Нажот кемасидан қолиб кетманг (2)

    Мозорларга топинувчилар ўликларни улуғлаш ва улардан ҳожатларини тилаш билангина кифояланиб қолмадилар.. Балки, қабрларни зийнатлаш, улар устига сағаналар тиклаш, гумбазлар қуриш учун кўплаб пул-мол сарфладилар..

    Қабрлар устига тикланган сағана ва гумбазлар асосан икки хил бўлади:

    Биринчиси: Мусулмонларнинг умумий қабристонларида қурилган қубба-сағаналар. Бу қуббалар бошқа қабрлар орасида баланд бўлиб, кўзга ташланиб туради.

    Иккинчиси: Масжидларда қурилган ёки улар устига масжид қурилган сағаналар. Бу сағаналар баъзан масжиднинг қибласида, баъзан эса ортида ё икки томонида қурилган бўлади.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганлар ва: «Парвардигорим, қабримни сиғиниладиган васан-бут қилиб қўймагин.. Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган қавмга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деганлар.. Бу у зотнинг қабрларига ҳам, бошқа ҳар қандай қабрга ҳам тегишлидир.

    Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Абул-Ҳайёжга шундай деганлар: «Мен сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган ишга юборайми? Биронта тимсол-ҳайкални қўймай йўқ қиласан, биронта кўтарилган қабрни қўймай, текислаб ташлайсан»..

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипс билан сувашдан, улар устига ўтиришдан, улар устига бино қилишдан, уларга ёзишдан қайтарганлар.

    У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига масжидлар ва чироқлар қилувчиларни лаънатлаганлар.

    Саҳобалар, тобеинлар ва табаут-тобеинлар замонларида Ислом диёрларида на пайғамбарнинг қабрида ва на бошқанинг қабрида бундай нарсалар бўлмаганди..

    * * *

    Аччиқ воқелик

    Бугунги аччиқ воқеликни кўринг:

    · Мисрнинг шаҳару қишлоқларида ёйилган авлиёларнинг сағаналари 6000 (олти мингта)ни ташкил қилади. Улар мурид ва муҳиблар учун мавлудлар ўтказиш марказлари ҳам саналади. Йил мобайнида Мисрнинг қайсидир бир жойида қайсидир бир валийнинг мавлуди ўтказилмайдиган биргина кун топилиши жуда қийин.. Аксинча, валийнинг қабридан холи бўлган қишлоқ улар наздида баракасиз жой деб кўрилади..

    Сағаналар катта ва кичикка бўлинади. Қабр устидаги бино қанча катта ва кенг бўлса, овозаси узоқроққа кетган бўлса, шунча эътиборли саналади ва зиёратчилари ҳам шунча кўп бўлади.

    Қоҳирада катта сағаналардан Ҳусайн мақбараси, Саййида Зайнаб мақбараси, Саййида Оиша мақбараси, Саййида Сакина мақбараси, Саййида Нафиса мақбараси, Имом Шофеий мақбараси, Лайс ибн Саид мақбараси жойлашган..

    Тантода Бадавий мақбараси.. Дасуқда Дасуқий мақбараси.. Ҳумайсирада Шозилий мақбараси..

    Ҳусайнники деб даъво қилинган қабрга одамлар махсус зиёратга келишади, унга атаб назрлар ва қурбонликлар келтиришади.. Ундан ҳам бадтари, қабрни тавоф қилишади, ундан дардларига шифо тилашади, ҳожатларини раво қилишини сўрашади..

    Саййид Бадавий мақбараси.. Йилнинг маълум пайтларида унинг зиёрати учун худди катта ҳажга ўхшаб кетадиган махсус мавсумлари бор.. Ўша пайтда мамлакат ичидан ва ташқарисидан сунний-у шиалар унинг зиёратига ёғилиб келишади..

    Жалолуддин Румий мақбараси.. Унинг мозори устига: «Ҳар учала дин аҳлига – мусулмонлар, яҳудлар ва насронийлар учун салоҳиятли» деб ёзиб қўйилган.. Ушбу васан-бутни қутби аъзам деб аташади.

    · Шом ҳақида гапирадиган бўлсак, ишончли тадқиқотчилар сўзларига кўра, биргина Дамашқнинг ўзида 194та мақбара бўлиб, улар ичида машҳурлари 44та мақбара экан.. Саҳобаларга нисбат бериладиган камида 27та сағана мавжуд.. Дамашқда, масжиди умавийда Яҳё ибн Закарийё алайҳимассаломнинг боши қўйилган деб айтиладиган мақбара мавжуд.. Масжиднинг шундоққина ёнгинасида Салоҳуддиннинг қабри.. Имодуддин Занкийнинг қабри.. Ва бошқа бир қатор қабрлар бўлиб, уларни зиёратгоҳга айлантирилган..

    Ундан ташқари, Сурияда фожир, залолат пешволаридан бири, «Фусусул-ҳикам» (Ҳикматлар дурдонаси) китоби соҳиби Муҳиддин ал-Арабийнинг мақбараси ҳам мавжуд..

    · Туркияда 480дан ортиқ жомеъдан деярли ҳеч бири сағанадан холи эмас. Улар ичида энг машҳури Қустантинияда Абу Айюб ал-Ансорийга нисбатланувчи қабр устига қурилган сағанадир.

    · Ҳиндистонда минглаб одамларнинг зиёратгоҳига айланган 150дан ортиқ мақбара мавжуд.

    · Ироқда, Бағдоднинг ўзида 150дан ортиқ масжиди жомеъ бор бўлиб, деярли ҳаммасида сағана бор. Мувсилда 77та машҳур мақбара бўлиб, ҳаммаси жомеълар ичида жойлашган.. Бошқа масжидларда жойлашган ва алоҳида мақбаралар бунга кирмайди. (Қаранг: «Ақидадаги бузилишлар»: 289, 294, 295-бетлар).

    · Ҳиндистондаги шайх Баҳоуддин Закарийя Мултонийнинг қабри ҳамма турдаги ибодатлар адо этиладиган, сажда қилинадиган, назрлар қилинадиган ибодатхонага айланган..

    · Покистонда, Лаҳорда шайх Алий Ҳажурийнинг мақбараси мавжуд. У ҳам улкан мақбаралардан саналади.

    * * *

    Қизиғи шундаки, уларнинг аксарияти ёлғон ва сохта қабрлар бўлгани ҳолда, жуда кўпчилик одамлар улар билан алданиб юрибдилар.

    · Қоҳирада Ҳусайн розияллоҳу анҳуники деб билинадиган бир мақбара бор.. Унинг зиёратига келадилар, дуо, тавоф, назр, жонлиқ сўйиш каби ҳар турли ибодатларни унга бағишлайдилар..

    Асқалонда ҳам Ҳусайннинг қабрлари бор..

    Ҳалабнинг ғарбида Жабали Жушан деган мавзеъда ҳам Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг боши қўйилган деб айтиладиган мақбара бор..

    Ундан ташқари, яна тўртта жойда Ҳусайннинг боши қўйилган деб айтиладиган мақбара мавжуд: Дамашқда, Ҳанонада (Нажаф билан Кўфа оралиғида), Мадинада оналари Фотима розияллоҳу анҳо қабри ёнида, Нажафда оталари ҳазрат Алий розияллоҳу анҳуга нисбатланган қабр ёнида. Карбалода ҳам қабрлари борки, бошлари жасадларига қайтарилган деб айтилади. (Қаранг: «Ақидадаги бузилишлар»: 288-бет, «Луғатул-араб» мажалласи: 7-йил, 1929й, 557, 561-бетлар, «Маолим Ҳалаб ал-асарийя», Абдуллоҳ Ҳажжор»).

    · Ҳазрат Алийнинг қизи Саййида Зайнаб розияллоҳу анҳумо аслида Мадинада вафот этиб, Бақиъга дафн этилган.. Бироқ, Дамашқда шиалар томонидан барпо этилган унга мансуб қабр мавжуд. (Қаранг: Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Хумаййис.. Дамашқда бир ой.. 67-бет).

    Қоҳирада ҳам унга мансуб машҳур мақбара бор.. Тарих китобларида Саййида Зайнабнинг на ҳаётида, на вафотидан кейин бирон марта ҳам Мисрга келгани ҳақида зикр қилинмаган..

    · Мисрнинг Искандария шаҳри аҳли Абу Дардо розияллоҳу анҳу уларнинг шаҳарларидаги унга мансуб мақбарага дафн қилинганига қатъий ишонадилар.. Ваҳоланки, илм аҳли томонидан қатъий билдирилган фикрларга кўра, у киши бу шаҳарга дафн қилинмаган. (Қаранг: «Масажиду мисра ва авлияуҳас-солиҳун: 2/33).

    · Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Саййида Руқайянинг Қоҳирадаги қадамжолари ҳақида айни шу гапни айтиш мумкин.. Ушбу мақбарани фотимий халифа Ал-Амир би-аҳкамиллаҳнинг аёли қурдирган.. Саййида Сакина бинт Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳумнинг мақбараси ҳам шундай..

    · Энг машҳур мақбаралардан бири бўлмиш Ироқнинг Нажаф шаҳридаги Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу мақбараси ҳам сохта мақбарадир. Чунки, ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу Кўфада Амирлик қасрига дафн этилган.

    · Басрада Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг қабри мавжуд.. Ваҳоланки, у киши Мадинада вафот этиб, Бақиъга дафн этилган.

    · Ҳалабда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу мақбараси бор, ваҳоланки у киши Мадинада вафот этган..

    · Одамлар ҳатто, Шомда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизлари Умму Кулсум ва Руқайяга нисбатланган қабрга эътиқод қилишади.. Улар ҳар иккаласи Усмон розияллоҳу анҳунинг аёллари бўлиб, иккалалари ҳам Мадинада, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида вафот қилганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари уларни Бақиъга дафн қилганлар.

    · Аҳли илмлар иттифоқи билан сохта саналган қабрлардан яна бири Дамашқ жомеъсидаги Ҳуд алайҳиссаломга нисбат берилувчи қабрдир. Зеро, Ҳуд алайҳиссалом Шомга келмаганлар.. Ҳазрамавтда ҳам у кишига нисбат берилувчи қабр мавжуд.

    · Ҳазрамавтда яна одамлар Солиҳ алайҳиссаломники деб ишонишадиган қабр ҳам бор.. Ҳолбуки, Солиҳ алайҳиссалом Ҳижозда вафот этганлар. Фаластиннинг Яфа шаҳрида ҳам у кишига нисбатланувчи мақбара мавжуд.. Шунингдек, бу шаҳарда Айюб алайҳиссаломнинг ҳам мозорлари бор.

    * * *

    Шайх Баракот қадамжоси

    Қаранг, шайтон одамларнинг ақлларини қандай ўйинчоқ қилиб ўйнади, уларни қандай қилиб еру осмонлар Парвардигорининг ибодатидан ўликларни улуғлашга, қабрдагиларга сиғинишга буриб юборди!!

    Масала баъзида қандайдир бир қабр ҳақида гап тарқалиши билан, яъни ундаги валий зиёратга келган кишига етказадиган фойдаси, унга дуо қилганларга шафоатчи бўлиши ҳақидаги гаплар билан бошланади..

    Сўнг одамлар ўртасида унинг кароматлари ҳақидаги қиссалар тарқалиб, улар ҳақиқатга айлантирилади.. Сўнгра ушбу қабр устида ширк кўринишлари зоҳир бўла бошлайди.. Уни тавоф қиладилар, Аллоҳни қўйиб, унга дуо-илтижо қиладилар.. Юқорида санаб ўтилган жуда кўп мақбараларда айни шу ҳолатлар юз берган.

    Шайх Баракот мақбараси ҳақида сўзлаб беришган бир ҳикоя ёдимга тушди..

    Бу воқеа Одил ва Саид исмли икки йигит билан содир бўлган. Ҳар иккиси университетни битириб, бир қишлоққа ўқитувчи бўлиб тайинланишган, улар ишлайдиган қишлоқда қабрларни улуғлаш, уларга назрлар келтириш авж олганди.

    Одил ва Саид автобусда қишлоққа, ўзлари ишлайдиган мактабга кетиб боришаркан, йўлда бекатлардан бирида ёши анчага бориб қолган, телбанамо бир гадо автобусга чиқиб келди… У елкаларини силкитиб, ҳар хил ҳаракатлар қилар, оғзидан кўпик сочиб, йўловчиларга нималардир деб дўқ урар, ҳозир уларни дуоибад қилса, автобуслари манзилга етмасдан ағдарилиб кетишини айтиб пўписа қилар, ўзининг дуоси ижобат зотлардан эканини айтиб, мақтанарди..

    Саид азиз-авлиёлар, абдол ва автодлар, уларнинг кароматлари ҳақида кўп гапириладиган ва улардан таъсирланган оилада ўсгани учун бўлса керак, унинг юрагига ғулғула тушиб, безовта бўлиб қолди. Сўнг Одилга қараб, ваҳима билан: «Кел, унга пул-мул бериб қўяйлик, ростдан ҳам автобусимизга бирон кор-ҳол бўлмасин. Чунки, Абдулкарим Абу Шатта исмли бу девона ҳақиқатдан ҳам дуоси мустажоб, муборак дарвешлардан», деди..

    Одил унинг бу гапидан ажабланиб: «Тўғри, аҳли сунна вал-жамоа кароматларга ишонадилар.. Лекин, каромат солиҳ ва тақводор зотлардан, динга мустаҳкам амал қилувчи, ўзларини ошкор қилмайдиган улуғ зотлардан содир бўлади.. Бу каби динини пулга сотиб ейдиган девоналардан эмас», деди.

    Саид қўрқиб кетди: – Ҳай, ҳай, бу гапингни қайтиб ол.. Унинг қўли билан содир бўлган кароматларни каттаю кичик гапириб юради.. Мана кўрасан, бир оздан кейин у автобусдан тушиб қолади. Кейинги қишлоққа борганимизда қарасанг, у ўша ерда юрган бўлади.. Ҳа, у ана шундай кароматли зотлардан.. Ё сен кароматларни инкор қиласанми?!

    Одил: – Мен умуман олганда кароматларни инкор қилмайман. Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасини азиз-мукаррам қилиб қўйишга қодир. Аммо, кароматлар тирикчилик манбаига айланиб қолиши, сен билан бизни қабрдаги ўликларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яратиш ва бошқариш ишларида шерик қилишга олиб бориб қўйиши, ҳатто биз улардан қўрқадиган ва ғазабларидан сақланишимиз лозим бўладиган бўлишимиз маъносида бўлса, ундай кароматга ишонмайман..

    Саид: – Яъни, сен шайх Аҳмад Абу Саруд ҳазратлари Арафотдан Истанбулга келиб, уйларида аҳли-оилалари билан таомланиб, шу кечада яна Арафотга қайтиб борганларига ишонмайсан, шундайми?!

    Одил: – Саид, биродар! Аллоҳ ақлингга кушойиш берсин, сен университетда шуларни ўргандингми?!

    Саид: – Энди масхаралаш услубига ўтдик!

    Одил: – Мен сени масхара қилмоқчи эмасман. Лекин, авомнинг гапини ва улар ўртасида айланиб юрган хурофотларни гўё танқид қилиб бўлмайдиган муборак ваҳийдек қабул қилишингни тўғри деб ҳисобламайман!

    Саид: – Лекин, ушбу кароматларни нафақат авомлар гапириб юришади, балки кўпинча катта-катта устозлар ҳам қадамжо ва мақбара соҳибларидан нақл қилишади..

    Одил: – Хўп, яхши.. Унда, менга бир фикр келиб қолди.. Ушбу қадамжолар ва сағаналарнинг аксарияти сохта ва шайтоний алдов эканини, уларнинг на ҳақиқий қабр ва на уларда валийлар ётганини, уларнинг кароматлари фақат одамлар орасида тарқалган ёлғон-яшиқ даъволар эканини сенга амалий равишда исботлаб берсам, нима дейсан?!

    Саид бир қўзғолиб олди, сўнг бир неча бор: «Аъузу биллаҳ, аъузу биллаҳ», деб такрорлади.

    Сўнг иккаласи ҳам бир оз жимиб қолдилар.

    Автобус йўлида давом этиб, уларнинг қишлоқларига яқин жойдаги бир дувворга (яъни, доира шаклидаги чорраҳага) етиб келди.. Одил кулимсираб Саидга қаради..

    Одил: – Мана шу дувворда бирон азиз-авлиёнинг мозори ё қадамжоси йўқми, эй Саид?

    Саид: – Йўлнинг ўртасига, яна дувворга валийнинг дафн этилиши қайси ақлга сиғади, оғайни?!

    Одил: – Унда, қишлоқда иккаламиз шу дувворда бир азиз-авлиёнинг эски қабри бўлгани ва даврлар ўтиши билан йўқ бўлиб кетгани ҳақида гап тарқатсак, нима дейсан? Кейин унинг кароматлари ҳақида, бу ерда қилинган дуоларнинг ижобат бўлгани ҳақида ёзиб чиқсак.. Одамлар ишонармикинлар?.. Мен аниқ ишонаманки, одамлар бу гапларни жиддий қабул қилишади.. Ҳатто, келаси йилларга бориб, шу дуввор ўртасида ўша валийга атаб қурилган мақбара бош кўтарса ҳам ажаб эмас!! Ваҳоланки, бу ерни тубигача қазиб боришса ҳам ҳеч нарса чиқмайди!

    Саид: – Оғайни, бекорчи гапларни қўйсангчи! Сен одамларни шу қадар гўл деб ўйлайсанми?! Бунчалик аҳмоқ эмас улар!!

    Одил: – Ҳа, хўп! Сендан нима кетди? Кел, бир эрмакка гап тарқатиб кўраверайлик! Ё натижасидан қўрқаяпсанми?!

    Саид: – Йўқ, қўрқмайман.. Бироқ, бунинг бирон натижа беришига ишонмайман.

    Одил: – Яхши.. Рози бўлдинг деб ҳисоблаймиз.. Хўш, унда «валий»имизга Шайх Баракот деб исм қўйсак нима дейсан?

    Саид: – Э, билганингни қил..

    Шундай қилиб, иккаласи ими-жимида мактабдаги муаллимлар ўртасида, шунингдек сартарошхоналарда – чунки, сартарошхоналар энг асосий ахборот тарқалиш марказлари саналади – гап чиқариб қўйишга келишиб олишди..

    Қишлоққа етиб келишгач, тўппа-тўғри Уста Салимнинг сартарошхонасига йўл олишди. У ерда у ёқдан бу ёқдан гаплашиб ўтирган бўлиб, орада гапни авлиёлар мавзусига буришди.. Кейин узоқ йиллар нарисида шу қишлоққа ҳам бир валий дафн этилганини, унинг Аллоҳ таоло ҳузурида алоҳида эътиборли валийлардан бўлганини, бироқ ҳозирда унутилиб, у зотдан мадад сўрайдиганлар деярли қолмаганини гапиришди..

    Сартарош валийнинг қабри қаерда бўлганини сўради.. Улар унинг қабри шу қишлоққа кираверишдаги дуввор олдида бўлганини айтишди. Шунда сартарош: «Бизнинг қишлоғимизни ҳам валий билан мукаррам қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Буни узоқ вақтдан бери орзу қилиб келардим! Адолатданми ахир, қўшни қишлоқларда ўнлаб валийларнинг қадамжолари бўлса-ю, бизнинг қишлоғимизда битта ҳам азиз-авлиё ўтмаган бўлса?!», деди ҳаяжонланиб.

    Одил деди: – Ҳожи Салим! Шайх Баракот ҳазратлари жуда улуғ валийлардан бўлганлар, у кишининг Олий Даргоҳда буюк мартабалари бўлган.

    Уста Салим шанғиллади: – Демак сен Шайх Баракот – қаддасаллоҳу сирраҳу – ҳақларидаги бу маълумотларнинг ҳаммасидан жуда яхши хабардор бўла туриб, шу пайтгача индамай келибсан-да! Суф-е, сенга!

    Шундан сўнг валий ҳақидаги бу хабар яшин тезлигида қишлоққа ёйилди..

    Бу одамларнинг асосий гурунглари мавзусига айланди, баъзилар у улуғ «валий»ни тушда ҳам кўрдилар..

    У зоти бобаракотнинг қоматлари ҳақида, улкан саллалари ҳақида, саноқсиз кароматлари ҳақида, азон вақти бўлганида мезана у зотнинг ёнларига ўзи тушиб келгани.. ва.. ва.. ҳақида тинмай гапирила бошланди..

    Мактабдаги ўқитувчилар орасида ҳам шу гаплар айланиб, кимдир тасдиқлаб, кимдир рад қилиб, баҳс-мунозаралар авжига чиқди..

    Иш чегарадан ўтиб кетгач, устоз Саиднинг сабри чидамай қолиб, муаллимларга қараб хитоб қилди:

    – Ҳой оқиллар! Ҳой инсонлар, қўйинглар бу хурофот гапларни!

    Шунда ҳамма бир овоздан гувиллади:

    – Хурофот?! Яъни, Шайх Баракот бўлмаган демоқчимисан?!

    Саид: – Ҳа, у бўлмаган. Унинг қабри ҳам йўқ нарса. Буларнинг ҳаммаси бекорчи гаплар. Дуввор тупроқдан бошқа нарса эмас. Ҳеч қандай шайх ҳам, валий ҳам, қадамжо ҳам йўқ гап!

    Муаллимлар уни талай кетишди:

    – Сен ўзи нима деяётганингни биласанми, ҳой инсон?! Шайх Баракот ҳақларида бундай беодобона гап айтишга қандай журъат қилдинг?! Қишлоқнинг ғарб томонидаги булоқ Шайх Баракот ҳазратлари қўли билан очилган бўлса!.. Фалон-фалон ишлар у зотнинг қўллари билан содир бўлган бўлса!..

    Саид уларнинг шовқинларидан гангиб қолди. Бироқ, шунда ҳам бўш келмади:

    – Ақлингизни бировларга тутқазиб қўйманглар! Ахир сизлар муаллимларсиз, ақлли кишиларсиз! Тўғри келган одам бирон қабр ё қадамжо ҳақида гапирса ё шайтон тушингизда ақлларингиз билан ўйнашса, ишониб кетаверасизми?!

    Шу пайт мактаб мудири баҳсга аралашди:

    – Лекин, Шайхнинг белгилари мавжуд ва аниқ экан.. Кечаги газетада чиққан мақолани ўқимадингми?!

    Саид ажабланди:

    – Ҳатто газетада ҳам чиқдими?! Нима деб ёзибди?

    – Мақола «Шайх Баракотнинг қадамжоси кашф этилди» деб номланган. Унда ёзилишича, Шайх Баракот – қаддасаллоҳу сирраҳу – 1100 ҳижрийда таваллуд топган эканлар.. У зот саййидимиз Холид ибн Валиднинг сулолаларидан эканлар.. Буюк уламоларда, жумладан, фалон-фалон зотлар қўлида таҳсил кўрган эканлар.. Турк қўшини билан бирга салибчиларга қарши фалон жангларда иштирок этган эканлар.. Салибчилар билан уруш шиддатли тус олиб кетганида уларга қараб қаттиқ пуфлаганларида кучли шамол қўзғолиб, салибчиларни юз метрга учириб кетган экан.. Ҳаммалари қонларига беланиб, ер билан битта бўлиб қолишган экан..

    Саид: – Мошооллоҳ!! Ўша журналист Шайх Баракот ҳақидаги шунча маълумотни қаердан олибди?!!

    Мудир: – Буларнинг ҳаммаси ҳақиқат. Нима, сен уни отасининг сандиғидан олиб ёзган деб ўйлайсанми?! Буни тарих деб қўйибдилар!!

    Саид: – Лекин, бу гаплар далилга муҳтож бўлган қуруқ даъво! Даъво қилувчи далил келтириши лозим. Сиз билан мен бу гапларнинг ростлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Акс ҳолда, тўғри келган киши қадамжолар, валийлар, кароматлар борасида оғзига келган гапни айтавериши мумкин!..

    Кейин Саид тантанавор оҳангда эълон қилди:

    – Ҳой жамоат! Тўғрисини айтсам, Шайх Баракот қадамжоси тўқима афсона! Уни мен ва устоз Одил тўқиб чиқарганмиз! Бу билан одамларнинг шов-шувларга ишонувчанлигини, хабарларнинг тагига етмай, тасдиқлаб кетаверишларини текшириб кўрмоқчи бўлган эдик! Мана, устоз Одил қаршингизда турибди. Ишонмасаларинг ундан сўраб кўринглар!

    Улар устоз Одилга ўгирилдилар. Сўнг:

    – Устоз Одил ҳам худди сенга ўхшаб баҳсу мунозарани ёқтирадиган кишилар тоифасидан.. У ҳам сенга ўхшаб ҳар бир гапга далил талаб қилаверади. Аслида, у азиз-авлиёлар ва солиҳларга эътиқод қилмайди.. Сен ҳам, Одил ҳам ҳар қанча иддио қилмангиз, биз барибир аждодларимиз давридан Шайх Баракот – қаддасаллоҳу сирраҳу – мавжуд эканига ишонамиз.. Дунё авлиёлар ва солиҳлардан, уларнинг қадамжоларидан холи бўлмайди. Адашганлардан бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз!

    Одил ҳам, Саид ҳам жим туриб қолдилар. Шу пайт қўнғироқ чалиниб, ҳамма устозлар дарсларига кириб кетишди..

    Устоз Саид кўрганларидан гангиб, ўзига ўзи сўзларди:

    Шайх Баракот?! Кароматлар?! Маъқул?! Маъқул эмас?!.. Наҳотки, шунча одам адашган бўлса?! Газета ёлғон гапларни чоп этса?!

    Қизиқ! Қишлоқ оқсоқоллари кеча дувворда йиғилишиб, Шайх Баракот шарафига йиғин ўтказишди?!..

    Лекин, Шайх Баракот деган номни устоз Одил ўйлаб топган эди-ку!!.. Шунча одам хурофотга ботган бўлиши мумкинми?! Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!! Бундай бўлиши мумкин эмас!!

    Саиднинг миясида янги бир фикр чарх ура бошлади. Яъни, аслида Шайх Баракот ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлган, устоз Одил буни олдиндан яхши билган. Лекин, у Шайх Баракотни мен ихтиро қилдим деб ҳаммани чалғитмоқчи бўлган!!

    Саид бу фикрни миясидан қувишга ҳарчанд уринмасин, бунинг уддасидан чиқолмади.

    Эртаси куни ҳам мактабда баҳс-мунозара давом этди..

    Ўқув йили охирлаб қолгани боис мунозаралар ҳар бир устознинг ёзги таътил учун ўз шаҳрига жўнаб кетиши билан ниҳоясига етди.

    * * *

    Янги ўқув йили бошланиши арафасида устоз Одил ва устоз Саид автобусда қишлоқдаги мактабларига йўл олдилар..

    Ҳалиги машмашалар унинг ихтирочиси бўлмиш устоз Одилнинг эсидан ҳам чиқиб кетган экан..

    Бироқ, автобус қишлоққа кираверишдаги чорраҳага яқинлашаркан, Одил Саиднинг лаблари нималарнидир пичирлаётганига, қандайдир зикр ва дуоларни ўқиётганига эътибор берди.

    Дувворга етиб келишгач, ҳар иккисининг оғизлари ҳайратдан очилиб қолди.

    Не кўз билан кўришсинки, дуввор олдида Шайх Баракотнинг маҳобатли мақбараси қад ростлаб турар, унинг ёнида турк меъморчилиги услубида бино қилинган каттагина масжид савлат тўкиб турарди!!

    Устоз Одил истеҳзоли кулимсиради.. Қара-я, одамлар қанчалик аҳмоқ бўлмаса!! Шайтон улар ўртасида ширкни ёйишга муваффақ бўлибди-я!!

    У шундай деб кулгусига шерик истаб Саидга ўгирилди..

    Бироқ, устоз Саидга кўзи тушгач, ҳайратдан донг қотди.. У зикру дуоларга шўнғиб кетганди..

    Дуввор олдига келишгач, Саид ҳайдовчидан шу ерда бир оз тўхтаб ўтишини сўради. Сўнг қўлларини кўтариб, Шайх Баракотнинг руҳига фотиҳа ўқиди..

    (Устоз Алий Муҳаммаднинг «Ал-баён» мажалласидаги мақоласидан бир оз ўзгартириб олинди).

    * * *

    У ерда нима қиладилар?

    Аксарият қабрпарастлар мозорларга пул-молдан ташқари қўй-эчкилар, чой-нон ва турли егуликлар келтиришади ва уларни мозор соҳибига қурбонлик сифатида тақдим этишади. Баъзан валий ё шайхга қурбат ҳосил қилиш мақсадида туялар сўйишади.. Қабрни тавоф қилишади, унинг тупроғини кўзга суртишади.. Ҳожатларини раво қилишини, мусибатларини аритишини тилаб, дуо-илтижо қилишади.

    Ундан ташқари, у қабрларга мафтун бўлганлар қабрдаги ўликлар номига қасам ичадилар. Бирон киши агар бир иш юзасидан қасам ичишига тўғри келиб қолиб, Аллоҳ номига қасам ичса, улар унинг қасамини қабул қилишмайди, гапини тасдиқлашмайди.. Агар валийлардан бири номига қасам ичса, албатта қабул қилишади.

    Иш шу даражага етганки, айримлари мозорлар зиёратини ҳаж сифатида шаръийлаштириб, бунинг учун алоҳида расм-русумларни тузиб чиқишган.. Ҳатто, баъзи ғулув кетганлари қабрларни Байтул Ҳаромга тенглаштириб, бу хусусда алоҳида китоб ҳам ёзиб, уни «Қадамжолар ҳажига оид ибодатлар» деб номлабди.

    * * *

    Бидъат ва ширкка муккасидан кетган айримлари мозорнинг зиёратига тегишли одобларни ишлаб чиқибди!..

    Унга кўра, зиёратчилар қабр эгасига эҳтиром бажо келтириб, мозорда оёқ кийимларини ечишлари керак экан..

    Сағана ичига эшикбоннинг изни билангина кирилар экан..

    Сағана хизматчиси зиёратчиларни қабр атрофида мусулмонлар Каъбани тавоф қилганларидек тавоф қилдириш ишини бажараркан..

    Зиёратчилар мақбара ва сағана билан турли суратда табаррукланадилар. Кимдир унинг тупроғидан олади.. Кимдир қабр атрофидаги панжарага қўлларини суриб, сўнг юзига, баданига ва кийимларига суртади.

    Агар мақбарага кирсангиз, қабр соҳибига дуо-илтижо қилиш, ундан мадад сўраш, йиғлаб тазарруълар қилиш каби Аллоҳдан бошқага сиғинишнинг турли кўринишларига гувоҳ бўласиз.. Хотинлар гўдак болаларини кўтариб, шу норасидасига қабрдаги валийдан барака тилаб, силкитадилар.. Яна кимдир қабрга юзланиб, саждага бош қўйган..

    Мозорларга албатта назрлар келтиришади..

    Баъзи одамлар қабр соҳибидан шифо тилаб ё ҳожатини сўраб унинг олдида кунлаб ва ҳатто ойлаб ҳам қолиб кетишади.. Айрим мозорлар ёнида шу мақсадда қурилган кутиш хоналари ҳам мавжуд..

    Зиёратчида хушуъ-хузуъ ва одоб кўринишлари намоён бўлиб туради.

    Хуллас, қабрда ётганлар Аллоҳ ўрнига сиғиниладиган олиҳаларга айлантирилган. Ваҳоланки, Аллоҳ на пайғамбар ва на малакка сиғинилишига рози бўлади.. Шундай экан, қандай қилиб бошқаларга сиғинилишга рози бўлсин?!

    * * *

    Диллари нақадар ўхшаш..

    Қабрда ётганлар бировларга фойда етказиши у ёқда турсин, ўзларига ёрдам беришга ҳам қодир эмаслар..

    Уларни улуғлаётган ва улардан қўрқаётган кишиларнинг аҳволи Сақиф элчиларининг янги Исломга кирган пайтдаги аҳволларига жуда ҳам ўхшаб кетади.. Улар ҳам ўз диёрларидаги бутдан қатиқ ҳайиқардилар..

    Мусо ибн Уқба зикр қилади:

    Ислом одамлар ичида ўрнашгач, қабилалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўз исломларини эълон қилиш мақсадида элчиларини юбора бошлади.

    Сақиф қабиласидан ҳам ўндан ортиқ киши элчи бўлиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни масжидга туширдилар..

    Улар ўз исломларни эълон қилишга тайёрланишаркан, ўзлари шу пайтгача сиғиниб келишган бутларини эслаб қолишди.. Бутнинг номи Рабба эди..

    Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан рибо, зино, маст қилувчи ичимлик масаласини сўрадилар, у зот уларнинг ҳаромлигини айтдилар..

    Сўнг Рабба ҳақида сўрадилар.

    – Бузиб юборинглар уни, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

    – Йўқ, асло!! Рабба уни бузмоқчи бўлаётганларини билиб қолса борми, сақиф аҳлини ҳам, бошқа атрофдаги аҳолини ҳам ҳалок қилади..

    Умар розияллоҳу анҳу чидаб тура олмадилар:

    – Ҳой қуриб кетгурлар! Бунча ҳам жоҳил бўлмасаларинг!! Рабба деганларинг бор йўғи бир тошку!!

    – Биз сенинг олдингга келмаганмиз, эй Умар!..

    Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишди:

    – Эй Расулуллоҳ! Майли, уни буздиринг.. Бироқ, бу ишни бизга топширманг.. Уни бузишга бизнинг журъатимиз етмайди..

    – Майли, сизлар бораверинглар. Мен уни бузишга бошқа одамларни юбораман, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

    Улар бориб, қавмларини Исломга даъват қилдилар, ҳаммалар мусулмон бўлдилар..

    Орадан бир неча кун ўтгач, Холид ибн Валид ва Муғийра ибн Шуъба бир қанча саҳобалар ҳамроҳлигида улар юртига кириб келишди.. Сақиф исломни қабул қилгани билан қалбларида ҳануз бутларидан қўрқув сақланиб турарди..

    Саҳобалар бутга яқинлашдилар.. Атрофда эркагу аёл, ёшу қари тўпланиб турар, ҳаммалари қўрқувдан дағ-дағ титрашар, Баррани бузиш мумкинлиги уларнинг ақлларига сиғмаётган эди.. У ўзига қарши чўкич кўтарганларни асло кечирмайди, уларни албатта ҳалок қилиб ташласа керак, деб кутиб туришарди..

    Биринчи бўлиб, бутга Муғийра ибн Шуъба яқинлашиб, қўлига чўкични олди ва асҳобларига кўз қисиб: «Аллоҳга қасамки, ҳозир сизларни Сақиф устидан бир кулдираман», деди. Сўнг бутга зарб билан чўкич урди-да, ўзи «гурс» этиб йиқилиб, оёқларини қимирлата бошлади..

    Йиғилганлар жонҳолатда бақириб юбордилар. Улар Барра уни ҳалок қилганига шубҳа қилишмасди..

    Сўнг улар Холидга қараб:

    – Қани, яна борми унга яқинлашишга журъат қиладиганингиз?!, – дейишди.

    Муғийра уларнинг ўз бутлари ғалабаси билан хурсандликларини кўргач, шартта ўрнидан турди ва уларга қараб қичқирди:

    – Ҳой Сақиф жамоаси! Аллоҳга қасамки, бу бутларингиз тошу-тупроқдан тикланган қуруқ савлатдан бошқа ҳеч нарса эмас!.. Сизлар Аллоҳнинг офиятини қабул қилинг, Унгагина ибодат қилинг!

    Шундай деб у бутга чўкич урди. Бошқа саҳобалар ҳам гур этиб, бут устига кўтарилдилар ва уни синдириб, тошларини пастга улоқтира бошладилар..

    Энди ҳозирда ҳамма ёқда савлат тўкиб турган мақбара ва сағаналарни кўринг.. Тасаввур қилинг, бир муваҳҳид келиб, уларни бузиб ташласа, қайси бир сағана ўзи учун ўч ола билар эди?!

    * * *

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962