Шафоатнинг турлари

    Савол:

    Мен шафоат Аллоҳ учун хос, уни фақат Унинг ўзидан сўралади, деб эшитаман. Бошқалар эса, Аллоҳ шафоатни Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва солиҳ дўстларига берган, улардан ҳам сўрасак бўлаверади, дейдилар. Шу сўзларнинг қайси бири тўғри эканин далиллар билан исботлаб айтиб берсангиз.

    Жавоб:

    Шафоат – луғатда “ўртага тушиш”, “ҳимоя қилиш” маъносини билдириб, кимгадир фойда келтириш, ёки зарарни даф қилишни англатади.

    Шаръий истилоҳда (атамашуносликда) эса шафоат икки қисмга бўлинади:

    1. Охиратда, қиёмат куни бўладиган шафоат.

    2. Дунёда дунёвий ишларда бўладиган шафоат.

    Охиратдаги шафоатнинг ўзи икки турга бўлинади:

    1. Хос шафоат – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ўзларига тегишли бўлиб, унга бошқа бирон киши шерик бўлмайди.

    Бу шафоатнинг ўзи яна бир неча қисмдан иборат:

    1) Шафоатул-узмо – Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваъда қилган мақталган мақом бўлиб, Бу ҳақда қуйидаги оятда зикр қилинган:

    »وَمِنْ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَى أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا«

    “Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Роббингиз сизни (қиёмат кунида) мақтовли мақомда тирилтирур”. (“Исро” сураси, 79).

    Бу шафоатнинг моҳияти қиёмат кунида Аллоҳ бандалари ўртасида ҳисоб-китоб қилишни кечиктирган, маҳшар майдонида тўпланганлар узоқ кутганидан ғам-қайғуга тушиб, тоқат қила олмай қолган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг барчаси учун шафоатчи бўлишларидир. Чунки, одамлар ўша куни бу шафоатни талаб қилиб қайси пайғамбарнинг олдига борсалар у: “Бу менинг мақомим эмас”, деб уларни ўзидан кейинги пайғамбарнинг олдига йўллайди. Охирида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишади ва у кишининг шафоатидан сўнг Аллоҳ бандалари орасида ҳисоб-китоб қилади. Мана шу шафоатул-узмо – буюк шафоат бўлиб, саҳиҳ ҳадисларда ҳам унга далил бор.

    Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Қиёмат куни одамлар тўп-тўп бўлиб қолишади. Ҳар бир уммат ўз пайғамбарининг ортидан эргашиб: “Эй фалончи, (бизни) шафоат қилинг”, деб айтади. Охирида шафоат қилиш талаби Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб тўхтайди. Бу – Аллоҳ у кишини мақталган мақомда тирилтирадиган кундир”. Бухорий (4718).

    2) Жаннат аҳлига жаннатга киришлари учун қилинадиган шафоат.

    Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат куни жаннат эшигининг олдига келиб, уни очишни сўрайман. Қўриқчиси: “Сен кимсан?” – дейди. “Муҳаммадман”, дейман. У: “Эшикни сенга очишга буюрилдим, сендан олдин ҳеч кимга очмайман”, дейди”. Муслим (197/374).

    Яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен жаннатга кириш учун шафоат қиладиган биринчи кишиман”, деб айтганлар. Муслим (196/373).

    3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибнинг ҳаққига қиладиган шафоатлари.

    Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида амакилари Абу Толиб зикр қилинди. Шунда у киши: “Шоядки, қиёмат куни унга менинг шафоатим фойда берса. У дўзахнинг саёз (юқорироқ) жойига қўйилади, (олов) икки тўпиғига етиб, бундан мияси қайнаб туради”, дедилар”. Бухорий (3885), Муслим (210/401).

    4) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан бир қисми жаннатга ҳисоб-китобсиз кириши учун шафоат қиладилар.

    Бу шафоат турини баъзи олимлар зикр қилиб, унга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган узун ҳадисни далил сифатида келтирганлар. Ҳадиснинг охири шундай: “Сўнгра: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар. Сўра, истаганинг берилади, шафоат қил, шафоатинг қабул этилади”, дейилади. Бошимни кўтариб: “Эй Раббим, умматим! Эй Раббим, умматим!” – дейман. Шунда: “Эй Муҳаммад, умматингдан ҳисоб қилинмайдиганларини жаннат эшикларининг ўнг томонидаги эшикдан кирит. Улар бундан бошқа эшикларда одамлар билан шерикдир”, дейилади”. Бухорий (4712), Муслим (194/368).

    2. Умумий шафоат – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда ҳам, фаришталар, бошқа пайғамбарлар ва солиҳ кишиларда ҳам мавжуд бўлган ҳақ.

    Бу шафоат тури ҳам бир неча қисмларга бўлинади:

    1) Дўзахга тушган инсонларни ундан чиқариш учун қилинадиган шафоат.

    Бу турдаги шафоатнинг далилллари кўп. Шулардан бири:

    Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан биронтангиз Қиёмат куни мўминлар Аллоҳдан дўзахда қолган ўз биродарларининг ҳаққини талаб қилганидек Аллоҳга қаттиқ илтижо қила олмайди. Улар (ўзлари нажот топиб, биродарлари азобда қолганини кўргач): “Эй Раббимиз, улар биз билан бирга рўза тутар, намоз ўқир, ҳаж қилар эдилар”, дейишади. Уларга: “Боринглар, кимни танисанглар, уни чиқаринглар”, дейилади ва уларнинг юзи (бадани дўзах оловига) ҳаром қилинади. Улар кўпчиликни чиқаришади…

    Кейин Аллоҳ азза ва жалла: “Фаришталар, пайғамбарлар, мўминлар шафоат қилишди. Раҳмлиларнинг раҳмлисигина қолди”, дейди-да, дўзахдан бир сиқим олади ва ҳеч ҳам яхшилик қилмаган қавмларни ундан чиқаради”. Муслим (183/343).

    2) Дўзахга тушишга ҳақли бўлган кишиларни унга кирмасларидан олдин шафоат қилиниши.

    Бунинг далили Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирон мусулмон вафот этиб, унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши қатнашса, Аллоҳ уларни унга шафоатчи қилади”, деб айтдилар”. Муслим (948/2087).

    Бу шафоат дўзахга киришдан олдин бўлади, Аллоҳ жанозада қатнашган, Унга ширк келтирмаган кишиларни маййит учун шафоатчи қилади.

    3) Жаннатга киришга ҳақли бўлган мўминларнинг у ердаги даражалари ва мақомлари янада зиёда бўлиши учун шафоат қилиниши.

    Бунга мисол Умму Салама онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Салама розияллоҳу анҳунинг ҳаққига қилган дуолари: “Эй Аллоҳ, Абу Саламани мағфират қил. Ҳидоят топганлар ичидаги даражасини кўтар. Ортида қолганларга ўринбосар бўл. Эй оламлар Робби, бизни ва уни мағфират қил. Унга қабрини кенг оч ва нурли қил”. Муслим (920/2014).

    Шафоат амалга ошиши учун бир нечта шартлар топилиши керак:

    1. Шафоат қилинувчидан Аллоҳ рози бўлиши. Бунга далил:

    »وَلَا يَشْفَعُونَ إِلَّا لِمَنِ ارْتَضَىٰ«

    “Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар”. (“Анбиё” сураси, 28-оят).

    Бу шарт шафоат қилинувчи тавҳид аҳлидан бўлишини лозим қилади. Чунки Аллоҳ мушриклардан рози бўлмайди.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Эй Расулуллоҳ, қиёмат куни шафоатингизга сазовор бўладиган бахтиёр киши ким?” – деб сўралди (яъни, Абу Ҳурайранинг ўзи шу саволни берди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Абу Ҳурайра, ҳадисга бўлган иштиёқингни кўрганим учун бу ҳақда сендан олдин ҳеч ким сўрамаса керак, деб ўйлагандим. Қиёмат куни шафоатимга сазовор бўладиган бахтиёр киши қалбидан ёки нафсидан (ич-ичидан) ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ (“Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ”), деб айтган кишидир”. Бухорий (99).

    2. Шафоат қилувчи шафоат қилиши учун Аллоҳнинг изни, рухсати бўлиши:

    »مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِندَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ«

    “Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас”. (“Бақара” сураси, 255-оят).

    3. Шафоат қилувчидан Аллоҳ рози бўлиши:

    »وَكَم مِّن مَّلَكٍ فِي السَّمَاوَاتِ لَا تُغْنِي شَفَاعَتُهُمْ شَيْئًا إِلَّا مِن بَعْدِ أَن يَأْذَنَ اللَّـهُ لِمَن يَشَاءُ وَيَرْضَىٰ«

    “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган, рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (“Нажм” сураси, 26-оят).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ноҳақ лаънат айтувчилар қиёмат куни шафоатчи бўла олмаслигини баён қилганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деяётганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ноҳақ лаънатловчилар қиёмат куни гувоҳ ҳам, шафоатчи ҳам бўлмайдилар”. Муслим (2598/6507).

    Шайх Муҳаммад Солиҳ Ал-Мунажжид.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962