Бизга боғланинг
Нажот кемасидан қолиб кетманг
Доктор Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий
Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси
Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ..
Ва баъд..
Биринчи қисса:
У маҳзун ва ғамгин ҳолда ҳузуримга кириб ўтирди, сўнг деди:
– Эй шайх, ғурбатдан зерикдим…
– Илоҳим, тезроқ аҳли оилангиз ва диёрингизга қайтиш насиб бўлсин…
Юраги тўлиб турган экан, йиғлаб юборди, сўнг хўрсиниб деди:
– Аллоҳга қасамки, эй шайх, уларни қанчалар соғинганимни, улар ҳам мени нақадар соғинишганини билсангиз эди. Ишонасизми, онам 400 милдан ортиқ йўл босиб, фалон валийнинг қабрига фақат мени соғ-саломат қайтаришини сўраб дуо қилиш учун борибдилар… У зот дуоси мустажоб бўлган муборак зотлардан… Мусибатларни аритади. Дуо қилувчиларнинг дуосини эшитади. Ҳатто вафотидан кейин ҳам!!..
Иккинчи қисса:
Буни устозимиз аллома Абдуллоҳ ибн Жибрийн айтиб бергандилар:
Арафотда эдим. Одамлар эҳромга ўралган ҳолда қўлларини ягона Подшоҳ ва ҳамманинг ҳолидан хабардор Зотга кўтариб, йиғи-сиғи билан дуога машғул эдилар..
Ана шундай хушуъ ва хузуъ билан самодан раҳмат тилаб қилинаётган дуолар ичида бирдан диққатимни бир овоз ўзига тортди. Ўгирилиб қарасам, ёши бир жойга бориб қолган бир мўйсафид ҳўнграб йиғлаган кўйи: «Эй фалончи пирим! Мендан мусибатимни аритишинизни сўрайман.. Менга шафоатчи бўлинг.. Ўзингиз менга раҳм қилинг», деб такрорларди. Юрагим зириллаб, вужудимга титроқ югурди. Унга яқинлашиб: «Отахон, Аллоҳдан қўрқинг! Қандай қилиб Аллоҳдан ўзгага дуо қиласиз?! Ҳожатларингизни Аллоҳдан бошқасидан сўрайсиз?! Ғийлоний ҳам бир банда.. У сизни эшитмайди, дуоларингизни ижобат қилишга қодир эмас.. Дуолар ижобат қилинадиган ўринда турибсиз, ягона ва шериксиз Аллоҳнинг ўзидан сўраб қўя қолинг!», дедим.
У менга қараб қовоғини уйганича: «Йўлингдан қолма, эй, чол! Сен фалончи пиримнинг Аллоҳ наздидаги қадр-қимматларини қаердан ҳам билардинг! Иймоним комилки, у зоти бобаракотнинг изнларисиз осмондан бир томчи ёмғир ҳам ёғмайди, ердан бир гиёҳ ҳам унмайди!!», деб жеркиб берди.
«Астағфируллоҳ! Аллоҳга нима иш қолади унда?!», дедим мен.
У менинг шу гапимдан сўнг шартта ўгирилиб, нари кетди..
Учинчи… Тўртинчи… Бешинчи…
Бундай воқеаларни санаб, адоғига етиш осон бўлмаса керак..
Субҳаналлоҳ.. Ҳақиқий ҳожаларидан бошқага илтижо қилаётганлар, ҳожатларини ўликлардан талаб қилаётганлар, ғамларини жонсиз жасадларга, чириган суякларга арз қилиб йиғлаётганлар.. У бечоралар Аллоҳдан нақадар узоқлашиб кетишган.. Аллоҳки, ягона ҳақиқий Подшоҳ.. Аллоҳки, ҳомиланинг яралиш жараёнларини-да билади.. Аллоҳки, мусибатга йўлиққанларнинг дуоларини эшитиб туради.. Аллоҳки, бандалари Ундан бошқага дуо қилишларига асло рози бўлмайди..
Йиғламоқчи бўлсангиз, умматнинг ҳолига йиғланг. Мусулмон ўлкаларига бир назар солинг, саноқсиз мозорлар-у сағаналарни, қабрлар узра кўкка бўй чўзган қуббаларни мусибатдорларнинг нажотгоҳига, қайғуга ботганларнинг бош уриб борадиган илтижогоҳига айланганини кўрасиз.. Болалар шу билан улғаймоқдалар, катталар шу билан қартаймоқдалар.
Қуйидаги сўзларимиз, дилдан отилган ҳайқириқ ва нидоларимиз, даъват ва чақириқларимиз улар учун. Жаҳолат ва ширк гирдобига ғарқ бўлиб бораётган эркагу аёлга, каттаю кичик ва ёшу қарига. Нажот кемасидан қолиб кетиб, мушрик ҳолда дунёдан ўтиб кетаётган, ўзларини эса мусулмон санаб юрган кишиларга қаратилган. У тавҳид кемасидир. Худди Нуҳ алайҳиссалом кемасидек… Унга минган одам нажот топади, қолиб кетган ҳалок бўлади..
Ислом диёрларида кўриб турибмиз.. Қанча-қанча ёру-дўстлар, қариндошлар, қўни-қўшнилар, таниш-билишлар дунё ҳаётида адашиб юрибдилар.. Шу ҳолларида ўзларини яхши иш қилиб юрган ҳисоблайдилар.
Ушбу китобча уларнинг ҳаммаси учун ягона ва шериксиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват ўлароқ ёзилди.
Доктор Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий
Ақида ва замонавий мазҳаблар соҳасида фан доктори
Талотўп дунё
Дунё мушриклар билан тўлганди.. Бирови бутга сиғинар, бошқаси қабрга илтижо қилар, яна кимдир инсонни ўзига илоҳ тутган, яна бириси дарахтни улуғларди..
Роббилари уларга боқиб, ажами-ю, арабига ғазаб қилди.. Фақат аҳли китоблардан сақланиб қолган бир мунча тавҳид аҳлигина бундан қутулиб қолди..
Йўл йўқотган мазкур кишилар ичида араб саййидларидан бир саййид ҳам бор эди. Унинг исми Амр ибн Жамуҳ эди.
Унинг Маноф отлиқ бир бути бор бўлиб, унга сиғинар, бош эгиб, сажда қиларди.
Маноф унинг мусибатлар пайтида топинадиган, ҳожатларини сўраб ялинадиган илоҳи эди.
Манофни у ўзи ёғочдан ясаб олган эди.. Бироқ, Маноф у учун аҳли-оиласидан ҳам, мол-давлатидан ҳам суюмлироқ эди..
Уни ҳаддан ортиқ улуғлар ва таъзим бажо келтирарди.. Зийнатларга ўраб қўйган, энг олий хушбўйликлар ва либосларга буркаб қўйганди.
Дунёга келганидан тортиб шу алфозда яшаган, ёши ҳам олтмишдан ўтиб қолганди..
Маккада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг у зот Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни Мадина аҳлига даъватчи ва муаллим қилиб юборганларида Амр ибн Жамуҳнинг уч ўғли оналари билан бирга Исломни қабул қилдилар. Отанинг эса бундан хабари йўқ эди.
Ўғиллар оталари ҳузурига келиб, унга мазкур даъватчи ва муаллим ҳақида сўзлаб бердилар, унга Қуръон ўқиб бердилар, сўнг: «Отажон, кўпчилик унга эргашмоқда, сиз ҳам эргашсангиз қандай бўларкин?!», дедилар.
У: «То Маноф билан кенгашиб, унинг фикрини олмагунимча бундай қилмайман», деб жавоб берди.
Сўнг у Маноф олдига келди. Одатда, бут-санамлари билан гаплашмоқчи бўлсалар, унинг ортига бир кампирни қўйишар, бут ўзи айтмоқчи бўлган гапини унга илҳом қилади ва у унинг гапини бизга етказади деб ишонишарди..
Амр оқсоқланганича бутининг олдига борди – унинг бир оёғи калтароқ эди – ва соғ оёғини тик тутиб, Манофга таъзим ва эҳтиром бажо келтириб турди, унга ҳамду санолар ёғдирганидан кейин мақсадга кўчди: «Эй Маноф! Шубҳа йўқки, сен шаҳримизга келган бу одамнинг хабарини яхши биласан.. У сендан бошқа ҳеч кимга бирон ёмонлик истамаяпти.. Фақат сенга сиғинишдан бизни ман қилмоқда.. Нима дейсан, маслаҳат бер, эй Маноф..». Бут жавоб қайтармади. Яна қайта сўзлади.. Яна бир оғиз жавоб бўлмади.
«Ғазабинг келди шекилли.. Майли, то ғазабинг босилгунича мен бир неча кун бу ҳақда оғиз очмайман».. Шундай дея Амр бутидан узоқлашди.
Тун қоронғулиги чўккач, ўғиллари Маноф олдига келишди.. Уни кўтариб олиб чиқиб, ахлатхонага улоқтиришди.
Тонг отгач, Амр бутига салом бергани кириб, уни ўрнида топмади ва бор овози билан: «Эвоҳ! Кимдир тунда бутимизга тажовуз қилибди! Қай бирингиз қилди бу ишни?!», деб ўкирди. Ўғиллари индамай туравердилар…
Безовта бўлиб, асабийлашган ҳолда уйларни бирма-бир қараб чиқди. Сўнг ташқарига чиқди ва бутни ахлатхонада оёғи осмондан бўлиб ётган ҳолда топди. Уни ахлатлар орасидан чиқариб олиб, хушбўйликлар суртиб, ўрнига олиб кириб қўйди. Сўнг унга қараб: «Эй Маноф, бу ишни ким қилганини билсам, уни жуда ёмон қиламан», деди..
Иккинчи кеча ҳам ўғиллари бутни олиб чиқиб, кечаги жойга улоқтиришди..
Қария тонг пайти бутини яна ўрнида топмади.. Ғазабланиб, бақириб-чақириб, уни ҳалиги ахлатхонадан чиқариб, ювиб-тозалаб, хушбўйлантириб, ўрнига олиб кириб қўйди..
Бир неча кунгача шу аҳвол такрорланди, ҳар кеча болалари бутни олиб чиқиб, улоқтиришар, ота шўрлик тонгда туриб, уни ўз ўрнига қайтарарди..
Охири тоқати тоқ бўлган Амр уйқуга ётишдан олдин Маноф ҳузурига келиб: «Шўринг қурсин, эй Маноф! Эчки ҳам ўзининг кетини ҳимоя қилади ахир!» деб хитоб қилди ва бутнинг бўйнига бир қилични осиб: «Душманингдан ўзингни ҳимоя қилиб ол!», деб чиқиб кетди.
Тунда йигитлар келиб, бутни олиб чиқдилар ва ўлган итнинг жасадига қўшиб боғлаб, ахлатхонага улоқтирдилар.
Тонг отгач, қария Манофни қидириб чиқиб, шу аҳволда топди. Унга хитобан: «Бошига тулкилар бавл қилиб кетган худони кўринг.. Тулкиларнинг сийдигига булғанган худонинг боридан йўғи яхши» деган мазмунда шеър ўқиди..
Сўнг Аллоҳнинг динига кирди. Дин майдонларида солиҳлар билан мусобақалашадиган даражага етди..
Қаранг.. Мусулмонлар Бадр жангига чиққанларида ўғиллари уни кексайиб қолгани ва оёғи соғ бўлмагани учун жангга чиқишдан тўсдилар. Шунда у қандай қилиб бўлмасин, урушга чиқмоқчи бўлганида ўғиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилдилар ва у зотнинг амрлари билан Амр Мадинада қолди.
Уҳуд жанги бўлганида Амр яна жиҳодга чиқишга отланди, ўғиллари яна уни ман қилдилар. Шунда у кўзида ёш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борди ва: «Ё Расулуллоҳ, ўғилларим мени сиз билан жангга чиқишдан тўсмоқчи бўлишаяпти», деб шикоят қилди.
«Аллоҳ сизни маъзур санаган», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
«Бироқ, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен шу оқсоқ оёқларим билан жаннатга қадам қўйишни истайман», деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жангга чиқишга изн бердилар.
У қуролини қўлга оларкан: «Эй Парвардигор, менга шаҳидликни насиб этгин ва мени аҳлимга қайтармагин», деб дуо қилди..
Жанг майдонига етиб боришгач ва уруш бошлангач, Амр бутпарастларга қарши паҳлавонларча олишди ва шу куни шаҳидликка эришди.
Амр розияллоҳу анҳу шаҳидлар билан бирга дафн этилди ва Аллоҳнинг инъомига сазовор зотлар қаторидан ўрин олди..
Орадан қирқ олти йил ўтгач, Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Уҳуд шаҳидлари дафн этилган мақбарага кучли сел келиб, қабрларни сув босди.
Мусулмонлар шаҳидларнинг жуссаларини кўчиришга шошилдилар.. Амр ибн Жамуҳнинг қабрини очишганида уни худди ухлаб ётгандек ҳолда, жасади юмшоқ, оёқ-қўллари букиладиган ҳолда топдилар. Ер унинг жасадидан бирор жойини ҳам емаган эди..
Ўйлаб кўринг, ҳақ аниқ бўлганидан сўнг унга қайтгани боис Аллоҳ таоло унинг хотимасини чиройли қилди.
Қаранг, ҳали охират бўлмасидан шу дунёнинг ўзида ҳам Аллоҳ таоло унинг кароматини изҳор қилди.. Сабаби, у «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ҳаётида исботлаган эди.. Зеро, бу калима самовоту ер у сабабли барпо бўлиб турган, Аллоҳ таоло барча махлуқотни у билан табиатлантирган ва банданинг жаннатга киришига сабаб бўлувчи калимадир.. Жаннату дўзах у сабабли яратилган.. Халқлар у билан мўмину кофирга, яхши ва ёмонга ажралганлар.
Банда Аллоҳ ҳузурида то иккита саволга, яъни кимга ибодат қилардин ва пайғамбарларимга нима деб жавоб қилгансан, деган саволларга жавоб бермасидан туриб, қадамлари силжимайди.
*****
Нажот кемаси
Қанча инсонлар тавҳидни рўёбга чиқармагани сабабли ҳалок бўлувчилар билан бирга ҳалок бўлиб кетдилар, то қиёмат кунигача лаънатга сазовор бўлдилар.
Аллоҳ ягона Парвардигордир. Банда фақат Унга таваккул қилмоғи, ёлғиз Ундан умид қилмоғи лозим.. Ундангина қўрқмоғи, фақат Унинг исми билан қасам ичмоғи, Унгагина назр қилмоғи, Унгагина тавба қилмоғи зарур..
«Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш фақат шу билан амалга ошади.. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу шаҳодат калимасига ҳаққи-рост гувоҳлик берган бандага дўзахни ҳаром қилган.
Бир куни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида бораркан, у зот бирдан унга ўгирилиб, сўраб қолдилар:
– Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққини биласизми?
– Аллоҳ ва Расули билувчироқ, – деб жавоб бердилар Муоз.
– Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи Унинг Ўзигагина ибодат қилишлари ва бирон нарсани унга шерик қилмасликлари. Бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққи Унга бирон нарсани шерик қилмаган бандасини азобламаслиги, – дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши: «Ё Расулуллоҳ, қай бир гуноҳ Аллоҳ наздида энг катта гуноҳ ҳисобланади?» деб сўради. «Аллоҳга бошқа бировни тенг билиб ибодат қилишинг, ваҳоланки У сени яратган», дедилар (Муттафақун алайҳ).
*****
Ҳа.. Аллоҳ таоло пайғамбарларни шу тавҳид туфайли юборган. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36). Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган ҳар бир нарса, у бут-санам ё тош бўлсин, қабр ё дарахт бўлсин, ҳаммаси тоғутдир.
Аллоҳ таоло айтганидек, тавҳид пайғамбарларнинг энг биринчи вазифалари эди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимдан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар!)» (Зухруф 45).
Аслида, халқлар ҳам фақат ягона Аллоҳга ибодат қилиш учунгина яратилганлар: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56).
Амалларнинг қабул бўлиши ёлғиз тавҳидга боғлиқ: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
Тавҳидни рўёбга чиқарган кишигина нажот топади. Имом Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси қудсийда келганидек: «Аллоҳ таоло деди: «Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!»».
Тавҳид масаласи ғоят буюк иш бўлганидан пайғамбарлар ҳам уни бой бериб қўйишдан доим хавф қилганлар.
Муваҳҳидлар отаси, бутларни парчалаб ташлаган, Байтул Ҳаромни қурган зот – Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога ёлвориб: «Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35), деб дуо қилганлар. У зотки, шундай деб турган бўлсалар, бошқаларга хотиржамликка йўл бўлсин!
*****
Йўлдан озишнинг бошланиши
Илк бор ширк Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмида бошланган эди.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.. У уларни ширкдан қайтарди.. Унга итоат қилган ва тавҳид йўлини тутганлар нажот топдилар..
Ширкида қолганларни Аллоҳ таоло тўфон балоси билан ҳалок қилди.
Нуҳ замонларидан кейин одамлар анча вақтлар тавҳид узра қолдилар.
Кейинчалик Иблис бузғунчилик бошлади.. Бандалар орасида ширкни ёйди..
Аллоҳ таоло хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб пайғамбарлар юбориб турди..
Охири У сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди.
У зот тавҳидга чақирдилар, мушрикларга қарши жиҳод қилдилар, бутларни вайрон қилдилар..
Уммат у зотдан кейин тавҳид устида давом этиб келди..
Кейин бориб-бориб умматнинг бир қисмига авлиёлар ва солиҳларни улуғлашлари ортидан ширк кириб келди..
Ҳатто, азиз-авлиёлар қабрлари устида сағаналар бинога келди.. Дуо-илтижолар, мадад сўрашлар уларга қаратиладиган, қурбонлик ва назрлар уларга аталадиган бўлди.
Ушбу ширкларини солиҳларга муҳаббат ва уларнинг шафоатларига эришиш деб атадилар.. Уларга муҳаббат қўйиш ва қабрларини улуғлаш бизни Аллоҳга яқинлаштиради, деб даъво қилишди..
Аввалги мушрикларнинг даъволари ҳам айни шу бўлганини унутишди.. Чунки, улар ҳам ўз бутлари ҳақида: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», дейишарди (Зумар: 3).
Қизиғи, агар уларга қилаётган бу ишларингиз ширк, деб айтсангиз: «Йўқ, биз тавҳид аҳлимиз, Раббимизга ибодат қиламиз», дейишади..
Уларнинг даъвосича, тавҳиднинг маъноси Аллоҳнинг борлигига ва Унинг бошқалардан кўра ибодатга лойиқроқ эканига иқрор бўлишдир..
Бу эса ноқис тушунчадир.. Балки, умуман тавҳид ҳақидаги ботил тушунчадир.
Йўқса, Абу Жаҳл ва Абу Лаҳаблар ҳам айни тушунчага кўра, муваҳҳид саналиши керак бўлади.. Чунки, улар ҳам Аллоҳ ибодатга лойиқ энг улуғ илоҳ деб ишонишарди.. Бироқ, шу билан бирга бошқа олиҳаларни Унга шерик қилишар ва уларни Унга етказувчи ва Унинг ҳузурида ўзлари учун шафоатчи деб гумон қилишарди.
Ҳикоят
Байҳақий ва бошқалар ривоят қиладилар:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар орасида ўз даъватларини ошкор қилганларида Қурайш кофирлари одамларни у зотдан бездиришга уриндилар, у кишини сеҳргар, фолбин, мажнун деб атадилар.
Лекин, кўрдиларки, у зотга эргашганлар кундан кунга кўпайиб бормоқда.
Шундан сўнг у зотни мол-дунё билан ўзларига оғдиришга иттифоқ қилишди.
Улуғларидан бирини – Ҳусойн ибн Мунзир ал-Хузоъийни у зот ҳузурларига юборишди.
Ҳусойн келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: «Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз бизнинг жамоатимизни бузиб ташладингиз, бирлигимизга путур етказдингиз, у қилдингиз, бу қилдингиз… Агар сизга мол керак бўлса, мол-дунё йиғиб берайлик, ичимизда энг бойимиз бўлинг.. Агар хотинларни истасангиз, энг чиройли аёлларга уйлантириб қўяйлик.. Агар подшоҳлик истасангиз, сизни ўзимизга подшоҳ қилиб кўтарайлик..». У шу каби гаплар билан у зотни ўзларига оғдиришга роса ҳаракат қилди.. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим қулоқ солиб ўтирдилар..
У гапини тугатгач: – Гапириб бўлдингизми, эй Абу Имрон?, – дедилар.
У: – Ҳа, – дегач, – Унда менинг биттагина саволимга жавоб беринг, – дедилар.
– Майли, сўранг, – деди Ҳусойн.
– Эй Абу Имрон, сиз нечта илоҳга сиғинасиз?, – деб сўрадилар.
– Еттита илоҳга, олтитаси ерда, биттаси осмонда, – деб жавоб берди у.
– Агар мол-ҳолга ҳалокат етса, қай бирига дуо-илтижо қиласиз?
– Осмондагисига илтижо қиламан.
– Қаҳатчилик етса, қай бирига дуо қиласиз?
– Осмондагисига дуо қиламан.
– Аҳли-аёлга очарчилик етса, қай бирига дуо қиласиз?
– Осмондагисига дуо қиламан.
– Ёлғиз Унинг Ўзи дуоларингизга ижобат қиладими ё бошқалари ҳам ижобат қилишга қодирми?
– Йўқ, ёлғиз Ўзи ижобат қилади.
– Дуоларингизни ёлғиз Унинг Ўзи ижобат қилса, фақат Угина сизга инъом қилса-ю, шукрда уларни шерик қилсангиз.. Ё у олиҳалар Унинг устидан зўрлик қилиб кетишадими?
– Йўқ, улар бунга қодир бўлишмайди.
– Ундай бўлса, эй Ҳусойн, Исломни қабул қилинг.. Мен сизга бир неча сўзларни ўргатаман, улар билан Аллоҳ сизга ёрдам беради..
Ривоятда айтилишича, у Исломни қабул қилган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дуолар ўргатган эканлар.
Ҳақиқат
Ҳа, улар Лот ва Уззога сиғинишарди.. Лекин, уларни Буюк Илоҳга, яъни Аллоҳ жалла жалолуҳуга яқинлаштирувчи бир асбоб-восита ўрнида кўришарди.. Аллоҳ ҳузурида шафоатчи бўлишлари учун турли хил ибодатларни уларга атаб қилишарди. Шунинг учун ҳам улар ҳақида: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», дейишарди (Зумар: 3).
Улар Аллоҳгина яратувчи, ризқ берувчи, тирилтирувчи ва ўлдирувчи эканига ишонардилар. «Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ» дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари (ана ўша Аллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар» (Луқмон: 25).
«Саҳиҳайн»да ва бошқа ҳадис тўпламларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина атрофларини кузатиш топшириғи билан Нажд тарафга бир неча отлиқни юбордилар. Суворийлар йўлда эҳром боғлаб, қилич осиб олган бир кишига дуч келдилар. У қуйидагича талбия айтиб борарди: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк.. Лаббайка ла шарийка лак.. Илла шарийкан ҳува лак.. Тамликуҳу ва ма малак..» (Маъноси: Парвардигорим, Сенга лаббай (амрингга ҳозирман).. Сенга лаббай, Сенинг шеригинг йўқ.. Фақат биттагина шеригинг бор.. Сен унга Эгасан, у эса бирон нарсага эга эмас).
Саҳобалар уни тўхтатиб, қаерга бораётганини сўрадилар. У Маккага кетаётганини айтди. Текшириб билдиларки, у пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама каззобнинг диёридан келаётган экан.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари нимага ҳукм қилсалар, шу бўлсин деб, унинг қўлларини боғлаб, Мадинага келтирдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кўзлари тушгач: «Кимни асирга олганингизни биласизларми? Бу Бану Ҳанифа қабиласи саййиди Сумома ибн Ассол бўлади», дедилар. Сўнг уни масжид устунларидан бирига боғлаб қўйишларини, ўзига иззат-икром кўрсатишларини буюрдилар..
Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига кириб, уйларида бўлган ул-бул егуликларни йиғиб, унга юбордилар. Сумоманинг уловини ҳам емлаб, қараб туришга буюрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига чиқиб: «Нима мақсадинг бор эди эй Сумома?», деб сўрадилар. У: «Ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ, эй Муҳаммад. Агар ўлдирсангиз, бир қон эгасини (яъни, қасоси олинадиган кишини) ўлдирасиз. Агар марҳамат кўрсатсангиз, яхшиликни билган одамга марҳамат кўрсатган бўласиз. Агар мол истасангиз, истаганингизча молга эга бўласиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан кетдилар. Кейин иккинчи марта унинг ёнидан ўтаётиб, яна ўша саволларини қайтардилар. У ҳам аввалги жавобини қайтарди. Учинчи марта ҳам юқоридаги савол-жавоб бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мусулмонларнинг намоз ўқишларини кўрганидан, уларнинг гап-сўзларига қулоқ солганидан, чиройли одоб-ахлоқларини билганидан кейин ҳам Исломга рағбати йўқлигини билиб: «Сумомани қўйиб юборинглар», дедилар. Уни қўйиб юборишди. Шунда Сумома масжидга яқин бир хурмозорга бориб, ғусл қилди, сўнг қайтиб келиб, Исломни қабул қилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг юзингиздан кўра ёқимсизроқ юз йўқ эди, энди сизнинг юзингиз мен учун энг суюмли юзга айланди. Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг динингиздан кўра ёқимсизроқ дин йўқ эди, энди сизнинг динингиз мен учун энг суюмли динга айланди. Сизнинг отлиқларингиз мени умра учун бораётганимда қўлга олишди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни муборакбод этдилар ва умра сафарини давом эттиришга буюрдилар. У Маккага тавҳид талбиясини айтганича: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк.. Лаббайка ла шарийка лак..» (Маъноси: Парвардигорим, Сенга лаббай (амрингга ҳозирман).. Сенга лаббай, Сенинг шеригинг йўқ) деган ҳолда кириб борди.
Ҳа, Ислом уни бутунлай ўзгартирганди.. Сенга лаббай, Сенинг шеригинг йўқ.. Аллоҳга қўшиб сиғинадиган на бир қабр мавжуд, Унга сажда қилинадиган на бир санам бор..
Қурайш олдига келганида улар унинг айтаётган талбиясини эшитиб: «Сен ҳам диндан озибсан-да, эй Сумома?!», дейишди. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас! Балки, мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, мусулмон бўлдим», деди у.
Қурайш унга озор бермоқчи бўлган эди, у шундай деб қичқирди: «Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!». (Ямома Маккани дон-дун билан таъминловчи асосий экинзор ўлка эди).
Ҳа, улар Аллоҳни бошқа олиҳалардан кўра кўпроқ улуғлашарди..
Худо ҳаққи, менга айтингчи, Абу Жаҳл ва Абу Лаҳабнинг ширки билан бугунги кунда мозорларда қон чиқараётган, сағана остонасига сажда қилаётган, қабрни тавоф қилаётган, одамнинг ширки ўртасида нима фарқ бор?!
Валийнинг машҳадида тавозеъ ва хушуъ билан эгилиб туради, ундан ҳожатларини раво қилишини, мусибатларини аритишини сўрайди..
Касалига шифо беришини, мусофирини соғ-омон қайтаришини чириган суяклардан илтижо қилиб сўрайди..
Ажабо..
Аллоҳ таоло айтади: «Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга, сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга дуо қилинглар, улар сизларга ижобат қилсинлар-чи?!» (Аъроф: 194).
*****
Мозорларда содир бўлаётган ширк, яъни уларга атаб жонлиқ сўйиш, уларга дуо-илтижо қилиш, улар атрофини тавоф қилиш каби ишлар энг катта гуноҳлар жумласидан саналади..
Ҳа, у зинодан ҳам оғир, ароқхўрликдан ҳам ёмон, одам ўлдиришдан ҳам, ота-онага оқ бўлишдан ҳам бадтар гуноҳдир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).
Ҳа, Аллоҳ зинокорларни кечириши мумкин, қотил ва жиноятчиларни кечириши мумкин, бироқ У Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди.
«Саҳиҳайн»да келганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар:
Бану Исроиллик бир фоҳиша аёл саҳрода кетиб борарди. Бир итни қудуқ ёнида айланиб юрганини кўрди. Ташналик зўридан итнинг тили осилиб қолган эди. Ташналик уни ҳалок қилаёзган эди. Буни кўрган фоҳиша – яъни, Парвардигорига осий бўлиб юрган, бошқаларни ҳам йўлдан оздириб юрган, фаҳш ва ҳаром иш билан шуғулланиб, шу билан пул топиб, ҳаром еб юрган хотин – оёқ кийимини ечиб, уни рўмоли билан боғлаб, қудуққа туширди ва қудуқдан сув тортиб олиб, итни қондирди. Шу сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳини кечирди.
Аллоҳу акбар.. Аллоҳ унинг гуноҳини кечирди.. нима сабабдан кечирди?!..
У кечалари ибодат билан бедор, кундузлари рўзага машғул бўлибми эди?!.. Ё Аллоҳ йўлида жангга кирганида ўлдирилдими?!..
Йўқ.. Бор йўғи бир итни суғориб қўйди, холос! Шу билан Аллоҳ уни мағфират қилди.. Чунки, у аёл маъсиятлар содир қилиб юрар, бироқ Аллоҳга ширк келтирмаган эди.. На валийга, на қабрга сиғинган, на тош ва на башарни улуғлаган эди.. Аллоҳ уни мағфират қилди..
Гуноҳкорлар учун мағфират нақадар яқин, мушриклардан эса нақадар узоқ!..
*****
Ҳикоят
Айрим одамлар зинокор ва ароқхўрларнинг кўпайиб кетганидан фиғонлари кўкка чиқади.. Бироқ, шу билан бир вақтда сағаналар остонасига бош ураётган, қабрларга сиғиниб ётган одамларни кўриш уларни кўп ҳам безовта қилмайди. Ҳолбуки, зинокорлик ва ароқхўрлик гуноҳи кабира бўлгани билан кишини диндан мосуво қилмайди.. Аллоҳдан бошқага сиғиниш эса ўз эгасини Исломдан бегона қилади, шу ҳолда ўлган киши кофир кетади.
Шунинг учун ҳам раббоний уламолар ақида ўргатишни асосий фазифалари қилиб белгилаб олган эдилар.
Шайх Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ «Тавҳид китоби»ни талабаларига шарҳлаб берар эдилар, ундаги масалаларни кўп такрор қилардилар..
Шогирдлари бир куни: «Шайх, дарс мавзусини ўзгартирсангиз, сийрат, тарих, фиқҳ каби мавзулардан дарс ўтсангиз яхши бўларди», деб илтимос қилишди.
Шайх: «Майли, иншооллоҳ, ўйлаб кўрамиз», деб жавоб бердилар..
Эртаси шогирдлар ҳузурига қайғули бир кўринишда чиқиб келдилар.
Бунинг сабабини сўрашганида айтдилар: «Эшитишимча, қўшни қишлоқда бир киши янги уйга кўчиб ўтган экан, жинлар безовта қилишидан қўрқиб, жинга атаб, уйининг остонасида бир хўроз сўйиб, қон чиқарибди.. Шунинг хабарини аниқлаб келгани одам юбордим».
Бу воқеа талабаларга кўп ҳам таъсир қилмади, улар «Ҳа-а» деб қўя қолдилар ва бу одам ҳаққига ҳидоят сўраб дуо қилдилар..
Эртаси куни шайх улар ҳузурига чиқиб дедилар: «Кечаги ишнинг хабарини ойдинлаштирдим. Иш биз эшитгандан бошқачароқ бўлган экан.. Ҳалиги одам жинга атаб хўроз сўйиб, қон чиқармаган экан.. Балки, онаси билан зино қилган экан»..
Шунда шогирдлар бирдан ўзгаришиб, ҳалиги одамга лаънат айтиб, уни ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлай кетишди.. Уни у қилиш керак, бу қилиш керак, сазойи қилиш керак, жазолаш керак..
Шунда шайх айтдилар: «Қизиқ.. Гуноҳи кабиралардан бирини қилиб қўйган одамнинг ишини шу қадар ёмон санадинглар.. Ваҳоланки, у шу гуноҳи сабабли Исломдан чиқиб кетмаган эди.. Бироқ, ширкка қўл урган, Аллоҳдан бошқага атаб қон чиқарган ва ибодатни Аллоҳдан ўзгага бағишлаган одамнинг ишини у қадар ёмон санамадинглар»..
Талабалар жим бўлиб қолдилар.. Шайх улардан бирига: «Тур эй фалончи, «Тавҳид китоби»ни олиб бер, уни янгидан шарҳ қиламиз», дедилар.
*****
Ширк гуноҳлар ичида энг каттасидир, Аллоҳ таоло уни ҳеч қачон кечирмайди. Аллоҳ таоло айтган: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).
Жаннат мушрикларга ҳаромдир.. Улар абадий дўзахда қолишади.. Аллоҳ таоло айтган: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Ким ширкка қўл урса, бу иши унинг барча ибодатларини, намози, рўзаси, ҳажи, жиҳоди ва садақаларининг ҳаммасини бекор қилиб юборади. Аллоҳ таоло айтган: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбар)ларга ҳам шундай ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!»» (Зумар: 65).
*****
Ширкнинг бир неча хил кўринишлари бор:
Айрим кўринишлари борки, ўз эгасини – агар тавба қилмай шу ҳолда ўтиб кетса – диндан чиқариб, дўзахда абадий қолишига сабаб бўлади. Жумладан:
Аллоҳдан бошқасига дуо қилиш..
Қурбонлик ва назрларни Аллоҳдан бошқага – жинларга, шайтонларга, қабрларга аташ..
Ўлиб кетганлар ёки жин ва шайтонларнинг бирон зиён-заҳмат етказиши ё касалга дучор қилишидан хавф қилиб, уларга сиғиниш..
Фақат Аллоҳгина қодир бўладиган ишларни, масалан, ҳожатларни раво қилишни, кулфатларни аритишни Аллоҳдан бошқадан умид қилиш.. Ҳозирги пайтда мозорларда қилинаётгани каби..
Аслида қабрларни фақат насиҳатланиш ва ўликлар ҳаққига дуо қилиш учунгина зиёрат қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Қабрларни зиёрат қилингиз, зеро улар сизларга охиратни эслатади».
Бу ҳам эркакларга нисбатан.. Аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишлари машруъ эмас. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар. Уларнинг зиёратга чиқишлари билан ўзларига ё бошқаларга фитна ҳосил бўлиши мумкин.
Аммо, қабрларни уларда ётганларга дуо-илтижо қилиш, улардан мадад сўраш мақсадида ё уларга атаб қон чиқариш ё уларнинг баракотларидан нафланиш ё улардан ҳожатларни сўраш ё уларга назр қилиш қасдида зиёрат қилиш катта ширк саналади. Қабр эгаси пайғамбар ё валий ё солиҳ бўлсин, фарқсиз.. Ким бўлса ҳам инсон.. Зарар ё фойда келтиришга қодир эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг энг суйган бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилганки: «Айтинг: Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур» (Аъроф: 188).
Жоҳил кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари олдида у зотга дуо-илтижо қилишлари ва у зотдан мадад тилашлари, ёки Ҳусайннинг ё Бадавийнинг ё Жийлонийнинг ё бошқаларнинг қабри олдида шундай қилишлари айни шу турдаги ширкка киради.
Қабрларни улар олдида намоз ўқиш ё Қуръон тиловат қилиш учун зиёрат қилиш эса бидъатдир.
Зиёратчи фақатгина панд-насиҳат олиши ё маййит ҳақига дуо қилиши машруъдир.
Ажабки, мусулмон киши қабрда ётганларнинг жонсиз жасад эканларини, ўзларининг аҳволларидан қутулишга ҳам қодир эмасликларини била туриб, улар ҳузурига боради, улардан дуосини ижобат қилишларини тилайди, мусибатларини аритишларини сўрайди..
Муқаддас саналадиган ва устларига қуббалар тикланган бундай мозор ва сағаналардан кўпларининг хокисор хизматкорлари ва «шайх»лари бўлади.. Улар келганларга турли ёлғонларни тўқийдилар, уларни Аллоҳга ширк келтиришга чорлайдилар.
*****
Нидо.. Нидо
Ўликларга дуо-илтижолар қилувчи у бечораларга айтаманки, сизлар остонасига бош уриб йиғлаётганингиз, шафоатларини тилаётганингиз у ўликлар «Илтижо қилган пайтларингизда сизларни эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!» (Шуъаро: 72).
Йўқ, Аллоҳга қасамки, эшитмайдилар, фойда ҳам етказа олмайдилар. Аксинча, бу билан ўзингизга ўзингиз зарар етказасиз..
Қулоқ солинг, отаси билан бирга Ҳиндистонга сафар қилган 13 ёшли бир боланинг қизиқ бир ишини ҳикоя қилиб бераман..
Ҳиндистон катта мамлакат.. Шунга яраша олиҳалари ҳам кўп ва хилма-хил.. Улар ҳамма нарсага, ҳайвонга ҳам, дарахтга ҳам, тошга ҳам, инсонга ҳам, юлдузларга ҳам сиғинаверадилар..
Ҳалиги бола бир ибодатхонага кирса, одамлар ҳинд ёнғоғи (cocos) мевасига сиғинишаётган экан. Ёнғоқ мевасига оғиз-бурун ва кўзлар чизиб қўйишган, унга бухур (хушбўй тутатқи) тутатишиб, олдига емак-ичмаклар қўйиб қўйишган экан..
Бола кўрдики, одамлар ўша ёнғоққа ибоат қилишмоқда. У улар сажда қилиб турган пайтларида шартта бориб, ўша ёнғоқ мевасини олиб қочди..
Бошларини саждадан кўтаришгач, олиҳалари ғойиб бўлганини кўриб, атрофга аланг-жаланг қилиб қарашса, «худо»ларини бир бола кўтариб олиб, югуриб кетаяпти.. Ибодатни ҳам йиғиштириб, боланинг кетидан қувиб кетишди..
Бола улардан узоқлашгач, ерга ўтириб, ёнғоқни тош билан уриб синдирди ва шарбатини ичиб, пўчоғини улоқтирди..
«Худо»лари майдаланиб ётганини кўриб, улар қий-чув кўтаришди.. Болани ушлаб олиб, дўппослашди.. Сўнг уни шаҳар қозиси ҳузурига судрашди..
Қози: – Олиҳани сен синдирдингми?
Бола: – Йўқ, мен ёнғоқни чақиб, сувини ичдим.
Қози: – У уларнинг олиҳалари эди.
Бола: – Қози жаноблари! Сиз ҳеч ҳинд ёнғоғини чақиб, еганмисиз?
Қози: – Ҳа, еганман.
Бола: – Унда иккимиз ўртамизда нима фарқ бор?
Қози нима дейишини билмай, тутилиб қолди.. Жавоб кутиб, ёнғоқнинг «банда»ларига қаради..
Улар айтишди: – Бу ёнғоқнинг икки кўзи ва оғиз-бурни бор эди.
Бола қичқирди: – Хўш, у гапирармиди?
Улар: – Йўқ..
Бола: – У эшитармиди?
Улар: – Йўқ..
Бола: – Ундай бўлса, қандай қилиб худо бўла олади, қандай қилиб унга ибодат қиласизлар?!..
«Шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» (Бақара: 258).
Қози уларнинг важоҳатига боқиб, болага бирон зиён-заҳмат етказиб қўйишларидан қўрқди ва болани 150 рупия жаримага тортди..
Бола мажбур жаримани тўлади.. Бироқ, маҳкамадан у ғолиб ҳолда чиқди.