Шукр ҳақида

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    «Қасамки, неъматларимга шукр қилсангиз, албатта уларни янада зиёда қиламан» (Иброҳим, 7).

    Бандаларига беҳисоб неъматлар ато этиб, улардан шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилган буюк Парвардигоримизга ҳамду санолар айтамиз, берган неъматлари учун У зотга кўпдан-кўп шукрлар бажо келтирамиз. У буюк Зотнинг неъматлари шукрини кўп ибодат қилиш билан адо этган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли хонадони, саҳобалари ҳамда тобеинларига салавоту саломлар йўллаймиз.

    Шукр ўзи нима?

    Шукрнинг луғавий маъноси: «Қилинган яхшиликни эътироф этиб, уни овоза қилишдир»[1]. Бошқа ўринда бундай дейилади: «Қилинган яхшиликни эътироф этиб, яхшилик қилувчига ҳамду санолар айтиш, ташаккурлар изҳор этиш, миннатдорлик билдириш. Масалан, «Фалончи Аллоҳга, Унинг неъматларига шукр қилди», дейилади, яъни Унинг берган неъматларини эътироф этиб, Унга ҳамду санолар айтди, шукроналар билдирди»[2].

    Мўътабар уламоларимиздан Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ шукрнинг ҳақиқатига шундай таъриф берган: «Ҳайвон ем еб семирса, унинг танасида емнинг асорати зоҳир бўлса, араблар: «Шакарот доббатун» (ҳайвон шукр қилди), дейишади. Шунга кўра, банда тили билан Аллоҳ таолога ҳамду сано ва зикрлар айтиши, қалби билан У зотни яхши кўриши, тана аъзолари билан У зотга тоат-ибодат қилиши унда Аллоҳ таолонинг ҳисобсиз неъматлари асорати зоҳир бўлишидир»[3].

    Шукрнинг амалий кўриниши

    Аллоҳ таоло айтади: «Эй Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилинглар!» (Сабаъ, 13).

    Аллоҳ таоло бу ояти каримада Довуд алайҳиссалом хонадонига Ўзи ато этган неъматларини эслатганидан сўнг: «Эй Довуд хонадони, бу неъматлар учун шукр айтинглар» демади, балки: «Бу неъматларнинг шукронаси учун амал-ибодат қилинглар» дея амр этди. Демак, қачон Аллоҳ таолонинг буйруқлари бажарилса, ҳақиқий, комил шукр вужудга келади. Намоз охирида ёки таомланиб бўлгандан кейин қуруқ тил билан «Аллоҳга шукр» дейишнинг ўзи шукрни адо этиш учун кифоя қилмайди ва бундай шукр асло комил шукр ҳисобланмайди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқий шукр қандай бўлишини амалда кўрсатганлари

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунлари таҳажжуд намозида узоқ тик турганларидан икки қадамлари қавариб, ёрилиб кетганини кўрган Ойша розияллоҳу анҳо у зотнинг ибодатда бу қадар жидду жаҳд қилишларидан ажабланиб: «Шу даражада қаттиқ ибодат қиласизми, ваҳоланки, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечирган бўлса?!» дейди. Шунда у зот: «Аллоҳга кўп шукр қилувчи банда бўлмайинми?!» деб жавоб берадилар[4].

    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу жавобларидан маълум бўладики, у зот шукр қилиш қуруқ тил билан ҳамду сано айтишнинг ўзи билангина эмас, балки неъматлар ато этган Аллоҳни рози қилувчи амалларни бажариш билан рўёбга чиқади, дея тушунганлар ва асҳобларига ҳам шундай таълим берганлар.

    Аллоҳ таоло деди: «Раббингизнинг сизга берган неъматлари ҳақида сўзланг» (Зуҳо, 11).

    Ушбу ояти каримадаги «неъматлар ҳақида сўзлаш»дан мурод шуки, банда Аллоҳ таоло менга фалон-фалон неъматларни ато этди деб, У буюк зотнинг инъом этган неъматларини ёдга олиб, у ҳақида кишиларга хабар беришидир. Бу оятнинг бир маъноси. Яна бир маъноси эса, одамларни Аллоҳ таолонинг динига даъват қилиш, уларга рисолатни етказиш ва умматга таълим беришдир. Мазкур икки маъно ҳам мақсадга мувофиқдир[5].

    Демак, юқорида айтилганлардан маълум бўладики, инсон залолат домида адашиб, жоҳил бўлиб юрган кунларини эслаб, Аллоҳ таоло уни жаҳолат ва гуноҳ зулматидан иймон ва ибодат нурига чиқарганини ёд этиб, ушбу ҳидоят неъмати ҳақида сўзлаши лозим. Бинобарин, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ўз қўли билан хурмодан ясаган бутини еганини эслаб ва жаҳолат инсониятни шу қадар тубанлаштирганини ўйлаб, ўша даврдаги бу каби нодонликлардан ажабланиб кулар эди. Шунингдек, мусулмон кишини Аллоҳ таоло бой қилиб қўйса, у камбағал бўлиб юрган кунларини эслаб, бошидан кечирган машаққатларни доимо ёд этиб, Аллоҳ таоло бундай фақирлик ва қийинчиликлардан сўнг унга ато этган неъматларини эътироф этиб, ўзгаларга ушбу неъматлар ҳақида сўзлаши ва шу йўл орқали одамларни Аллоҳ таолонинг динига даъват этиши лозим бўлади.

    Умумий ва хос шукр

    Юқорида ўтган сўзлардан маълум бўладики, шукр икки хил бўлади: умумий ва хос шукр. Кийим, таом, мол-дунё, соғлик, мансаб ва шулар каби бу дунёга тааллуқли неъматларга шукр қилиш умумий шукрдир. Хос шукр эса, иймон, тавҳид, ҳидоят ва ибодатга муваффақ бўлиш, солиҳа аёл, солиҳ фарзандларга эришиш ва шулар каби охиратга тааллуқли бўлган неъматларга шукр қилишдир.

    Афсуски, бугун кўпчилик умумий шукрни адо этиб, хос шукрдан кўпинча ғафлатда қоладилар. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни шукрнинг икки турини тўла-тўкис адо этишга муваффақ айласин!

    Шукрнинг асослари

    Бу мавзуни Имом Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ чиройли баён қилган. Қуйида унинг бу ҳақда айтганларини мухтасар шаклда келтирамиз:

    Банданинг шукр қилиши уч асосга таяниши шарт. Яъни банда шу уч асосга кўра шукр қилсагина ҳақиқий шокирлардан ҳисобланади.

    1. Ўзига ато этилган неъматлар Аллоҳ таоло тарафидан эканини эътироф этиши.

    «Аллоҳнинг неъматларини эътироф этиш» деганда банда бу неъматларга ўз кучи, ақл-идроки билан эришганини даъво қилмай, уларни Аллоҳ таоло ўз марҳаматидан ато этганини эътиқод қилиши тушунилади. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло Қорунни ҳовлиси билан қўшиб ерга юттириб юборгани каби уни ҳам ерга юттириб юборишидан қўрқиши керак.

    1. Банда бу неъматларни ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиши.

    Банда неъмат ато этувчи Зот Аллоҳ таоло эканини тан олсагина Унга ҳамду санолар айтишга муваффақ бўлади.

    1. Банда бу неъматлардан Аллоҳ таолонинг розилиги йўлидагина фойдаланиши.

    Бу неъматлар Аллоҳ таоло тарафидан эканини эътироф этиб, Унга ҳамду санолар айтаётган бандагина улардан Ўзининг розилиги йўлида фойдалана олади.

    Демак, қачон биз шукрни мазкур уч асосга кўра адо этсак, албатта Аллоҳ таоло бизга ўз неъматларини зиёда қилиб беради. Аллоҳ таоло айтади: «Қасамки, неъматларимга шукр қилсангиз, албатта Мен сизларга ўз фазли-карамим билан неъматларни янада зиёда қиламан» (Иброҳим, 7).

    Хулоса

    Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, фаришталарни унга сажда қилишга буюрди. Фаришталар сажда қилдилар. Фақат асли жинлардан бўлиб, фаришталар мақомига етган Иблис — шайтонгина кибр қилди ва Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортди.

    У Аллоҳ таолонинг буйруғини бажармагани сабабли дўзахга маҳкум этилди, лаънатланди, эришган олий мақомидан маҳрум бўлди ва ерга қувғин қилинди. У ушбу хорликка дучор бўлишига Одам алайҳиссаломни сабабчи деб билди ва қиёматга қадар Одам ва унинг зурриётига нисбатан адовати ҳақида эълон қилди. Уларни ўзи билан дўзахга киритиш учун то қиёмат жидду жаҳд қилишини айтди: «Мени адаштирганинг сабабли энди мен Одам болаларини Сенинг тўғри йўлингдан оздиришга тиришаман. Кейин мен албатта уларга олдларидан ва орқаларидан, ўнг ва чап тарафларидан келаман. Улардан кўплари неъматларингга шукр қилувчи бўлмайди» (Аъроф, 16, 17)

    Азиз биродар! Бу оятлар маъносини чуқурроқ мулоҳаза қилсак, Иблис кўпчилигимиз эътиборга олмаган бир ҳақиқатни — Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмаслик шайтоннинг тузоғига илиниб, у билан бирга дўзахга киришга сабаб бўлишини очиқ-ойдин баён қилганини англаймиз.

    Аллоҳ таоло бизларга ато этган иймон, ҳидоят ва ибодат каби охиратга оид неъматларнинг, шунингдек, соғлик, таом, либос, уй-жой, обрў-эътибор каби дунёвий неъматларнинг шукрини ҳақиқий адо этсак, Аллоҳ таоло Ўзи ваъда қилганидек, бизга бу неъматларини янада кўпайтириб, зиёда қилиб беради.

    Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзининг неъматларини таниб, уларнинг шукрини адо этишга муваффақ қилсин!

    [1] Қаранг: «Ал-қомус ал-муҳит».
    [2] Қаранг: «Ал-мунжид фил-луға».
    [3] «Уддатус собирин»; «Мадорижус соликин».
    [4] Бухорий (4836) ва Муслим (2819) ривояти.
    [5] Қаранг: Ибн Қаййим, «Мадорижус соликин».

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962