Ризқнинг зиёда бўлиши сабаблари (Давоми)

    5545 марта кўрилган

    Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид
    Ислом Нури таржимаси

    أسباب الزيادة في الرزق

    الشيخ محمد المنجد

    Ризқнинг зиёда бўлиши сабаблари

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Аллоҳга таваккул қилиш

    Аллоҳга таваккул қилиш, яъни, Аллоҳгагина суяниш ва ишни Аллоҳнинг ўзига топшириш, қалбни бандаларга боғламаслик ҳам ризқ зиёда бўлиши сабабларидан саналади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар» (Анкабут: 17) деб буюрди. Аллоҳга таваккул – қалбнинг халқларга боғланишдан фориғ бўлиши, ишни Аллоҳнинг Ўзига топшириш, мўл-кўлчиликни Аллоҳ ҳузуридан умид қилиш, ризқ сабабларини ўрнига келтирган ҳолда уни Аллоҳ даргоҳидан кутиш, демакдир.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи бўлганларингизда эди, эрталаб оч ҳолда чиқиб, кечқурун тўйиб қайтадиган қушлар ризқланганидек ризқланган бўлур эдингиз», деганлар (Термизий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3). Яъни, Аллоҳнинг Ўзи унга кифоя қилади, қарзини ўтайди, очлигини кетказади.

    Шубҳасиз, ризқ сабабларини ушлаш Аллоҳга таваккул қилишга зид келмайди, аксинча, у таваккул зимнига дохилдир. Акс ҳолда, таваккулнинг маъноси қолмас эди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан уйида ё масжидда ўтирган ва ҳеч бир иш қилмай, ризқим келишини кутаман, деган одам ҳақида сўралганда айтдиларки: «У ҳақиқий жоҳил экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ризқим найзам соясида қилинди», деганлар». Яъни, жиҳод қилиш учун аввал қанча-қанча тайёргарликлар қилинади, куч йиғилади, сабаблари қилинади, муносиб вақти кутилади, душманга рўбарў бўлинади, жонни хатарга қўйиб, жанг қилинади ва ҳоказо, ўлжалар қўлга кириб, ризққа эга бўлинади. Ризқ найза остида деган иборанинг маъноси шудир. Демак, ризқ келиши учун унинг сабабларини қилиш зарур экан. Имом Аҳмад сўзларида давом этиб, дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи бўлганларингизда эди, эрталаб оч ҳолда чиқиб, кечқурун тўйиб қайтадиган қушлар ризқланганидек ризқланган бўлур эдингиз», деганлар».

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туясини боғламасдан, Аллоҳга топшириш ҳақида сўраган кишига: «Туянгни боғлагин ва кейин таваккул қилгин», деганлар (Термизий ривояти).

    Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Таваккулнинг ҳақиқати – қалб ягона Аллоҳнинг Ўзига суянишлигидир. Сабабларни қилиш – модомики қалб уларга суяниб қолмаса – таваккулга зарар етказмайди. Шунингдек, тил билан «Аллоҳга таваккул қилдим» деб, қалб эса Ундан бошқага суянса, бу таваккулнинг фойдаси бўлмайди. Тил билан айтилган таваккул бошқа, қалбнинг таваккули бутунлай бошқа нарсадир. Киши қалби Аллоҳдан бошқага боғланиб туриб: «Аллоҳга таваккул қилдим», дейиши гўё бир гуноҳни қилишда давом эта туриб, тили билан «Аллоҳга тавба қилдим» дейишига ўхшайди» (Ал-фаваид: 94-б).

    Яна айтадилар: «Саҳиҳ ҳадисларда касалликни туширган Зот унинг давосини ҳам туширган экани айтилиб, даволанишга буюрилади. Очлик, ташналик, иссиқ ва совуқни уларнинг зидди билан даф қилиш таваккулга зид келмагани каби даволаниш ҳам унга зид келмайди. Аксинча, тавҳид ҳақиқати Аллоҳ ишлар учун белгилаб қўйган сабабларни бевосита қилиш билан барпо бўлади. Сабаблардан юз ўгириш таваккулга ва шу билан бирга ҳикматга ҳам зиддир» (Зодул-маъад: 4-15-с).

    Тақво

    Ризқ зиёда бўлиши сабабларидан яна бири тавқодир. Тақвога уламолар Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига тўла бўйсуниш, Унинг ғазаби ва азобидан сақланиш, деб таъриф берганлар. Бинобарин, ўз нафсини гуноҳлардан сақловчи ва шаръий вожибларни адо этувчи киши Аллоҳга тавқо қилувчи саналади. Тақвонинг ризқ зиёда бўлишига алоқаси борлигига қуйидаги оятлар далил бўлади: «Ким Аллоҳдан тақво қилса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3). Яъни, ким Аллоҳ буюрган ишларни қилса ва У қайтарган ишлардан тийилса, Аллоҳ унинг муаммоларига ечим пайдо қилади ва унга ўзи кутмаган томонидан ризқ ато этади. Бунга далил бўлувчи воқеа ва ҳодисалар ҳаётда жуда кўп. Бироқ, ибрат олиб, тақво қилувчи кишилар кам. Гуноҳларга қўл урадиган, қайтариқлардан ўзини тиймайдиган кишилар кўп. Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қарашади, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни эшитишади, Аллоҳ ҳаром қилган ишларга қадам қўйишади, кейин яна ризқлари танглигидан нолишади, иш тополмасликдан шикоят қилишади. Биз уларга айтамизки, Аллоҳдан тақво қилинглар, Аллоҳ сизларга ризқ йўлини очиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик» (Аъроф: 96).

    Эй Аллоҳнинг бандалари! Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилиш одамларга ризқ ҳосил бўлишига энг катта сабаблардан биридир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бунга далил бўлади: «Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар» (Моида: 66). Яъни, улар ўзларига самодан нозил қилинган нарсага – Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилганларида, Аллоҳнинг шариатини ҳаётларига татбиқ қилганларида ва уни ўзларига ҳакам қилганларида эди, осмондан ҳам, ердан ҳам ризқланган бўлар эдилар. Демак, шариатни ҳаётга татбиқ қилиш фаровонлик ва мўл-кўлчилик омилларидан бири экан.

    Истиғфор ва тавба

    Ҳалол ризқ зиёда бўлишининг энг катта сабабларидан бири истиғфор ва тавбадир. Истиғфор айтиш (Аллоҳга истиғфор айтаман – гуноҳларимни кечиришини сўрайман деб айтиш) ва гуноҳларга тавба қилиш Қуръон ва Суннатда кўп зикр қилинган улуғ ишлардан саналади. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом тилларидан зикр қилади: «Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).

    Уламолар ушбу оят тафсирида айтадиларки, агар Аллоҳга рост тавба қилсангиз ва чин дилдан истиғфор айтсангиз, Унинг тоатида давомли бўлсангиз, Аллоҳ таоло сизларнинг ризқингизни зиёда этади, самодан баракотлар ёғдиради, ердан баракотлар ундиради, экин-тикинларингиз ҳосили мўл бўлиб, чорваларингиз кўпаяди, мол-мулк ва бола-чақалар ато этади.

    Тавба ва истиғфор масаласи жуда катта масаладир. Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳузурларига қурғоқчиликдан шикоят қилиб келди. У зот уни истиғфор айтишга буюрдилар. Бошқа биров фақирликдан шикоят қилиб келган эди, унга ҳам истиғфор айт, дедилар. Яна бир киши келиб, дуо қилинг, Аллоҳ менга фарзанд ато этсин, деган эди, уни ҳам истиғфорга буюрдилар. Яна бир киши боғининг камҳосил бўлиб қолганидан шикоят қилганида уни ҳам истиғфор айтишга буюрдилар. Шунда у кишига айтилдики, одамлар сизнинг ҳузурингизга ҳар хил шикоятлар билан келди, сиз эса ҳаммасини бирдек, истиғфор айтишга буюрдингиз. Ҳасан Басрий жавоб бердиларки, мен ўзимдан бирон нарса айтмадим, Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида айтган сўзларни эслатдим: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).

    Эй Аллоҳнинг бандалари! Ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло албатта унинг ғамларига кушойиш беради, қийинчиликларини аритади, ўзи кутмаган томондан ризқлар ато этади.

    Кўпчилик одамлар тилда истиғфор айтишади, бироқ, диллари истиғфордан ғофил қолаверади. Айримлар тавба қилдим деб айтганлари ҳолда, ўша гуноҳда яна давом этаверади, гуноҳдан тийилганлари эса ўтган ишларига надомат қилмайди, аксинча, ўша гуноҳ ишларини ширин энтикиш билан эслаб, қанийди ўша кунларга яна қайтиб қолсам, деб орзу қилади. Бундай одамларнинг истиғфори тил учида, тавбаси ёлғондир. Баъзи одамлар гуноҳларга кўмилиб юрса ҳам ризқлари кенг-мўл бўлишига сабаб – Аллоҳ таоло уларни гуноҳлари яна-да зиёда бўлиб, жазоси ҳам шунга яраша бўлиши учун қўйиб берган бўлади.

    Аллоҳ таолодан умрларимизни Унинг тоати узра узайттиришини, ризқларимизни кенг-мўл қилиб, уларни бизга Ўзининг тоати учун мадад қилишини сўрайман.

    Ушбу сўзларни айтар эканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳга истиғфор айтаман, сизлар ҳам У Зотга истиғфор айтингиз, У тавбаларни қабул қилувчи, раҳмли Зотдир.

    Иккинчи хутба

    Ризқ зиёда бўлишининг ношаръий сабаблари

    Бизларга ато этган инъом-эҳсонлари учун Аллоҳга ҳамду санолар, берган тавфиқ-у марҳаматлари учун шукрлар бўлсин.

    Гувоҳлик бераманки, бир ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, ризқ фақат Унинг тарафидан келур. «Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур» (Ҳуд: 6). Осмонлар-у ерни яратишдан олдин ризқларни ёзиб қўйгандир, ҳар бир одам фарзандининг ризқини ҳали туғилмасидан битиб қўйгандир.

    Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли асҳобига ҳамда то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

    Аллоҳнинг бандалари! Юқорида айтганларимиз ризқ талаб қилишнинг баъзи шаръий сабаблари эди.

    Ризқ талаб қилишнинг ношаръий сабаблари ҳам борми?

    Ҳа, бор. Бўлганда ҳам жуда кўп. Тирикчиликнинг ҳаром йўллари кўпайиб кетгани замонамиз инсонлари бошига битган бало бўлди, десак адашмаган бўламиз. Қаёққа қараманг, ҳаром йўлларга дуч келасиз, ҳалол-пок йўлларни топишга қийналасиз. Лекин, «Ким Аллоҳдан тақво қилса, У зот унинг учун чиқар йўлни қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).

    Ҳаром йўл билан ризқ топиш йўллари кўп; ўғирлик, судхўрлик, босқинчилик, порахўрлик, пул эвазига бировларнинг ўртасига тушиб, ишини битириб бериш каби. Яъни, масалан, беш минг берсанг, мансабингни кўтартириб бераман, ёки яхши иш топиб бераман, ёки ўғлингни (қизингни, келинингни ва ҳоказо) олийгоҳга киритиб қўяман, олийгоҳни битирган бўлса, яхшироқ ишга жойлашишга ёрдам бераман ва ҳоказо.. Бундай қилиш шаръан мумкин бўлмаган ишдир. Чунки, бунинг ортидан жуда кўп қобилиятли ва лаёқатли кишилар эгаллашлари керак бўлган иш ўринларига ноқобил кимсалар эга чиқишади ва ҳақдор кишиларга зулм қилган бўлишади.

    Баъзилар судхўрликка аралашишади, фойиз эвазига қарз олиб, айрим лойиҳаларни амалга оширишади, кейин бу ҳаром ва ботил ишларини оқлаш учун «Биз ҳам фойда кўрдик, мамлакат ҳам фойда кўрди» дейишади. Биз айтамизки, йўқ, бу ишинг фойда эмас, аксинча, бараканинг кетишига, хароб ва вайроналик келишига сабабдир. Гарчи пул-молнинг сони ва миқдори кўпайган бўлса ҳам, аслида саҳиҳ ҳадисда келганидек: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати албатта озайишга қайтади» (Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Ризқ талаб қилишнинг ҳаром ва ношаръий йўлларидан бири кейинги пайтларда янги пайдо бўлган ва ҳозирда анча кенг ривожланиб бораётган «тармоқли маркетинг» ёки «молиявий пирамида» деб аталган иш бўлиб, у асосан алдов ва фириб асосига қурилгани учун кўп уламолар томонидан ҳаром деб эълон қилинган.

    Бу каби ишлар одамларнинг молларини ботил йўл билан ейиш ва ўзгалар мулкига нисбатан зулм бўлгани учун уламолар уни одамлар ўтасини бузадиган шайтоний амаллардан санаб, Аллоҳ таолонинг мана бу сўзлари остига киради дейдилар: «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида: 90).

    Эй Аллоҳнинг бандалари, ризқнинг ҳаром ва ношаръий йўлларидан узоқ бўлингиз, шубҳалардан ўзингизни тоза-пок тутингиз. Аллоҳдан тақво қилингиз, молларингизни ҳаромдан сақлангиз.

    Аллоҳ таолодан ҳар биримизни ҳалолдан касб-кор қилишга ва ризқимизни ҳалолдан топишга муваффақ қилишини сўраймиз.

    Эй Аллоҳим, фақир-мискинларга ризқ йўлларини очгин.

    Эй Аллоҳим, бизларни бировлар қўлига қарам бўлиб қолишдан ва бандаларингга муҳтож бўлиб қолишдан Ўзинг сақлагин.

    Эй Аллоҳим, бизларни Ўзингга таваккул қилувчилардан ва Сенга қайтувчилардан қилгин, барчамизнинг гуноҳларимизни кечиргин.

    Барча ҳамду санолар оламлар Парвардигори Аллоҳга хосдир.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963