Бизга боғланинг
Шуайб алайҳиссаломнинг қиссаси
1 — Ўтган қиссаларга бир назар
Азиз болалар, сиз Иброҳим, Юсуф, Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ алайҳимуссалом қиссаларини ўқиб чиқдингиз. Бундан ташқари, Мусонинг ҳам узун ва муфассал қиссасини ўқидингиз. Сизлар бу қиссаларни шавқу рағбат билан ўқиб чиқдингиз. У қиссалар сизнинг қалбингизга энг севимли қиссалар қаторида ўрнашди, уларни қалбларингиз қабул қилиб, тилларингиз равон сўзлайдиган бўлди. Одамлар сизларнинг бу қиссаларни кичик укаларингиз, ота-оналарингиз ва акаларингизга мароқ ва ҳаяжон билан айтиб бераётганингизга гувоҳ бўлмоқдалар.
2— Ҳақиқат ва ботил ўртасидаги кураш қиссаси
Шубҳасиз, у қиссалар шавқли ва таъсирли эди. Чунки у қиссалар — ҳақиқат билан ботил, илм билан жаҳолат, нур билан зулмат, инсонийлик билан ваҳшийлик, ишонч билан иккиланиш ва гумон билан тахмин ўртасидаги қиссалар эди.
Бундан ташқари, у қиссалар ҳақиқатнинг ботил, илмнинг жаҳолат, заифнинг кучли, ознинг кўпчилик устидан ғалаба қилишининг қиссалари эди. У қиссалар илм, ҳикмат, насиҳат ва ибратларга тўла эди. «Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир) (Юсуф: 111).— деб айтган Аллоҳ, ҳаққи ростни сўзлагандир.
Биз сизларга айтиб берган қиссаларимиз Аллоҳ таоло Қуръон Каримда ҳикоя қилган пайғамбарлар қиссаларининг барчаси эмасдир. Қуръон Каримда булардан бошқа қиссалар ҳам бор.
3— Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик)
Қуръон Каримда Аллоҳ таоло Мадянга ва Айка асҳобларига юборган Шуайб алайҳиссаломнинг қиссаси бор. Мадян ва Айка асҳоблари Қизил денгиз соҳилида жойлашган бўлишиб Яман ва Шом, Ироқ ва Миср ўртасида катта савдогарчилик билан шуғулланар эдилар.
Улар, ҳар бир замондаги пайғамбарларнинг умматлари каби, Аллоҳ таолога бошқани шерик қилар эдилар. Улар бундан ташқари, тарози ва ўлчовда “уриб” қолишар, қароқчилик қилишар, карвонларга ҳужумлар уюштириб, ҳисоб бериш ва жазоланишдан қўрқмайдиган кучлилар ва бойлар каби Ер юзида бузғунчилик қилишарди.
Аллоҳ таоло пайғамбари Шуайбни даъват қилиши, огоҳлантириши ва: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва ўлчов ва тарозидан уриб қолманглар. Мен сизларнинг яхшиликда (яъни тўкин-сочинликда) эканлигингизни кўриб турибман. Мен (агар иймон келтирмасангизлар) сизларнинг устингизга ўраб олувчи Кун — Қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман». «Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва Ерда бузғунчилик қилиб юрмангиз!» (Ҳуд: 84,85) — деб айтиши учун уларга юборди.
4— Шуайбнинг даъвати
Шуайб уларга содда тилда гапирар ва қалбларига ўрнашган мол-мулк ва дунё жамғариш ҳирсини йўқотишга тиришар ва шундай дер эди:
Тарози ва ўлчовни тўла қилиб ўлчагандан кейин топган фойдангиз сиз учун одамларнинг молларини зулм ва хиёнат билан олишингиздан кўра яхшироқдир. Агар бойиган одамларнинг ва ўзингизнинг ҳаётингизга назар ташласангиз, ўлчовлардан уриш, хиёнат қилиш ва бахиллик билан топилган дунёнинг оқибати зоелик, бузилиш, бекордан йўқ бўлиб кетиш бўлганини биласиз: у моллар ё ўғирланган, ё Аллоҳ рози бўлмайдиган ўринларга сарф қилинган, ё талон-тарож қилинган, ё Аллоҳ таоло уни исроф қиладиган ва йўқотиб юборадиган бошқа бир одамнинг қўлига тушириб қўйган. Озгина фойдали нарса, кўпгина фойдасиз нарсадан яхшироқдир: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас.» (Моида: 100)
Сизларга қилаётган насиҳатим самимийдир. Мен сизларга текширувчи қилиб юборилган эмасман, Аллоҳгина сизларни текшириб туради Шуайб мулойимлик, илм ва ҳикмат ила:
«Агар мўмин бўлсангизлар (ҳаром—ҳариш йўллар билан бой-бадавлат бўлгандан кўра) Аллоҳ қолдирган (ҳалол) нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда текширувчи эмасман». — деди.
5— Раҳмдил ота ва доно муаллим
Шуайб уларга меҳрибон ота ва доно муаллим каби хилма-хил хитоб ва турфа насиҳатлар қилиб, шундай дер эди:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Роббингиз тарафидан ҳужжат (яъни дин) келди. Ўлчов ва тарозини комил қилиб (тортинглар) ва одамларнинг ҳақларидан уриб қолманглар ҳамда Ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда (кофирлик билан) бузғунчилик қилиб юрманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир. Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга иймон келтирган зотларни Унинг йўлидан тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирмангиз! Озчилик (яъни куч-қувватсиз, ночор) бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини (яъни куч-қудратли, азиз қилганини) эсланг ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг.»
6— Қавмининг жавоби
Қавми ичидаги зукко одамлар бу даъватни изоҳламоқчи бўлдилар ва худди сирни очгандек, ёки муаммони ҳал қилгандек, телбаларча ва масхараомуз қилиб дедилар:
«Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан ва ҳалийм ва рашид (тўғри йўлни топиб олган) кишисанда!» (Ҳуд: 87)
7— Шуайб даъватини шарҳлайди
Шуайб уларга нисбатан мулойим муомалада бўлди: уларга қаттиққўллик ҳам, ғазаб ҳам қилмади. Балки, узоқ сукунат ва уларнинг бузуқ ахлоқлари ва ситамли ҳаракатларига қарши бўлмай юриб, кейинчалик бундай даъватга уни мажбур қилган нарса, Аллоҳ таолонинг унга пайғамбарликни, ваҳийни бериши, қалбини кенг қилиши ва нур ато етиши эканини уларга тушунтирди.
Мени бунга ҳасад мажбур қилмади. Зотан, Аллоҳ таоло мени бундай нарсалардан беҳожат қилди ва менга пок ва ҳалол нарсалари ризқ қилиб берди. Мен бу нарсалар билан бахтиёр, хотиржам ҳамда Аллоҳ таолога қалбим ва тилим билан шукрона айтаман.
Шуайб бир ишни қилиб, қавмини ундан қайтармас, уларни бир ишдан ман қилиб ўзи ўша ишни қилмас эди. У одамларни яхшиликка буюриб, ўзларини унутадиган, қилмайдиган нарсаларини гапирадиган одамлардан эмас эди. Балки, у қавмининг ислоҳи, бахт-саодати ва бошлари узра айланиб юрган азобдан қутқармоқчи эди. У бу марҳаматларнинг барчаси Аллоҳдан экани ва Унгагина суянажагини баён қилиб шундай деди:
«Эй қавмим, хабар берингизчи, агар мен Роббим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керакми?!) Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалолни ҳаромга аралаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. (Бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўламан. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қиламан». (Ҳуд: 88)
8— Сен айтаётган нарсаларнинг кўпини тушунмаяпмиз
Қавм Шуайбнинг сўзларини тушунмасликка олди. Гўё Шуайб уларга ажнабий тилда гапираётгандек эди. Ҳолбуки, у қавми билан юртдош ва бир миллатдан эди. Гўё Шуайб уларга очиқ, тушунарли қилиб гапирмаётган эди. Ҳолбуки, у қавмнинг энг чечани эди. Одамларга насиҳат ва талаб қилинган иш оғирлик қилса, улар шундай ҳолатга тушиб қоладилар.
9— Шуайб қавмидан ҳайратланди
Қавм Шуайбнинг танҳолиги ва заифлигини сабаб қилдилар. Агар унинг қариндошлари ва яқинлари бўлмаса эди, уни тошбўрон қилиб ўлдириб, ундан қутулишар эди. Шуайб бу ишлардан ҳайратланди ва Азиз, Кучли, Ғолиб ва Қудратли Аллоҳ таоло уларга касаллик, ожизлик, заифлик ва ҳалокатга мубтало бўладиган қариндошлардан кўра қадрсизроқ бўлишидан таажжубланди.
Улар айтдилар: «Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англай олмаяпмиз ва орамиздаги ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида албатта сени тошбўрон қилган бўлардик. Сен бизлар учун азиз — мўътабар киши эмассан». У айтди: «Эй қавмим, менинг қавму қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У зотга орқа ўгириб олдингиз? (Яъни сизлар менинг қавму қариндошимни эмас, балки Аллоҳни ҳурмат қилишингиз лозим эмасми?) Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб — иҳота қилиб турувчидир» (Ҳуд: 91,92)
10— Сўнгги ўқ
Қавм ҳужжатлари қолмаганидан сўнг ҳар бир умматнинг ичидаги мутакаббирлар пайғамбарлари ва унинг издошларига отадиган сўнгги ўқни отдилар: «(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: «Эй Шуайб, ё сени ва сен билан бирга иймон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз, ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар», дейишди. (Аъроф: 88)
11— Қатъий ҳужжат
Шуайбнинг жавоби дини билан фахрланадиган, эътиқоди ва виждонига ҳамиятли бўлган одамнинг жавоби бўлди:
У айтди: «Агар (динингизни) ёмон кўрсак ҳам-а? Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку? (Яъни аслида бўлмаган нарсаларни Аллоҳга шерик қилган бўламиз-ку?) Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар Парвардигоримиз — Аллоҳ (бизни йўлдан оздиришни) хоҳласагина (қайтишимиз мумкин). Парвардигоримизнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик (суяндик). Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидирсан». (Аъроф: 88, 89)
12— Қавм аввалгиларнинг сўзларини айтдилар
Бу ҳам қавмга фойда бермади. Балки, улар аввалгилар каби дедилар:
«Ҳеч шак-шубҳасиз сен сеҳрланган — ақлдан озган кимсалардансан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан деб гумон қиламиз. Агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!» (Шуаро: 185-187)
13— Пайғамбарининг сўзларини рад этган қавмнинг оқибати
Оқибат — пайғамбарларини рад етган ва Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилган барча умматларнинг оқибати каби бўлди.
«Уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар). Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар аниқ зиён кўрувчи бўлдилар. (Аъроф: 91,92)
14— Рисолатни етказди ва омонатни адо етди
Шуайб ҳам бошқа пайғамбарлар каби Аллоҳнинг рисолатини етказди, омонатни адо этди ва ҳужжатни барпо қилди:
Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, (ўзича) деди: «Эй қавмим, мана, мен Роббимнинг динини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди шунча ваъз-насиҳатлардан кейин ҳам кофир (бўлган) қавмга қандай қайғурурман? (Аъроф: 91,92)