Бизга боғланинг
Мусобақага доир ҳукмлар ҳақидаги боб
Мусобақа деганда ҳайвонларни ким ўзарга чоптириш, шунингдек, камондан отиш
мусобақаси назарда тутилади.
У Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан жоиздир.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича
куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингиз» (Анфол: 60). Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ушбу оятни ўқиб): «Билингизки, куч-қувват – (камон)
отишдир», деганлар (Муслим (1917) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят
қилган). Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг оғалари тилидан ҳикоя қилади:
«Бизлар қувлашиб кетган эдик» (Юсуф: 17).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Мусобақалашиш фақат
панжа (яъни туя) ё туёқ (яъни от) ё камон ўқи (отиш)дадир» (Абу Довуд (2574),
Термизий (1700), Насоий (3585), Аҳмад (2/474, №10138), Ибн Можа «камон ўқи»дан
бошқасини (2878) ривоят қилганлар). Ҳадис мукофот эвазига мусобақада
қатнашишнинг жоизлигига далолат қилади.
Мусобақа қилишнинг жоизлигига кўплаб аҳли илмлар ижмоъ қилган эканлари зикр
қилинган.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «От чоптириш мусобақаси, камон ва
бошқа жанговар қуроллар отиш бўйича мусобақа қилиш Аллоҳ ва Расули буюрган
нарсалардан, Аллоҳ йўлидаги жиҳодга ёрдам берадиган ишлардандир»
(Мухтасарул-фатавал-мисрия: 526).
Яна айтади: «Кураш, югуриш каби мусобақалар агар бу билан Исломга ёрдам бериш
қасд қилинса, тоат-ибодат бўлади, бу мусобақаларда ютуқ (соврин) олиш (молни)
ҳақ билан олиш бўлади, шунингдек, фойдали ва зарарсиз бўлган ўйинлар ҳам
жоиздир» (Ал-фатавал-кубро: 5/415).
Шайх айтади: «Аллоҳ буюрган нарсадан тўсадиган ва машғул қиладиган байъ,
тижорат ва шу каби баттол кимсалар машғул бўладиган беҳуда ишлар, гарчи аслида
унинг жинси ҳаром бўлмаса ҳам, ундан қайтарилгандир, шаръий ҳақ-ҳуқуқ борасида
ёрдами тегмайдиган ҳар қандай ўйин турлари ҳаромдир» (Ал-фатавал-кубро:
5/415).
Уламолар бу бобга алоҳида эътибор қаратганлар ва уни «фурусият
(чавандозлик) боби» деб атаганлар, бу тўғрида машҳур китоблар тасниф
қилганлар.
Фурусият тўрт хил бўлади:
- Чавандозлик ва от чоптириш.
- Камон отиш, шунингдек, ҳар даврнинг ўзига хос отиш қуролларидан
отиш. - Найзабозлик (бир-бирига найза уриш).
- Қиличбозлик.
Ким мана шу тўрт турнинг ҳаммасини мукаммал эгалласа, фурусиятни эгаллаган
бўлади.
Югуриш, ҳайвонлар ва аравалар (авто-мотолар) ўртасида мусобақалар қилиш
жоиз.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «От ва бошқа ҳайвонлар билан, шунингдек,
оёқлар билан чопиш мусобақаларининг жоизлигида, ундан ташқари, камон отиш ва
бошқа қурол-аслаҳалар ишлатиш бўйича мусобақалашиш жоизлигида хилоф йўқ, чунки,
булар билан жанговар тайёргарликлар вужудга келади» (Ал-муфҳим лима ашкала мин
Саҳиҳ Муслим: 3/701).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳо билан югуриш
мусобақаси ўйнаганлар (Абу Довуд (2578), Ибн Можа (1979) ривоятлари), Рукона
билан курашиб, уни енгганлар (Абу Довуд (4078) Термизий (1784) ривоятлари),
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида Салама ибн Акваъ бир
ансорий билан мусобақа ўйнаган (Муслим (4654) Салама розияллоҳу анҳудан ривоят
қилган).
Туя, от чоптириш ва камондан отишдан бошқа мусобақаларда эваз-ҳақ олиш жоиз
эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусобақалашиш фақат панжа
(яъни туя) ё туёқ (яъни от) ё камон ўқи (отиш)дадир» (Абу Довуд (2574), Термизий
(1700), Насоий (3585), Аҳмад (2/474, №10138), Ибн Можа «камон ўқи»дан бошқасини
(2878) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Яъни, мусобақада
ютуқ-соврин олиш фақат мазкур уч турли мусобақада жоиз бўлади. Чунки, булар
ўрганиш ва пишиқ-пухта эгаллашга буюрилган жанг асбобларидандир. Ҳадиснинг
мафҳуми шуки, шулардан бошқа мусобақаларда ҳақ олиш жоиз бўлмайди. Бироқ, баъзи
уламолар сўзларига кўра, ушбу ҳадиснинг маъноси – ютуқ қўйилишга энг ҳақли
мусобақалар фойдаси кўп, манфаати умумий бўлгани учун шу учовидир, демак бунинг
ичига динда фойдаси тегадиган ҳар қандай жоиз мусобақалар киради, Абу Бакр ва
Руконалар қиссаси бунга далил бўлади.
Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо, Исломнинг белгилари, далиллари
ва ҳужжатлари юқори бўладиган нарсада гаровлашиш – Сиддиқ розияллоҳу анҳу
гаровлашганидек – ҳақларнинг энг ҳақлироғидир ва бу камон отишда гаровлашишдан
кўра жоизликка лойиқроқдир, от ва туя мусобақаси бундан қуйироқдадир, бунинг
диндаги асари кучлироқдир» (Ал-фурусия: 97-б).
Мусобақа саҳиҳ бўлишининг бешта шарти бор:
- Мусобақада миниладиган нарсани кўз билан кўриб тайин қилиш.
- Миниладиган нарсаларнинг тури бир хил бўлиши ва камончиларни тайин
қилиниши. Чунки, мақсад – уларнинг отишдаги маҳоратларини аниқлашдир. - Ғолиб аниқланиши учун масофа аниқ бўлиши. Яъни, мусобақанинг бошланиш ва
тугаш чегараси ихтилофсиз аниқ чегараланган бўлиши. Чунки, мақсад ғолибни
аниқлашдир, бу эса марра тенг бўлган ҳолдагина билинади. - Соврин маълум ва мубоҳ бўлиши.
- Қиморга ўхшаб қолмаслиги. Яъни, соврин мусобақа иштирокчиларидан бошқалар
тарафидан ёки икки иштирокчининг фақат биттаси тарафидан қўйилиши. Агар соврин
ҳар икки иштирокчи тарафидан қўйилса, бунинг жоиз бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф
бор…
Юқорида ўтган гаплардан маълум бўладики, мубоҳ мусобақа икки хилдир:
Биринчиси: Жиҳод учун чиниқиш, илм масалаларида малака ҳосил қилиш каби шаръий манфаатга сабаб бўладиган мусобақа.
Иккинчиси: Ундан кўзланган мақсад зарарсиз ўйин бўлган мусобақа.
Биринчи турдаги мусобақа учун юқорида ўтган шартлар бўйича, соврин олиш жоиз.
Иккинчи турдаги мусобақа кишини ишдан қўймаслиги, Аллоҳнинг зикри ва намоздан
чалғитмаслиги шарти билан жоиз. Бу турдаги мусобақага соврин олиш жоиз эмас.
Бироқ, ҳозирги пайтга келиб, жуда кўпчилик инсонлар мана шу кейинги турдаги
мусобақаларга қаттиқ берилишди, унга кўп вақт ва пул-молларини сарф қиладиган
бўлиб кетишди. Бу эса мусулмонларга фойдаси тегмайдиган ишлардандир, ла ҳавла ва
ла қуввата илла биллаҳ.