Таҳажжуд намози (3)

    Тунги ибодатни енгиллатувчи сабаблар

    Абу Ҳомид Ғаззолий таҳажжуд намозини енгиллаштирадиган, қалбга ва баданга оид бўлган айрим сабабларни айтиб ўтган.

    Баданга оид сабаблар тўртта:

    1. Кўп еб-ичмаслик. Акс ҳолда уйқу ғолиб келиб, таҳажжудга туриш қийинлашади.
    2. Кундузида бефойда ишлар билан ўзни чарчатиб қўймаслик.
    3. Қайлула – кундузида озроқ ухлаб дам олиш. Бу тунда бедор бўлишга ёрдам беради.
    4. Кундузида гуноҳ ишлар қилмаслик. Акс ҳолда киши таҳажжуд намозидан маҳрум бўлиб қолади.

    Қалбга оид сабаблар ҳам тўртта:

    1. Қалбни мусулмонларга гина-адоват сақлаш, бидъат-хурофотлар ва дунёга ортиқча кўнгил қўйишдан ҳимоя қилиш.
    2. Аллоҳдан доимо қўрқиб туриш, дунёвий истак-орзуларни камайтириш.
    3. Таҳажжуднинг фазилатини англаш.
    4. Аллоҳни яхши кўриш ва тунги намозида айтаётган ҳар бир ҳарфи ила Аллоҳга муножот қилаётганига қатъий ишониш. Бу сабабларнинг энг кучлисидир.

    Рамазон кечаларидаги ибодатлар

    Рамазон ойига хос ибодатлардан бири «таровеҳ» намози бўлиб, мусулмонлар уни бу ойда алоҳида эътибор ила адо этадилар. Дарҳақиқат, таровеҳ бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган энг улуғ ибодатлардандир.

    Ибн Ражаб айтади: «Билингки, мўмин кишининг нафси Рамазонда икки жиҳод билан юзлашади: кундузда рўза тутиш, тунда таровеҳ намози ўқиш. Қай бир инсон шу иккисини сидқидилдан адо этса, беҳисоб ажру савобга эга бўлади».

    Шайх Ибн Усаймин деди: «Рамазон ойидаги тунги намознинг бошқа ойлардаги намозлардан афзаллиги ва хосияти бор. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳнинг ваъдасига иймон келтирган ва У зотдан савоб умид қилган ҳолда Рамазон кечаларида намоз ўқиса, ўтган гуноҳлари кечирилади»[1].

    «Рамазон кечаларида намоз ўқиса» жумласидан кечанинг бошидаги намозлар ҳам, охиридаги намозлар ҳам назарда тутилган. Бинобарин, таровеҳ намози Рамазонга оид тунги ибодат бўлгани учун Аллоҳдан ажр-савоб умид қилган ҳолда бу ибодатга ҳарис бўлиш ва асло бепарво қарамаслик лозимдир. Дарҳақиқат, оқил мусулмон қисқа фурсатда ўтиб кетадиган бу саноқли кечаларни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилади».

    Таровеҳ намозини масжидларда жамоат бўлиб ўқиш суннатдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳ намозини масжидда жамоат билан ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар, кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, бу ишни тарк этганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, шариат қарор топганидан сўнг унинг фарз бўлиб қолиш хавотири йўқолгач, бу намозни жамоат бўлиб адо этишнинг суннатлиги собитлигича қолди.

    Мусулмонлар таровеҳ намозини мукаммал ва тўлиқ адо этишга аҳамият берсинлар. Бу улуғ ибодатни адо этишда Аллоҳ учун сабр қилсинлар!

    Шайх Ибн Усаймин яна бундай дейди: «Киши таровеҳ савобидан маҳрум қолмаслик учун уни масжидда ўқишга ошиқсин. Таровеҳни имом билан бошлаган бўлса, имом витрни ўқиб тугатмагунича масжиддан кетмасин. Чунки таровеҳнинг охиригача имомидан айрилмаган киши кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик ажрига эга бўлади». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким (Рамазонда) имоми намозни тугатгунича у билан бирга бўлса, унга кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик савоби ёзилади»[2].

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли-асҳобига ва то қиёматгача уларга яхшилик билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.

    [1] Муттафақун алайҳ.
    [2] Термизий ва Аҳмад ривояти.

    << Таҳажжуд намози (2)

    Ислом Нури
    Ислом Нури
    Articles: 11