Мусо алайҳиссалом қиссаси (5)

    4. Бану Исроилнинг бало-синовга солиниши

    Бану Исроилга нисбатан Фиръавннинг қандай муомала қилаётганини кўрган халқ ҳам Исроил фарзандларига зулм-зўравонлик қила бошлади.

    Ҳатто ёш болалар уларни сўкар, маҳалла итлари эса олдига солиб қувлар эди.

    Ҳар куни янги бир бало, ҳар куни ташвишли бир хабар Бану Исроил бошида ҳозиру нозир бўларди.

    Мусо алайҳис-салом қавмини сабр қилишга чорлаб тасалли берар эди;

    – «(Эй қавмим) Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилинг! Бу ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб беради. Оқибат-натижа эса тақводорларники бўлади».

    Лекин Бану Исроил бу синовни ёмон қабул қилди. Улар Мусо алайҳис-саломга «Сен бизга ҳеч қандай фойда беролмадинг. Бизга ёрдаминг тегмади» дея маломат қилишди.

    «Улар айтдилар: «Сен бизга (пайғамбар бўлиб) келишингдан илгари ҳам (яъни ўшанда ҳам Фиръавн ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдириб, зулм қилган эди), Сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик».

    Мусо алайҳис-салом умидсизликка тушмади.

    «У (Мусо) деди: «Шояд Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса ва қандай амаллар қилишингизни кўрса».

    «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак
    мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар-таваккул қилинглар!»

    «Бас, улар айтдилар: «Аллоҳнинг ўзига таваккул қилдик. Робимиз,
    бизларни бу золим қавмга мафтун-алданувчи қилиб қўйма. Ва ўзинг раҳм айлаб
    бизларни бу кофир қавмдан қутқар».

    Фиръавн Бану Исроилни Аллоҳга ибодат қилишдан қаттиқ қайтарар, агар улар
    ибодат қилсалар ғоят дарғазаб бўлар эди.

    У Аллоҳнинг ерида масжидларнинг Аллоҳ учун бўлишини хоҳламасди. Аллоҳнинг
    ерида Аллоҳга ибодат қилинса ғазаби келарди?!

    Ё тавба! Бу қандай нодонлик?!

    Ахир ер – Фиръавнники эмас – Аллоҳнинг мулки-ку!!

    Аллоҳнинг қулларини Аллоҳнинг ерида Аллоҳга ибодат қилишдан тўсган кимсадан
    ҳам золимроқ ким бор?!!

    Аллоҳ ерида туриб бандаларни ўзига ибодат қилишга чақираётган кимса энг золим
    кимса эмасми?!!

    Лекин, Фиръавн барибир ожиз қолди. У ҳеч кимни ўз уйида хоҳлаган ишини
    қилишдан қайтара олмасди.

    Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-салом орқали Бану Исроилга қуйидагича амр этди;

    «Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни
    қибла-намозгоҳ қилиб
    (у уйларда) намозни тўкис адо
    қилинглар».

    Фиръавн ҳам, унинг жаллодлари ҳам Бану Исроилни Аллоҳ ибодатидан тўса
    олмади.

    Ахир банда билан унинг Роббиси ўртасини тўсиб бўларканми?!

    Мусулмонни Аллоҳ ибодатидан ким тўса олади?!

    5. Очарчилик

    Фиръавн туғёнга келиб ғафлат ва куфр қайсарлигига қаттиқ туриб олгач, Аллоҳ
    таоло унга ўзини ўнглаб олиши учун танбеҳ беришни ирода қилди.

    Аллоҳ таоло ер юзида фасоднинг ёйилишини хоҳламайди.

    У зот бандаларининг кофир ҳолда юришларига асло рози бўлмас!

    Фиръавн жуда нодон подшоҳ бўлганлигидан панд-насиҳатлар унга таъсир
    қилмасди.

    Эшак то урмагунингча ўз ҳолатини ўзгартирмай ётаверади.

    Аллоҳ таоло Фиръавнни ғафлат уйқусидан қўзғатмоқни ирода этди.

    Миср ям-яшил диёр! У турли лазиз мевалар, дон-дунларга бой ўлка.

    Юсуф алайҳис-салом замонидаги очарчилик йилларида Шом ва Канъон аҳолиси
    Мисрдан дон ташиб кун кечирганларини яхши биласиз.

    Нил дарёси Миср ерларини суғориб туради.

    У Мисрда саодат ва хайр булоғи ҳисобланади.

    Бутун Миср аҳли Нилни ризқ-рўз калити деб билишарди.

    Мана шу серсув дарё туфайли мисрликлар ёмғир сувига қараб қолмаганлар.
    Инсонлар аслида ризқ-рўз калитлари Аллоҳ ҳузурида эканлигидан ғофилдирлар.

    Зеро У зот ўзи хоҳлаган бандасига мўл-кўл ризқ бериб неъматлантиради. Аллоҳ
    кимгадир кам, кимгадир кўп ризқ ато қилади.

    Нил ҳам Унинг амри билан қирғоқларидан тошиб оқади.

    Аллоҳ таоло Нилга қуришликни амр этди.

    Нил суви ерга сингиб кетди.

    Энди Миср аҳолисининг экин-тикини қаердан сув ичади?!

    Ҳосилдан барака кетди. Ҳирмон тўлмади. Натижада очлик кетидан очлик
    бошланди.

    Фиръавн ҳам, Ҳомон ҳам нима қилишни билмай ҳайрон эди. Шоҳнинг кўп сонли
    лашкари ҳам очарчилик қаршисида ожиз қолганди.

    Миср аҳолиси Фиръавннинг ҳеч қанақа илоҳ эмаслигини ва ризқ-рўз бериш ёлғиз
    Аллоҳ ихтиёрида эканини англай бошладилар.

    Лекин бу на Фиръавнга ва на Миср аҳлига бирон фойда берди.

    Улар ўзларини ўнглаб олмадилар, ғафлат уйқусидан бош кўтармадилар. Шайтон
    Миср аҳлини мавъизага кар, ибрат олишдан кўр қилиб қўйганди.

    Мисрликлар мана шу балоларга Мусони, Бану Исроилни сабабчи қилдилар.

    – Мана шу очарчиликка Мусо ва унинг қавмининг шум қадами сабаб бўлди!

    Во ажаб! Ахир Мусо Мисрга кеча келгани йўқ эди-ку!

    Бану Исроил ҳам узоқ йиллардан буён шу ерда яшаб келарди-ку!

    Йўқ! Бу балолар Мусо ва унинг қавмининг шум қадамлигидан эмас, балки Миср
    аҳолисининг машъум қилмишлари-ю куфру исён ботқоғига ботганлиги
    сабабидандир.

    Фиръавн ва унинг қавми ҳануз ўзларининг куфроний қайсарлигидан
    кечмаганди.

    «Улар (Мусога): «Бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўъжиза
    келтирсанг ҳам биз сенга ҳаргиз иймон келтирувчи эмасмиз», дедилар».

    6. Беш оят-аломат

    Аллоҳ таоло кофир қавмга кетма-кет балолар юбора бошлади.

    Роб улар устига сув балосини юборди. Осмондан ёмғир қуйди. Нил тўлиб тошди.
    Ёмғир ёғаверди, ёғаверди, ёғаверди. Экин майдонларини сув босди. Боғлар,
    экинзорларга қаттиқ талофат етди. Аслида раҳмат бўлган ёмғир уларга бало бўлиб
    келганди. Авваллари мисрликлар қурғоқчиликдан шикоят қилган бўлсалар, энди сув
    тошқинидан нолир эдилар.

    Сўнг улар устига чигирткалар юборилди. Мўр-малахдай бостириб келаётган
    қоп-қора тўлқин ҳеч нарсани қолдирмай еб, йўлда давом этар эди.

    Фиръавн қўшинлари Аллоҳ қўшини олдида ожиз қолишди. Ахир улар чигирткаларга
    қарши қандай ҳам жанг қилсинлар?!

    Чигирткага найза санчиб бўлмаса! Уларга қарши қилич кўтариш ҳам бефойда
    бўлса.

    Ҳозир яна бир бор ҳамманинг кўз олдида Фиръавн ва унинг хизматкорлариниг
    ожизлиги очиқ кўриниб қолди. Лекин Миср аҳли ҳали ҳам бу балолардан ибрат
    олмасдилар. Ғафлат уйқусида тош қотиб ётар эдилар.

    Аллоҳ улар устига яна бир қўшин юборди. Бу сон-саноқсиз битлар лашкари эди.
    Мисрнинг ҳамма ёғини бит босиб кетди. Тўшакларда, кийимларда битлар ғужғон
    ўйнарди. Сочлар, баданлар битлар билан тўлди.

    Фиръавн қавми тун бўйи ухламасдан қашланиб, тирноқлари билан бит ўлдириб
    чиқарди. Одатдагидек Фиръавининг беҳисоб қўшини бу ерда ҳам фақат томошабин
    бўлишга яради. Қиличлар, найзалар, ўқ-ёйлар билан битларга қарши ҳеч нима қилиб
    бўлмади.

    Кейин Миср аҳлига қурбақа балоси келди. Овқатлар ичида қурбақа, сувларда
    қурбақа, кийимларда қурбақа…

    Яшашнинг ҳаловати қолмади.

    Одамлар уйларининг қай бурчагига қарашмасин, бақрайиб турган қурбақани
    кўрардилар.

    Уйлар қурбақаларнинг қуриллашию вақиллашига тўлиб кетди.

    Одамлар битта қурбақани ўлдирсалар, ўрнига яна ўнтаси пайдо бўларди. Уйдан
    битта қурбақа ирғитилмасдан туриб, янги-янги қурбақалар овоз берарди.

    Хизматкорлар ҳам, қўриқчилар ҳам қурбақалардан чарчашди…

    Аллоҳ таоло бу кофир қавмга ибрат бўлсин деб бешинчи оят-аломатни – қон
    балосини юборди.

    Одамлар бурунларидан тинимсиз қон келиши оқибатида жуда ҳолсизланиб
    қолишди.

    Ҳеч қандай дори-дармон қонни тўхтата олмасди. Табиблар бу ғалати дард олдида
    ожиз эдилар.

    Кофир қавм ҳар гал бошига бало келганида Мусо алайҳис-саломга
    ёлворардилар;

    – Роббингга дуо қил. Биздан бу балони кўтарсин! Энди тавба қилиб биз ҳам
    мўминлардан бўламиз. Бану Исроилни сен билан қўшиб юборамиз…

    Лекин, бошларидан бало аригач, яна аҳдларидан қайтар эдилар.

    «(Улар) устига тўфон (сел), чигиртка, бит,
    бақа ва қон
    (балоларини) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик.
    (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи-осий қавм бўлдилар.
    Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач; «Эй Мусо, сенга берган ваъдаси
    ҳаққи-ҳурмати, Роббинга дуо қил. Қасамки, агар бизлардан шу азобни кўтарсанг,
    албатта сенга
    (Пайғамбарлигингга) иймон келтирамиз ва Бану
    Исроилни сен билан бирга
    (Ўз ватанларига) жўнатамиз,» дедилар.
    Энди улардан бу азобимизни
    (улар) етиб борувчи бўлган муддатгача
    (яъни қиёмат кунигача) кўтарганимизда эса, баногоҳ
    (ичган қасамларини)
    бузиб турибдилар».

    7. Бану Исроилнинг Мисрдан сафар қилиши

    Мисрнинг кенг ерлари Бану Исроил учун торлик қилиб қолди. Ахир, ҳар куни минг
    турли азоб ва хўрлик кўрувчи Исроил фарзандларига Мисрнинг ям-яшил водийлари
    қандай ҳам қувонч бағишласин?!

    Бану Исроил токайгача сабр қилади? Улар ҳам жони оғрийдиган одамлар-ку!?

    Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга тунда Бану Исроилни олиб Мисрдан чиқиб
    кетишни ваҳий қилди.

    Лекин узунқулоқ айғоқчилар бу хабарни Фиръавнга етказдилар.

    Мусо алайҳис-салом Бану Исроилни олиб муқаддас замин – Шом томон тунда йўлга
    чиқди. Бану Исроил 12 гуруҳга бўлинган бўлиб, ҳар бир гуруҳнинг ўз амири бор
    эди.

    Шом йўлидан Мусо алайҳис-салом аввал ҳам икки марта юрган эди. (Бир гал
    Мадянга боришда, иккинчиси Мисрга қайтишда).

    Лекин Мусонинг хоҳлагани эмас, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлди.

    Мусо алайҳис-салом тақдири азалда ёзилганидек, билган йўлидан адашиб
    кетди.

    У Бану Исроил билан шимол томонга кетяпман, деб ўйласа-да, тун қоронғусида
    ўзининг шарққа қараб юраётганлигини сезмасди.

    Кутилмаганда улар мавж уриб ётган қизил денгиз қаршисидан чиқиб
    қолдилар.

    – Ё Аллоҳ, ё Робб! Биз қаердамиз ўзи?!!

    Бану Исроил ортларига бурилиб узоқдан кўтарилган қалин ғуборни кўрдилар.

    Орқадан уфқни тўсиб Фиръавннинг катта қўшини таъқиб қилиб келарди.

    Исроил фарзандлари умидсизликка тушиб дод-фарёд кўтаришди.

    Эй Имроннинг ўғли! Биз сенга нима ёмонлик қилувдик? Фиръавн бизни худди
    сичқон боласидек ўлдириб ташлаши учун денгиз қирғоғига олиб келдингми? Ахир бу
    ердан ҳеч қаёққа қочиб кетиб бўлмайди-ку!?

    Нима учун биздан интиқом оляпсан? Сенга бирон ёмон сўз дедикми?

    Шу пайтгача сен сабабли кўрган жабру ситамларимиз каммиди? Энди шу ерга
    бошлаб келдингми?

    Олдинда пишқирган денгиз, ортда эса қутурган душманлар.

    Бу кун биз аниқ ҳалок бўламиз.

    Бану Исроил кўзига дунё қоронғи бўлди. Кўзлар даҳшатдан чақчайиб қолди.
    Дамлар ичга тушди. Умидсизлик Исроил қавмини тўла қамраб олди.

    Бугун саросимага тушмаган одам қолмади. Ҳа, ҳатто азим тоғлар ҳам бу қўрқув
    қаршисида ларзага келиши мумкин.

    Лекин Мусонинг Роббисига бўлган иймони заррача сусаймади – ларзага
    келмади.

    Инсонлар нубувват нури ёғилиб турган сўзни эшитдилар.

    «Йўқ, аниқки мен билан бирга Роббим бор. Албатта у мени (нажот)
    йўлига бошлайди».

    Аллоҳ таоло Мусога асоси билан денгизни уришга амр қилди. Мусо Роббисининг
    амрини бажарди. Шунда денгиз ёрилиб сув худди тоғлардек бўлакланиб қолди.

    Ўн икки гуруҳ учун ўн икки йўл пайдо бўлди.

    Бану Исроил денгиздан эсон-омон ўтиб кетди.

    8. Фиръавннинг ғарқ қилиниши

    Бану Исроилнинг денгиз ўртасидан очилган йўлдан соғ-омон ўтиб кетганини
    кўрган Фиръавн ўз қўшинига қараб қичқирди;

    Қаранглар! Қочоқларни тутишим учун менинг амримга бўйсуниб денгиз
    ёрилди!

    Фиръавн қўшини билан олға интилди. Бану Исроилни яна қўрқув қамради.

    Золим душман улар томон денгиз ўртасидан эмин-эркин келмоқда эди.

    Тамом, биз қўлга тушдик.

    Фиръавн ҳозир бизни яна хорлаб, асир қилиб Мисрга олиб кетади ёки мана шу
    кимсасиз ерда қилич тиғидан ўтказади.

    Мусо алайҳис-салом денгиз қайтадан аслига келиши учун асоси билан ерни
    урмоқчи бўлди.

    Шунда Аллоҳ таоло ваҳий қилди;

    Эй Мусо, денгизга тегинма «албатта улар ғарқ қилинувчи қўшиндир».

    Фиръавн ва унинг қўшини йўл ўртасига етгач денгиз ҳаракатга келди. Улар
    тўлқинлар тагида қолишди.

    Ўлишини аниқ билгач, Фиръавн ўзининг куфр-кибр мастлигидан уйғонди.

    «Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти)
    етганида эса, у деди; ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бану Исроил иймон
    келтирган зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен ҳам мусулмонлардан –
    Аллоҳга бўйсинувчиларданман».

    Лекин, энди Фиръавн учун тавба қилиш фурсати ўтган эди.

    «На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки бировларига ўлим
    келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган
    кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас».

    «Роббингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган
    ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга
    (энди келтирган)
    иймони фойда бермас».

    Фиръавнга шундай дейилди.

    – «Энди-я! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик
    қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!»

    Фиръавн денгизга ғарқ бўлди.

    Минглаб гўдакларни қатл қилдирган қонхўр ўлди!

    Минг-минглаб кишиларни зиндонбанд қилиб чиритган, осган, сўйган золим жон
    таслим этди!

    Миср подшоҳи тахтидан, кошонасидан, салтанатидан йироқда жон берди.

    Унинг бошида на даволовчи табиб, на меҳрибон дўст ва на йиғловчи бир кўз
    турмади!

    Бану Исроил ҳали ҳам Фиръавннинг ўлганига шубҳа қиларди. Улар «Фиръавн
    ўлмайди» дейишарди.

    – Ахир у неча кунлаб емасдан, ичмасдан юрар эди-ку?!..

    Фақат денгиз унинг жасадини қирғоққа чиқариб ташлаганидан кейингина «Фиръавн
    аниқ ўлибди» дедилар.

    Аллоҳ таоло Фиръавнга хитоб қилиб шундай деди:

    «Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун
    сени жасадингни қутқарамиз».

    Фиръавн жасади одамларга оят-ибрат бўлиши учун асраб қўйилди.

    Бану Исроилни таъқиб этган аскарлардан бирон киши ҳам омон қолмади.

    Шундай муаззам Миср мамлакатидан уларга бир қарич ер насиб қилмади.

    «Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал
    жойларни қолдириб
    (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар ва
    (қанчадан-қанча)
    ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб
    кетдилар)
    ! Мана шундай! Биз у (неъматларни бошқа) бир
    қавмга мерос қилиб бердик. Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам
    (аза
    тутиб)
    йиғламади, уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам
    берилмади!»

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962