Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар (2)

    Муаллиф: Абдурроҳман Раъфат Боша
    Камолиддин Иноятуллоҳ ўғли таржимаси
    Муҳаррир: Абу Закария ал-Маданий

    Амал қилувчи олим

    “Солим ибн Абдуллоҳ даврида зоҳидлик, фазилат ва яшаш тарзида бирон киши саҳобаларга унингдекўхшамасди”. (Имом Молик)

    Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ўғиллари кўп бўлган, лекин уларнинг ичида Абдуллоҳ ибн Умар отасига қуйиб қўйгандек ўхшар эди. Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғиллари отасиникидан ҳам ўтиб кетди. Уларнинг ичида отасига энг ўхшаши Солим эди.

    Келинглар, Умар Форуқнинг набираси, хулқ-атворда, дин ва салобатда, ҳайъат ва юриш-туришда унга энг ўхшаши бўлган Солим ибн Абдуллоҳнинг ҳаёти ва фаолиятига бир назар ташлайлик.

    Солим ибн Абдуллоҳ Мадинаи Мунавварада туғилиб, ана шу пок ерда ҳаёт кечирди. Ўша кезлари Мадина аввалда мисли кўрилмаган тўкин-сочинлик ва тараққиётда эди. Унга ҳар тарафдан ноз-неъматлар оқиб келар, Умавий халифалар уни имкон қадар гуллатиб яшнатишга ҳаракат қилар эдилар. Бироқ, Солим ибн Абдуллоҳ бошқалардан фарқли ўлароқ дунё матоларига эътибор бермади. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларда рағбат қилиб, инсонлар қўлидаги нарсалардан ўзини тийди. Охиратда нажот топиш умидида дунёдан юз ўгирди. Умавий халифалар бошқаларга қилганлари каби бир неча бор уни кўп мол-дунё бериб синамоқчи бўлдилар, лекин улар уни ҳар сафар ўз қўлларидаги дунёдан юз ўгирган, дунё ва матоларини назарга илмаслигига гувоҳ бўлдилар.

    Бир йили Сулаймон ибн Абдулмалик ҳаж қилиш учун Маккага келди. Тавофи қудумни қилаётганида, Каъбанинг яқинида берилиб Қуръон ўқиб ўтирган Солим ибн Абдуллоҳни кўриб қолди. Унинг кўзларидан дув-дув оқаётган кўз ёшлари, кўзининг орқасида денгиз бормикин деган хаёлни олиб келарди.

    Халифа тавофни тугатиб, икки ракаат намоз ўқигач, Солим ибн Абдуллоҳ ўтирган томон йўл олди. Одамлар унга йўл бўшатдилар ва у тўғри Солим ибн Абдуллоҳнинг олдига келиб, унинг бир ёнига тиззаси унинг тиззасига теккудек яқин ўтирди. Солим ўз ёнига Халифа келиб ўтирганини пайқамади ҳам, чунки у бутун вужуди билан Аллоҳнинг зикрига ғарқ бўлган эди. Халифа Солим ибн Абдуллоҳ билан гаплашиш учун унинг тиловатдан тўхташи ва йиғидан ўзини босишини пойлаб кўзининг қири билан уни кузатиб турди. Фурсат бўлиши билан унга юзланиб: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ, эй Абу Умар” деб, салом берди.

    • — “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”.
    • — “Бирон ҳожатингиз бўлса айтинг, эй Абу Умар, бажарайин”.
    • —…

    Эшитмадилар чоғи деб ўйлаб, яна ҳам яқинроқ энгашиб:

    • —“Бирон ҳожатингиз бўлса айтсангиз, бажарар эдим”.
    • —“Аллоҳнинг Уйида бўла туриб, Ундан бошқадан сўрашга уяламан”, деб жавоб берган эди, халифа хижолат чекиб жим бўлиб қолди. Бироқ, жойидан қўзғалмади.

    Намоз ўқиб бўлингач, Солим ибн Абдуллоҳ манзилига қайтиш учун ўрнидан турганида одамлар уни ўраб олдилар. Бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан сўраса, яна бири дин ишларидан сўрарди, бошқа бири дунёвий ишида маслаҳат сўраса яна бошқаси ҳаққимга дуо қилинг дерди. Уни ўраб олганлар ичида Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик ҳам бор эди. Одамлар уни кўриб йўл бўшатдилар. Халифа Солим ибн Абдуллоҳ билан ёнма-ён юрар экан қулоғига шивирлади: “Мана, масжиддан ташқаридамиз, ҳожатингизни айтинг энди, бажо келтирайин”.

    • — “Дунё ҳожатидан айтайми ёки охират ҳожатиданми?”.
    • —“Дунё ҳожатидан, албатта”, деди Халифа минг хижолатда.
    • —“Мен дунё ҳожатини унинг эгасидан сўрамадим, қандай қилиб уни эгаси бўлмагандан сўрай?!”

    Халифанинг хижолати янада ошди. У хайрлашар экан деди: “Зоҳидлик ва тақво билан нақадар азиз бўлдингиз! Аллоҳ азза ва жаллага боғланиб бошқалардан нақадар беҳожат бўлдингиз, эй Хаттоб авлоди! Аллоҳ сизлардек хонадон аҳлига баракот берсин!”

    • • •

    Бундан бир йил олдин Валид ибн Абдулмалик ҳажга борган эди. Ҳожилар Арафотдан қайтганларида, халифа эҳромдаги Солим ибн Абдуллоҳни Муздалифада учратиб қолди. Шайхга салом бериб, Аллоҳ мартабангизни улуғ қилсин, деб дуо қилди. Унинг эҳром остидан кўриниб турган бақувват ва келишган бадани халифанинг эътиборини тортди. У бундан ажабланиб: “Эй Абу Умар, гўзал қоматли экансиз, кўпроқ нималарни истеъмол қиласиз?”, деб сўради.

    • —“Нон билан ўсимлик ёғи. Аҳён-аҳёнда бор бўлса, гўшт ҳам ейман”.
    • —“Нон билан ўсимлик ёғи, дейсизми?!”
    • —“Ҳа, шундай”.
    • —“Иштаҳа билан ейсизми?”
    • —“Иштаҳам бўлмаса, то қорниб очиб иштаҳа қилгунимча қўйиб қўяман.”
    • • • •

    Солим ибн Абдуллоҳ дунёдан юз ўгириш ва зоҳидликда бобоси Умар ал-Форуқразияллоҳу анҳуга ўхшагани каби, қанчалик қийин ва оқибати оғир бўлмасин, ҳақни баралла айтишда ҳам у зотга жуда ўхшар эди. Бунга бир мисол: “Бир куни Солим ибн Абдуллоҳ мусулмонларнинг юмуши билан Ҳажжожнинг ҳузурига кирди. Ҳажжож уни илиқ кутиб олди ва тўрига ўтқазиб, унга иззат-икром кўрсатди. Улар суҳбатлашиб ўтиришганида тўсатдан, Ҳажжожнинг олдига сочлари тўзиган, уст-боши кир, юзлари сарғайган ва оёқ қўллари кишанланган бир неча кишини олиб келинди. Ҳажжож Солимга қараб: “Булар боғийлар, ерда бузғунлик қилувчилар, Аллоҳ ҳаром қилган қонларни ҳалол қилувчилар”, деди, сўнг қиличини Солимга узатди ва биринчида турганига ишора қилиб: “Мана шуниси сизга. Туринг ва унинг бошини танасидан жудо қилинг”, деди.

    Солим Ҳажжожнинг қўлидан қилични олиб, ўша киши томон юрди. Бечораларнинг кўзлари унда “Нима қилар экан”- деб, қараб турар эдилар.

    Солим унинг олдига келиб: “Мусулмонмисан?” деди.

    У: “Ҳа» деб жавоб берди ва нима қиласан бундай савол бериб, ундан кўра буюрилган ишингни қилсангчи”, деди.

    • — “Бомдод намозини ўқидингми?”
    • —“Мен сенга мусулмонман дедим-ку! Бомдодни ўқидингми? – деб сўрайсана!”
    • —“Сендан сўраяпман: бугунги куннинг бомдодини ўқидингми?!”
    • —“Барака топгур, “Ҳа” дедимку сенга ва яна сенга: мана бу золим буюрган ишни бажар дедим, акс ҳолда сен ҳам унинг ғазабига учрайсан”.

    Солим Ҳажжожнинг олдига қайтди ва қиличниунинг оёғи остига отди ва деди: “Бу киши мусулмон эканига иқрор бўляпди ва у бугунги куннинг бомдод намозини ўқиганини айтяпди. Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб айтганлари етиб келган: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади”. Мен Аллоҳ азза ва жалланинг ҳимоясига кирган кишини қатл қилмайман”.

    Ҳажжож ғазабланиб: “Биз уни бомдод намозини ўқимагани учун эмас,халифа Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуни ўлдиришга ёрдам берганлардан бири бўлгани учун қатл қилмоқчимиз”.

    Солим ибн Абдуллоҳ унга деди: “Усмон разияллоҳу анҳунинг қасосини олишга сен билан мендан кўра ҳақлироқ кишилар бор”.

    Ҳажжож жавоб қайтара олмай жим бўлиб қолди.

    Шу ишга гувоҳ бўлганлардан бири Мадинага келиб, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумога Ҳажжожнинг Солимга қилган талаби ҳақида хабар берганида, у хабарнинг давомини эшитишга ҳам тоқат қилмай: “Солим Ҳажжожнинг талабини бажардими?”, деб сўрадилар. Ҳалиги одам: “У шундай шундай қилди” деб, бўлган воқеани айтиб берганди, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо хурсанд бўлиб: “Жуда яхши, жуда яхши. У жуда ақлли” дедилар.

    • • •

    Халифалик Умар ибн Абдулазизга ўтганида у Солим ибн Абдуллоҳга шу мазмунда мактуб ёзди: “Аммо баъд: Аллоҳ мени мусибатлади. Менинг талабимсиз ва мен билан маслаҳат қилинмай, мени мусулмонларга бошлиқ қилишди. Мени бу имтиҳонга қўйган Аллоҳ таолодан Ўзи менга ёрдам беришини сўрайман. Мактубим сизга етиб боргач, менга Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг волийларга ёзган мактублари, чиқарган ҳукмлари ва халифаликдаги тутган йўллари ҳақида ёзиб юборинг. Мен агар Аллоҳ қодир қилса, унинг йўлини тутмоқчиман. Вассалом”.

    Бунга жавобан Солим ибн Абдуллоҳ ушбу мактубни ёздилар: “Аммо баъд: Мактубингизни олдим. Унда «Аллоҳ сизни мусибатлагани, сизнинг талабингизсиз ва сиз билан маслаҳат қилинмай, сизни мусулмонларга бошлиқ қилишгани ва эндиликда сиз халифа Умар разияллоҳу анҳунинг йўлларини тутмоқчи эканингизни айтиб ўтибсиз.

    Сиз Умар разияллоҳу анҳунинг замонидан бошқа замонда эканингизни ва атрофингиздаги кишилар унинг атрофидаги кишиларга ўхшамаслигини унутманг. Лекин шуни билингки, агар сиз ҳақиқатни ният қилиб, хоҳласангиз Аллоҳ сизга ёрдам беради ва сизга бу ишни бажарадиган волийларни чиқариб қўяди. Бундай кишиларни сиз ўйламаган жойдан олиб келади. Зеро, Аллоҳнинг бандага ёрдами, унинг ниятига қараб бўлади. Ким яхшилик учун ниятини тўла қилса, Аллоҳнинг ёрдами ҳам унга мукаммал бўлади. Агар банда ниятида ноқисликка йўл қўйса,Аллоҳнинг ёрдами ҳам ниятининг ноқислигига яраша бўлади.

    Агар нафсингиз сизни Аллоҳ азза ва жаллани рози қилмайдиган бирон ишга чақирса, ўзингиздан аввал ўтган салтанат соҳибларини эсланг. Сиз уларнинг дунё гўзалликларини кўриб қувнаган кўзлари қандай ўйиб олинганини, иштаҳа қилган лаззатларидан тўймайдиган қоринлари қандай ёрилганини ва агар ер қабул қилмай уйларимиз олдига ташлаб кетилса, биз унинг бадбўйлигидан қанчалик безовта бўладиган, унинг сассиқлигидан қандайин озорланадиган ўлимтикларга айланганларини нафсингиздан сўранг. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”.

    •••

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб узун, сермазмун, тақво ва ҳидоят асосига қурилган ҳаёт кечирди. Дунёнинг алдовчи матоларидан юз ўгирди, бутун умрини Аллоҳни рози қиладиган ишлар билан ўтказди. Дағал кийимларни кийди, таомларнингҳам дағалини еди. Мусулмонлар лашкари орасида оддий сипоҳи бўлиб Румга қарши ғазот қилди. Мусулмонларнинг эҳтиёжларини ўтаб, уларга меҳрибонлик кўрсатди.

    Ажали етиб ҳижратнинг 106 йили вафот этганида Мадинаи Мунаввара маҳзунликдан титради. Унинг вафот хабари ҳар бир қалбга андуҳ солди ва ҳар бир ёноқдан ёш оқизди. Одамлар унинг жанозасига денгиздек ёпирилиб келдилар, ҳамма дафнда ҳозир бўлди.

    Ўша кунлари Ҳишом ибн Абдулмалик Мадинада эди. У ҳам дафн маросимида ҳозир бўлди. Одамларнинг кўплиги ва уларнинг тиқилинчини кўриб, даҳшатга тушди ва ўзига ўзи савол берди: “Воажаб, Мусулмонлар халифаси шу шаҳарда вафот этиб қолса, мана шу одамлардан қанчаси унинг жанозасига ҳозир бўларкин-а?!”

    Сўнгра Мадинадаги волийси Иброҳим ибн Ҳишом Махзумийга қараб: “Мадина аҳли зиммасига чегара ҳимояси учун тўрт минг одам юбориш мажбуриятини юкла”, деб амр этди.Шу боис бу йил “Тўрт минглик йили”, деб аталди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963