Бизга боғланинг
Охирги ўн куннинг фазилати
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ роббил-оламийнга ҳамду санолар, пайғамбарлар саййиди – ҳазрати Муҳаммад ва унинг аҳли байти, саҳобалари ва уларга гўзал суратда эргашган барча мўъминларга салоту-саломлар бўсин!
Эй, мусулмон биродарим, Ушбу муборак ойнинг файзли кунлари камайиб, баракотли кечалари тугаб бормокда. Балки, сафар тараддудини кўриб, рўзадорлар билан видолашмокчи бўлиб турибди.
Дўстим, Рамазон ойининг ушбу ўтган кеча ва кундузлари сизнинг амалларингизга шоҳид ва уларни сақлаб қўйгувчи бир сандиқдир. Улар қиёмат куни сизинг фойдангизга ёки зарарингизга гувоҳ бўладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган кунни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ килур. Аллоҳ бандаларига Ғамхўр-Меҳрибондир». (Оли Имрон: 30)
Эй биродарим, Ушбу кеча ва кундузларингизни солиҳ амаллар, гўзал сўзлар билан безатинг! Уларни ёмон амаллар ва хунук сўзлар билан булғатиб кўйманг! Улуғ парвардигоримиз Аллоҳ таоло сизу менга нидо килиб айтади: «Эй бандаларим! Шубҳасиз булар сизларнинг амалларингиздир, уларни сизлар учун сақлаб қўйиб, тўла қилиб бераман. Кимки, яхшиликни топса, Аллоҳга хамд айтсин, ундан ўзгасини топган киши эса, ўзидан бошқа бировни маломат килмасин!» (Имом Муслим ривоят килган ҳадиси кудсий)
Ҳой Аллоҳнинг бандаси! Рамазон ойи борган сари камайиб, тугаб бормоқда. Қайси биримиз ўзимизни ҳисоб-китоб қилдик? Қайси биримиз, жаннат эшиклари беркитилишидан аввал у ерга қават-қават уйлар бино қилолдик?.
Биродар, Ушбу ой ниҳоялаб бормокда, қолган кунларни ғанимат билиб, солиҳ амалларга астойдил бўлинг! Бошқа ойларнинг ўрнини босадигани бўлиши мумкин. Аммо Рамазон ойининг ўрнини босадиган ой йўқ. Сиз агар ушбу ойни ғафлат билан бефойда ўтказиб қўйсангиз, ўзингизга зарар қиласиз, холос. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ушбу ойни яна кайта келишини орзу қилган қанча кишилар унга етиб кела олмадилар-ку! Ажал ва унинг оқибати ҳакида ўйлаб кўрмадингизми? Унинг алдови сизга аён бўлмадими?
Мусулмон дўстим, Кечагина шод ҳуррамлик билан Рамазон ойини кутиб олгандик. Мана энди, биз ғафлатда турган бир пайтимизда у тугаб, сафар тараддудини кўра бошлади. Умр ҳам шундай, уни кандай қилиб тугаб қолганини сезмай қоламиз. Охиратмиз учун нима нарса такдим эта олганимиз ҳақида ҳам бир ўйлаб қўяйлик!
Азиз дўстим, Ғафлат уйқусини бас қилайлик. Бу муборак ойнинг кўпини ғафлат билан ўтказиб юбордик, унинг охирги ўн кунигина қолди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунга қандай эътибор берганлар?
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг аввалги икки ўн кунлиги яъни, йигирма кунида намоз ҳам ўқир, ухлар ҳам эдилар. Охирги ўн кунлик киргач эса, аёллардан йироқ бўлиб, енг шимариб жидди-жаҳд қилар ва оила аъзоларини ҳам уйғотар эдилар.
Имом Аҳмад «Муснад»да Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳадисларини ривоят қиладилар. Оиша онамиз айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма кунда намоз ва уйқуни аралаш қилардилар (яъни, кечаларнинг бир қисмида ухлар, бир қисмида бедор бўлардилар). Ўн кунда (яъни, охирги ўн кунда) эса, аёллардан йироқ бўлиб, енг шимариб ибодатга жидди-жаҳд килардилар».
Ҳурматли биродар, Эҳтимол бу — рўзасини тутишга муваффақ бўлинган охирги Рамазонимиздир. Келгуси Рамазонга яна етиб бораман деб қайси биримиз айта оламиз. Шундай экан ушбу муборак кунларни ғанимат билиб, қаттиқ ижтиҳод килиб, Аллоҳ таоло ато этган неъмат — тансиҳат-хотиржамликдан унумли фойдаланиб музоаф-музоаф ажру савобларга эришиб олайлик.
Ушбу фазилатли кечаларнинг қадрига етмай, ғафлатда ўтказаётган кишилардан ажабланасан киши. Ундайлар кўп хайрли ишларга бепарво бўлган, ушбу ойнинг файзи-футуҳотидан маҳрум бўлган, том маънодаги зиёнкор шахслардир.
Азиз биродар, Рамазон ойининг йигирма куни хам ўтиб кетди. У кунларни бепарво бўлмай, ибодатда машғул бўлиб ўтказган бўлсангиз нур устига нур. Акс ҳолда, Рамазон ойининг барча фазилатидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун қолган ўн кунни ғанимат билиб, ҳиммат камарини белга боғлаб ибодатга киришинг! Ушбу ўн кунни кандай килиб ўтказишда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намуна олинг!
Оиша онамиздан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда айтадилар: «Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам (охирги) ўн кунлик кирса, белларини боғлар (яъни, аёллардан йироқ бўлар), кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар». Бухорий ривояти.
Муслимнинг ривоятида эса, Оиша онамиз айтадилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда бошқасида қилмаган жидди-жаҳдни қилардилар».
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотима ва Алий розияллоҳу анҳумоларнинг эшикларини қоқиб, «Намоз ўқимаяпсизларми…?»,— дер эдилар.Бухорий ва Аҳмад ривоятлари.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларининг уйларига юзланиб туриб, буюрган ҳолларида: «Хонадон соҳибаларини уйғотинглар, бу дунёда либослик бўлган кўп кишилар борки қиёмат куни ялонғочдирлар», — дердилар. Бухорий ривоятлари.
Табароний ривоят қилган ҳадисда Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўз аҳлларини ва намозга тоқати етадиган барча катта ва кичикни уйғотар эдилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги ўн кундаги ҳолатлари мана шулардир. Аввалин ва охирин гуноҳлари мағфират қилинган зотки, шу қадар ибодатга машғул бўлган бир пайтда, биз каби гуноҳ ботқоғига ботганлар нима учун бепарвомиз? Нега бундай!? Аллоҳ таоло бизларни ҳам яхшиликка муваффақ айласин!
Азиз биродарим, Огоҳ бўлингки, мана шу файзли кечалар ичида улуғ бир кеча бор. У «Кадр кечаси«дир. У кеча ҳақида муттафақун алайҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимки, «Қадр кечаси» иймон билан, (Аллоҳдан) савоб умид қилган ҳолда қойим бўлса (ухламай ибодатга машғул бўлса) унинг ўтган гуноҳлари мағфират килинади».
Қадр кечасининг охирги ўн кунликда эканлиги таъкидланган. Оиша онамиз ривоят килган саҳиҳ ҳадисда Набий алайҳиссалату вассалам айтадилар: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунидан изланглар». Бухорийнинг ривоятларида эса: «Рамазоннинг охирги ўн куннинг тоқ кечаларида». (дейилган) Бу борада жуда кўп ҳадислар ворид бўлган.
Дўстим, Мана шу охирги ўн кунликда дунё машғулотларидан узилиб, эътикоф ўтириш ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан. Саҳиҳайнда ривоят килинган ҳадисда Оиша онамиз айтадилар: «Пайғаммар алайҳиссолату вассалам Аллоҳ у зотни вафот топтиргунга қадар ҳар Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирганлар».
Қимматли биродар, сизу бизга Росулуллоҳда чиройли намуна бор. Аллоҳ таоло барчамизни пайғамбаримизнинг изларидан юришга муваффақ айласин! Омийн.
Абу Муҳаммад ибн Сирож