Никоҳдаги садоқ (маҳр) ҳақидаги боб

    Садоқ луғатда «сидқ» (ростлик) сўзидан олинган бўлиб, эрнинг аёлга бўлган рағбатини сездиради. Шариатда эса у никоҳ ақди пайтида ёки ундан кейин тайин қилинадиган эваз (тўлов)дир.

    Унинг ҳукми – фарздир, далили Қуръон, Суннат ва ижмоъдан олинган.

    – Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб еяверинглар» (Нисо: 4).

    – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилардилар. У зот бирон никоҳни маҳрдан холи қилмасдилар, «Бир темир узук бўлса ҳам, қидириб топ», деганлар (Бухорий (4842), Муслим (1425) Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    – Аҳли илмлар унинг машруълигига ижмоъ қилганлар.

    Унинг миқдорига келсак, унинг ози ҳам, кўпи ҳам бир муайян миқдор билан ўлчаб қўйилмаган. Баҳо ёки ҳақ бўлишга яроқли ҳар бир нарса – оз бўлсин, кўп бўлсин – садоқ-маҳр бўлишга яроқли бўлади. Бироқ, бунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, яъни маҳрни 400 дирҳам атрофида қилиш лойиқ бўлади, чунки у зотнинг қизларининг маҳри шунча бўлган (Абу Довуд (2106), Насоий (3349), Термизий (1114), Ибн Можа (1887), Ибн Ҳиббон (1/480, №4620), Ҳоким (2/192) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аввалдан бериладиган садоқ агар эр уни беришга қодир бўлган ҳолда кўпайиб кетса, макруҳ бўлмайди. Бироқ, кароҳатни келтирадиган фахрланиш ва шу каби маънолар унга боғланса, (макруҳ бўлади). Аммо агар уни беришга ожиз бўлса, макруҳ бўлади. Балки, агар уни топиш учун бировлардан сўранишга ёки ҳаром йўлларга мажбур бўлса, бу ҳаром бўлади. Аммо, агар зиммасида кечиктирилган маҳр кўп бўлса, унинг ҳаммаси макруҳ кўрилиши лозим. Чунки, бунда нафсини зиммасига юкланган нарсага машғул қилиб қўйиш бордир.

    Хулоса шуки, маҳр миқдорини кўпайтириб юбориш агар фахрланиш ва мақтаниш даражасига етмаса, шунингдек, эрнинг зиммасига оғир юк бўлиб тушиб, уни бошқалардан сўраниш ва ёрдам сўрашга мажбур қиладиган бўлмаса, унинг зиммасини қарз билан машғул қилиб қўймаса, макруҳ бўлмайди. Бу манфаатни кафолатлайдиган ва зарарни даф қиладиган энг тўғри қоидадир.

    Юқорида ўтганлардан билинадики, одамлар маҳр масаласида етиб келган иш, яъни унда камбағал эр томонига риоя қилинмайдиган даражада ва уйланиш йўлини қийинлаштириб юборадиган даражада ҳаддан ортиқ қимматлаштириш макруҳ ёки ҳаром эканида шак-шубҳа йўқдир. Хусусан, унга қўшимча равишда қимматбаҳо кийимлар сотиб олиш, кўп миқдордаги зеб-зийнатлар, исрофгарчиликка тўла тўй ва зиёфатлар, эр-хотинга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган кўплаб гўшт ва таомлар тайёрлаш каби нарсалардан иборат бошқа мажбуриятлар ҳам бўлади. Шубҳасиз, буларнинг ҳаммаси барҳам берилиши ва йўқ қилиниши лозим бўлган ҳамда турмуш қуриш йўлини уларнинг тўсиқларидан тозалаш зарур бўлган ёмон урф-одат ва анъаналардир.

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилишича: «Аёлларнинг энг баракотлилари мауналари (яъни, бу ерда: маҳрлари) енгилроқларидир» (Аҳмад (6/145, №25119), Ибн Аби Шайба (3/493, №16384), ҳоким (2/194), Байҳақий (7/235) ривоятлари).

    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрларини ошириб юборманглар! Чунки, у агар бу дунёда яхшилик ва Аллоҳ ҳузурида тақво бўлганда эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга сизлардан кўра лойиқроқ бўлган бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан биронтасига ҳам ўн икки ууқиядан ортиқ маҳр бермаганлар, у зотнинг қизларига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган. Бир кишига аёлининг маҳри жуда ортиб кетади-да, кейин аёлига нисбатан қалбида адоват пайдо бўлади ва: «Мен сени деб жуда кўп машаққатни кўтардим» дейди (Абу Довуд (2106), Насоий (3349), Термизий (1114), Ибн Можа (1887), Ибн Ҳиббон (1/480, №4620), Ҳоким (2/192) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Бундан маълум бўладики, маҳр миқдорини ортиқча кўпайтириб юбориш баъзан эрнинг хотинига нисбатан нафратига сабаб бўлади. Шунинг учун оиша розияллоҳу анҳо ҳадисларида айтилганидек, аёлларнинг энг баракаси улуғроқлари маҳрлари енгилроқларидир. Маҳрни енгиллатиш аёл кишида барака бўлишига сабаб бўлади ва унга нисбатан эрнинг қалбида муҳаббатни ўстиради.

    Маҳрнинг машруъ бўлишидаги ҳикмат шуки, у аёлдан фойдаланиш эвазига берилган тўловдир ва у билан аёлни иззатлаш ҳамда эрнинг наздида эътиборга сазовор бўлиши ҳосил бўлади.

    Кейин низолар келиб чиқмаслиги учун маҳрни ақд пайтида тайин қилиш ва белгилаб қўйиш мустаҳабдир.

    Уни ақддан кейин ҳам тайин қилиш жоиз. Аллоҳ таоло айтади: «Агар хотинларингизга қовушмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз (ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 236). Бу оят маҳрни белгилаш баъзан ақддан кейин бўлиши мумкинлигига далолат қилади.

    Маҳрнинг нави ҳақида гапирадиган бўлсак, байъда тўлов, ижарада иш ҳақи ва бирон нарса учун баҳо бўлишга яраган ҳар бир нарса маҳр бўлишга ярайди. У хоҳ нақд пул-мол бўлсин, нақд ё насия қарз бўлсин ё маълум бир манфаат бўлсин, фарқсиздир. Бу эса маҳрни енгиллаштириш, ҳолат ва шароитларни ҳисобга олиш, шахслар ва жамиятларнинг катта манфаатлари унга боғлиқ бўладиган уйланишни енгиллаштириш матлуб иш эканига далолат қилади.

    Қуйида маҳрга тааллуқли бўлган айрим муҳим масалаларни келтирамиз:

    Биринчи: Маҳр аёлнинг мулкидир, валийси ундан ҳеч нарсага ҳақли бўлмайди. Илло, унинг ўзи розилик билан берса, олиши мумкин. Чунки, Аллоҳ таоло: «Хотинларингизга маҳрларини берингиз!», деди (Нисо: 4). Унинг отаси хоссатан қизининг маҳридан – қиз изн бермаса ҳам – унга зарар етказмайдиган даражада ва у учун зарурий бўлмаган нарсани олиши мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ҳам, молинг ҳам отангники», деганлар (Ибн Можа (2292, Ибн Абий Шайба (4/516, №22694) ривоятлари).

    Иккинчи: аёлнинг ўз маҳрига эгалик қилиши ақддан бошланади ва қўшилиш билан ёки эр билан холи қолиш билан ёки иккаласидан бирининг вафоти билан тўла қарор топади.

    Учинчи: Агар қўшилишдан ё холи қолишдан илгари уни талоқ қилса, маҳрини тайин қилиб қўйган бўлса, у аёл ярим маҳрга ҳақли бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар уларни маҳрни белгилаб қўйган ҳолингизда уларга қовушишдан илгари талоқ қилсангизлар, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир)», деди (Бақара: 237). Яъни, талоқ қилиниши билан маҳрнинг ярми аёлнинг, ярми эса эрнинг ҳаққига айланади. Улардан қайси бири иккинчисининг фойдасига ўзининг ҳаққидан кечса, унинг кечиши саҳиҳ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Магар улар (ярим маҳрни олишдан) кечиб юборса ёки никоҳ қўлида бўлган зот (яъни эр ўзига қайтган ярим маҳрдан) кечса, (яъни бутун маҳрни тўласа жоиздир)», деди (Бақара: 237), сўнг кечиб юборишга тарғиб қилди: «Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир. Ўзаро бир-бирларингизга фазлу карам қилишни унутмангиз!» (Бақара: 237). Яъни, эр ҳам, хотин ҳам бир-бирига фазлу марҳамат қилишни унутмасин. Бу эса аёл киши ярим маҳрдан кечиб юбориши ёки эркак киши унга маҳрни тўла-тўкис бериши билан амалга ошади.

    Тўртинчи: Никоҳ сабабли қабул қилиб олинган ҳар бир нарса, жумладан, қизнинг отаси ёки ака-укасига берилган кийим ҳам маҳрдан саналади.

    Бешинчи: Агар талончилик ё ҳаром йўл билан топилган молни маҳр қилиб берса, никоҳ саҳиҳ бўлади ва аёл учун ҳаром маҳр ўрнига маҳри мисл бериш лозим бўлади.

    Олтинчи: Агар никоҳ ақди бўлиб ўтган ва аёлга маҳр (тайин) қилинмаган бўлса, никоҳ саҳиҳ бўлади, буни тафвиз деб номланади ва аёлга маҳри мисл берилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар хотинларингизга қовушмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз (ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 236), деди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин қилмаган ва қўшилмасдан туриб вафот этган бир киши ҳақида: «Аёлга ўзига ўхшаш аёлларнинг маҳри берилади, ортиқ ҳам эмас, кам ҳам эмас. У идда сақлаши лозим ва меросга ҳақли бўлади», деганлар. Шунда Маъқил ибн Синон унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бирваъ бинт Вошиққа худди сиз ҳукм қилгандек ҳукм қилганлар», деди (Абу Довуд (2116), Насоий (3354), Термизий (1145), Ибн Можа (1891) ривоятлари).

    Маҳр миқдорини тафвиз қилиш дегани эр-хотиндан бири ёки бошқа бир одам истаган нарса бўйича никоҳлаш маъносида ҳам бўлади. Бу ҳолдаги никоҳ ҳам саҳиҳ саналади ва у аёлга маҳри мисл берилади. Маҳри мислни ҳоким (қози) белгилайди, уни ўша аёлнинг ўзига ўхшаган қариндошларига, яъни, ўз хонадонидаги аёлларга – онаси, холаси, аммаси кабиларга берилган маҳр миқдори мислича қилиб белгилайди. Ҳоким улар ичидан ўша аёлга молда, жамолда, ақлда, адабда, ёшда, қизлик ё жувонликда баробар бўлган аёлларни эътибор қилади. Агар унинг яқинлари бўлмаса, ўз юртининг аёлларидан унга ўхшашини эътиборга олади.

    Агар эр аёлини у билан ҳали қўшилмасидан туриб талоқ қилса, у аёлга эрнинг бой-камбағаллигидан келиб чиқиб, бирон нарса берилади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар хотинларингизга қовушмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз (ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва (бу ҳолда) уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик қилиш билан фойдалантиринг! (Бу ҳукм) яхшилик қилувчилар зиммасига бурч бўлди» (Бақара: 236). Буйруқ фарзликни ифодалайди, фарзни адо қилиш яхшилик қилишдир.

    Агар қўшилмасдан туриб ажралиш улардан бирининг вафоти сабабли бўлса, у аёлга маҳри мисл қарор топади ва эр-хотин бирига ворис бўлади. Чунки, маҳрни тайин қилишни тарк қилиш никоҳнинг саҳиҳ бўлишига таъсир қилмайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг юқоридаги ҳадиси ҳам бунга далил бўлади.

    Агар қўшилиш ёки эр-хотин ёлғиз қолиши ҳосил бўлган бўлса, у аёлга маҳри мисл қарор топади. Чунки, Имом Аҳмад ва бошқалар хулафои рошидийннинг чиқарган ҳукмларини, яъни, ким эшикни ёпса ёки пардани туширса, маҳр фарз бўлади, деганларини ривоят қилганлар (Абдурраззоқ (6/288, №10875), Ибн Аби Шайба (3/520, №16695. Қаранг: «Ат-талхисул-хабир»: 3/193).

    Агар ажралиш қўшилмасдан туриб аёл тарафидан содир бўлса, унга ҳеч нарса берилмайди. Муртад бўлса ёки эрда бўлган бирон айб сабабли никоҳни бузса ҳам шундай.

    Еттинчи: Аёл киши эр билан қўшилмасдан туриб, то маҳрининг нақд
    қисмини қўлига олмагунича ўзини эрга ман қилишга ҳақли. Чунки, агар ўзини
    топширса, кейин то маҳрни олмагунча ортга қайтишни истаса, бунинг имкони бўлмай
    қолади. Агар маҳр муажжал (кечиктирилган) бўлса, аёл ўзини эрга ман қилишга
    ҳақли бўлмайди. Чунки, у маҳрнинг кечиктирилишига ўзи рози бўлган эди.
    Шунингдек, у ўзини топширса, кейин то маҳрини олмагунча эрга ўзини ман қилмоқчи
    бўлса, бунга ҳақли бўлмайди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962