Руҳлар ҳам бир-бирлари билан кўришадими?

    Савол:

    Ассаламу алайкум ва роматуллоҳи ва барокатуҳ.

    Руҳлар тўғрисида ва арвоҳларни жасадга, қабрда қайтиб келиб вақти-вақти билан кўришлари тўғрисидаги ривоятлар ҳақида аниқ китоб ва суннат асосида жавоб берсангиз?! Мен ўзим бир масжидда имомлик қиламан, илмим ўта кўп бўлмагани учун, сизларга эҳтиёжим бор, илтимос ишларимизда ҳамкорлик қилайлик.

    Жавоб:

    Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ аммо баъд…

    Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу ҳурматли биродаримиз, Аллоҳ таоло сизни бундай улуғ вазифа билан мукаррам қилган экан, сиз бунинг шукрини қилинг ва бу омонатни лойиқ суратда адо этишга ҳаракат қилинг. Бу ишда Аллоҳ сизга ёрдамчи бўлишини дуо қиламиз.

    Бизнинг бу саҳифани очишдан мақсадимиз диний ишларда ва бутун яхшиликларда ҳамкорлик қилишдир. Хатингизда сўраган саволингизга келсак;

    Барзах ҳаёти умуман бошқа бир ҳаёт бўлиб ундаги ҳолатлар бизнинг дунёдаги ҳаётимизга ўхшамайди. Ҳар бир инсон вафот этгач унинг руҳи баданини тарк этади. Кабрга қўйилгандан кейинги руҳнинг бадан билан алоқаси, бизга номаълум. Бироқ, биз иймон келтирамизки бадан билан руҳ ҳамиша боғлиқ. Мўъмин учун роҳат, кофир учун азоб баданига ҳам руҳига ҳам бўлади. Мўъминларнинг руҳи Иллиййинда кофирларнинг руҳи эса Сижжийнда туради. Руҳлар у ерда бўлса ҳам баданлари билан доимий алоқада бўлади. Бу алоқа биз ҳозир айтиб ўтганимиздек ғайб ишларидан бўлгани боис, биз уни билиб англай олмаймиз. Алоқаси доимий бўлиши билан бирга руҳ Аллоҳ хоҳлаган пайтда баданга яшин тезлигида келиб яна қайтиб кетиши мумкин.

    Руҳларнинг кўришишларига Оли Имрон сурасининг 170- оятида Аллоҳ таоло шаҳидлар ҳақида берган хабари уларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ортларидан келганларга ва етиб келмаганларга ҳушхабар беришларига далолат қилади. Аммо суннатда бу ҳақда бир неча ҳадис ворид бўлган, уларни Ибнул Қоййим Ибн Абид-Дунёдан нақл қилиб «ар-Руҳ» китобида келтирган. Биз қуйида ўша ҳадисларнинг маъноларига ишора қилиб ўтамиз.

    «вақти-вақти билан кўришлари» дебсиз буни тушунмадик. Агар сиз руҳларнинг бир-бирлари билан кўришишларини назарда тутган бўлсангиз, уларнинг неъматдагилари бир бирлари билан кўришиб ҳол-аҳвол сўраб туришади. Ҳатто янги бир вафот этган кишининг руҳи келса улар дунёдаги фалончи-пистончилар ҳақида ҳам сўрашади. У уларга бунинг хабарини беради ва ҳоказо. Гоҳида у фалончи ўлиб кетган деса, улар: шундайми, демак уни «Ҳовия» (дўзаҳнинг номи) га олиб кетилибдида, дейишади. Аммо азобдагиларини азоб ҳол-аҳвол сўрашдан машғул қилиб қўяди.

    «арвоҳларни жасадга, қабрда қайтиб келиб вақти-вақти билан кўришлари» дебсиз, юқорида зикри ўтган кўришиш фақат руҳлар ўртасида бўлади, жасадлар тез кунда чириб кетади, кўришиш учун руҳнинг баданга қайтиши шарт эмас.

    Бу ҳақда кенг маълумот олиш учун имом ибнул Қоййимнинг «ар-Руҳ» номли китобига мурожаат қилинг.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962