Бизга боғланинг
Қарздан қутулиш дуоси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, ҳазрати Муҳаммад мустафога, у зотнинг аҳли хонадонлари, саҳобалари ва тобеинларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!
Мусулмон киши қарздор бўлиб қолса, қайси дуони ўқиши ва у дуонинг моҳияти ҳақида ушбу мақолада Аллоҳ таолонинг изни ила сўз юритамиз.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, унинг ҳузурига бир мукотаб қул[1] келиб: «Мен зиммамга юклатилган маблағни адо этишдан ожиз бўлиб қолдим, менга ёрдам берсангиз», деди. Али розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга таълим берган дуони сенга ўргатиб қўяйми? Елкангда «Сабир» тоғича[2] келадиган қарз бўлса ҳам Аллоҳ таоло уни зиммангдан адо этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Айтгин: «Аллоҳуммакфиний би ҳалаалика ан ҳаромика ва ағниний бифазлика амман сивак» (Ё Аллоҳ, ҳалолинг билан ҳаромингдан менга Ўзинг кифоя қилгин ва Ўз фазлинг билан мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат айлагин!)»[3].
Бу дуо мусулмон киши қарздор бўлиб, тўлашдан ожиз қолган пайтда ўқиши зарур бўлган буюк дуодир. Қарздор киши ихлос билан мазкур дуони ўқиса, қарзи ҳар қанча кўп бўлса ҳам, ҳадисда айтилгандек тоғ баравар бўлса ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи ундан қарзини адо этиб қўяди (яъни, қарзини адо этишида Ўзи мададкор бўлади). Зеро, ишларни енгил қилиб қўйиш Аллоҳ таолонинг қўлидадир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг хазинаси шу даражада беҳисобки, у сарфлаш билан камайиб қолмайди. У зотга илтижо этган кишига Ўзи кифоя қилади. Ким Ундан ёрдам сўраса, албатта ёрдам бериб, уни барча ишларида тўғри йўлга йўллаб қўяди.
Шунингдек, ҳадисда банда ўз зиммасига олган қарзидан ва қалбини машғул қилган ғаму ташвишлардан қутилишга ва ҳар доим бу дуони ўқиб юришга тарғиб қилиняпти.
«Ё Аллоҳ, ҳалолинг билан ҳаромингдан менга Ўзинг кифоя қилгин» деган иборага келсак, араб луғатида «фалончини бир нарса билан кифоялантирди» дегани «уни бир нарса билан бошқалардан беҳожат қилиб қўйди», деганидир. Демак, бу дуони ўқиган банда Аллоҳ таолодан ўзини ҳалол билан кифоялантириб, шу ҳалол билан ҳаромдан беҳожат қилиб қўйишини сўраётган бўлади.
«Ўз фазлинг билан мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат айлагин» дегани, «Менга ато этаётган неъматларинг ва ризқу рўзингни мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат этадиган сабаб қилиб қўйгин, натижада Сендан ўзгага муҳтож бўлмай ва Сендан бошқа бирон кимсага илтижо этмай», деганидир.
Демак, банда ишларини ёлғиз Аллоҳга топшириши, ёлғиз Ўзига суяниши, Ўзидангина ёрдам сўраши ва барча ишларда Ўзигагина таваккул қилиши лозим. Бундай инсон Аллоҳ таолонинг кафолатига сазовор бўлади. Ким Аллоҳ таолонинг кафолатида бўлса, шунинг ўзи етарли шарафдир!
Шунингдек, дуо қилиш билан бирга қарзни адо этиш учун меҳнат ва ҳаракат қилиши, уни тўлашга чин кўнгилдан азму қарор қилиши ва тўлашга имкон туғилиши билан кечиктирмай дарҳол тўлашга шошилиши зарур. Қарзни белгиланган вақтда бермай чўзиб юришдан сақланиш керак, зеро, бундай одам Аллоҳ таолонинг ёрдамидан мосуво бўлади. Қалби доимо олган қарзининг ғам-ташвиши билан банд бўлган, уни ўз вақтида адо этишга жиддий азм қилган бандага Аллоҳ таоло албатта Ўзи ёрдам беради ва қарзини ундан адо этиб қўяди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким одамларнинг молларини тўлаш ниятида (қарзга) олса, Аллоҳ таоло унинг зиммасидан Ўзи адо этиб қўяди (яъни адо этишида Аллоҳ ўзи мададкор бўлади). Ким зое қилиб юбориш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унинг ўзини зое қилади»[4].
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қарзини адо этишга сидқидилдан ният қилган бандага Аллоҳ таоло албатта ёрдам беради», дедилар»[5].
Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким қарздор бўлса ва Аллоҳ таоло унда қарзини тўлашга қатъий мақсад борлигини кўрса, албатта Аллоҳ унинг қарзини (охиратга қолдирмай) шу дунёдаёқ адо этиб қўяди»[6].
Банда азмида содиқ ва нияти холис бўлса, барча иш унга осон қилиб қўйилади. Аллоҳ таоло у кутмаган ва ўйламаган томондан енгиллик ва кенгчилик ато этади. Зеро, Аллоҳ Ўзига сидқидилдан таваккул қилган бандага ёрдам беради, унинг ишларини бароридан келтиради ҳамда қарзларини адо этишига ёлғиз Ўзи кафил бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Исроил қавмидан икки киши ўртасида бўлиб ўтган ажойиб воқеани ҳикоя қилиб берганлар. У зот бундай дедилар: «Бани Исроил қавмидан бир киши қавмдошидан минг динор қарз сўради. Шунда қарз берувчи: «Менга гувоҳлар олиб кел, бу ишга уларни гувоҳ қилай», деди. Қарз сўровчи: «Гувоҳликка Аллоҳ таоло кифоядир», деди. Қарз берувчи: «У ҳолда менга кафил келтир», деди. «Кафилликка Аллоҳ таоло кифоядир», деди қарздор. Қарз берувчи: «Тўғри айтасан», деди ва муайян муддатни белгилаб, унга минг динор қарз берди. Ҳалиги киши пулни олиб, денгиз орқали сафарга чиқди ва ишларини битирди (яъни тижорат, олди-сотди қилди). Белгиланган муддатгача қайтиб келишга ҳаракат қилди, аммо қайтишга кема тополмади. Шунда бир ходани олиб, ўртасини ғовак қилиб ўйди, кейин унга минг динорни солди ҳамда қарз берган биродари учун бир мактуб ёзиб жойлади. Сўнг ғовак оғзини маҳкам беркитиб, уни денгиз бўйига олиб келди ва бундай деди: «Эй Аллоҳ, Ўзингга маълумки, мен фалон кишидан минг динор қарз сўраганимда у мендан кафил келтиришимни талаб қилди, мен эса Аллоҳ таоло Ўзи кафилдир, дедим ва у Сенинг кафиллигингга рози бўлди. Мендан гувоҳ келтиришимни сўради, мен эса Аллоҳ Ўзи гувоҳдир, дедим ва у Сенинг гувоҳлигингга рози бўлди. Мен унинг ҳаққини ўз вақтида адо этиш учун кўп ҳаракат қилдим, аммо бирон кема топа олмадим. Энди мен буни Ўзингга омонат қиламан». Шундай дея ёғочни денгизга улоқтирди, у сув юзида озроқ қалқиб, кейин кўздан ғойиб бўлди. Киши ортига қайтиб, юртига кетиш учун кема қидира бошлади. Унга қарз берган киши сафардан қайтган бирор кема унинг молини олиб келмадимикин деган умидда денгиз бўйига чиқди. Шунда ўзига аталган динорлар солинган ёғочни тасодифан кўриб қолди ва ўтин қилиб ёқиш учун уйига олиб кетди. Ёғочни арралаган эди, ичидан пул ва мактуб чиқди. Озроқ муддатдан сўнг қарз олган киши сафардан қайтди. Кела солиб минг динорни қайтариш учун эгасига олиб келди ва бундай деди: «Пулингни сенга ўз вақтида келтириб бериш учун кўп ҳаракат қилдим, аммо ҳозир етиб келган мана бу кемадан эртароқ келадиган кемани топа олмадим». Қарз берувчи: «Менга нимадир жўнатган эдингми?» деб сўради. Қарздор: «Айтдим-ку, ҳозир етиб келган кемадан бошқасини топа олмадим», деди. Шунда қарз берган киши бундай деди: «Ёғоч ичида жўнатганларингни Аллоҳ таоло зое қилмай менга етказди ва қарзингни адо этди. Сен хотиржам ва хушнуд ҳолингда бу минг динорни олиб кетавер»[7].
Бизлар панд-насиҳат ва ибрат олишимиз ҳамда банда Аллоҳга чиройли илтижо қилиб, Унга сидқидилдан суянса, Аллоҳ таоло ўзининг комил қудрати ва ёрдами ила у бандага кифоя қилишини билишимиз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Исроил қавмида бўлиб ўтган бу ажойиб қиссани бизга ҳикоя қилиб бердилар. Аллоҳ таолонинг комил тавфиқи (муваффақият ато этиши)га қаранг! Мазкур пул солинган ёғоч ўз эгасининг қўлига тўппа-тўғри етиб келди. Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир ва барча нарсани билиб турувчи буюк Зотдир!
Мусулмон киши олган қарзига бепарво қарамаслиги, уни арзимас санамаслиги ҳамда ўз вақтида адо этишда сусткашлик қилмаслиги керак. Зеро, қарз масаласи жуда хатарлидир. Мўмин кишининг жони қарзига боғлаб қўйилади. Агар қарздор ҳолида вафот этса, қарзи адо этилмагунича ушлаб турилади. Бунга далолат қиладиган саҳиҳ ҳадислар кўп.
Саъд Атвал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Акам вафот этганида, ортидан 300 динор мерос ҳамда бу 300 динорга меросхўр бўлган ёш боласи қолди. Мен шу пулни унинг боласига сарфламоқчи бўлганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, аканг қарзи олдида ушланиб турибди, бориб аввал унинг қарзларини адо эт», дедилар. Акамнинг қарзларини адо этдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, «Икки динор даъво қилаётган бир аёлдан бошқа ҳеч ким қолмади, бироқ қўлида ҳеч қандай хат-ҳужжати йўқ», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга сўраганини бер, у ростгўй аёлдир», дедилар»[8].
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинга бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўминнинг жони зиммасидаги қарз адо этилгунига қадар унга муаллақ қилиб (осиб) қўйилади»[9]. Яъни унинг жони аросатда қолиб кетади.
Демак, мусулмон киши зиммасида қарзи бўлса, ўлим тўсатдан келиб қолишидан аввал зиммасидаги қарзини тўлашга шошилиши керак. Акс ҳолда, қарзи олдида маҳбус бўлиб, қарзи учун гаровда ушлаб қолинади (яъни, қарзи ўталмагунча қабрида хотиржам бўла олмайди).
Қарз балосига мубтало бўлмаган мўмин Аллоҳ таоло унга офият ато этгани учун У зотга ҳамду санолар айтсин. Зарурат бўлмаса, ҳаргиз бировдан қарз олмасин. Шунда жони қарз ташвишларидан ҳамда унинг ортидан келадиган дилхираликлардан роҳатда, ўзи эса шодлигу омонликда бўлади.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Роҳатда турган жонларингизни хатарга қўйманглар!» дедилар. Саҳобалар: «У қандай хатар, ё Расулуллоҳ?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У қарздир», дедилар»[10]. Яъни қарз олишга шошилманглар, акс ҳолда жонларингизни унинг ортидан келадиган хатарли оқибатга дучор қилиб қўясизлар, демоқчи бўлдилар.
Аллоҳ таоло барчамизни қарз балосидан асрасин, офият ва омонликда қилсин ва барча яхшиликларга йўлласин.
Абдураззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадрнинг «Фиқҳул адъияти вал-азкор» китобидан эркин таржима қилинди.
Таржимон: Аллоҳ йўлидаги биродарингиз Абу Муҳаммад.
[1] Мукотаб – муайян келишилган маблағ эвазига ўзини озод қилиш учун хожаси билан битим тузган қул.
[2] Макка ташқарисидаги бир тоғнинг номи.
[3] «Сунани Термизий», 3563-ҳадис.
[4] «Саҳиҳи Бухорий», 2387.
[5] «Муснади Аҳмад», 6/72.
[6] «Сунани Насоий», 7/315.
[7] «Саҳиҳи Бухорий», 2291.
[8] «Муснади Аҳмад», 4/136.
[9] «Муснади Аҳмад», 2/440.
[10] «Муснади Аҳмад», 4/146.