Охират кунига иймон келтириш ва унинг мусулмон ҳаётига таъсири (1)


    «Аҳли сунна вал-жамоа» кутубхонаси, «Авлодлар тарбияси» силсиласи (2)

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хосдир. Биз унга ҳамду истиғфорлар айтиб, тавба қиламиз ва амалларимизнинг ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоятловчи зот йўқдир. Мен Аллоҳдан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва пайғамбари, деб гувоҳлик бераман.

    Мусулмон биродарим ва муслима синглим, ушбу рисола сиз учун совға бўлиб, шояд охиратни эслатса…

    Мен сиздан ушбу рисолани ўқиб бўлганингиздан сўнг Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бировни яхшиликка йўллаган киши ўша яхшиликни қилган кабидир«[1] деган сўзларига амал қилиб, бошқаларга ҳам этказишингиз ҳамда «бойликлар ва фарзандлар фойда бермайдиган, фақатгина, Аллоҳга саломат қалб билан келган кишигагина фойда берадиган кун«дан[2] огоҳлантиришингизни сўрайман.

    Охират кунига иймон келтириш ва унинг мусулмон ҳаётига тасири

    Аллоҳ таоло деди: “Бу ҳаққи-рост Кундир. Бас, ким хоҳласа ўз Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутсин[3].

    Охират куни банда ҳаётидаги энг хатарли кунлардан биридир. У кун банданинг ўлган лаҳзасидан то жаннат ёки жаҳаннамдаги ерига киргунига қадар бўлган ҳодисаларни ўз ичига олади.

    Аллоҳ йўлидаги дўстим! Биз ушбу рисолада охират кунининг босқичларини қисқача баён қилмоқчимиз. Шояд ушбу рисола бизларни ғафлатдан уйғотса ва ушбу даҳшатли кун учун солиҳ амаллар билан ҳозирлик кўрсак, у даҳшатли соатларда фойда берадиган амаллар билан бу дунёмизда таминлансак. Бундан ташқари, бу иймоннинг ўзимизга берган таъсирларини кўрсатсак: бу таъсирлар бизда кўринадими ёки йўқми? Агар кўринса, Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. Агар кўринмаса, уни вужудга келтириш учун тиришайлик… Аллоҳ ёрдам берувчи зотдир.

    Охират кунига иймон келтиришнинг самаралари

    Охират кунига иймон келтиришнинг барчага малум бўлган самаралари бор. Жумладан:

    1. Ширин ҳаёт.

    Охират кунига ишонган кимсанинг Аллоҳга бўйсуниш учун ҳаракат қилиши, у томон йўналиши, гуноҳ ва қабоҳатлардан узоқлашиши ҳамда бахтиёр ҳаёт кечиришида ҳеч кимнинг шубҳаси йўқдир. Шоир айтганидек:

    Бойлик жамғариш саодат эмас,
    Ҳеч ким тақводордек бахтли яшамас.

    1. Амаллар ва сўзларга диққатли бўлиш.

    Қилган барча иши учун жавоб беражагини ҳис этган ва охират кунига иймон келтирган киши ўзининг сўзлари ва амалларига диққат этишида шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам у доимо тўғри иш қилиб, тўғри сўз сўзлайди.

    1. Солиҳ амалларни кўпайтириш.

    У даҳшатли кунда бўладиган ҳолатларни ҳамда ўзини солиҳ амалларгина қутқаришини билган одам намоз, садақа, рўза, «амри маъруф» (яхшиликка буюриш), «наҳйи мункар» (ёмонликдан қайтариш) ва одамларга фақатгина яхшилик қилиш каби ибодатларга шошилади.

    1. Охиратни дунёдан афзал кўриш.

    Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг мўминлар учун ҳозирлаб қўйган туганмас неъматлари ва кофирлар учун тайёрлаб қўйган давомий азобларини билган одам бу дунёни ҳақир (арзимас) санайди. Унинг вақтинча маскан эканини билади-да, дунёда зоҳид бўлади. Дунё сабабли қайғу ва аламларга берилмайди. Балки охиратга шошилади. Зеро, охиратгина тер тўкиш, қийналиш ва ҳаракатларни сарф этишга лойиқдир. Алоҳ барчамизга ёрдамчи бўлсин!

    Ўлим

    Ўлим ажратувчи босқичдир. У охират кунининг бошланиш нуқтасидир. Унинг келиши муқаррардир. ҳар бир инсон ўлади. Аллоҳ таоло деди: «Барча жон ўлим (шароби)ни тотгувчидир«[4].

    Бошқача айтсак, ўлим аҳли-аёл, фарзанд, бойлик, обрў ҳамда ҳаётнинг барча кўринишларидан ажралиш, демакдир. Инсон ўлими олдидан фаришталарни кўради. У агар иймонли бўлса, фаришталар унга яхшиликдан, кофир бўлса ёмонликдан башорат берадилар (Аллоҳ сақласин). Унинг руҳи ҳалқумига етганида олдида тавба эшиклари бекилади. Унинг қилган амаллари сўнггиси билан хотималанади: яхши бўлса яхши, ёмон бўлса ёмон.

    Мўмин ўлимни доимо эслаб юриши фойдалидир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Лаззатларни кесувчи ўлимни кўп эсланглар!«[5]

    Вафот этган кишининг қиёмати қоим бўлади.

    Қабр

    Одам қабрга – тор чуқурга қўйилиб, устидан тупроқлар тортилиб, оиласи ва бойликлари ортларига қайтиб кетганларидан сўнг у учун барзах-қабр ҳаёти бошланади. У ерда амал қилиш йўқ. У ерда имтиҳон, фитналар, нематлар ёки азоблар бор. Фаришталар ўликни ўтқазиб, уни Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида сўроққа тутадилар. Аллоҳ таоло мўмин қулини собитқадам қилади ва тўғри жавобга илҳомлантиради. Кофир эса, гарчи бу дунёда билган бўлсада, берилган саволларга жавоб бера олмайди. Мўмин қабрида бахтиёр бўлиб, жаннатдаги борар ерини кўради. Кофир эса жаҳаннамдаги ерини кўради. Унинг қабри тораяди ва қовурғалари бир-бирига киришади. Унинг қабри жаҳаннам чуқурларидан бири бўлиб қолади.

    (Давоми бор)

    [1] “Саҳиҳул-жомеъ”, 3399-ҳадис.
    [2] “Шуаро” сураси, 88-89-оятлардан.
    [3] “Набаъ” сураси, 39-оят.
    [4] “Оли Имрон” сураси, 185-оят.
    [5] “Саҳиҳул-жомеъ” 1210-ҳадис.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963