Бизга боғланинг
Мусо алайҳиссалом қиссаси (7)
16. Жазо-уқубат
Аллоҳ таоло Мусога қавмининг Сомирий сеҳри билан фитналанганини маълум қилди.
Мусо ғоят хафа бўлиб, ғазабланиб қайтди.
У Аллоҳ учун қавмига ва оғаси Ҳорунга ғазаб қилди.
«(Мусо қайтиб келгач) деди:
– «Эй Ҳорун, сен уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда менинг ортимдан боришингдан (ва менга бу ҳақда хабар беришингдан) сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?!»
«(Ҳорун) деди:
– «Эй онамнинг ўғли, сен менининг соч-соқолимдан тортмагин. Мен (агар бузоққа сиғинаётганларни қўйиб, йўлдан озмаган кишилар билан сенинг ортингдан борсам) менинг сўзимни кутмай, Бану Исроилни бўлиб юборибсан, дейишингдан қўрқдим».
«(Ҳорун) деди:
– «Эй онамнинг боласи-биродарим», бу қавм мени хўрлаб,
ўлдиришларига оз қолди, энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин
ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин».
(Мусо) деди:
– «Роббим, мени ва биродаримни ўзинг мағфират қилгайсан ва
бизни ўз раҳматингга доҳил қилгайсан.
Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан».
Сўнг Мусо Сомирийга юзланди;
– Эй Сомирий! Бу нима қилганинг?!
Сомирий ўз гуноҳига иқрор бўлди:
«Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди».
(Мусо) деди:
– «Бас йўқол! Энди сен учун ҳаётда «Менга тегманглар», дейишгина бордир,
(яъни умрингнинг охиригача яккамохов бўлиб қолурсан)».
Мусо уни шундай жазолади.
Энди Сомирий то ажали етгунича ваҳший ҳайвондай одамлардан йироқда бир ўзи
юради.
Инсон учун бундан ҳам қаттиқ жазо борми дунёда?!!
Минглаб кишиларни ширк балчиғи ила булғатган кимсадан ҳазар қилмоқ лозимдир.
Аллоҳ билан бандалари ўртасини ажратмоқчи бўлган кас (одам) яккамохов қилинмоғи
шарт.
Аллоҳ ерида туриб унга ўзгаларни шерик қилишга чақирган кимса учун бутун ер
юзи зиндон бўлмоғи керак.
Мусо Сомирий ясаган лаънати бузоқни ўтда ёндириб, сўнг кулини денгизга сочиб
юборишни буюрди.
Бану Исроил ўзларига маъбуда бўлган бузоқнинг охир-оқибат бир ҳовуч кул
эканини кўрдилар.
Мусо Бану Исроилга хитоб қилди:
«Қавмим, сизлар бузоққа ибодат қилиш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди
ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан сизни бор қилгувчи зотга
тавба қиласиз. Бор қилувчи зот наздида мана шу (қатл) сизлар
учун хайрлироқдир».
Бузоққа сиғинмаган кишилар бузоққа сиғиниб кетганларни қатл қилдилар. Аллоҳ
таоло улар тавбасини мана шундай қабул этди.
«Шубҳасиз, бузоқни («худо» қилиб) ушлаган кимсаларга
Робблари тарафидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хор-зорлик етар. (Аллоҳ
шаънига) ёлғон тўқувчи кимсаларни мана шундай жазолаймиз».
Аллоҳдан ўзгага қул бўлган кимсаларнинг ҳоли то қиёматга қадар мана шундай
бўлади.
17. Бану Исроилнинг қўрқоқлиги
Мисрда Бану Исроил қул эди. Уларинг болалари ҳам қул бўлиб ўсди. Хорлик ва
озорларга кўникиб кетган Бану Исроил йигитларининг қони қайноқ эмасди.
Улар жанг қилишни, ўзлари ўзларига ҳоким бўлишни унутиб юборган эдилар.
Исроил фарзандлари хор-зор бўлиб, беватан юришга одатланишди. Аллоҳ ваҳийси
билан Мусо алайҳис-салом орзу қиларди: қани энди Исроил фарзандлари муқаддас
заминга қадам қўйсалар.
Шунда Бану Исроил ҳам озод ҳаёт кечирарди.
Лекин қавмининг табиатидаги қўрқоқликдан Мусо бехабар эди.
Муқаддас заминни куч-қувватли, зўравон кимсалар эгаллаб олган эди.
Мусо қавмини шаҳарга-муқаддас заминга киришга ундай бошлади. Уларга Аллоҳнинг
Бану Исроилга берган неъматларини эслатди. Бутун оламлардан муфаззал
қилинганликларини айтди. Зора Бану Исроил бу хор ҳаётдан кечиб Аллоҳ йўлида
жиҳодга отланса!
Лекин то шаҳардан зўравон кимсалар чиқиб кетмагунича яҳудийлар у ерга киришга
рози бўлмасди.
«Мусо қавмига деди:
– «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – орангиздан
пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлар
ичра бирон кишига бермаган инъомларни сизларга ато этганини ёдга олингиз».
– Қаршингизда муқаддас замин турибди. Сизлар уни душманларингиздан тортиб
олмоғингиз лозим. Агар Аллоҳ кишининг пешонасига бир неъматга етишишни ёзган
бўлса, ҳеч ким бу кишини қайтара олмайди. Зеро Аллоҳ тақдирини қайтаргувчи
йўқдир.
– «Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу муқаддас ерга
(шаҳарга) кирингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён
кўрувчиларга айланиб қолурсиз», деганида улар;
– «Эй Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича
биз у ерга зинҳор кира олмаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил
бўлурмиз», дедилар.
(Шунда ўн икки бошлиқ орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг
инъом-марҳаматига муяссар бўлган икки киши:
– «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, ундан кириб
олишингиз биланоқ шубҳасиз ғолиб бўлурсиз. Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз
Аллоҳгагина суянинглар!» дедилар».
Лекин бу гап ҳам Бану Исроилга таъсир қилмади.
– Эй Мусо,- дейишди улар – Агар шу шаҳарга киришимиз жуда шарт бўлса, сен
ўзинг бир мўъжиза билан кириб ола қол. Агар сенинг кирганигни эшитсак, кейин биз
ҳам эмин-эркин кираверамиз.
«(Қавм) айтди:
– Эй Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира
олмаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Роббинг улар билан уришаверинглар. Биз эса
мана шу ерда ўтириб кутамиз».
Мусо алайҳис-саломнинг ўз қавмидан ҳафсаласи пир бўлди.
«Мусо айтди:
– Роббим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорунга) эгаман холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин.
Аллоҳ деди:
– «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм қилмишидан маҳзун бўлмагин».
Мана шу муддат ичида Мисрда қуллик ва хорликда ўсиб улғайган авлод дунёдан ўтиб кетарди.
Сўнг янги авлод дунёга келади. Бу авлод саргардонликда қийналиб катта бўлади. У келажак авлод.
Яҳудийлар оқибати ҳамиша мана шундай. Улар мудом адашиб-улоқиб хорликда яшаб ўтадилар.
18. Илм йўлида
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қуйидаги мазмунли ҳадис ривоят қилинган:
Бир куни Мусо Бану Исроил орасида хутба қилаётганда ундан «Дунёда энг илмли ким?», деб сўрашди. Мусонинг «Энг илмли зот Аллоҳдир!» демаганлиги учун Робби олам унга танбеҳ берди.
Аллоҳ таоло Мусога ваҳий қилди:
– Икки денгиз қўшиладиган жойдаги бир бандам сендан илмлироқ.
Мусо сўради:
– Роббим, мен у бандангни қандай топаман?
Унга айтилди:
– Сен саватга бир балиқ солиб йўлга туш. Қаерда балиқни йўқотсанг уни (Ҳизрни) ўша ердан топасан.
Мусо Юшаъ ибн Нун исмлик йигити билан саватда балиқ кўтариб йўлга тушди. Улар бир қоятош олдида тўхтаб уйқуга кетдилар. Шунда балиқ саватдан чиқиб денгизга шўнғиди.
Мусо ҳам, хизматкор йигит ҳам ҳеч нарсани сезмади. Улар яна йўлларида давом этишди.
Тонг отгач, Мусо Юшаъ ибн Нунга буюрди:
– Нонуштамизни келтир! Дарҳақиқат биз бу сафаримизда жуда толиқдик.
Улар тўхташлари керак бўлган жойдан ўтиб кетмагунларига қадар сира қийналмаган эдилар.
– Қоятош ёнида тўхтаганимизни эслайсизми?- деди Юшаъ – Ана ўша ерда балиқни унутиб қолдирибман.
– Ахир, биз излаётган нарса ҳам шу эди-ку! -деди Мусо.
Улар келган излари бўйлаб орқага қайтдилар.
Дам олган қоятошлари ёнига етганларида у ерда кийимига ўралган бир кишини учратишди.
Мусо унга салом берди.
– Сенинг юртингда (бу) салом қаердан бўлсин?, -деди ҳалиги киши.
– Мен Мусоман.
– Бану Исроилнинг Мусосими?
– Ҳа. Сизга билдирилган илмдан менга ҳам таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?
– Мен билан бирга юришга сабр қилолмайсан. Эй Мусо, Аллоҳ менга шундай бир илм берганки, сен уни билмайсан. Сенга ҳам бир илм берилганки, мен уни билмайман.
– Иншаоллоҳ, сиз менинг сабрли кишилардан эканимга ўзингиз амин бўласиз. Мен ҳеч бир ишда сизга қарши чиқмайман.
Мусо билан Ҳизр соҳил бўйлаб юриб кетишди.
Баногоҳ денгизда кема кўринди. Улар кемадагилардан ўзлари билан бирга олиб кетишларини сўрашди.
Кемадагилар Ҳизрни таниганликлари учун ҳеч қандай ҳақ олмасдан Мусо иккисини кемага чиқардилар.
Иттифоқо, кема четига бир чумчуқ келиб қўнди-да, денгиз сувидан бир-икки чўқиди.
Шунда Ҳизр Мусога деди:
Эй Мусо, сенинг ҳам, менинг ҳам илмим Аллоҳ илми олдида мана шу денгиздан чумчуқнинг бир чўқишичалик, холос.
Тўсатдан Ҳизр кема тахталаридан бирини суғуриб олиб кемани тешиб қўйди.
Мусо деди:
– Улар биздан ҳеч қандай ҳақ олмасдан кемаларига чиқарсалар-у, сиз одамларни чўктириш учун кемани тешасизми?
– Мен сенга «Мен билан юришга сабр қилолмайсан,» демабмидим?!
– Унутиб қўйганим учун мени айбламанг ва бу ишим сабабли мени оғир ҳолга солманг.
Бу Мусонинг биринчи унутиши эди.
Улар кемадан тушиб йўлларида давом этишди.
(Қаршиларидан бир тўп бола чиқди.) Баногоҳ Ҳизр ўйнаб юрган болаларнинг бирини бошидан ушладида, шартта узиб ташлади.
– Ҳеч кимни ўлдирмаган, бегуноҳ бир боланинг қонини тўкдингиз-ку?!
Мен сенга «Мен билан бирга юришга сабр қилолмайсан,» демабмидим?
Мусо яна узр сўради.
Улар бир қишлоққа кириб боришди. Қишлоқ аҳлидан таом сўраган эдилар, уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Қишлоқда йиқилиб кетай деб турган бир деворни Ҳизр алайҳис-салом тиклаб қўйди.
Мусо алайҳис-салом яна ўзларини тўхтата олмадилар:
– Агар хоҳласангиз, бу ишингиз учун улардан ҳақ олардингиз.
– Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:
«Аллоҳ Мусони Ўз раҳматига олсин. Қани эди, Мусо сабр қилганида-ю, иккисининг қиссаси бизга (тўла) ҳикоя этилганда».
19. Шарҳ
Сўнг Ҳизр алайҳис-салом Мусога деди:
«Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман.
Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-тарож қилиб, тортиб олгувчи бир подшоҳ бор эди.
Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик.
Шу сабабдан, уларга Парвардигор (бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик.
Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг
остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди.
Бас, улар вояга етиб, Роббингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш
хазиналарини чиқариб олишларини Роббинг ирода қилди.
Мен бу (ишларнинг биронтасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир».
Аллоҳ таоло илмини қамраб олишга ҳеч ким қодир эмаслигини Мусо алайҳис-салом тушунди.
Парвардигари олам ҳар кимга ҳар хил илмни билдирди. Шубҳа йўқки, ҳар қандай илм эгаси устида барча нарсадан огоҳ Аллоҳ туради.
20. Бану Исроил Мусо алайҳис-саломдан кейин
Бану Исроил қилмишига яраша жазо олиб саҳрода сарсон бўлиб юрганида, Мусо алайҳис-салом вафот этди.
Аллоҳ таоло уларни хор-зорликка маҳкум қилиб қўйди. Улар Аллоҳ ғазабига учрадилар.
Парвардигори олам Бану Исроилга ўз даврида ҳеч кимга берилмаган неъматларни берганди. Уларни бой-бадавлат қилиб, ораларидан пайғамбарлар чиқарган эди.
Фиръавн Бану Исроилни даҳшатли азобларга соларди. Эрларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирарди. Аллоҳ таоло уларни Фиръавн зулмидан қутқарди.
Денгизни ёриб уларга йўл очди. Кўз ўнггиларида Фиръавн ва унинг қўшинини ғарқ қилди.
Бану Исроил устига булутларни соябон этди. Осмондан ширинликлар ва бедана гўшти туширди.
Ейиш-ичишларини кенг қилди. Ерларида зилол булоқларни оқизиб қўйди.
Мана шу неъматларнинг барчасига улар куфр билан, исён билан жавоб бердилар.
Бану Исроил уларга энг кўп ачинадиган пайғамбарлари Мусо алайҳис-саломни ҳам дарғазаб қилишди.
Йўқса Мусо уларга ота-оналаридан ҳам меҳрибонроқ эди.
Меҳрибон она етим гўдаги атрофида парвона бўлгани каби Мусо ҳам Бану Исроилга парвона эди.
Уни ҳақорат қилсалар, уларни дуо қиларди. Устидан кулсалар, уларга ачиниб йиғларди. Ҳар қанча озор берсалар ҳам уларга қайғурарди.
Фиръавн қуллигидан, Миср зиндонидан, бадбахт қуллик ҳаётидан уларни озодликка, ҳур инсонлар ҳаётига олиб чиққанди.
Аллоҳ олдида эътиборли бўлган Мусо алайҳис-саломни ўзларича паст кўрар, масхара қилар эдилар.
Мана шундай қавм хорликка, азобга, доимий адашиб-улоқишга лойиқ эмасми?!!
Ҳа, улар ўзларининг қилмишлари сабабли бундан ҳам қаттиқроқ жазога лойиқлар.
«Аллоҳ уларга зулм қилмади. Ва лекин улар ўзларига (ўзлари)
зулм қилдилар».