Бизга боғланинг
Пайғамбаримиз (сав) намозларининг сифати (5)
«Омийн» дейиш ва имом уни жаҳрий айтиши
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Фотиҳа»ни ўқиб бўлгач, жаҳрий равишда ва овозларини чўзиб: «Омиин» дер эдилар.
وكان يقول: إِذا قالَ الإمامُ: «غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلا الضَّالِّينَ» فَقُولُوا: آمِين [فَإِنَّ الْمَلائِكَةَ تَقُولُ: آمِين وَإِنَّ الإمامَ يَقُولُ: آمِين] ( وفي لفظ: إِذا أَمَّنَ الإِمامُ فَأَمِّنُوا ) فَمَنْ وافَقَ تَأْمِينَهُ تَأْمِينَ الْمَلائِكَةِ (وفي لفظٍ آخَر: إِذَا قالَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلاةِ: آمِين وَالْمَلائِكَةُ فِي السَّماءِ: آمِين فَوافَقَ إحْداهُما الآخَرَ) غُفِرَ لَهُ ما تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ (البخاري ومسلم).
Иқтидо қилувчиларни ҳам «Омиин» дейишга буюриб, айтар эдилар: «Агар имом «Ғойрил мағзуби алайҳим валаз-золлийн» деса «Омиин» денглар. [Албатта, малоикалар ҳам «Омийн» дейдилар ва албатта имом ҳам «Омийн» дейди.] – бир лафзда: – Агар имом «Омиин» деса, «Омиин» денглар. Кимнинг «Омиин» дейиши малоикаларнинг «Омиин» дейишларига тўғри келса, – бошқа бир лафзда: – Агар бировингиз намозда «Омийн» деса ва малоикалар самода «Омиин» десалар, у иккиси бир-бирига мувофиқ келса – унинг ўтган гуноҳлари кечирилади.»
وفي حديث آخر: فَقُولُوا: آمِينَ يُجِبْكُمُ اللهُ (مسلم وأبو عوانة).
Бошқа бир ҳадисда: «Омиин» денглар, Аллоҳ ижобат қилади.
وكان يقول: ما حَسَدَتْكُمُ الْيَهُودُ عَلَى شَيْءٍ ما حَسَدَتْكُمْ عَلَى السَّلامِ وَالتَّأْمِينِ خَلْفَ الإِمامِ (البخاري في الأدب المفرد)
Ва айтар эдилар: «Яҳудлар сизларга бирор нарсада саломингизга ва имом ортидан «Омиин» дейишингизга ҳасад қилганларидек ҳасад қилмаган.»
«Фотиҳа»дан кейинги қироатлари
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Фотиҳа»дан кейин бошқа бир сура ўқир, гоҳо узунроқ ўқисалар, гоҳида сафар ё йўтал ё касаллик ё эса гўдакнинг йиғиси каби бирор монеълик туфайли қисқароқ ўқир эдилар.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَوَّزَ ذَاتَ يَوْمٍ فِي صَلاةِ الْفَجْرِ (وفي حديث آخر: صَلَّى الصُّبْحَ فَقَرَأَ بِأَقْصَر سُورَتَيْنِ فِي الْقُرْآنِ) فَقِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ لِمَ تَجَوَّزْتَ قَالَ سَمِعْتُ بُكَاءَ صَبِيٍّ فَظَنَنْتُ أَنَّ أُمَّهُ مَعَنَا تُصَلِّي فَأَرَدْتُ أَنْ أُفْرِغَ لَهُ أُمَّهُ (أحمد بسند صحيح).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бамдодда енгил қироат қилдилар. (Бошқа бир ҳадисда: бамдодда Қуръондаги энг қисқа икки сурани ўқидилар.) Шунда: «Ё Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, нега бунча енгил намоз ўқидингиз?» деб сўралганда: «Бир гўдакнинг йиғисини эшитиб, онаси биз билан намоз ўқиётганмикин, деб ўйладим-да, онасини тезроқ бўшатишни хоҳладим», деб жавоб бердилар.
وكان يقول: إِنِّي لأدْخُلُ فِي الصَّلاةِ وَأَنَا أُرِيدُ إِطَالَتَهَا فَأَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ فَأَتَجَوَّزُ فِي صَلاتِي مِمَّا أَعْلَمُ مِنْ شِدَّةِ وَجْدِ أُمِّهِ مِنْ بُكَائِهِ (البخاري ومسلم)
Ва айтар эдилар: «Мен узунроқ ўқийман, деган ниятда намозни бошлайман, ёш боланинг йиғисини эшитиб қолсам, унинг йиғиси туфайли онаси қаттиқ безовта бўлишини билганимдан намозимни енгил қиламан.»
Бир суранинг бошидан бошлаб, кўпинча уни охиригача тўла ўқирдилар.
ويقول: أَعْطُوا كُلَّ سُورَةٍ حَظَّها مِنَ الرُّكُوعِ وَالسُّجُودِ (ابن أبي شيبة وأحمد)
Айтар эдилар: «Ҳар бир сурага рукуъ ва сужуддан ўз улушини беринглар.»
وفي لفظ: لِكُلِّ سُورَةٍ رَكْعَةٌ (ابن نصر والطحاوي بسند صحيح)
Бир лафзда: «Ҳар бир сурага бир ракъат.»
Гоҳо бир сурани икки ракъатга тақсимлар, гоҳо битта сурани иккинчи ракъатга ҳам тўла қайтариб ўқирдилар.
Гоҳида бир ракъатда икки ва ундан ортиқ сурани жамлар эдилар.
«Ансорлардан бир киши Қубо масжидида имомлик қилиб берар, ҳар сафар намозда («Фотиҳа»дан сўнг) бирор сурани ўқишдан олдин «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиб, шундан сўнг бошқа сурани ўқир, ҳар бир ракъатда шундай қилар эди. Биродарлари унга бу ҳақда гапириб: «Сиз шу сура билан бошлайсиз, сўнг уни кифоя деб билмай, яна бошқа сурани ўқийсиз. Ё шуни ўзини ўқинг, ё эса уни қўйиб бошқасини ўқинг» дейишди. У: «Мен буни ҳаргиз тарк қилмайман, хоҳласанглар шу билан имомликка ўтаман, хоҳламасанглар сизлар(га имом бўлиш)ни тарк этаман» деди. Уни ўзларининг ичида энг афзал кишиларидан деб кўришгани боис бошқаси имом бўлишини истамадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳузурига келганларида бу ҳақда у зотга хабар бердилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Эй фалончи, нега биродарларинг айтган ишни қилишни истамайсан, нима сабабдан ҳар бир ракъатда ушбу сурани маҳкам тутасан?» деб сўрадилар. У: «Мен бу сурани яхши кўраман» деб жавоб берди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни яхши кўришинг сени жаннатга киритди», дедилар.
Бир-бирига ўхшаш ва бошқа сураларни бир ракъатда жамлашлари
«Муфассал»дан ўхшашлари орасини жамлар, «Ар-раҳмон» ва «Ан-нажм» сураларини бир ракъатда, «Иқтаробат» ва «Ал-ҳааққо» сураларини бир ракъатда, «Ат-тур» ва «Аз-зарият» сураларини бир ракъатда, «Иза вақоъат» ва «Нун» сураларини бир ракъатда, «Са-ала» ва «Ан-назиат» сураларини бир ракъатда, «Вайлул лил-мутоффифийн» ва «Абаса» сураларини бир ракъатда, «Ал-муддассир» ва «Ал-муззаммил» сураларини бир ракъатда, «Ҳал ата» ва «Ла уқсиму биявмил-қияма» сураларини бир ракъатда, «Амма ятасаъалун» ва «Ал-мурсалат» сураларини бир ракъатда, «Духон» ва «Изаш-шамсу куввирот» сураларини бир ракъатда ўқиганлар.
Гоҳо «узун еттиликлар»дан бўлган суралар ўртасини бир ракъатда жамлар ҳам эдилар, мисол учун тунги намозларида «Бақара», «Нисо» ва «Оли Имрон» суралари орасини жамлаганлар.
و كان يقول: «أَفْضَلُ الصَّلاةِ طُولُ الْقِيامِ» (مسلم والطحاوي)
Айтар эдилар: «Намознинг афзали қиёми узун бўлганидир.»
Агар «أََلَيْسَ ذلِكَ بِقادِرٍ عَلَى أَنْ يُحْيِيَ الْمَوْتَى» (Ана шу зот (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!) оятини ўқисалар: سُبْحانَكَ فَبَلَى «Албатта қодирдир, Сени поклайман (эй Парвардигор)» дер, «سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الأَعْلَى» (Энг Олий зот бўлмиш Парвардигорингиз номини покланг) оятини ўқисалар: سُبْحانَ رَبِّيَ الأَعْلَى «Энг Олий зот бўлмиш Парвардигорим номини поклайман» дердилар.
«Фотиҳа»нинг ўзи билан чекланишнинг жоизлиги
Муоз розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хуфтонни ўқиб қайтгач, асҳоблари билан (имом бўлиб) яна ўқир эди. Бир кеча қайтиб келгач, асҳоблари билан намоз ўқиди, намозхонлар орасида [Бану Салама қавмидан Сулайм номли] бир йигит ҳам бор эди. Намоз чўзилиб кетгач, ҳалиги йигит [бурилиб, масжиднинг четида] ўзи намоз ўқиди ва ташқарига чиқиб, туясини жиловидан ушлаб жўнаб кетди. Намоздан сўнг Муозга бу ҳақда айтишганда у: «Бу йигитда мунофиқлик бор экан, мен унинг бу ишини албатта Росулуллоҳга хабар бераман» деди. Ҳалиги йигит: «Мен ҳам унинг қилган ишини Росулуллоҳга хабар бераман» деди. Эртасига Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордилар ва Муоз йигитнинг қилган ишини айтиб берди. Йигит: «Ё Росулуллоҳ, бу сизнинг олдингизда узоқ қолиб кетади, сўнг қайтиб боргач, бизга (намозни) узоқ ўқийди» деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен бездирувчимисан, эй Муоз?!» дедилар ва йигитдан: «Эй жиян, сен ўзинг қандай намоз ўқийсан?» деб сўрадилар. Йигит: «Сураи «Фотиҳа»ни ўқийман, Аллоҳдан жаннатни сўрайман, дўзахдан паноҳ тилайман, мен сизнинг данданангизни ҳам, Муознинг данданасини ҳам тушунмайман» деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг ҳам, Муознинг ҳам гапимиз шу икки нарса ҳақида (яъни, жаннатни сўраш ва дўзахдан паноҳ тилаш ҳақида)», дедилар. Душман яқин келиб қолгани ҳақида хабар олинган ҳолат эди. Йигит деди: «Яқинда душман (қаршимизга) келганида Муоз (менинг мунофиқ эмаслигимни) яхши билиб олади.» Душман келиб жангга киришгач, йигит шаҳид бўлди. Жангдан кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоздан: «Менинг ва сенинг хусуматчимиз нима қилди?» деб сўрадилар. Муоз: «Ё Росулуллоҳ, – Аллоҳ рост айтди, мен эса ёлғончи бўлдим, – у шаҳид бўлди» деди.
Беш маҳалги ва бошқа намозларда қироатни ошкор ва махфий қилиш
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бамдод намозида ҳамда шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракъатида қироатни жаҳрий қилар, пешин ва асрда ҳамда шомнинг учинчи ва хуфтоннинг охирги икки ракъатида махфий қилар эдилар.
Махфий қироат қилган пайтларида саҳобалар у зотнинг қироатларини соқолларининг қимирлашидан ва гоҳо оятни эшиттириб қўйишларидан билишарди.
Жума, икки ҳайит, истисқо (ёмғир сўраш), кусуф (ой ё кун тутилиши) намозларида ҳам қироатни жаҳрий қилар эдилар.
Тунги намозда қироатни жаҳрий ва махфий қилиш
Тунги (таҳажжуд) намозларида эса гоҳо махфий, гоҳо ошкор қироат қилар эдилар ва «уйда қироат қилсалар, қироатларини ҳужрадаги (яъни, хонадаги) киши эшитарди.»
«Баъзан овозларини бундан юқорироқ ҳам кўтарар, ҳатто айвондаги одам эшитарди.»
Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони ҳам шундай қилишга буюрган эдилар:
عَنْ أَبِي قَتَادَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَرَجَ لَيْلَةً فَإِذَا هُوَ بِأَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يُصَلِّي يَخْفِضُ مِنْ صَوْتِهِ قَالَ وَمَرَّ بِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ وَهُوَ يُصَلِّي رَافِعًا صَوْتَهُ قَالَ فَلَمَّا اجْتَمَعَا عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَا أَبَا بَكْرٍ مَرَرْتُ بِكَ وَأَنْتَ تُصَلِّي تَخْفِضُ صَوْتَكَ قَالَ قَدْ أَسْمَعْتُ مَنْ نَاجَيْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ وَقَالَ لِعُمَرَ مَرَرْتُ بِكَ وَأَنْتَ تُصَلِّي رَافِعًا صَوْتَكَ قَالَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ أُوقِظُ الْوَسْنَانَ وَأَطْرُدُ الشَّيْطَانَ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَا أَبَا بَكْرٍ ارْفَعْ مِنْ صَوْتِكَ شَيْئًا وَقَالَ لِعُمَرَ اخْفِضْ مِنْ صَوْتِكَ شَيْئًا (أبو داود والحاكم).
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни тунда чиқиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ёнларидан ўтдилар, у киши паст овоз билан намоз ўқиётган эканлар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳунинг ёнларидан ўтдилар, у киши баланд овоз билан намоз ўқиётган эканлар. Икковлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида жамланиб қолганда: «Эй Абу Бакр, сизнинг ёнингиздан ўтаётганимда паст овозда намоз ўқиётган экансиз?» дедилар. Абу Бакр: «Ё Росулуллоҳ, ўзим муножот қилаётган Зотнинг Ўзига эшиттирдим» деб жавоб бердилар. Умарга: «Сизнинг ёнингиздан ўтганимда баланд овозда намоз ўқиётган экансиз?» дедилар. Умар: «Ё Росулуллоҳ, баланд овоз билан уйқудагини уйғотаман ва шайтонни қувийман» дедилар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Бакр, сиз овозингизни сал кўтаринг. Эй Умар, сиз овозингизни сал пасайтиринг» дедилар.»
وكان يقول: اَلْجَاهِرِ بِالْقُرْآنِ كَالْجَاهِرِ بِالصَّدَقَةِ وَالْمُسِرُّ بِالْقُرْآنِ كَالْمُسِرِّ بِالصَّدَقَةِ (أبو داود والحاكم وصححه ووافقه الذهبي)
Ва айтар эдилар: «Қуръонни жаҳрий ўқувчи садақани ошкора қилувчи одам каби, Қуръонни махфий ўқувчи махфий садақа қилувчи одам кабидир.»
Намозларида ўқиган сура ва оятлар
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларида ўқиган сура ва оятлар беш вақтдаги ва бошқа намозларга қараб фарқ қилади:
1) Бамдод намози:
Бамдод намозида «Муфассал»нинг узунларидан ўқир эдилар, гоҳо икки ракъатда «Ал-воқеа» ва шунга ўхшаш сураларни ўқир эдилар.
«Ҳажжатул-вадоъ»да «Тур» сурасидан ўқидилар.
Гоҳо «Қоф» ва шу каби сураларни биринчи ракъатда ўқир эдилар.
Гоҳо «Муфассал»нинг «Изаш-шамсу куввирот» каби қисқаларидан ўқир эдилар.
Бир марта ҳар икки ракъатга «Иза зулзилат»ни ўқидилар, ҳатто ровий: «Билмадим, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унутиб шундай қилдиларми ё қасддан ўқидиларми», дейди.
Бир марта сафарда «Қул аъувзу бироббил-фалақ» билан «Қул аъувзу бироббин-нас»ни ўқидилар.
وقال لِعُقْبَة بْنِ عامِر رضي الله عنه: اِقْرَأْ فِي صَلاتِكَ الْمُعَوِّذَتَيْنِ [فَما تَعَوَّذَ مُتَعَوِّذٌ بِمِثْلِهِمَا] (أبو داود وأحمد بسند صحيح)
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳуга: «Намозингда икки «Қул аъувзу»ни ўқигин, [ҳеч бир паноҳ тиловчи уларга ўхшаши билан паноҳланмаган]» деганлар.
Гоҳо булардан анча катта бўлган сураларни ўқир, «олтмиш оят ва ундан кўпроқ ўқир эдилар», ровийлардан бири: «Билмадим, бир ракъатдами, икки ракъатдами» дейди.
«Рум» сурасини, гоҳо «Ёсин» сурасини ўқир эдилар.
Бир марта Маккада бамдод намозида «Мўъминун» сурасини бошладилар, ҳатто Мусо ва Ҳоруннинг ёки Ийсонинг зикри (ровийлардан бири шак қилган) келганида йўтал тутиб қолиб, рукуъга бордилар.
Гоҳо (бамдодда) имом бўлиб, «Ас-соффаат»ни ўқир эдилар.
Жума куни бамдодда «Алиф, лом, мим ас-сажда»ни [биринчи ракъатда, иккинчи ракъатда эса] «Ҳал ата алал-инсан»ни ўқир эдилар.
Биринчи ракъатда (қироатни) узунроқ, иккинчи ракъатда қисқароқ қилар эдилар.
Бамдоднинг суннатидаги қироатлари
Бамдоднинг икки ракъат суннатидаги қироатлари жуда енгил бўлар, ҳатто Оиша розияллоҳу анҳо: «Сураи «Фотиҳа»ни ўқидилармикин» дер эканлар.
Гоҳо биринчи ракъатда «Фотиҳа»дан сўнг «قولوا آمنا بالله وما أنزل إلينا» оятини охиригача, иккинчи ракъатда «قل يا أهل الكتاب تعالوا إلى كلمة سواء بيننا وبينكم» оятини охиригача ўқир эдилар.
Кўпинча унинг ўрнига «فلما أحس عيسى منهم الكفر» оятини охиригача ўқир эдилар.
Баъзан биринчи ракъатда «Қул я айюҳал кафирун»ни, иккинчи ракъатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқир эдилар.
وَسَمِعَ رَجُلاً يَقْرَأُ السُّورَةَ الأُولَى فِي الرَّكْعَةِ الأُولَى فَقالَ: هذا عَبْدٌ آمَنَ بِرَبِّهِ ثُمَّ قَرَأَ السُّورَةَ الثَّانِيَةَ الأُخْرَى فَقالَ: هذا عَبْدٌ عَرَفَ رَبَّهُ (ابن حبان)
Бир кишининг биринчи ракъатда (мазкур суралардан) биринчи сурани ўқиётганини эшитиб: «Бу Раббига иймон келтирган бандадир» дедилар, иккинчи ракъатда иккинчи сурани ўқиган эди: «Бу Раббини таниган бандадир» дедилар.
2) Пешин намози:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалги икки ракъатда «Фотиҳа»ни ва биттадан сура ўқир, биринчисида иккинчисидан кўра узунроқ ўқир эдилар.
Гоҳо пешинни узоқ ўқир, ҳатто «пешин намозига иқомат айтилгач, бирор киши Бақиъга бориб, ҳожатини адо этар, сўнг [уйига бориб] таҳорат қилиб келар, шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ ўқиганларидан ҳали биринчи ракъатда бўлар эдилар.»
У зот бу ишлари билан одамларнинг биринчи ракъатга етиб олишларини истардилар, деб гумон қилишарди.
Ҳар бир ракъатда ўттиз оят миқдорича – «Алиф, лом, мим танзил ас-сажда» миқдорича қироат қилар эдилар.
Баъзида «Вас-самааи ват-ториқ», «Вас-самааи затил-буруж», «Вал-лайли иза яғша» ва шу каби сураларни ўқир эдилар.
Кўпинча «Изас-самааун-шаққот» ва шу кабиларни ўқир эдилар.
Пешин ва асрда у зотнинг қироатларини соқолларининг қимирлашидан билар эдилар.
Охирги икки ракъатда «фотиҳа»дан кейин оятлар ўқишлари
Кейинги икки ракъатни аввалгиларининг тенг ярмича – ўн беш оят миқдорича қисқа қилар, кўпинча «Фотиҳа»нинг ўзи билан чекланар эдилар.
Баъзан уларга оятни эшиттирар эдилар.
У зотдан «Саббиҳисма роббикал-аъла» ва «Ҳал атака ҳадийсул-ғошия»ни нағма (оҳанг билан ўқиш)ларини эшитишар эди.
Гоҳо «Вас-самааи затил-буруж» ва «Вас-самааи ват-ториқ» каби сураларни ўқир эдилар.
Гоҳо «Вал-лайли иза яғша» каби сураларни ўқир эдилар.
3) Аср намози:
Аввалги икки ракъатда «Фотиҳа» ва биттадан сура ўқир, биринчисида иккинчисидан кўра узунроқ ўқир эдилар. У зот бу ишлари билан одамларнинг биринчи ракъатга етиб олишларини истардилар, деб гумон қилишарди.
Икки ракъатнинг ҳар бирида ўн беш оят миқдорида – пешиннинг аввалги икки ракъатида ўқиганларининг ярмича миқдорида ўқир эдилар.
Кейинги икки ракъатни аввалги икки ракъатнинг ярмига тенг миқдорда қисқартирар эдилар.
Ва уларда «Фотиҳа»ни ўқир эдилар.
Баъзан уларга оятни эшиттирар эдилар.
«Пешин намози»да айтиб ўтганимиз сураларни ҳам ўқир эдилар.
4) Шом намози
Ушбу намозда гоҳо «Муфассал»нинг қисқа сураларини ўқир, асҳоблар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиб, салом берганларидан сўнг улардан бировлари найза (отса у)нинг тушган ўрнини кўрадиган ҳолда қайтар эди.
Сафарда иккинчи ракъатда «Ват-тийни ваз-зайтун»ни ўқиган эдилар.
Баъзи пайтларда «Муфассал»нинг узун ва ўрта сураларини ўқир, гоҳо «Аллазийна кафару-у ва содду-у ан сабийлиллаҳ»ни, гоҳо «Ват-тур»ни, охирги ўқиган намозларида эса «Вал-мурсалот»ни ўқиганлар.
Гоҳо икки узун суранинг бири бўлмиш «Аъроф» сурасини икки ракъатда ўқиганлар.
Баъзан «Анфол» сурасини икки ракъатда ўқиганлар.
Шомнинг суннатидаги қироатлари
Шомдан кейинги суннатда эса «Қул я айюҳал кафирун» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқир эдилар.
5) Хуфтон намози
Аввалги икки ракъатда «Муфассал»нинг ўрталаридан ўқир, гоҳида «Ваш-шамси ва зуҳаҳа» ва шу каби сураларни ўқир эдилар.
Гоҳо «Изас-самааун-шаққот»ни ўқиб, сажда қилардилар.
Бир марта сафарда биринчи ракъатда «Ват-тийни ваз-зайтун»ни ўқиган эдилар.
Ушбу намозда қироатни узоқ қилишдан қайтарганлар:
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу асҳобларига хуфтон намозини ўқиб, чўзиб юборганида ансорлардан бир киши намоздан бурилиб, ўзи алоҳида ўқиди. Муозга бу ҳақда айтилганда: «У мунофиқ экан» деди. Ҳалиги одамга бунинг хабари етгач, у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб, Муознинг гапини айтиб шикоят қилди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга:
أَتُرِيدُ أَنْ تَكُونَ فَتَّانًا يا مُعَاذُ؟ إِذَا أَمَمْتَ النَّاسَ فَأقْرَأْ بـِ (وَالشَّمْسِ وَضُحاها) وَ(سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الأَعْلَى) وَ(اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ) وَ(وَاللَّيْلِ إِذا يَغْشَى) فَإِنَّهُ يُصَلِّي وَرَاءَكَ الْكَبِيرُ وَالضَّعِيفُ وَذُو الْحاجَةِ (البخاري ومسلم والنسائي)
«Сен бездирувчи бўлишни истайсанми, эй Муоз?! Агар одамларга имом бўлсанг, «Ваш-шамси ва зуҳаҳа», «Саббиҳисма роббикал аъла», «Иқроъ бисми роббик», «Вал-лайли иза яғша»ларни ўқигин. Чунки, сенинг ортингда ёши улуғ ҳам, заиф ҳам, ҳожатманд ҳам намоз ўқийди», дедилар.
Бухорий «Жузъул-қироа»да, Абу Довуд
Бухорий, Муслим, Насоий ривоятлари
Бухорий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Аҳмад, Сирож
Аҳмад ривояти. Бошқа ҳадис Ибн Абу Довуд ривояти. Бу каби ҳадислардан ёш болаларни масжидга киритиш жоиз экани маълум бўлади. Аммо, тилларда юрадиган: «Ёш болаларингизни масжидларингиздан четлатингиз» ҳадиси заиф ва ҳужжатга яроқсиздир. Уни заиф санаганлар ичида Ибн Жавзий, Мунзирий, Ҳайсамий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Бувсирийлар бор
Ибн Аби Шайба, Аҳмад, Абдулғаний ал-Мақдисий
Бухорий, Термизий ривоятлари
«Муфассал» – саҳиҳ сўзга кўра, «Қоф» сурасидан бошлаб Қуръоннинг охиригачадир. «Ўхшашлар»дан мурод – насиҳат, ҳукм ё қиссалар жиҳатидан маънолари бир-бирига яқин суралардир.
Абу Довуд, Байҳақий ривоятлари
Дандана – пичирлашдан кўра баландроқ, лекин англаб бўлмас оҳангда сўзлаш ёки умуман тушунарсиз сўзлаш
Ибн Хузайма, Байҳақий, Абу Довуд ривоятлари
Бухорий, Муслим , Абу Довуд ривоятлари
Бухорий, Муслим ривоятлари
Абу Довуд, Термизий ривоятлари
Насоий, Термизий, Байҳақий ривоятлари
Насоий, Аҳмад ривоятлари
Абу Довуд, Байҳақий ривоятлари
Абу Довуд, Ибн Хузайма, Ибн Аби Шайба ривоятлари
Мусо ва Ҳоруннинг зикри 45-оятда, Ийсонинг зикри эса 50-оятда келган
Аҳмад, Абу Яъло, Мақдисий ривоятлари
Муслим, Ибн Хузайма, Ҳоким ривоятлари
Таҳовий, Ибн Ҳиббон, Ибн Бишрон ривоятлари
Бухорий «Жузъул-қироа»да, Муслим ривоятлари
Абу Довуд, Ибн Хузайма ривоятлари
Абу Довуд, Термизий, Ибн Хузайма ривоятлари
Аҳмад ва Муслим ривоятлари. Ушбу ҳадисда охирги икки ракъатда «Фотиҳа»дан кейин бирор нарса зиёда қилиш суннат эканига далил бор. Саҳобалардан бир жамоат, жумладан Абу Бакр розияллоҳу анҳу шу фикрда бўлганлар. Мутааххир уламоларимиздан Абул Ҳасанот ал-Лакнавий буни қўллаб, «Ат-таълийқул-мумажжад ала Муваттои Муҳаммад» китобида айтади: «Баъзи асҳобларимиз кейинги икки ракъатда бирор сура ўқишга саждаи саҳвни вожиб санаб ғалати иш қилганлар. «Муня» шориҳлари Иброҳим ал-Ҳалабий ва Ибн Амир Ҳож ва бошқалар бунга жуда чиройли раддия берганлар. Шубҳасиз, бу сўзни айтган кишиларга ҳадис етиб бормаган, агар етганида бундай фатво беришмаган бўларди»
Ибн Хузайма, Аз-Зиёул-Мақдисий ривоятлари
Бухорий «Жузъул-қироа»да, Термизий ривоятлари
Абу Довуд, Ибн Хузайма ривоятлари
Бухорий, Муслим ривоятлари
Бухорий, Муслим ривоятлари
Насоий, Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган
Ибн Хузайма, Табароний, Мақдисий ривоятлари
Бухорий, Абу Довуд, Ибн Хузайма, Аҳмад ривоятлари
Аҳмад, Мақдисий, Насоий, Ибн Наср, Табароний ривоятлари
Аҳмад ва Термизий ривоятлари
Бухорий, Муслим, Насоий ривоятлари