Бизга боғланинг
Қурбонлик нима?
- Қурбонликнинг таърифи: Қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун Қурбон ҳайити кунларида сўйиладиган жонлиқдир.
- Қурбонликнинг ҳукми: Қурбонлик қилиш ҳанафий уламолар наздида закот нисобидаги молга эга бўлган ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги вожиб амалдир. (Закотда молнинг нисобга етишидан ташқари, унинг тижорат моли бўлиши ва бир йил давомида камаймасдан туриши шарт қилинади, қурбонликда эса бу шартлар йўқ.) Баъзи олимлар инсоннинг моли нисобга етиш-етмаслигидан катъи назар, агар у қурбонлик қилишга қодир бўлса ва шу иш сабабли қийналиб қолмаса, унга бу амал таъкидли суннатдир, дейдилар. Айримлар қурбонлик қилишни хатто фарз ҳам деганлар. Бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига асосланади: «Раббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг» («Кавсар» сураси, 2-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким намоздан илгари жонлиқ сўйган бўлса, яна қайта сўйсин» (Муттафақун алайҳ). Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади: «Киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ўзи ва оила аъзолари номидан бир қўй қурбонлик қилар эди» (Термизий ривояти).
- Фазилати: Қурбонлик қилишнинг улуғ амал эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари гувоҳлик беради: «Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир» (Ибн Можа ва Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қурбонлик ўзи нима?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир«, деб жавоб бердилар. «Ундан бизга қандай ажр бор?» дейишганида эса, у зот: «Ҳар бир туки учун биттадан савоб берилади«, дедилар (Ибн Можа ва Термизий ривояти). Ҳадисларда бу дунёда қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда хозир бўлиб, эгасини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши айтилган.
- Ҳикмати: Қурбонлик қилишдаги ҳикматлар ҳақида гапирганимизда, улардан қуйидагиларни эслашимиз лозим:
а) Ислом шиорларини улуғлаш. Дин шиорларини ҳурмат қилиш ва улуғлаш иймон аломати бўлиб, бу иш туфайли Ислом мустаҳкамланади, мусулмонларнинг иймонлари зиёдалашади;
б) Бу амал орқали Аллоҳга якинлик ҳосил қилиш. Зеро, Аллоҳ таоло: «Раббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг«, (“Кавсар” сураси, 2-оят) деб буюрган;
в) Тавҳид аҳлининг имоми Иброҳим алайҳиссалом суннатларини тирилтириш. Аллоҳ таоло у зотга ўғиллари Исмоилни қурбонлик қилишни ваҳий қилди. Сўнг Исмоилнинг ўрнига бир қўчқорни эваз қилиб берди. У зот ўғиллари ўрнига ўша қўчқорни қурбонлик қилдилар. Аллоҳ деди: «Уни биз улкан қурбонлик эвазига алмаштириб олдик» («Саффот» сураси, 108-оят);
г) Ҳайит куни аҳлу оилага мўл-кўлчилик яратиб бериш ҳамда фақир ва мискинларга нисбатан меҳр-шафқат туйғуларини оммалаштириш;
д) Чорва ҳайвонларини бизга бўйсундириб қўйгани учун Аллоҳга шукрона бажо келтириш. Аллоҳ таоло деди: «Бас, ундан енглар ҳамда фақир ва ҳожатмандни ризқлантиринглар. Уни сизларга мана шундай бўйсундириб қўйдик, шоядки шукр қилсангизлар. Аллоҳга ҳаргиз унинг гўшти ҳам, қони ҳам етмас. Лекин Унга сизлар тарафингиздан бўлган тақво етур» («Хаж» сураси, 36-37-оятлар).
- Аҳкомлари:
а) Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг ёши. Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш қўй, эчки, мол ва туя каби ҳайвонлардан биронтасини сўйиш орқали амалга оширилади. Қурбонлик қилиш учун танланган қўй бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Буни араб тилида «жазаъ» дейдилар. Қўй совлиқ ёки қўчқор бўлиши мумкин. Қўчқор бўлиши афзал саналади. Маълумки, қўй 6 ойда бир ёшга тўлади. Шунинг учун уни олти ойда бир ёш деб эътибор қилинади. Қўйдан бошқа эчки, сигир ва туяларга келсак, уларнинг қурбонликка яроқли бўлиши учун «саний» бўлиши шарт қилинган. «Саний» мазкур ҳайвонларнинг ёшини белгилайдиган меъёр бўлиб, у эчкининг тўлик бир ёшга кириб, иккига қараб кетганидир. Сигирларда икки ёшга тўлиб учга ўтгани, туяда тўлиқ тўрт ёшга кириб бешинчи йилга ўтгани «саний» бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Сўйсангиз фақат «мусинна»ни сўйинглар. Агар бу сизларга оғирлик қилса, унда қўйдан «жазаъ» сўйинглар» (Муслим ривояти). Ҳадисни шарх қилган олимлар «мусинна» деганда чорва ҳайвонларнинг «саний»си тушунилади, дейдилар. Санийнинг нима эканини айтиб ўтдик. Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва молни етти киши шерик бўлиб қурбонлик қилиши мумкин.
б) Қурбонлик ҳайвонининг соғлом бўлиши. Қурбонликка аталган жонлиқ жисмонан ҳар қандай нуқсондан холи, ўзи соғ бўлиши керак. Ҳайвоннинг кўзи ғилай, оёғи чўлоқ ёки шохи тагидан синган, қулоғи тагидан бутунлай кесилган бўлса, у қурбонликка яроқли ҳисобланмайди. Шунингдек, бирор касаллик билан касалланган, жуда ҳам озиб кетган жониворларни қурбонлик қилиш ҳам жоиз эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жонлиқнинг тўрт тури қурбонликка яроқли эмас: ғилайи, касали маълуми, чўлоғи, ориғи» (Термизий ривояти).
в) Қурбонлик қилишда энг афзал саналадиган ҳайвон. Қурбонлик қилинаётган чорва ҳайвонларининг ичида энг афзали – икки кўзи атрофига ва оёқларига қора ранг аралашган шохли, семиз, оқ қўчқордир. Чунки мана шундай сифатли қўйни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрганлар ва қурбонлик қилганлар. Ойша онамиз айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шохли, семиз қўчқорни қурбонлик қилдилар» (Термизий ривояти).
- Қурбонлик вақти: Қурбонлик вақти ҳайит куни эрталаб ийд намозидан сўнг бошланади. Намоздан олдин қурбонлик қилиш ҳисобга ўтмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким намоздан илгари жонлиқ сўйса, фақат ўзи учун сўйган бўлади. Ким намоздан кейин сўйса, қурбонликни тўлиқ қилиб, мусулмонлар суннатига мувофиқ иш қилган бўлади«, деганлар (Бухорий ривояти). Ҳайитдан кейинги иккинчи, учинчи кунларга келсак, уларда ҳам қурбонлик қилиш мумкин. Лекин афзали ҳайит намози ўқилган биринчи кундир. Имом Абу Ҳанифа наздида биринчи, иккинчи ва учинчи кунларда қурбонлик қилиниши жоиз. Ҳайитнинг тўртинчи куни сўйилган ҳайвон қурбонлик ҳисобига кирмайди. Имом Шофеий тўртинчи кунни ҳам қурбонлик кунидан деб ҳисоблайди.
- Жонлиқ сўйишда мустаҳаб бўлган ишлар: Ҳайвонни сўяётганда уни қиблага қаратиб ётқизиш мустаҳабдир. Жонлиқка пичоқ тортаётган маҳал: «Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар«, дейилади ёки: «Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар, аллоҳумма ҳаза минка ва лака«, деб айтилади. Бунинг маъноси: «Аллоҳнинг номи билан сўяман. Аллоҳ буюкдир. Эй Аллоҳ, бу қурбонлик Сен тарафингдан ва Сенга аталгандир». Ҳайвон сўйишдаги зикрлар Куръоннинг ушбу ояти билан собит бўлган: «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсадан еманглар» («Анъом» сураси, 121-оят).
- Жонлиқ сўйишни бошқага топширишнинг жоизлиги: Мусулмон қурбонлигини бевосита ўзи бўғизламоғи мустаҳабдир. Уни ўз номидан бошқага сўйдирса ҳам жоиз бўлади. Бу борада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ.
- Қурбонлик гўштининг тақсимоти: Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиш мустаҳаб саналади. Бир қисмини ўзи аҳлу оиласи билан истеъмол қилади. Яна бир қисмини фақир, бева-бечораларга садақа қилади. Учинчи қисмини ёру биродарлари, қўни-қўшниларига ҳадя қилади. Бунга далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: «Ундан енглар, сақлаб қўйинглар ва садақа қилинглар» (Муттафақун алайҳ). Қурбонлик гўштини бутунлай садақа қилиб юбориш ҳам, ундан бирон бўлакни ҳадя қилмай, фақат ўзи ейиш ҳам жоиздир.
- Қурбонликни сўйган қассобнинг хаққи бошқа нарсадан берилиши керак: Қассобга хизмат ҳақи сифатида қурбонлик гўштидан берилмайди. Бунга далил шуки, Али разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллаху алайҳи ва саллам мени қурбонлик устида туриб, гўшти, териси ва жунларини садақа қилиб юборишимни ва қассобга қурбонликдан бирон нарса бермаслигимни буюрдилар». Сўнг бундай деди: «Биз қассобга ўзимиздан бирон нарса берар эдик» (Муттафақун алайҳ).
- Бутун бир оиладан биргина қўй кифоя қиладими?Оила бошлиғи ўзи ва оиласининг номидан битта қўй сўйса кифоя қилади. Абу Айюб разияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида киши ўзи ва оила аъзолари номидан битта қўй қурбонлик қилар эди» (Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
- Қурбонлик қилишни ният қилган одам нимадан четлашади?Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан ким Зулҳижжа ҳилолини кўрса ва қурбонлик қилмоқчи бўлса, то қурбонлик қилмагунича сочини ва тирноғини олишдан тийилсин» (Муслим ривояти). Уламолар мазкур ишларни қурбонлик қилувчи одам учун кучли макруҳ санайдилар.
- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутун уммат номидан қурбонлик қилганлари: Мусулмонлардан ким қурбонлик қилишдан ожиз бўлса, унга ҳам албатта қурбонлик қилувчилар савобидан тегади, иншааллоҳ. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўчқорни қурбонлик қилган пайтларида унинг бирини: «Эй Аллоҳим, бу мендан ва умматим ичида қурбонлик қилолмаганлардан«, деб сўйганлар (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Аллоҳ таолодан барчамизнинг дунё ва охиратимизни обод қилишини, молу дунёмизга барака ато этиб, ҳар йили ушбу хайрли амалда иштирок этишга муваффақ қилишини сўраймиз.
(“Мусулмон Ўзбекистон” веб сахифасидан олинди)