироқ суннатларига амал қилиш боқийдир, умматнинг солиҳ кишилари 9- ва 10- Муҳаррамда Ошуро рўзасини тутиб келмоқдалар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963