Рамазоннинг тарихи, одоблари (3)

    Аллоҳ таоло айтганидек:

    {إِنَّ اللَّهَ لا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ}

    «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас.» (Нисо:48).

    Ҳадиси шарифда келадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    مَنْ شَهِدَ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ مُخْلِصًا مِنْ قَلْبِهِ دَخَلَ الْجَنَّةَ (رواه الطبراني عن معاذ بن جبل).

    «Ким чин кўнгилдан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган бўлса, жаннатга киради», дедилар. (Имом Табароний ривояти).

    Икки хил амал борки уларнинг мукофоти ўзининг мислича: битта ёмонликнинг жазоси, агар тавба қилмаган бўлса, битта гуноҳ. Битта яхшилик қилишга азм қилишнинг мукофоти, уни қилолмаган тақдирда, битта савоб. Агар қилса ўнта савоб.

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِذَا هَمَّ عَبْدِي بِحَسَنَةٍ وَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبْتُهَا لَهُ حَسَنَةً فَإِنْ عَمِلَهَا كَتَبْتُهَا عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ وَإِذَا هَمَّ بِسَيِّئَةٍ وَلَمْ يَعْمَلْهَا لَمْ أَكْتُبْهَا عَلَيْهِ فَإِنْ عَمِلَهَا كَتَبْتُهَا سَيِّئَةً وَاحِدَةً (رواه مسلم).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Аллоҳ таоло деди: «Агар бандам бир яхшиликни ният қилиб, кейин уни қилмаса, Мен унга битта савоб ёзаман. Агар қилса, ўнтадан етти юзтагача савоб ёзаман. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, уни қилмаса, унга ҳеч нарса ёзмайман. Агар ўша ёмонликни қилса, унга битта гуноҳ ёзаман.» (Имом Муслим ривояти).

    Энди Аллоҳ йўлида мол сарф қилишнинг мукофоти – ибодатдаги ихлосга қараб, ушбу амал эгаларининг рағбат ва ниятларига, Аллоҳ ҳузуридаги ажрга интилишларига қараб, Аллоҳга бўлган иймонларидан келиб чиқиб, ўзлари муҳтож бўлсалар-да, ўзгаларни ўзларидан муқаддам қўйишларига қараб юзларча марта ортиб бораверади. Чунки, муҳтожлик ва камбағаллик вақтида қилинган инфоқ бой-бадавлат ҳолда қилинган инфоқдан афзалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инфоқнинг афзали ҳақида сўзлар эканлар, камбағал одамнинг қийналиб қилган инфоқи соғлик пайти ва ёшлик даврида қилган инфоқидан афзалроқ экани ва бой бўлишни орзу қилиб, камбағалликдан қўрқиб турган кишининг инфоқини алоҳида таъкидлаганлар. Чунки, бундай инсон нафсининг бахиллигига ғолиб келган бўлади:

    {وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ}

    «Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар.» (Ҳашр:9).

    Чунки, инфоқ молнинг оз-кўплигига қараб эмас, кўнгилдаги ниятларга ва ҳис-туйғуларга қараб ўлчанади.

    عن أبي هريرة ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « سبق درهم مائة ألف » ، فقال رجل : وكيف ذاك يا رسول الله ، قال : « رجل له مال كثير أخذ من عرضه مائة ألف ، فتصدق بها ، ورجل ليس له إلا درهمان فأخذ أحدهما فتصدق به » (رواه ابن حبان).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир дирҳам юз минг дирҳамдан ўзиб кетди», дедилар. Шунда бир киши: «Қандай қилиб, ё Расулаллоҳ?» деб сўради. «Бир кишининг кўп моли бор, унинг бир чеккасидан юз минг олиб, садақа қилди. Яна бир кишининг бор-йўғи икки дирҳами бор, у ўшанинг бирини садақа қилди», дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти).

    Бу ерда бир дирҳамнинг юз минг дирҳамдан ортиқлиги унинг жинси яхшироқ бўлгани учун ёки қиймати ортиқ бўлгани учун эмас. Гарчи бу бир дирҳам сарфланаётган мол нисбатига олиб қаралганда юз мингдан бирга тўғри келса-да, бошқа тарафдан қаралганда иккидан бирни ташкил этади, яъни у эгасининг бор молининг тенг ярмидир. У шу бир дирҳамини инфоқ қилиш билан гўё бор мол-давлатининг тенг ярмини инфоқ қилган бўлди. Аммо юз минг сарф қилган инсоннинг қилган бу инфоқи унинг молининг арзимас бир бўлаги бўлиб, бу унинг молига ҳатто таъсир ҳам кўрсатмаган ва ҳатто молининг камайганини умуман ҳис қилмаган бўлиши ҳам мумкин.

    Қилинган бир яхши амалнинг етти юз баробар ва ҳатто юз минг баробаргача зиёда қилиниши ҳақидаги бу гаплар ҳар қандай яхши амал учун умумийдир.

    Аммо рўзанинг ажри буларнинг ҳаммасидан юқори ва у хоссатан Аллоҳ таолонинг мана бу ояти остига дохил:

    {إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ}

    «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари беҳисоб тўла-тўкис қилиб берилур.» (Зумар:10).

    وجاء عنه صلى الله عليه وسلم: «والصوم نصف الصبر». (رواه الترمذي).

    Ҳадиси шарифда айтилишича: «Рўза сабрнинг ярмидир.» (Имом Термизий ривояти).

    Энди рўзанинг манзилати бошқа ибодатларга нисбатан олий бўлишлиги ва уни Аллоҳ таоло Ўзига хослаб: «фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман» дейишлигининг сабаблари ҳақида.

    Аслида, мўмин кишининг барча амаллари Аллоҳ учун ва уларга бериладиган ажру савоблар ҳам ёлғиз Ул Зотнинг ўзи тарафидан бўлгани ҳолда, Аллоҳ таоло рўзани алоҳида хослаб, Ўзига изофа қилди. Бу хусусда уламолар томонидан турли фикрлар билдирилган.

    Баъзилар: Бу худди Аллоҳ таоло Каъбани Ўзига хослаб “Байтуллоҳ” деганига ўхшаган “изофаи ташриф”дир, дейдилар.

    Баъзилар айтади: Сабаби – рўзадорнинг устида Аллоҳдан бошқа кузатувчи йўқ, ҳадисда айтилганидек: «емоқ-ичмоғини Мен учун тарк қилади».

    Баъзилар айтади: Қиёмат куни одамларга бир-бирларидан ҳақлари олиб берилганда бошқа амалларидан қўлга киритган ажру савоблари кетиб қолиши мумкин, аммо рўзанинг ажри ўз эгасида қолади ва Аллоҳ таоло: «фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман», дейди.

    Баъзилар айтади: Рўзани Аллоҳ таоло Ўзига хослашининг сабаби шуки, рўзадор бу амали билан Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат – яъни, емаслик ва ичмаслик сифати билан безанади.

    Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулаллоҳ, мени бир ишга буюрингки, Аллоҳ у билан мени фойдалантирсин» деб сўраганида: «عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لا مِثْلَ لَهُ» «Рўзага маҳкам бўл, зеро унга тенглашадиган амал йўқ», деганлар. (Насоий ривояти).

    “Саҳиҳайн”да Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    إِنَّ فِي الْجَنَّةِ لَبَابًا يُدْعَى الرَّيَّانَ يُدْعَى لَهُ الصَّائِمُونَ فَمَنْ كَانَ مِنْ الصَّائِمِينَ دَخَلَهُ وَمَنْ دَخَلَهُ لَمْ يَظْمَأْ أَبَدًا (متفق عليه).

    «Жаннатнинг бир дарвозаси борки, унинг номи “Райён”дир. У дарвозадан рўзадорлар чақирилади. Ким рўзадорлардан бўлса, ундан киради. Ким ундан кирса, асло чанқамайди», дедилар.

    Рўзанинг Аллоҳ таоло ҳузурида тутган бу манзилати уни ҳар қандай нуқсонлардан асраб, муҳофаза қилган кишиларга насиб бўлади. Юқорида ўтган ҳадиси шарифда айтилганидек: «والصوم جُنة ما لم يخرقها» «Рўза қалқондир, модомики уни (ёлғон ёки ғийбат билан) тешиб қўймаса.»

    Рўза шахслар эътибори билан, ундаги одобларга қаттиқ риоя қилиш ва ихлос эътибори билан ҳам тафовутли бўлади. Рўза фақат емоқ-ичмоқдан тийилишгина эмас, балки ҳар қандай қайтарилган ишлардан тийилиш ҳамдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айрим рўза тутган одам бўладики, рўза тутиб очлик ва ташналикдан бошқа нарсага эга бўлмайди» деганлар. (Ибн Можа ривояти). Яъни, тили, кўзи, қулоғи, қалби ва умуман барча аъзоси рўза тутмас экан, унинг рўзаси очлик ва ташналикдан бошқа самара келтирмайди. Чунки, рўза аслида бутун баданнинг кун бўйи адо этадиган ибодатидир. Рўзадор тўла бир ой тонгдан шомгача нафси билан курашади. Рўзага қўшимча ҳар куни тунги намозни, рамазон сўнггида эса закотни адо этади. Шу билан бу муборак ой исломнинг учта рукни билан хосланди.

    عن ابن عباس قال : قال النبي صلى الله عليه وسلم : « إن الجنة لتزين من السنة إلى السنة لشهر رمضان ، وإن الحور العين لتتزين من السنة إلى السنة لشهر رمضان ، فإذا دخل شهر رمضان ، قالت الجنة : اللهم اجعل لنا في هذا الشهر من عبادك سكانا ، ويقلن الحور العين ، اللهم اجعل لنا في هذا الشهر من عبادك أزواجا » قال النبي صلى الله عليه وسلم : « فمن صان نفسه في شهر رمضان ، فلم يشرب فيه مسكرا ، ولم يرم فيه مؤمنا بالبهتان ، ولم يعمل فيه خطيئة ، زوجه الله كل ليلة مائة حوراء ، وبنى له قصرا في الجنة من ذهب وفضة وياقوت وزبرجد ، لو أن الدنيا جمعت فجعلت في ذلك القصر لم يكن فيه إلا كمربط عنز في الدنيا ، ومن شرب فيه مسكرا ورمى فيه مؤمنا ببهتان ، وعمل فيه خطيئة أحبط الله عمله سنة ، فاتقوا شهر رمضان ، فإنه شهر الله أن تفرطوا فيه فقد جعل لكم أحد عشر شهرا تنعمون فيها وتتلذذون ، وجعل لنفسه شهر رمضان فاحذروا شهر رمضان » (المعجم الأوسط للطبراني).

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Жаннат бир йил мобайнида Рамазон ойи учун зийнатланади. Ҳурлар бир йил мобайнида Рамазон ойи учун зийнатланади. Рамазон ойи киргач, жаннат: «Эй Роббим, бу ойда бандаларинг ичидан бизга кирувчиларни қилгин» деб дуо қилади. Ҳурлар: «Эй Роббимиз, бу ойда бандаларинг ичидан бизларга жуфтлар қилгин» деб дуо қиладилар. Ким Рамазон ойида нафсини (ҳаром-ҳаришдан) тийса, ҳаром ичкилик ичмаса, бирон мўминга бўҳтон қилмаса, бирон гуноҳга қўл урмаса, Аллоҳ уни ҳар кеча юзта ҳурга уйлантиради, унга жаннатда олтин, кумуш, ёқут ва забаржаддан қаср бино қилади. Агар дунёнинг ҳаммасини йиғиб шу қасрга жойланса, унинг ичида битта эчки боғланадиган жойни эгаллайди. Ким бу ойда маст қилувчи ичимлик ичса ва бирон мўминга бўҳтон қилса ва гуноҳ ишга қўл урса, Аллоҳ унинг бир йиллик амалини бекор қилади. Рамазон ойида сусткашлик қилишдан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг ойидир. Аллоҳ сизлар учун ўн бир ойни еб-ичиб, лаззатланадиган қилди, фақат шу Рамазон ойини ўзи учун қилди. Рамазон ойида ҳушёр бўлинглар!» (Табароний “Авсат”да келтирган).

    Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ойни риоя қилишга, унинг ҳаққини тўла ўташга муваффақ айласин ва Ўзининг жаннатларига дохил қилсин.

    Рўзанинг одоб ва аҳкомлари

    Ҳар бир улуғ амалнинг ҳаққини тўла адо этиш ва ажру савобига эришиш учун риоя қилиниши керак бўлган одоб ва аҳкомлари бўлгани каби рўзанинг ҳам ўзига хос одоб ва аҳкомлари бор. Юқорида унинг айрим одоблари, жумладан, рўзада барча аъзолар иштирок этиши лозимлиги, мусулмон киши Аллоҳ қайтарган нарсаларнинг ҳаммасидан ва ҳатто баъзи мубоҳ ишлардан ҳам тийилиши кераклиги ҳақида айтиб ўтилди.

    Рўзага доир ҳукмларни китоблардан, фиқҳ дарсликларидан топиш мумкин, савол-жавоб ва фатволар орқали ҳам билиб олса бўлади. Бироқ, бу ерда баъзи умумий ҳукмлар борки, рўзадорларга эслатиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Улар емоқ-ичмоқларига, гап-сўз ва иш-ҳаракатларига доир ҳукмлардир.

    Аллоҳнинг тоат-ибодатига ёрдам бўлиши учун Рамазонда ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилиш ушбу ҳукмлар жумласидан. Бу ўз навбатида инсонни ҳалол касбга одатланишига ва йил бўйи шубҳали нарсалардан тийилишига ёрдам беради, олди-сотди ишларида ўлчов-тарозида уриб қолмайдиган, алдамайдиган ва хиёнат қилмайдиган қилиб тарбиялайди. Аслида ҳалол таом доимо вожиб бўлса-да, Рамазонда унинг вожиблиги таъкидлироқдир. Чунки, рўзадор одам учун ҳалолдан тийилиб, ҳаромдан ризқланиши асло жоиз эмас.

    Ундан сўнг саҳарлик ва ифторлик борасидаги одоб ва аҳкомлар келади.

    Рамазондаги саҳарлик ушбу умматга хос бўлган хусусиятлардан. Ўтган умматларнинг рўзаларида саҳарлик таомига ижозат бўлмаган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    «فَصْلُ مَا بَيْنَ صِيَامِنَا وَصِيَامِ أَهْلِ الْكِتَابِ أَكْلَةُ السَّحَرِ» (رواه مسلم).

    «Бизнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзаси ўртасидаги фарқ саҳарлик тановул қилишдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти).

    Биздан аввалги умматлар рўзасида, шунингдек исломнинг илк даврида рўзадорга ухлаб қолган пайтидан ё хуфтон намозини ўқиганидан сўнг ейиш-ичиш ва жинсий алоқа ҳаром қилинган эди. Уйқу ёки намоздан қай бири ҳосил бўлиши билан мазкур ишларнинг ҳаромлиги ҳосил бўлар, хуфтон намозидан то эртаси кун ботгунга қадар рўза ҳолатида бўлинар, ифтор муддати бор-йўғи шом билан хуфтон оралиғида эди. Агар кун ботгач, хуфтондан илгари ухлаб қолган бўлса емоқ-ичмоқдан маҳрум қоларди.

    Бир куни бир киши даласидан уйига шомдан сўнг етиб келди. Аёли унга таом ҳозирлагунича кўзига уйқу ғолиб келиб, ухлаб қолди ва шу сабаб кечани оч ўтказишга мажбур бўлди. Эртасига шу ҳолида рўзасини давом эттириб, кун яримлаганда ҳолсизликдан ҳушидан кетиб қолди.

    Бошқа бир киши уйига кечроқ келганида аёли у келгунича ухлаб қолганини айтди, бироқ у аёлининг гапини бир баҳона деб гумон қилиб, у билан қўшилди. Сўнг ўзига хиёнат қилганини англаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб берди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғир ботди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

    {عَلِمَ اللَّهُ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَخْتَانُونَ أَنْفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنْكُمْ فَالآنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُوا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَكُمْ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّوا الصِّيَامَ إِلَى اللَّيْلِ}

    «Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётганларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарса (фарзанд)ни талаб қилингиз! Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара:187).

    Шу оят билан илгариги таъқиқ бекор бўлди, еб-ичиш ва аёллар ҳалол қилинди. Аслида тун бўйи еб-ичиш мумкин бўлса-да, бироқ хоссатан саҳарлик таоми тановул қилиш рўзанинг ажралмас қисми қилиб белгиланди. Бу Аллоҳ таоло тарафидан бизларга марҳамат қилиб берилган рухсат бўлгани боис саҳарликни имкон қадар охирги вақтигача кечиктириш афзал ҳисобланади. Саҳарлик хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган:

    تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السَّحُورِ بَرَكَةً (متفق عليه).

    «Саҳарлик қилингиз, зеро саҳарликда барака бордир.» (Муттафақун алайҳ).

    إِنَّهَا بَرَكَةٌ أَعْطَاكُمْ اللَّهُ إِيَّاهَا فَلَا تَدَعُوهُ (رواه النسائي).

    «Албатта бу (яъни, саҳарлик) Аллоҳнинг сизларга ато этган баракотидир, уни тарк қилмангиз!» (Насоий ривояти).

    اسْتَعِينُوا بِطَعَامِ السَّحَرِ عَلَى صِيَامِ النَّهَارِ وَبِالْقَيْلُولَةِ عَلَى قِيَامِ اللَّيْلِ (رواه ابن ماجه والحاكم وابن خزيمة).

    «Саҳарлик қилиш билан кундузнинг рўзасига, қайлула (кундузги уйқу) билан тунги намозга ёрдамланингиз.» (Ибн Можа, Ҳоким, Ибн Хузайма).

    Саҳарликни эрта тамомлашдан қайтариб, шундай деганлар:

    لَا تَزَالُ أُمَّتِي بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْإِفْطَارَ وَأَخَّرُوا السُّحُورَ (رواه أحمد).

    «Умматим модомики, ифторни тезлатиб, саҳарликни кечиктирар экан, яхшилик устида давом этаверади.» (Имом Аҳмад ривояти).

    Саҳарлик бир луқма таом ёки бир қултум сув билан бўлса-да ҳосил бўлади:

    السَّحُورُ أَكْلُهُ بَرَكَةٌ فَلَا تَدَعُوهُ وَلَوْ أَنْ يَجْرَعَ أَحَدُكُمْ جُرْعَةً مِنْ مَاءٍ فَإِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى الْمُتَسَحِّرِينَ (رواه أحمد).

    «Саҳарлик тановул қилиш баракадир, агарчи бир қултум сув ичиш билан бўлса-да уни тарк қилмангиз! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ва малоикалари саҳарлик қилувчиларга салавот-салом йўллаб турадилар.» (Имом Аҳмад ривояти).

    Салафларнинг саҳарликлари билан азон ўртасида эллик оят қироат қилиш миқдорида вақт бўларди. Бироқ, саҳарликни бомдодга бир неча лаҳза қолгунча ҳам давом эттириш мумкин.

    Ифторни эса тезлатиб, кун ботишигаёқ оғизни очиш лозим. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ (متفق عليه).

    «Одамлар модомики, ифторликни тезлатар эканлар, яхшилик устида давом этаверадилар», деганлар.

    Аниқроқ ишонч ҳосил қилиш мақсадида ифторни кечиктириш дуруст эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юлдузлар кўриниб қолгунча кечиктиришдан огоҳлантирганлар. Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда:

    «لا تزال أمتي على سنتي ما لم تنتظر بفطرها النجوم» (رواه ابن حبان).

    «Умматим модомики, юлдузлар кўрингунча ифторини кутиб турмас экан, менинг суннатимда давом этаверади», дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти).

    Анас розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир оз сув билан бўлса-да оғиз очмагунларича шом ўқиганларини кўрмадим», дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти).

    Нима билан оғиз очиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

    إِذَا أَفْطَرَ أَحَدُكُمْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى تَمْرٍ فَإِنَّهُ بَرَكَةٌ فَإِنْ لَمْ يَجِدْ تَمْرًا فَالْمَاءُ فَإِنَّهُ طَهُورٌ (رواه الترمذي).

    «Биронтангиз оғиз очса, хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир.» (Имом Термизий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч дона хурмо билан оғиз очганлари ёки ўт тегмаган нарса билан оғиз очганлари ҳақида ҳам ривоятлар келган.

    Оғиз очиш пайтида ўқиладиган махсус дуо ва зикрлар бор. Ҳадисларда рўзадор одамнинг оғиз очиш пайтдаги дуоси ижобат бўлиши айтилган.

    «اَللّهُمَّ إِنِّي لَكَ صُمْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ».

    «Аллоҳумма инний лака сумту ва ала ризқика афторту» (Эй Роббим, албатта мен Сен учун рўза тутдим ва Сенинг берган ризқинг билан ифтор қилдим) дуоси мазкур дуолардандир.

    Оғиз очишга шошилишнинг сири, банда ўзининг нақадар ожиз ва заиф эканини сездиришидир. Алллоҳнинг ноз-неъматларидан тийилиб тураркан, изн келганидан кейин ҳам яна ўзини тийиб туравериши бандага ярашмайдиган иш. Аксинча, ифтор вақтини интиқиб кутиши, Аллоҳнинг ўзига берган неъматини тановул қилишга хурсандлик билан шошилмоғи лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

    لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ يَفْرَحُهُمَا إِذَا أَفْطَرَ فَرِحَ وَإِذَا لَقِيَ رَبَّهُ فَرِحَ بِصَوْمِهِ (رواه البخاري).

    «Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: оғиз очган вақтида бир хурсанд бўлади, Роббига йўлиққан пайтида рўзаси сабабли иккинчи бор хурсанд бўлади.» (Имом Бухорий ривояти).

    Рўзадор киши бошқа бир рўзадорни ифтор қилдириши марғуб амаллардан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا (رواه الترمذي).

    «Ким бир рўзадорни ифтор қилдирса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, бироқ бу, рўзадорнинг ажридан ҳеч нарсани камайтирмайди», деганлар. (Имом Термизий ривояти).

    Саҳарлик билан ифтор оралиғида рўзадор рўзани бузиш эҳтимоли бўлган; таҳоратда бурунга қаттиқ сув тортиш, қон олдириш каби ишлардан тийилиши лозим бўлади.

    Шунингдек, ўзини мажбурлаб қусишдан сақланиш керак, чунки бу рўзани бузади. Аммо ихтиёрсиз равишда қусиш рўзани бузмайди.

    Шунингдек, ўз нафсини бошқара олишига ишонмаган одам аёлини қучиш, эркалатиш каби ишлардан тийилиши керак. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида аёлларидан бўса олардилар, қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра шаҳватини жиловлоқчироқ?!»

    Рўзадор одам кўп Қуръон ўқиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йили Рамазонда бир бор Қуръонни тўлиқ Жибрил алайҳис-салом назарларидан ўтказиб олардилар, охирги йили икки марта ўтказиб олганлар.

    Шунингдек, кўп садақотлар қилиши лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳис-салом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кeтардилар.» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

    Сўзимиз охирида Аллоҳдан бизларни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз.

    Ва соллаллоҳу ва саллама ва борака ала саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962