Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий

    Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо

    Таржимон: Абу Туроб

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий

    «Зуҳд саккиз кишида тамомига етган, уларнинг пешқадами Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимийдир».  (Алқама ибн Марсид)

    Биз ҳозир ҳижратнинг ўн тўртинчи йилидамиз… Мана бу кишилар саҳобаи киромлар ва тобеинларнинг улуғлари. Улар халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрига биноан Басра шаҳрининг ҳудудини белгиламоқдалар. Улар янги режаланган бу шаҳарни Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига чақирувчилар учун марказ,  Унинг калимасини ерда олий бўлиши учун машъала ва Форс шаҳарларида ғазот қилаётган мусулмонларга лашкаргоҳ қилишни мақсад қилганлар. Мусулмонлар Нажд, Ҳижоз ва Ямандан Ислом давлатининг чегарасини ҳимоя қилиш учун жамоа-жамоа бўлиб, янги шаҳарга кўчиб келишмоқда. Нажддан кўчиб келаётган муҳожирлар сафида «Бану Тамим»лик йигит Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий ал-Анбарий ҳам бор эди. Бу вақтда Омир ибн Абдуллоҳ ўсмирликнинг илк дамларини ўтказаётган, эндигина мўйлаби сабза урган, софюрак ва ёруғ юзли йигитча эди. Басра шаҳри ҳам янги бунёд қилинган бўлсада, ғаниматлар ва тиллоларнинг оқиб келиши боис, энг бой шаҳарлардан бири бўлишга улгурган эди. Лекин Тамимлик йигит Омир ибн Абдуллоҳнинг мақсади бу ғанимат ва тиллаларга эга бўлиш эмас, негаки у одамлар қўлидаги нарсалардан ўзини тийган, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга интилган, дунё ва унинг зийнатидан юз ўгирган, Аллоҳ ва Унинг ризосига  юзланган эди. Ўша вақтда Басра шаҳрининг волийси улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу эдилар. Бу зот нафақат волий, балки Басрадан ҳар тарафга фатҳ учун чиқаётган мусулмон аскарларнинг қўмондони, Басра аҳлининг имоми ва устози ҳам эдилар. Омир ибн Абдуллоҳ Абу Мусо Ашъарий билан тинчлик ва жанг дамларда, сафарда ёки муқимликда бўлсин доим бирга бўлиб, Аллоҳнинг каломини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлганидек соф ҳолда ўрганди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларини у кишидан ривоят қилди ва ҳамда Ислом  дини билимларини чуқур ўрганди. Илмдан кўзлаган мақсадини мукаммал ҳосил қилгач, ҳаётини уч қисмга тақсимлади: Бир қисмини илм ҳалқаларига ажратиб, Басра масжидида одамларга Қуръон ўргатди. Яна бир қисмини ибодатга ажратиб, одамлардан холи бўлиб, оёқлари толиққунча Аллоҳга ибодат қилди. Учинчи қисмини эса, Аллоҳ йўлида қиличини яланғочлаб жиҳод майдонларида ўтказди. Мана шу уч ишдан бошқа бирон нарсага ҳаётида асло ўрин қолдирмади, ҳатто одамлар уни «Басранинг обиди», «Басранинг зоҳиди» деб номлашди.

    Омир ибн Абдуллоҳнинг обидлиги ҳақидаги воқеъалардан бирини Басралик йигит ҳикоя қилади: «Ораларида Омир ибн Абдуллоҳ ҳам бўлган карвон билан сафарга чиқдим. Кечга яқин дарахтлари кўп бўлган бир ерга етиб келдик. Омир нарсаларини жойлаб, отининг арқонини узун қилиб бир дарахтга бойлади ва ўт-ўлан, хашаклардан етарлигини йиғиб отининг олдига ташлади, сўнг дарахтзор ичига кириб кетди. Ўзимга-ўзим: «Қасамки, бугун шу йигитнинг кетидан бориб, кечаси дарахтзор ичида нима қилишини кузатаман» дедим. Омир дарахтзорни оралаб бориб, дарахтлар билан ўралган, кўздан пана бир тепаликка келиб тўхтади ва қиблага юзланиб намоз ўқий бошлади. Мен ҳаётимда унинг намозидек гўзал, мукаммал ва хушуъ билан ўқилган намозни кўрмаган эдим. Аллоҳ ирода қилганича намоз ўқиганидан кейин Аллоҳ таолога илтижо ила дуо қила бошлади. Қилган дуоларидан: «Парвардигоро, Ўз амринг билан мени яратдинг, хоҳиш-ироданг билан мени ушбу дунё синовлари ичида қолдирдинг, сўнг менга: «Эй бандам, мустаҳкам бўл, нафсингни тийгин», дединг. Сен Ўз лутфинг ила мени мустаҳкам қилмасанг, мени тиймасанг, қандай қилиб мен банда-и ожиз мустаҳкам бўлайин, эй Қудратли Зот! Парвардигорим, Сен Ўзинг биласан, агар дунё ва ундаги бор нарса меники бўлса-ю, сўнг Сени розилигинг учун мендан уни сўралса, талабгорига уни шундай бериб юбораман. Бас, Сен ҳам нафсимни ўзимга ҳадя қилиб бер, Эй Раҳмли ва Меҳрибон Зот!!». Эй Роббим, ҳар қандай мусибатни менга осон қилаётган ва ҳар қандай қазо-ю қадарга мени рози қилаётган нарса, Сени муҳаббатингдир. Сенга бўлган муҳаббатим ила, кечами-кундуз не ҳол бўлишига мен парво қилмасман». Басралик йигит: «Сўнг менинг қаттиқ уйқум келганди, ухладим. Шу кўйи мен ухлаб уйғонардим, Омир эса намоз ўқишда ва муножот қилишда давом этарди. Эрталабки намоз вақти киргач, Омир бомдод намозини ўқиди ва дуога юзланди: «Аллоҳим, мана тонг ҳам бўлди. Одамлар Сенинг фазли-марҳаматингни истаб ҳаракатга тушадилар. Ҳар бирларининг ўзига яраша эҳтиёжи бор. Омирнинг Сендаги ҳожати эса, унинг гуноҳини кечишингдир. Аллоҳим менинг ва одамларнинг эҳтиёжини Ўзинг қондир. Эй Карамли Зот, Аллоҳим, мен Сендан уч нарса сўраган эдим, иккитасини бердинг,  учинчисини эса бермадинг. Аллоҳим шуни ҳам бергин, токи мен ўзим яхши кўрган ва ўзим хоҳлагандек Сенга ибодат қилайин…». Дуони тугатиб ўрнидан тураётганида кўзи менга тушиб қолди. Кечаси билан уни кузатиб чиққанимни англагач, бундан қаттиқ хафа бўлиб, махзун тарзда: «Билишимча бу кеча мени кузатиб чиққанга ўхшайсан-а, эй басралик биродар» деди. Мен: «Ҳа» дедим. Омир: «Кўрган нарсаларингни яширгин, Аллоҳ гуноҳларингни яширсин» деди. Мен: «Аллоҳга қасамки, ё Аллоҳдан сўраган ўша уч нарса нима эканини менга айтасан, ёки бўлмаса бу кеча кўрганларимни одамларга ёяман» дедим. Омир: «Барака топгур ундай қилма!» деди. Мен: «Айтганимни қиламан» дедим. Жиддийлигимни кўргач, «Аллоҳ номи билан ҳеч кимга айтмаслик аҳдини берсанг, айтаман» деди. Мен: «Токи тирик экансан, бу сирни ҳеч кимга айтмасликка Аллоҳ номи билан аҳд бераман», дедим. Омир Аллоҳдан сўраган ўша уч нарса нима эканини айтиб берди: «Мен учун динимда аёллардан кўра хавфлироқ нарса йўқ эди. Шунинг учун аёлларга бўлган муҳаббатни қалбимдан олишини сўраб Роббимга дуо қилган эдим ижобат қилди. Шундан кейин мен аёл кишини кўрдимми деворни кўрдимми фарқи йўқ бўлиб қолди. Мен: «Бу биринчиси, иккинчиси нима?- дедим. У: «Иккинчиси: Мен Аллоҳдан Ўзидан бошқа ҳеч кимдан қўрқмасликни сўраган эдим, буни ҳам ижобат этди. Аллоҳга қасамки ерда ҳам кўкда ҳам Аллоҳдан бошқа бирон нарсадан қўрқмайдиган бўлдим». Мен: «Учинчисичи?»- дедим. Омир: «Учинчиси: Роббимдан, кеча-ю кундуз ўзим хоҳлагандек ибодат қилишим учун «уйқумни ол!» деб сўраган эдим, бунисини бермади», деди. Ундан бу гапларни эшитгач: «Бу қадар ўзингни қийнама, шундоқ ҳам сен кечаларда бедор, кундузлари рўзадор экансан. Жаннатни сен қилаётган амалларнинг ози билан ҳам топса бўлади. Дўзахдан эса сен қўрқаётган нарсаларнинг ози билан ҳам сақланилади», дедим. Шунда у: «Мен афсус-надомат фойда бермайдиган Кунда афсус-надомат чекиб қолишдан қўрқаман. Аллоҳга қасамки, кучим борича ибодатда тиришавераман. Нажот топсам, Аллоҳнинг раҳмати туфайлидир, дўзахга тушсам, ўзимнинг камчилигим сабаблидир…», деди.

      Омир ибн Абдуллоҳ кечаларни ибодат билан ўтказадиган обидгина эмас, балки у кундузлари жиҳод майдонларида жанг қилувчи мужоҳид ҳам эди. Ҳар қачон жарчилар Аллоҳ йўлида жиҳодга чақирсалар, биринчилардан бўлиб уларнинг чақириқларига ижобат қиларди. Мужоҳидлар билан бирон ғазотга чиқмоқчи бўлса, ўзига мувофиқ келадиган ҳамроҳлар излар эди, мувофиқ ҳамроҳлар топгач, уларга: «биродарлар, учта шартим бор, агар шартларимга рози бўлсангиз, сизларга ҳамроҳ бўламан», дер эди. Улар: «Қани шартларингизни айтингчи», десалар.

    «Биринчи шартим шуки: сафаримиз асносида сизларга хизматни фақат мен қиламан, бунда ҳеч ким мен билан тортишмайди.

    Иккинчи шартим: мен сизларга муаззин бўламан, намозга азонни фақат мен айтаман.

    Учинчи шартим: имконим етганича сарф-харажатлар менинг ҳисобимдан бўлади».  Агар шу шартларга рози бўлишса, уларга ҳамроҳ бўлар, рози бўлишмаса, шартига кўнадиган бошқа ҳамроҳлар излар эди.

    Омир ибн Абдуллоҳ хавф-хатар ва ёрдамга муҳтожлик дамларда ҳозир бўладиган, ғаниматлар тақсим қилинаётган вақтда эса кўринмайдиган мужоҳидлар жумласидан эди. У шундай жанг қилардики, ундан бошқалар бундай жанг қила олмасди. Ғаниматлардан эса, бошқалардан кўра кўпроқ тийилар эди.  Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу «Қодисия» жангидан сўнг, Кисронинг қасрига тушиб, Амр ибн Муқарринга қўлга киритилган ғаниматларни йиғиб ва ҳисоблаб, бешдан бирини мусулмонларнинг «Байтул-молига», қолганини эса мужоҳидларга тақсимлаб беришни амр қилдилар. Унинг олдида тавсифига тил ожизлик қиладиган, беҳисоб мол-дунё ва нафис-қимматбаҳо зеб-зийнатлар жамланди. Йиғилган ғаниматлар ичида қимматбаҳо тошлар билан безатилган, тилло ва кумушлардан ясалган идишлар. Бу идишларда Форсларнинг шоҳлари таомланар эди. Булардан ташқари қимматбаҳо ёғочдан ясалган, ичига Кисронинг либослари, дуру гавҳарлар билан безатилган совут ва камарлари солинган сандиқлар… Ичи тўла нафис тақинчоқлар бўлган идишлар… Тарих мобайнида Форс империясига халқларни бўйсундириб келган подшоҳ ва қўмондонларнинг қилич ва қинлари ва ҳоказолар бор эди. Мусулмонларнинг гувоҳлигида хизматчилар бу ғаниматларни ҳисоблаб турган бир вақтда, сочлари тўзиган, уст-боши чанг бир киши, ҳажми катта ва вазни ҳам оғир сандиқни икки қўллаб кўтариб олиб келиб қўйди. Олиб келинган сандиққа диққат қилсалар, ғанимат ичида бундай сандиқнинг мисли йўқ эди. Ичини очиб қарагандилар, дур ва гавҳарларнинг энг нафислари билан лиқ тўла экан. Уни олиб келган кишидан: «Буни қаердан олдинг?» деб сўрадилар. У: «Фалон жангда, фалон ердан ўлжа қилиб олдим» деди.  Улар: «Ичидан бирон нарса олдингми?» дегандилар. У: «Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин… Аллоҳга қасамки, нафақат бу сандиқ, ҳатто Форс шоҳлари эга бўлган барча нарсалар менинг наздимда тирноқчалик қадри йўқ. Агар мусулмонлар «Байтул-молининг» ҳаққи бўлмаганида, уни турган еридан қимирлатмасдим ва олдингизга ҳам олиб келмасдим» деди. Улар: «Аллоҳ сизни азиз қилсин, ўзингиз ким бўласиз?» дейишди. У киши: «Йўқ, мени мақтаб юрмаслигингиз учун, мен сизларга кимлигимни айтмайман. Мен Аллоҳ таологагина ҳамд айтаман ва ажр-мукофотни ҳам Аллоҳнинг Ўзидан умид қиламан» деди-да, чиқиб кетди. Улар бу кишининг кимлигини билиб келиш учун кетидан одам жўнатдилар. Жўнатилган одам унинг кетидан билдирмай, то у ҳамроҳларига етгунича эргашиб бориб, ҳамроҳларидан унинг кимлигини сўраганида: «Ие, сиз бу кишини танимайсизми? Бу киши «Басранинг зоҳиди Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий бўладилар» деб жавоб бердилар.

    Омир ибн Абдуллоҳ шундай сифатлар соҳиби бўлишига қарамай, унинг ҳаёти дилхиралик ва одамларнинг озорларидан холи бўлмади. Ҳақ сўзни баралла айтувчи ҳамда мункарни инкор қилиб, уни йўқотишга ҳаракат қилувчиларга етадиган одатий балоларга у ҳам рўбарў келди. Унинг озор чекишига тўғридан тўғри сабаб бўлган ҳодиса мана бундай бўлган эди: Кунларнинг бирида Омир ибн Абдуллоҳ Басра шурта (мелиса) мудирининг ёрдамчиси, бир зиммий кишининг ёқасидан ушлаб, уни судраб олиб кетаётганини кўриб қолди. Зиммий эса одамлардан ёрдам сўраб: «Мени ҳимоя қилинглар! Аллоҳ сизни ҳимоя қилсин. Пайғамбарингиз зиммасига кирган кишини ҳимоя қилинглар, эй мусулмонлар» деб қичқириб борарди. Омир зиммийга: «Бўйнингдаги жизяни тўлаганмисан?» деди. Зиммий: «Ҳа, тўлаганман». Омир зиммийни судраб кетаётган кишига қараб: «Бундан нима истайсан?» деди.  У: «Мен билан бориб мудиримизнинг боғларини тозалашини хоҳлайман». Омир зиммийга: «Айтилган ишни қилишни хоҳлайсанми?» деди. Зиммий: «Йўқ асло, чунки бу иш менинг кучимни кетказади ва ҳамда тирикчилигимдан тўсади». Омир мудирнинг ёрдамчисига қараб: «Уни қўйиб юбор!», деди. У эса: «Қўйиб юбормайман», деди. Шунда Омир чопонини зиммийнинг устига ёпиб: «Аллоҳга қасамки, мен тирик эканман Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳдлари бузилмайди» деб, қаттиқ туриб олди. Бирзумда одамлар йиғилиб, Омирга ёрдам беришди ва зиммийни мудир ёрдамчисининг зулмидан халос этишди. Нима қилишни билмай қолган мелиса бошлиғининг ёрдамчилари Омирга тухмат қилиб, уни итоатсизликда, аҳли сунна ва жамоадан чиққанликда айблашди, у аёлларга уйланмайди, ҳайвон сутини ичмайди ва гўштини емайди, амирлар мажлисларига келишдан бош тортади» деб, халифа Усмон розияллоҳу анҳуга шикоят ёздилар. Халифа Басранинг волийсига Омир ибн Абдуллоҳни ҳузурига чақиришни, унга тиркалаётган айбловлар ҳақида сўраб-суриштириб, натижаси ҳақида хабар беришни амр қилди. Волий-ҳоким Омирни чақириб: «Мўминларнинг амири сизга қўйилаётган айбловлар ҳақида сўраб-суриштиришни менга амр қилдилар» деди.

    —                       Омир «Мўминларнинг амири буюрган нарсалар ҳақида сўрайверинг», деди.

    —                       Волий: «Нега сиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгириб, уйланмай юрасиз?»

    —                       Омир: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгириб уйланишни тарк қилмаганман, балки роҳиблик Исломда йўқ эканига гувоҳлик бераман. Бироқ, мен кўрдимки, менинг битта жоним бор экан, хотин жонимга эгалик қилиб қолишидан қўрқиб, уни Аллоҳга атаб юбордим».

    —                       Волий: « Нега сиз гўшт емайсиз?»

    —                       Омир: «Нега энди, мен гўшт емас эканман. Гўшт топа олсам ва иштаҳа қилсам албатта ейман, аммо иштаҳа қилмасам ёки иштаҳам бўлса-ю гўшт бўлмаса унда еёлмайман».

    —                       Волий: «Нега сиз  пишлоқ емайсиз?»

    —                       Омир: «Биз мажусийлар пишлоқ тайёрлайдиган минтақада яшаймиз. Мажусийлар эса ўлимтик билан ҳалол сўйилган ҳайвонни фарқламайдилар. Пишлоққа солинадиган ширдон ҳаром ўлган қўйдан олинган бўлишидан қўрқиб емайман. Агар икки мусулмон, бу шариатга мувофиқ сўйилган қўйдан олинган деб гувоҳлик берса, ейман».

    —                       Волий: «Нега амирлар мажлисларига келиб ўтирмайсиз?»

    —                       Омир: «Шундоқ ҳам сиз амирлар остонангиз олдида ҳожат талаблар ниҳоятда кўп, ана шуларни ҳузурингизга чақириб, ҳожатларини ўтанг. Сизларга эҳтиёжи йўқларни эса холи қўяверинг» деди.

    Омир ибн Абдуллоҳнинг сўзлари халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга етказилди. Мўминларнинг амири унинг бу сўзларида, итоатдан бўйинтовлаш ёки аҳли сунна вал–жамоадан чиқишни кўрмадилар. Бироқ, бу ҳам ёмонлик ўтини ўчира олмади.   Омир ибн Абдуллоҳ ҳақларида миш-мишлар кўпайиб кетди. Унинг тарафдорлари билан хусуматчилари ўртасида фитна содир бўлишига оз қолди.  Усмон розияллоҳу анҳу уни Шом диёрларига кўчиб, ўша ерни ватан тутишга амр қилдилар. Шомдаги волийлари Муовия ибн Аби Суфёнга эса  Омир ибн Абдуллоҳни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйишни буюрдилар. 

    Омир ибн Абдуллоҳ Басрадан кўчаётган кунда, уни кузатиш учун дўстлари ва шогирдларидан иборат катта оломон Марбат номли Басранинг энг чекка маҳалласигача эргашиб бордилар. Шу ерда Омир ибн Абдуллоҳ уларга қараб: «Мен дуо қиламан, сизлар «Омин» деб туринглар» деди. Одамлар уни кўриш учун бўйинларини чўздилар, ҳаракатлар сукунатга айланди, кўзлар эса унга қадалди.  Омир икки қўлини кўтариб: «Аллоҳим, менга ёлғон тўқиб, мен ҳақимда миш-миш тарқатиб, мени шаҳримдан чиқарган ва биродарларимдан айирганларни кечирдим, Сен ҳам уларни кечиргин, дину дунёсида офият бергин, мени ҳам, уларни ҳам ва бошқа мусулмонларнинг ҳам гуноҳу камчиликларини, Ўз раҳматинг, мағфиратинг ва лутфинг билан яширгин, эй раҳмли, меҳрибон Зот», деб дуо қилди ва уловини Шом тарафга буриб йўлга тушди.

     Омир ибн Абдуллоҳ қолган ҳаётини Шом диёрларида ўтказди. Байтул-Мақдисни ўзига ватан тутди. Шомнинг амири Муовия ибн Аби Суфён тарафидан ўзига лойиқ тарзда эътибор, ҳурмат ва иззат-икром кўрди. Ўлим соати яқинлашиб, касал бўлиб ётганида, дўстлари унинг зиёратига кирсалар, йиғлаб ётган экан. Улар: «Ахир, сиз тақволи ва солиҳ киши бўлсангиз, нега йиғлайсиз?», дедилар. Омир: «Аллоҳга қасамки, мен дунёга ҳарислигим ёки ўлимдан қўрққанимдан йиғлаётганим йўқ. Бироқ, сафарнинг узоқлиги, озуқанинг камлигидан йиғлаяпман. Дарҳақиқат, мен юксалиш билан тушиш ўртасида турибман, жаннатгами ва ё дўзахгами? Қай бирига киришимни билмайман.

    Омир ибн Абдуллоҳнинг сўнги нафаси тили Аллоҳни зикр қилиб турган ҳолда чиқди. Мусулмонларнинг биринчи қибласи, икки ҳарамнинг учинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сайр қилган муқаддас заминда Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий мангу қўним топди… Аллоҳ Унинг қабрини мунаввар қилсин ва абадий Жаннатда юзини ёруғ қилсин…

    2011 йил 5-октябр

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962