Бизга боғланинг
Рамазон мактуби
Холид ибн Абдуллоҳ Ҳаммудий
Исмоил Яъқуб таржимаси
Мусулмон биродарим, муслима опа-синглим!
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Меҳр ва муҳаббатга йўғрилган бу мактубни сизни Аллоҳ учун яхши кўрадиган қалб соҳибидан деб қабул қилгайсиз. Аллоҳ таоло барчамизни охират диёрида Ўзининг бепоён раҳмати остида жамласин!
Рамазон ойи кириб келиши муносабати ила ушбу насиҳатни сизга арзимас ҳадя сифатида йўлламоқдаман. Улар мўминларга манфаатли панд-насиҳат ва эслатмалар бўлса ажаб эмас. Сиз буни очиқ кўнгил билан қабул қиласиз ва ўз навбатида бизга ҳам насиҳат ва дуоларингизни йўллайсиз деган умиддаман. Аллоҳ сизни Ўз паноҳида асрасин ва қадамларингизни яхшилик йўли узра собит қилсин.
Биринчидан: Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан айрича хусусият ва фазилатлар билан хослаган. Жумладан:
1) Рўзадор оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушк ҳидидан хушбўйроқдир;
2) Рўзадор ҳаққига ифтор вақтига қадар фаришталар истиғфор айтиб турадилар;
3) Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойининг ҳар куни жаннатни зийнатларга буркайди, сўнг унга: «Солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан қутилиб, сенга келишларига оз қолди», дейди.
4) Бу ойда шайтонларнинг катталари занжирбанд қилинади;
5) Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, дўзах қопқалари бекитилади;
6) Бу ойда минг ойдан яхшироқ бўлган Қадр кечаси бор. Ким унинг савобидан маҳрум бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлибди.
7) Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорлар гуноҳлари мағфират қилинади.
8) Бу ойда Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан озод қилади. Бундай марҳамат бу муборак ойнинг ҳар бир кечасида мавжуддир.
Азиз биродарим! Муҳтарама синглим!
Шундай хусусият ва фазилатларга эга бўлган бу муборак ойни қандай кутиб олмоқдамиз?! Бепарволик, беҳуда ўйин-кулги, тунларни кўнгилочар жойларда ўтказиш билан эмасми?! Бундай бўлишидан Аллоҳнинг ўзи асрасин! Солиҳ кишилар бу ойни холис тавба билан, уни ғанимат билишга бўлган содиқ азму қарор билан, вақтларини солиҳ амаллар ила бойитиш билан кутиб олади, бу ойнинг ибодатини чиройли суратда адо этишга муваффақ айлашини Аллоҳдан сўрайди.
Иккинчидан: Рамазон ойида вожиблиги янада ортадиган солиҳ амаллар:
- Рўза
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, қилинган ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаригача мукофотланади, фақат рўза бундан мустасно. Аллоҳ таоло айтади: «У Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман. Зеро, рўзадор шаҳватини ва емоқ-ичмоғини Мен учун тарк қилади». Рўзадорнинг икки қувончи бор: бири ифтор маҳалида, иккинчиси Раббига йўлиққанида. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ ҳузурида мушкдан ҳам хушбўйроқдир»[1].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини унинг фарзлигига иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда тутган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади»[2].
Шубҳасиз, ушбу мўл-кўл ажру савоблар еб-ичишдан тийилган ҳар бир кишига бўлавермайди, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким ёлғонни, унга амал қилишни ва жаҳлни (бақир-чақирни) тарк қилмаса, емак-ичмагини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай кераги йўқ»[3].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза дўзахдан сақловчи қалқондир. Бирортангиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин, фосиқлик ва жаҳл қилмасин. Агар биров у билан урушса ё ҳақорат қилса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин»[4].
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, рўза тутган кишининг қулоғи ҳам, кўзи ҳам, бошқа аъзолари ҳам рўза тутиши лозим. Унинг рўза тутган куни билан тутмаган куни бир хил бўлиб қолмаслиги керак.
- Тунги намозларни адо этиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон кечаларида унинг фазилатига иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда намозда турган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади»[5].
Бу ниҳоятда муҳим танбеҳдир. Зеро, мусулмон киши таровеҳ намозларини жамоат билан охиригача ўқиши сабабли тунги намозда турувчилар сафидан ўрин олиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким имоми билан бирга то у намозни (таровеҳни) тугатгунича бирга турса, унга тун бўйи намозда турган кишининг ажри ёзилади»[6].
- Садақа
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашар ва у зот билан Қуръонни дарс қилишарди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез бўлиб кетар эди»[7].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир»[8].
Садақанинг турли кўринишлари бор. Жумладан:
а) Таом бериш:
Аллоҳ таоло айтади: «Солиҳ кишилар таомга муҳтож бўлатуриб, уни мискинга, етимга ва асирга едирадилар. Улар: «Сизларга бу таомни Аллоҳ учун бермоқдамиз, холос. Сизлардан бунинг эвазига бирор нарса истамаймиз. Биз ҳолатнинг оғирлигидан ва даҳшатнинг зўридан юзлар буришиб қоладиган ўта оғир кунда Раббимиздан қўрқамиз», деб айтадилар. Аллоҳ уларни у куннинг ёмонлигидан асради ва юзларига нур, дилларига сурур бахш этди. Сабр қилганлари сабабли Аллоҳ уларни жаннат ва ипак либослар билан мукофотлади» (Инсон, 8-12).
Солиҳ салафларимиз таом беришга ҳарис бўлишар, бу ишни анча-мунча ибодатдан муқаддам қўйишар эди. Таом бериш очларни тўйдириш бўладими, солиҳ биродарга таом едириш бўладими, фарқи йўқ. Бунда камбағал-мискинлик шарт қилинмаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мўмин оч-наҳор мўминга таом едирса, Аллоҳ таоло унга жаннат меваларидан едиради. Ким бир мўминнинг ташналигини қондирса, Аллоҳ таоло уни мушк билан муҳрланган май билан суғоради»[9].
Ҳасан Басрий, Ибн Муборак каби баъзи салафи солиҳлар ўзлари рўзадор бўлган ҳолларида биродарларига таом берар, уларни кутиб олиб, кузатиб, хизматларини қилар эдилар.
Абу Сувор Адавий айтади: «Бани Адий қабиласилик кишилар мана бу масжидда намоз ўқишар, улардан биронтаси ёлғиз ўзи таом емасди. Бирга овқатланадиган одам бўлса, ейишар, бўлмаса таомини масжидга олиб чиқиб, шу ерда одамлар билан бирга баҳам кўришарди».
Бир қанча ибодат ушбу таомлантириш ибодати ортидан келиб чиқади. Зеро, таом едириш билан мусулмон биродарлар ўртасида дўстлик ва меҳр-муҳаббат кучаяди ва киши шу орқали жаннатга сазовор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Иймонли бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз, бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча иймонли бўла олмайсиз»[10]. Шунингдек, таом едириш орқали солиҳлар суҳбатидан баҳраманд бўласиз. Сиз берган таомни еб, тоат-ибодатларга қувват ҳосил қилишгани боис сиз ҳам ажр қозонасиз.
б) Рўзадорларни ифтор қилдириш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор эга бўлганчалик савобга эга бўлади, бироқ бу билан рўзадорнинг савобидан заррача камайтирилмайди»[11].
- Қуръон тиловатига астойдил киришиш
Аллоҳ йўлидаги дўстим! Қуръонни тафаккур ва хушу билан тиловат қилишга ҳаракат қилинг. Салафи солиҳларимиз Аллоҳ азза ва жалланинг Каломидан кўп таъсирланишар эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Аллоҳ таолонинг «Эй мушриклар, сизлар бу Қуръоннинг рост ва тўғри эканидан ажабланасизларми?! Унинг устидан кулиб, масхара қиласизларми?! Ундаги таҳдидлардан қўрқиб йиғламайсизларми?!» (Нажм, 59, 60) ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларидаги супани маскан тутган фақир саҳобалар кўп йиғладилар, кўз ёшлари юзларини ювди. Уларнинг йиғиларини эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам йиғладилар, у зот билан қўшилиб биз ҳам йиғладик. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши дўзахга тушмайди», дедилар»[12].
- Қуёш чиққунча масжидда ўтириш
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқигач, кун чиққунча намоз ўқиган жойларида ўтирардилар»[13].
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнг кун чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнг икки ракаат намоз ўқиса, у учун ҳаж ва умранинг ажри тўла, тўла, тўла қилиб берилади»[14]. Модомики Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оддий кундаги одатлари шундай бўлса, Рамазонда ҳам шундай бўлганида шубҳа йўқ.
- Эътикоф (бир неча кун дунё ишларидан узилиб, ибодат билан масжидда ўтириш)
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирардилар, жон таслим қилган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар»[15].
- Рамазонда умра қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазонда қилинган умра (савоби) ҳажга тенгдир»[16].
- Қадр кечасини излаш
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз Қуръонни Қадр кечасида нозил қилдик. Эй Пайғамбар, Қадр кечаси нима эканини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 1-3).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Қадр кечасида бу кечанинг фазилатига иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда бедор бўлса, ўтмишда қилган гуноҳлари кечирилади»[17].
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр кечасини топиш учун ибодатда ғайрат кўрсатар ва асҳобларини ҳам шунга буюрар эдилар. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида аҳли оилаларини уйғотиб олар эдилар. У зот Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан излашга буюрганлар.
Ойша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қадр кечасини топсам, нима деб дуо қилай?» деб сўради. У зот дедилар: «Эй Аллоҳ! Сен афв этувчисан. Афв этишни яхши кўрасан. Шундай экан, мени афв этгин», дегин»[18].
- Зикр, дуо ва истиғфорни кўпайтириш
Мусулмон биродарим ва муслима опа-синглим!
Рамазоннинг кечалари ҳам, кундузлари ҳам ғоят фазилатли дамлардир. Уларни, айниқса дуолар ижобат бўладиган қуйидаги пайтларни кўп зикру дуо билан ғанимат билинг:
а) Оғиз очиш пайти. Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди.
б) Кечанинг охирги учдан бир қисми. Бу пайтда Раббимиз таборака ва таоло дунё осмонига тушиб: «Сўровчи борми, сўраганини бераман?! Истиғфор айтувчи борми, гуноҳларини мағфират қиламан?!» дейди.
в) Саҳар вақти кўп истиғфор айтиш. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳсин бандалар саҳар пайтида гуноҳлари учун Аллоҳга истиғфор айтар эдилар» (Зориёт, 18).
г) Жума куни дуолар ижобат бўладиган соатни топишга ҳаракат қилиш. Кўпчилик уламолар фикрича, бу вақт куннинг охирги соатларига (аср билан шом орасига) тўғри келади.
- Эҳтиёт бўлиш ва сақланиш лозим бўлган баъзи нотўғри ишлар
1) Кечани кундузга, кундузни эса кечага айлантириб олиш;
2) Уйқу сабабли намозларни қазо қилиш;
3) Ҳаддан ташқари кўп еб-ичиш ва исрофгарчиликка йўл қўйиш;
4) Автоуловни бошқаришда очлик таъсирида кўп асабийлашиш;
5) Вақтни беҳуда ўтказиш;
6) Саҳарликни эрта қилиб олиб, бомдод намозига ухлаб қолиш;
7) Ифтор пайти яқинлашганда автоуловни телбаларча тезлик билан ҳайдаш;
8) Таровеҳ намозини охиригача адо қилмаслик;
9) Ёш-яланглар кўча-кўй ва хиёбонларда тўпланиб, гуноҳ ишлар билан машғул бўлиши;
10) Иш пайти ҳамкасблар билан йиғилиб олиб, ғийбат ва миш-миш гаплар билан рўза савобига путур етказиш;
11) Аёллар кўп вақтларини ошхонада ўтказиши.
Мусулмон биродарим, муслима опа-синглим!
Фурсатни ғанимат билишга чақираман, деб гапим чўзилиб кетган бўлса, маъзур тутгайсиз.
Лекин сўзим охирида яна бир муҳим, ғоят муҳим нарсага диққатингизни қаратишни истардим. У ҳам бўлса, ИХЛОС – ибодатларни холис Аллоҳ учун адо этиш. Қанча-қанча рўзадорлар бўладики, рўзасидан топгани очлик ва ташналикдан бошқа нарса бўлмайди! Не-не тунларни ибодат билан ўтказадиган кишилар бўладики, уйқусизлик ва қийналишдан бошқа самарага эришмайди! Аллоҳ барчамизни шундай бўлиб қолишдан асрасин! Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ихлос масаласига қаттиқ аҳамият қаратган эдилар: «Рамазон рўзасини унинг фарзлигига иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади», «Рамазон кечаларида иймон билан, савоб умидида намозда турган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади»[19].
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барчамизга сўзимизу амалимизда, махфию ошкор ишларимизда ихлос ато этсин.
Эй яхшилар, олға босинг! Эй ёмонлар, доғда қолинг!
Мусулмон дўстим! Умр чекланган. Фурсатни ғанимат билинг. Ўтган йили биз билан бирга Рамазон рўзасини тутган қанча-қанча кишилар қани?! Ўтган йили биз билан бирга Рамазон кечаларида тунги ибодатларда қоим бўлган қанча-қанча танишларимиз қани бугун?! Айримларини ўлим орамиздан олиб кетди, айримлари эса бемор бўлиб, на рўзага, на тунги намозларга мадорлари бўлмай тўшакка михланиб қолдилар. Саломатлик неъматини ато этгани учун Аллоҳга шукрлар қилиб, ғанимат фурсатлар аро охират озуқасини ғамлаб олинг! Озуқаларнинг энг яхшиси тақводир.
Эй Парвардигор! Бизларни Рамазонга етказгин, унинг рўзаси ва тунги намозларига Ўзинг муваффақ айлагин, ибодатларимизни қабул этгин ва барчамизни дўзахдан озод этган бандаларинг қаторида қилгин! Омин!
[1] Бухорий ва Муслим ривояти.
[2] Бухорий ва Муслим ривояти.
[3] Бухорий ривояти.
[4] Абу Довуд ривояти.
[5] Бухорий ва Муслим ривояти.
[6] Сунан эгалари ривояти.
[7] Бухорий ва Муслим ривояти.
[8] Термизий ривояти.
[9] Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
[10] Имом Муслим ривояти.
[11] Имом Аҳмад ва Насоий ривояти, Албоний саҳиҳ деган.
[12] Байҳақий ривояти.
[13] Имом Муслим ривояти.
[14] Термизий ривояти, Албоний саҳиҳ деган.
[15] Имом Бухорий ривояти.
[16] Бухорий ва Муслим ривояти.
[17] Бухорий ва Муслим ривояти.
[18] Аҳмад ва Термизий ривояти.
[19] Бухорий ва Муслим ривояти.