Никоҳи ҳаром бўлган аёллар ҳақидаги боб

    Никоҳи ҳаром бўлган аёллар (яъни, уларга уйланиш мукин бўлмаган маҳрамлар) икки қисмдир:

    Биринчи қисм: Никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар.

    Улар ўн тўртта бўлиб, еттитаси насаб билан ҳаром бўлади, еттитаси сабаб билан ҳаром бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларида зикр қилинган аёллардир:

    «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари (мана шу санаб ўтилган аёлларга уйланиш ҳаром қилинди) — агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ҳамда опа-сингилни жамлашларингиз (яъни бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишларингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир (Нисо: 22, 23).

    1) Насаб билан никоҳи ҳаром бўлган аёллар. Улар қуйидагилар:

    • Она ва буви. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлар учун оналарингиз(га
      уйланиш ҳаром қилинди)», деди (Нисо: 23).
    • Қиз, ўғилнинг қизи, қизнинг қизи, ўғилнинг қизининг қизи. Чунки, Аллоҳ
      таоло: «қизларингиз», деди (Нисо: 23).
    • Опа (сингил), хоҳ ота-она бир бўлсин, хоҳ ота томонидан ё она томонидан
      бўлсин. Чунки, Аллоҳ таоло: «опа-сингилларингиз», деди (Нисо: 23).
    • Опа-сингилнинг қизи, унинг ўғлининг қизи ва қизининг қизи. Чунки, Аллоҳ
      таоло: «опа-сингилларингизнинг қизлари», деди (Нисо: 23).
    • Ака-уканинг қизи, ака-уканинг қизининг қизи ва ўғлининг қизи. Чунки,
      Аллоҳ таоло: «ака-укаларингизнинг қизлари», деди (Нисо: 23).
    • Амма ва хола. Чунки, Аллоҳ таоло: «аммаларингиз, холаларингиз»,
      деди (Нисо: 23).

    2) Сабаб билан никоҳи ҳаром бўлган аёллар. Улар қуйидагилар:

    • Мулоъана қилган аёл мулоъана қилган эрга (Мулоъана ҳақида Қуръони
      каримнинг «Нур» сураси 6-9 оятларида зикр қилинган). Жузжоний Саҳл ибн Саъддан
      ривоят қилишича: «Бир-бири билан мулоъана қилишган эр-хотин ҳақидаги суннат
      шуки, уларни ажратиб юборилади, сўнг ҳеч қачон яна қайта бирга бўлмайдилар» (Абу
      Довуд (2250) ривоят қилган, бунинг асли Бухорийда (4745) ва Муслимда (1492)
      мавжуд). Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бунга хилоф сўз айтган бирон кишини
      билмаймиз» (Ал-муғний: 8/54).
    • Юқоридаги қисмлардан насаб билан ҳаром бўлганлари разоъат (эмикдошлик)
      билан ҳам ҳаром бўладилар. Қайси бир аёлнинг никоҳи насаб билан ҳаром бўлган
      бўлса, разоъат билан ҳам худди шундай ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло:
      «эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз»
      , деди (Нисо: 23).
      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Насаб жиҳатидан ҳаром бўлган
      нарса разоъат жиҳатидан ҳам ҳаром бўлади» (Бухорий (5111) ва Муслим (1444) Оиша
      розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
    • Ақд сабабли отасининг хотини (яъни ўгай онаси) ва бобосининг хотини
      ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Оталарингиз уйланган хотинларни
      никоҳингизга олманг!»
      , деди (Нисо: 22).
    • Ўғлининг хотини, ҳар қанча қуйига кетса ҳам, ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ
      таоло: «ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари» деди
      (Нисо: 23).
    • Хотинининг онаси ва бувилари (хотини билан никоҳ) ақди бўлиши биланоқ
      ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «қайноналарингиз (яъни
      хотинларингизнинг оналари)», деди (Нисо: 23).
    • Жинсий алоқада бўлган хотинининг қизи ва унинг ўғилларининг қизлари.
      Чунки, Аллоҳ таоло: «жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда
      бўлган қизлари
      (га уйланиш ҳаром қилинди) — агар хотинларингиз билан
      жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз
      (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги
      эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир», деди
      (Нисо: 23).
    Иккинчи қисм: Вақтинчалик никоҳи ҳаром бўлган аёллар.

    Улар икки турга бўлинадилар:

    1) Жамлаш жиҳатидан ҳаром бўлганлар:
    • Опа-сингилни жамлаш ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «опа-сингилни
      жамлашларингиз
      (яъни бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишларингиз
      ҳаром қилинди)», деди (Нисо: 23). Шунингдек, аёл билан унинг аммасини жамлаш,
      аёл билан унинг холасини жамлаш ҳам ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу
      алайҳи ва саллам: «Аёл билан унинг аммасини, аёл билан унинг холасини
      жамланмайди», деганлар (Бухорий (5109) ва Муслим (1408) Абу Ҳурайра розияллоҳу
      анҳудан ривоят қилганлар). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундаги ҳикматни
      баён қилиб: «Чунки, ундай қилсангиз, қариндошлик алоқаларингизни узган
      бўласизлар», деганлар. Сабаби, кундошлар ўртасида рашк деган нарса бўлади. Агар
      улардан бири иккинчисига қариндош бўлса, ўртада узилиш пайдо бўлиши мумкин. Энди
      агар аёл талоқ қилинса ва иддаси чиқса, унинг опа-синглисига, аммасига, холасига
      уйланиши ҳалол бўлди. Чунки, маҳзур (эҳтиёт бўлиш лозим бўлган монеъ)
      кетди.
    • Тўрттадан ортиқ аёлни жамлаш жоиз бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло:
      «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан
      уйланаверинглар»
      , деди (Нисо: 3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
      тўрттадан ортиқ хотини бўлган кишилар Исломни қабул қилганларида уларга
      тўрттадан ортиғидан ажралишга буюрганлар (Абу Довуд (2241), Ибн Можа (1952) Қайс
      ибн Хорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
    2) Кетувчи бир ориз (вақтинчалик сабаб) билан ҳаром бўлганлар:
    • Бировдан идда сақлаётган аёлга уйланиш ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло:
      «То идда муддати битмагунча никоҳ боғлашга қасд қилманг!», деди (Бақара:
      235). Бундаги ҳикматлардан бири шуки, у аёл ҳомиладор бўлган бўлиши мумкин, бу
      ҳолда насаблар аралашиб кетиши хавфи бўлади.
    • Зино қилгани маълум бўлган зинокор аёлга то у тавба қилиб, иддаси
      тугамагунча уйланиш ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Зинокор аёлга фақат
      зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу
      (яъни зинокор аёлларга уйланиш)
      мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур: 3).
    • Бир киши уч талоқ қўйган аёлига то у аёл билан бошқа бир эркак саҳиҳ
      никоҳ билан қўшилмагунича яна қайта уйланиши ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
      «(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) та­лоқ икки
      мартадир
      Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то
      бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди»
      (Бақара:
      232, 233).
    • Муҳримага (яъни, эҳромдаги аёлга) то эҳромидан чиқмагунича уйланиш ҳаром
      бўлади.
    • Шунингдек, муҳрим киши эҳромдалик ҳолида бирон аёлга никоҳ ақди боғлаши
      (уни турмушга узатиши) ҳам жоиз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
      саллам: «Муҳрим никоҳланмайди, никоҳламайди, совчи қўймайди», деганлар (Муслим
      (1409) ривояти).
    • Кофир одам муслима аёлга уйланиши ҳалол бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло:
      «То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга)
      уйламангиз!
      », деди (Бақара: 221).
    • Мусулмон киши кофира аёлга уйланмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «То
      иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз!»
      , деди (Бақара: 221),
      «Сизлар ҳам кофираларнинг билак-қўлларидан ушламанглар (яъни, сизларнинг
      хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, сизлар
      уларнинг йўлларини тўсиб никоҳларингизда сақламанглар)», деди (Мумтаҳана: 10).
      Аммо, аҳли китоблардан бўлган озод аёлга мусулмон киши уйланиши жоиз. Чунки,
      Аллоҳ таоло: «Сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган
      аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан
      сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир
      », деди (Моида: 5). Ушбу оят юқоридаги
      кофираларнинг мусулмонларга никоҳланишлари ҳаромлигини ифодаловчи икки оятнинг
      умумий маъносини хослаб қўяди. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилганлар.
    • Озод мусулмон эркак чўри муслима аёлга уйланиши ҳаром бўлади. Чунки, бу
      ундан туғилган фарзандлари қул қилинишига олиб келади. Фақат зинога тушиб қолиш
      хавфи бўлсагина ва озод аёлнинг маҳрига ё чўрини сотиб олишга қурби етмасагина,
      муслима чўрига уйланиши жоиз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан кимда-ким
      озод мўмина аёлларга уйланиш имкониятига эга бўлмаса, қўлларингиздаги мўмина
      чўрилардан бирига уйланаверсин… Бу
      (яъни чўриларга уйланиш рухсати)
      орангиздаги бузилиб кетишдан қўрққан кишилар учундир
      » (Нисо: 25).
    • Қул ўзининг саййидасига (хожасига) уйланиши ижмоъ билан ҳаромдир. Чунки,
      аёл киши унинг хожаси бўлиши, у эса унинг эри бўлиши бир-бирига зид иш бўлиб,
      ҳар бирининг ўзига хос ҳукмлари бўлади.
    • Хожа ўзининг чўрисига уйланиши ҳаром бўлади. Чунки, эгадорлик ақди никоҳ
      ақдидан кучлироқ. Бир ақд ўзидан заифроқ бўлган нарса билан жамланмайди.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962