Пайғамбаримизнинг уйида бир кун

    Муаллиф: Абдулмалик Қосим
    Таржимон: Абу Муҳаммад ал-Асарий

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Кириш

    Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар, барча оламга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримизга, унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

    Бугунги кундаги одамларнинг кўплари ё ғулув кетган ва ёки лоқайд бўлган. Уларнинг айримлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ғулув кетдилар, охир оқибат эса ширк келтириш даражасига етиб бордилар ва ўз эҳтиёжларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуо қилиб, ундан мадад сўрай бошладилар. Баъзилари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олиб келган йўли ва сийратига эргашишдан бепарво бўлиб, У зотни ўз ҳаёти учун йўл кўрсатувчи маёқ ва намуна қилиб олмади.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва ҳаётининг нозик тафсилотларини оммага қулай ва енгил услуб билан яқинроқ олиб келиш мақсадида, барчасини ўз ичига олмасада, ушбу саҳифаларни тўлдирмоқдамиз… Шундай бўлса-да, бу ёзганларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти ва сифатларининг мўъжизагина дебочасидир. Мен уларни тўлалигича баён қилмадим, балки, бугунги кунда одамлар ҳаётида кўринмай қолган деб ўйлаганим ҳислат ва фазилатларга чекландим. Ҳар бир ҳислат ва фазилатнинг баёни учун икки ёки уч ҳадис зикр қилишга чекландим. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти — Уммат ҳаёти, даъват ва ҳаёт дастури эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоат-ибодатда, гўзал ахлоқ ва хушмуомала ҳамда мақомнинг олийлигида пешво эдилар. Унга Аллоҳ таолонинг айтган мақтови етарлидир: «Сиз улуғ ахлоқ узрасиз».

    Аҳлуссунна вал жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ қўйган манзилатга қўядилар. У Аллоҳнинг қули ва расули, дўсти ва танлагани. Уни болалари ва оталаридан ҳаттоки ўзларидан кўра кўпроқ севадилар. Бироқ унинг ҳақида ғулув кетмайдилар, уни ҳаддан зиёд олқишламайдилар, унинг учун юқорида айтилган манзилати кифоядир.

    Биз шу йўлдан кетамиз, мавлидларни пайдо қилиб, базмлар уюштирмаймиз. Балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари буюрганларидек севамиз, У зотга буюрганларида итоъат этамиз, қайтарган ва ман қилган нарсаларидан сақланамиз.

    Биз учун бу дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш насиб этмаган, ўртамизда қанча-қанча асрлар бўлсада, мен Аллоҳ таолодан бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида зикр қилган кишилардан қилишини сўрайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қани энди биродарларимизни кўрсам эдим», — дедилар, Саҳобалар: «Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?» — деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар менинг саҳобаларимсиз, биродарларимиз эса ҳануз келмадилар», — дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳануз келмаган умматингизни қандай танийсиз?» — деб савол бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қани айтингчи агар бир кишининг қашқа отлари тим қора отлар орасида юрган бўлса у ўз отларини таний оладими?» —дедилар. Саҳобалар: «Бўлмасачи, ё Расулуллоҳ», —деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Улар таҳорат ўринлари порлаган ҳолда келадилар. Мен эса уларни ҳавзим олдида кутиб тураман» — дедилар» (Имом Муслим ривояти).

    Аллоҳ таолодан бизларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг осорларига эргашиш, сийратидан намуна олиш ва суннатидан сипқирганлар қаторида қилишини, шунингдек, бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Адн жаннатларида бирга қилишини ҳамда Унга қилган хизматлари эвазига катта – катта мукофотлар беришини сўрайман.

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.

    Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Қосим

    Зиёрат

    Қадим асрларга қайтиб, ўтган тарих саҳифаларини варақлаймиз, унинг саҳифаларини ўқиб, ҳар бир сатри ҳақида тафаккур қиламиз ҳамда ҳарфлар ва сўзлар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларини зиёрат этамиз…

    Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига кириб, аҳволи ва воқеий ҳолати билан танишиб, унинг сўзларига қулоқ солайлик ҳамда Пайғамбарнинг уйида фақатгина бир кун меҳмон бўлиб, дарсу-ибрат олайлик-да, айтилган сўзлар ва қилинган ишлар билан қалбимизни ёритайлик…

    Одамларнинг билими ошиб, кўп нарсаларни ўқиб, Шарқу Ғарбни китоблар ва филмлар оша зиёрат эта бошладилар… Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйини шаръий зиёрат қилишга, унда кўрган ва билган нарсаларимизни ҳаётимизга жиддий татбиқ қилишга улардан кўра лойиқроқмиз. Ёзилажак саҳифалар кўп бўлмагани учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида муайян мақомлардагина тўхталиб ўтамиз. Шояд бу билан нафсимизни тарбиялаб, уларни ҳаётимизда татбиқ қилсак.

    Мусулмон дўстим…

    Биз ўтган асрлар саҳифасини кўзимиз кўрмаган нарсалар билан завқланиш ва яшаб ўтган инсонларнинг ҳаётини кўриш учунгина варақламаймиз. Аксинча, Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарини севиш учун қилган амрига итоат этиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётини ўқиш, суннатларига эргашиш ва у зотнинг дастури ва йўлларида юриш билан Аллоҳга ибодат қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатнинг энг муҳим белгиси эса, унга амр этган нарсаларида итоат этиш, қайтарган ва тўхтатган нарсаларидан тийилиш, демакдир…

    Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пешво ва намуна қилди. Шунинг учун ҳам, У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсуниб, итоат этишни фарз қилиб деди:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ), айтинг: «Агар Аллоҳни яхши кўрсангизлар, менга эргашинглар, шунда Аллоҳ сизларни (ҳам) яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир)» (Оли Имрон: 31);

    «Аллоҳнинг пайғамбарида сизлар, — Аллоҳ ва охиратдан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд олган кишилар учун намуна бордир» (Аҳзоб: 21).

    Аллоҳ таоло пайғамбарга итоат этишни Қуръон Каримнинг қирққа яқин ерида зикр қилди (Ибн Таймийя, «Мажмуъул-фатава»:1/4)

    Банданинг бахт-саодати, охиратдаги нажоти Аллоҳнинг пайғамбарига эргашишдадир: «Ким Аллоҳ ва унинг расулига итоат этса, уларни остларидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Улар у ерда мангу қоладилар. Бу буюк ютуқдир. Ким Аллоҳ ва унинг расулига осий бўлиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш жаҳаннамга киритади. Ва унинг учун хорловчи азоб бордир». (Нисо: 13,14)

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини яхши кўришни иймон ҳаловатига эришиш сабабларидан бири қилдилар: «Уч ҳислат бор. Улар кимда бўлса, у одам иймон ҳаловатини топади: «Аллоҳ ва расули унга бошқалардан кўра севимлироқ бўлса…» (Муттафақун алайҳ);

    «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, Мен сизлардан бирингизга отаси ва фарзандидан кўра севимлироқ бўлмагунимча, у одам (ҳақиқий) мўмин бўла олмайди» (Имом Муслим ривояти)

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти – покиза ҳаёт бўлиб, ундан ўрганамиз ва уни ҳаётимизга татбиқ этамиз.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962