Шерикликка тааллуқли ҳукмлар ва шериклик турлари ҳақидаги боб

    Шериклик, яъни ширкатлар мавзусига доир аҳкомларни яхши ўрганиш лозим. Чунки, ҳаётда бу жуда кўп ишлатилади, тижорат ва бошқа ишларда шериклик қилиш одамлар ўртасида кенг тарқалган ишлардан бўлиб, у билан молларни ўстириб-кўпайтириш, улардан фойда олиш ва ўзаро билим-тажриба алмашиш орқали манфаатлар ҳосил бўлишига ҳамкорлик қилиш вужудга келади.

    Тижорат ва бошқа ишларда шериклик қилишнинг жоизлигига Қуръон ва Суннатдан далиллар келган.

    Аллоҳ таоло айтади: «Дарвоқеъ, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар» (Сод: 24). Яъни, шериклардан мурод – тижорат ишларидаги шериклардир.

    Ояти карима шерикликнинг жоизлигига ва шериклар бир-бирига зулм қилишлари мумкин эмаслигига далил бўлади.

    Шерикликнинг жоизлигига Суннатдан далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: «Аллоҳ таоло деди: «Модомики, икки шерикнинг бири иккинчисига хиёнат қилмас экан, Мен уларнинг учинчисиман (яъни, уларни асраб, ишларини юргизиб, тижоратларига барака ато этиб тураман), агар бирови хиёнат қилса, Мен уларга шерикликдан чиқаман» (Абу Довуд (3383) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Ҳадисда шерикликнинг машруълигига далил ва хиёнат аралашмаган шерикликка ундаш бор. Чунки, бунда ўзаро ҳамкорлик вужудга келади. «Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади» (Муслим (2699) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Шериклик учун молини ҳалолдан топган кишини танлаш, молига ҳаром ва шубҳа аралашган кишидан узоқлашиш лозим бўлади.

    Мусулмон кишининг кофир билан шериклиги шу шарт билан жоизки, кофир молнинг тасарруфини ёлғиз ўзи бошқармасин, балки мусулмон кишининг назорати остида бўлсин. Чунки, ўзига қолса, у рибо ва бошқа ҳаром муомалотларга қўл уриб қўйиши мумкин.

    Шериклик икки қисмга бўлинади: мулклардаги шериклик ва ақд-битимлардаги шериклик.

    Мулклардаги шериклик – ҳақдор бўлишдаги шерикликдир, кўчмас мулкка эга бўлишда, корхонага эга бўлишда, автоуловларга эга бўлишда шериклик каби.

    Ақд-битимлардаги шериклик – тасарруфдаги шерикликдир, олди-сотдида, ижарада ва бошқалардаги шериклик каби. Ушбу шериклик мол ва иш билан бўлиши мумкин, молсиз иш-амалнинг ўзи билан бўлиши мумкин. Бу беш турлидир:

    1. Шериклик мол ва иш-амалда бўлиши. Бу турли шерикликка инан ширкати
      дейилади.
    2. Бир тарафдан мол, иккинчи тарафдан иш-амал билан бўлган шериклик. Буни
      музораба дейилади.
    3. Молсиз, фақат зиммага олиш билан бўлган шериклик. Буни вужуҳ ширкати
      дейилади.
    4. Баданлари билан касб қиладиган нарсалардаги шериклик. Буни абдон
      (баданлар) ширкати дейилади.
    5. Юқорида ўтган барча нарсалардаги шериклик, яъни, бири иккинчисига молиявий
      ва баданий тасарруфларнинг ҳаммасини топшириб қўйиши. Бу шериклик инан,
      музораба, вужуҳ ва бадан шерикликларининг ҳаммасини ўз ичига олади ва муфоваза
      ширкати деб аталади.

    Юқорида шерикликлар ҳақида умумий маълумотлар берилди. Энди уларнинг ҳар бири
    ҳақида алоҳида сўз юритилади.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963