Орият (вақтинча бериб турилган нарса) аҳкомлари ҳақидаги боб

    Фуқаҳолар таърифларига кўра, орият – фойдаланиш мубоҳ бўлган нарсадан
    фойдаланишга имкон бериш маъносидадир, фойдаланиб бўлингач, уни эгасига қайтариб
    берилади.

    Бу таъриф билан фойдаланиш мубоҳ бўлмаган нарсалар орият жумласидан чиқиб
    кетади, уларни ориятга олиш дуруст бўлмайди. Яна, фойдаланиш фақат ўша нарсанинг
    тугаб-битиши (йўқ бўлиши) билангина мумкин бўладиган нарсалар ҳам, масалан,
    емак-ичмаклар чиқиб кетади.

    Орият Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан машруъдир:

    Аллоҳ таоло айтади: «Улар рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) ман
    қиладиган кимсалардир!»
    (Моуун: 7). Яъни, улар одатда одамлар ўзаро
    олди-берди қилиб турадиган буюмларни ман қиладилар. Аллоҳ таоло бу оятда ушбу
    буюмларни орият учун сўрашга муҳтож бўлган кишилардан ман қилиш ёмон иш эканини
    баён қилди. Ориятга бериш вожиблигини айтадиган кишилар мана шу оятни далил
    қиладилар. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ҳам фикрига кўра, агар буюм
    эгаси бой бўлса, ориятга сўралган нарсани бериши фарз бўлади (Мажмуъул-фатава:
    28/98).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Талҳанинг бир отини ориятга
    олганлар (Бухорий (2627), Муслим (2307) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят
    қилганлар), Сафвон ибн Умайядан бир қанча совутларни ориятга олганлар (Абу Довуд
    (3562), Аҳмад (3/400, №15302) Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят
    қилганлар).

    Ориятга сўраб келган муҳтож кишига сўраган нарсасини бериб туриш бериб турган
    одам бу билан кўп савобга эришадиган қурбат-ибодат саналади. Чунки, бу иш
    яхшилик ва тақво устида ҳамкорлик қилишга киради.

    Ориятга бериш саҳиҳ бўлиши учун тўртта шарт шарт қилинади:

    1. Ориятга берувчи киши табарруъга (яъни ихтиёрий бериб юборишга) лаёқатли
      киши бўлиши. Чунки, ориятга бериш ҳам қисман табарруънинг бир туридир, у ёш
      боладан, мажнун ва ақлсиз кимсадан дуруст бўлмайди.
    2. Ориятга сўровчи киши унга табарруъ қилинишига лойиқ бўлиши, яъни, қабул
      қилиб олишга яроқли бўлиши.
    3. Ориятга бериладиган нарсадан фойдаланиш мубоҳ бўлиши. Мусулмон қулни
      кофирга ориятга берилмайди, ов асбоби ва шу кабиларни эҳромдаги кишига ориятга
      берилмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик
      қилмангиз!»
      (Моида: 2) дейди.
    4. Ориятга бериладиган нарса ундан фойдаланиш оқибатида тугаб, йўқ бўлиб
      кетмаслиги, юқорида ўтган (емак-ичмаклар) каби.

    Ориятга берган киши берган нарсасини ўзи истаган пайтда қайтариб олишга
    ҳақлидир. Аммо, қайтариб олиши билан уни сўраб олган кишига бирон зарар
    етмаслиги керак. Яъни, масалан, бировга юкларини ташиб олиши учун кемани ориятга
    берган бўлса, кема ҳали денгиздалик ҳолида уни қайтариб олиши мумкин эмас. Ёки
    бировга тўсинларини қўйиб тургани деворини ориятга берган бўлса, ҳали
    тўсинларини олмасидан туриб, девор ўзимга керак бўлиб қолди дейиши дуруст
    эмас.

    Ориятга буюм олган киши олган нарсасини ўзининг мол-мулкидан кўра ҳам
    асраб-авайлаши ва уни эгасига бус-бутун қайтариб бериши лозим бўлади. Чунки,
    Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига
    топширишга буюради»
    (Нисо: 58). Ояти карима омонатларни ўз эгаларига
    қайтариш фарзлигига далолат қилади, орият ҳам омонатнинг бир туридир. Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олган нарсаси то уни (эгасига) топширгунича қўл
    (соҳиби) зиммасида бўлади», деганлар (Абу Довуд (3561), Термизий (1269), Насоий
    (5783), Ибн Можа (2400), Аҳмад (5/8, №20086) Самура ибн Жундуб розияллоҳу
    анҳудан ривоят қилганлар), «Сизга омонат қўйган одамга омонатини адо этинг»,
    деганлар (Абу Довуд (3535), Термизий (1264) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан
    ривоят қилганлар).

    Юқорида ўтган бу далил-ҳужжатлар инсон ўзига омонат қўйилган нарсани
    асраб-авайлаши ва уни эгасига соғ-саломат топшириши лозимлигига далолат қилади,
    орият ҳам ушбу айтилган умумий нарсалар қаторига киради. Чунки, ориятга олувчи
    киши ўз зиммасига омонатни олган бўлади ва ўша нарса ундан талаб қилинади. У
    ундан урфда жорий бўлган даражада фойдаланишига рухсат берилади, уни ишлатишда
    талафот етказадиган даражада ҳаддан ошиши, шунингдек, уни ишлатиш яроқли
    бўлмайдиган ўринда ишлатиши жоиз бўлмайди. Чунки, эгаси у учун бунга рухсат
    бермаганди. Аллоҳ таоло айтади: «Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат
    яхшиликдир»
    (Ар-раҳмон: 60).

    Агар ишлатилиши керак бўлган ўриндан бошқа жойга ишлатиб, унга талафот
    етказса, тўлаши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
    «Олган нарсаси то уни (эгасига) топширгунича қўл (соҳиби) зиммасида бўлади»,
    деганлар (Абу Довуд (3561), Термизий (1269), Насоий (5783), Ибн Можа (2400),
    Аҳмад (5/8, №20086) Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу
    ҳадис киши олган нарсасини қайтариб бериши фарзлигига, у бировнинг мулки
    эканига, фақат эгасига етганидагина унинг зиммасидан хориж бўлишига далолат
    қилади.

    Агар ўз ўрнида ишлатиб турганида синиб (бузилиб) қолса, ориятга олган одам
    унга зомин бўлмайди (тўламайди), чунки, ориятга берган киши унга шу нарсада
    ишлатишига рухсат берган эди. Изн берилган нарсада етган талафотга зомин
    бўлинмайди.

    Бир киши бировдан ориятга олган нарсасини бошқа бировга ориятга бериши жоиз
    эмас. Чунки, бир кишига бир нарсага рухсат берилган бўлса, у энди бошқа бировга
    шу нарсага рухсат бериши мумкин эмас, чунки, бу ўша нарсани талафотга кўндаланг
    қилиш бўлади.

    Уламолар ориятга олувчи киши ориятга олган нарсаси агар унинг қўлида ишлатиши
    керак бўлган ўриндан бошқа ўринда талафотга учраса (синса, бузилса), унга зомин
    бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф қилганлар. Бир жамоа уламолар хоҳ ҳаддидан ошган
    бўлсин, хоҳ ҳаддидан ошмаган бўлсин, барибир унга зомин бўлади, «Олган нарсаси
    то уни (эгасига) топширгунича қўл (соҳиби) зиммасида бўлади» ҳадиси шунга
    далолат қилади, деганлар. Масалан, ориятга олинган жонивор ўлиб қолса, ё кийим
    ёниб кетса, ё у нарсани ўғирлатиб қўйса, (тўлайди, дейишган). Бошқа бир жамоа
    уламолар эса агар у ҳаддидан ошмаган бўлса, зомин бўлмайди, чунки, фақат ҳаддан
    тажовуз қилинганда зомин бўлинади, деганлар. Мана шу сўз кучлироқ бўлса керак,
    чунки, ориятга олувчи уни эгасининг изни билан олган ва у унинг олдида омонатдек
    эди.

    Ориятга олган киши олган нарсасини авайлаб-асраши, унга эътибор бериши,
    фойдаланиб бўлгач, уни эгасига топширишга шошилиши, бу ҳақда бепарволик
    қилмаслиги ё уни талафотга дучор қилмаслиги зарур. Чунки, у нарса унинг ҳузурида
    омонатдир. Унинг эгаси бу одамга яхшилик қилди. Аллоҳ таоло айтади:
    «Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир» (Ар-раҳмон: 60).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962