Бизга боғланинг
Насабнинг қўшилиши ва қўшилмаслигига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Агар бир кишининг хотини ёки чўриси ундан бўлиши мумкин бўлган фарзандни дунёга келтирса, боланинг насаби унга қўшилади ва унинг фарзанди бўлади. Бу гўё унинг тўшагида туққандек бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола тўшакникидир», деганлар (Бухорий (2218) ва Муслим (1457) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Боланинг ундан бўлиши мумкинлиги бир неча ҳолатларда бўлади:
Биринчи ҳолат: Ўша аёл эрининг никоҳида бўлиши ва эри у билан қўшилиши ва бирга бўлиши мумкин бўлган пайтдан ярим йил ўтгач туғиши, эри ҳозир бўладими, ғойибми, фарқсиз. Бунда боланинг ундан бўлиши имкони муҳаққақ ва бунинг зидди топилмади.
Иккинчи ҳолат: Эрининг никоҳида бўлмаслиги ва эридан ажралганидан сўнг тўрт йилдан камроқ муддат ичида туғиши. Бунда ҳам боланинг насаби у одамга қўшилади. Чунки, ҳомиланинг энг узоқ муддати тўрт йилдир. Агар шу муддатга етмай туғса, бола ўша талоқ қилган эрдан бўлиши мумкин бўлиб, насаби унга қўшилади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам боланинг насаби эрга ёки талоқ қилган эрга қўшилиши учун ўша эр фарзанд кўриши мумкин бўлган кишилардан бўлиши, яъни камида ўн ёшга етган бўлиши шарт қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Болаларингизни етти ёшга кирганларида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганда намоз ўқимасалар уринглар ва ётоқ жойларини ажратиб қўйинглар», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 586). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ана шу ёшда болалар ўртасини ажратишга буюришлари уларнинг жинсий алоқа қилишлари мумкинлигига далил бўлади. Жинсий алоқа фарзандли бўлиш сабабидир. Бу эса ўғил болани гарчи ўн ёшда балоғатга етганликка ҳукм қилинмаса ҳам, туғилган боланинг насаби ўн ёшар болага қўшилиши мумкинлигига далилдир. Зеро, балоғатга етганликка унинг аломатлари кўриниши билан ҳукм қилинади. Биз туғилган боланинг насабини сақлаб қолиш ва эҳтиёт йўлини тутиб, ўн яшар боланинг жинсий алоқа қилиши мумкинлиги эҳтимолидан келиб чиқдик, холос.
Учинчи ҳолат: Агар эр хотинини ражъий талоқ қилган бўлса, талоқ қилганидан ва идда муддати тамом бўлмасидан тўрт йил ўтиб туғса, боланинг насаби унга қўшилади. Шунингдек, ражъий талоқ қилинган хотин иддаси тамом бўлганидан бошлаб тўрт йил ўтмасдан туғса, унда ҳам боланинг насаби эрга берилади. Чунки, ражъий талоқ қилинган хотин ҳақиқий хотин ҳукмида бўлиб, талоқдан кейинги ҳолати ундан олдинги ҳолати билан бир хил бўлади.
-Чўридан туғилган боланинг насаби хожага нисбат берилиши учун ўша шахс чўриси
билан қўшилганини эътироф қилиши ёки бу хусусда унга қарши ҳужжат барпо бўлиши,
сўнг хожанинг эътирофи ёки ҳужжат билан собит бўлган ўша қўшилишдан сўнг чўри
олти ой ва ундан кўпроқ муддат ичида туққан бўлиши керак. Шу билан боланинг
насаби ўша кишига қўшилади. Чунки, чўри бу билан унга тўшакка айланган бўлади ва
«Бола тўшакникидир» (Бухорий (2218) ва Муслим (1457) Оиша розияллоҳу анҳодан
ривоят қилганлар) ҳадиси ичига дохил бўлади.
-Ёки хожа чўриси билан қўшилганини эътироф этиши, кейин – шу эътирофидан сўнг
– уни сотиб юборган ёки озод қилган бўлиши, чўри сотилганидан ёки озод
бўлганидан сўнг олти ой 2чида туғиши ва туғилган бола яшаб қолиши керак бўлади.
Шунда унинг насаби хожага қўшилади. Чунки, ҳомиланинг энг кам муддати олти
ойдир. Олти ой ичида туғиб, боласи яшаб кетса, демак, сотиб юборишидан ёки озод
қилишидан олдин унга ҳомиладор бўлганлиги маълум бўлади. У ҳолда чўри унга
тўшакка айланган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола
тўшакникидир», деганлар (Бухорий (2218) ва Муслим (1457) Оиша розияллоҳу анҳодан
ривоят қилганлар)
Иккита ҳолатда боланинг эрдан бўлган бўлиши рад этилади:
Биринчи ҳолат: Хотин шу эрга текканидан сўнг олти ой ўтмасдан туғса ва боласи яшаб кетса. Чунки, бу муддат ичида ҳомиладор бўлиши ва туғиши мумкин эмас. У ҳолда бу эрга тегишидан олдин ҳомиладор бўлган бўлади.
Иккинчи ҳолат: Боин талоқ билан талоқ қилган бўлса, сўнг талоқ бўлганидан бошлаб тўрт йилдан кўпроқ муддат ўтгач туғса, бу ҳолда боланинг насаби унга қўшилмайди. Чунки, бу никоҳидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.
– ; Агар хожа чўрисининг унга қўшилганидан сўнг (ҳайз кўриб) покланганини даъво қилса, чўри боласининг насаби хожага қўшилмайди. Чунки, покланиш билан бачадони ҳомиладан тоза экани аниқ бўлади ва бола ундан бошқадан экани маълум бўлади. Покланиш борасида хожанинг сўзи инобатга олинади. Чунки, бу билиниши қийин бўлган махфий ишларга киради. Лекин, хожанинг бу борадаги сўзи ҳам фақат унинг қасами билан қабул қилинади. Чунки, у бу билан боланинг насабдаги ҳаққини инкор қилаётган бўлади, шу туфайли чўрининг бачадони пок бўлганини даъво қилар экан, унга қасам ичиш лозим келади.
Агар туғилган бола кимнинг боласи эканида мушкиллик (ноаниқлик, келишмовчилик) ҳосил бўлса, тўшакни ўхшашликдан (яъни, боланинг ташқи кўриниши кимга ўхшашидан) муқаддам қилинади. Яъни, масалан, хожа чўрисининг боласини ўзиники деб даъво қилса, чўри билан қўшилган бошқа биров ҳам болани даъво қилса, «Бола тўшакникидир» ҳадисига биноан бола хожаники бўлади.
Бола насабда отасига эргашади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар» (Аҳзоб: 5), деди.
Динда эса ота-онасининг дин жиҳатидан яхшироғига эргашади. Агар насроний бутпарастга уйланган бўлса ёки аксинча бўлса, бола насронийга тобеъ бўлади.
Бола озодлик ва қулликда онасига эргашади, шарт ё ғарар билан бўлганда бундан мустасно.
Насаб қўшилиши ҳақида келтирилган ушбу қисқача баёндан Исломнинг насабларни асрашга нечоғли эътибор берганлиги кўринади. Чунки, бунинг ортидан қариндошлар билан алоқа қилиш, ўзаро меросхўрлик, валийлик ва шу каби манфаатлар келади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни танишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13).
Насабларни билишдан мақсад мақтаниш ва жоҳилий ҳамият учун эмас, балки ўзаро ўрдамлашув, борди-келди қилиш ва дўст-биродар бўлиш учундир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи суйган ва рози бўлган амалларга муваффақ
қилсин.