Талафот етказишга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

    Аллоҳ таоло одамларнинг молларига тажовуз қилишни ва уларни ноҳақ ўзлаштириб
    олишни ҳаром қилган, ноҳақ талафот етказилган нарсага, агарчи қасддан қилинмаган
    бўлса ҳам, зомин бўлишни (тўлашни) шаръий қилган.

    Ким бировнинг молига талафот етказса (яъни, синдирса, бузиб қўйса, ўлдирса
    ва ҳоказо) ва бу мол муҳтарам (қадр-қийматли) бўлса, эгасининг изнисиз талафот
    етказган бўлса, ўша нарсани тўлаб бериши лозим бўлади.

    Имом Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳақда бирон хилоф борлигини
    билмаймиз» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 5/413). Бунда
    қасддан ё бехос қилган бўладими, мукаллафми ё мукаллаф эмасми, фарқсиздир.

    Шунингдек, ким бир молнинг талафотига сабабчи бўлса, яъни, масалан, эшикни
    очиб қўйгани сабабли хона ичидаги нарса йўқолса, ёки идишнинг қопқоғини очиқ
    қолдиргани туфайли унинг ичидаги нарса тўкилиб, йўқ бўлса, ўша одам бунга зомин
    бўлади. Ёки бўлмасам, бир ҳайвоннинг арқонини ё тушовини ечиб қўйса ва ўша
    ҳайвон қочиб кетиб, йўқолиб қолса, унга зомин бўлади. Шунингдек, бир ҳайвонни
    тор йўлакка боғлаб қўйса, оқибатда бирон киши унга қоқилиб, зиён тортса, ўша
    зиённи тўлайди. Шунингдек, биров йўл устига автоуловини тўхтатиб қўйган бўлса ва
    бирон машина ё шахс келиб, унга урилса, бундан келиб чиққан зарар ва
    зиён-заҳматга зомин бўлади. Чунки, Дорақутний ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда
    айтилишича: «Ким бир ҳайвонни мусулмонларнинг йўлларидан бир йўлда ёки
    бозорларидан бир бозорда тўхтатиб қўйса ва у бировнинг қўл-оёғини босиб олса,
    ўша одам зомин бўлади» (Дорақутний (3/179, №285), Байҳақий (1/344) Нуъмон ибн
    Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шунингдек, йўлга лой, ёғоч, тош ё
    бошқа бирон нарса тўкиб қўйса ёки йўлни қазиб қўйса, оқибатда бирон йўловчига
    бундан зиён-заҳмат етса, ё бўлмасам йўлга тарвуз, банан каби мевалар пўчоғини
    ташласа ё сув сепиб қўйса, бирон кимса тойилиб йиқилса ва зиён тортса, мана шу
    ишларни қилган одам зомин бўлади.

    Бизнинг давримизда бу каби ишларга нақадар енгил-елпи қарайдиган бўлиб
    кетишган! Йўлларни қазиб қўйишлар, уларни ҳар хил нарсалар билан тўсиб қўйишлар
    нақадар авж олган! Бу каби тасарруфлар ортидан келиб чиқадиган кўплаб зарарларга
    зомин бўлиш тушларига ҳам кирмайди! Ҳатто, баъзилар кўчаларни ўзлариники қилиб
    олиб, хусусий мақсадлари учун ишлатишади ва бундан йўловчилар зарар тортишади,
    бунинг ортидан келадиган гуноҳларга парво қиладиган одамнинг ўзи бўлмайди.

    Агар бировнинг қопағон ити бўлса ва у йўловчиларга тажовуз қилиб, бирон
    кишини қопиб олса, ўша итнинг эгаси бунга зомин бўлади.

    Агар уйининг орқасига бирон мақсадда фойдаланиш учун ўра қазиб қўйган бўлса,
    шу сабабли етган талафотга зомин бўлади. Чунки, йўловчиларга зарар етказмаслик
    чораларини кўриб қўйиши лозим эди, устини очиқ қолдириши тажовуз саналади.

    Агар бировнинг чорва ҳайвонлари бўлса, уларни тунда бировларнинг
    экин-тикинини пайхон қилишдан сақлаши лозим бўлади. Агар қаровсиз қолдириши
    туфайли улар пайхон қилишса, эгаси бунга зомин бўлади. Чунки, Пайғамбар
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам мол-мулк эгалари кундуз куни уларни ўзлари
    қўриқлашларига ҳукм қилганлар, тунда етказилган талафот тўланади (Абу Довуд
    (3569), Ибн Можа (2332), Аҳмад (5/436, №23691) Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан
    ривоят қилганлар). Демак, кундузи куни бировнинг экинини пайхон қилган
    ҳайвоннинг эгаси бунга зомин бўлмайди, фақат ўша жойнинг яқинига ўзи ҳайдаб
    юборган бўлса, бунга зомин бўлади.

    Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларга кўра, кундузида қўйиб юборилган
    чорва ҳайвони бировнинг мол-мулкига зиён етказса, ҳайвон эгаси бунга зомин
    бўлмайди, тунда етказган зиёнига зомин бўлади. Чунки, урф-одатга кўра, экин
    эгалари кундузида уни қўриқлайдилар, чорва ҳайвонлари эса кундузи қўйиб
    юборилиб, оқшом пайти қамаб қўйилади» (Тафсирул-Бағавий: 3/253). Ким бунга хилоф
    иш қилса, урф-одатдан чиққан бўлади. Бу ҳукм, қачонки, ҳайвоннинг эгаси у билан
    бирга бўлмаган ҳолатга хосдир, агар эгаси бирга бўлса, етказган зиёнга зомин
    бўлади муқаррар.

    Аллоҳ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳимассаломнинг шу борада қилган ҳукмларини
    ҳикоя қилади: «Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган
    пайтларини
    (эсланг). Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб
    (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид
    эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат-пайғамбарлик ва
    илм ато этдик»
    . (И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон
    пайғамбарларнинг олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади.
    Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб бирон нарсани соғ
    қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди, Довуд алайҳис-салом қўйлар экинзор
    эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон
    алайҳис-салом эса «ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига
    берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач,
    қўйларини қайтиб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан
    фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларини ҳам ўзига олиб қолса», дейдилар. Шунда
    Довуд Сулаймонга қараб: «Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир», деб ўз чиқарган
    ҳукмларини бекор қилади…)
    (Анбиё: 78, 79).

    Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръонда Сулаймон алайҳиссаломни унга
    бил-мисл (яъни, тенгма-тенг, икки томонлама) зоминлик ҳақидаги ҳукмни
    англатилгани билан мақталди. «Нафш» (نفش) тунда қўй боқиш маъносидадир.
    Ҳодиса узумзор боғда бўлганди. Довуд алайҳиссалом талафот етказилган нарсанинг
    қийматини беришга ҳукм қилди, қўйларнинг баҳосини ўшанинг қийматига тенг деб
    топди ва уларни экин эгаларига берди. Сулаймон алайҳиссалом ҳам қўйларнинг
    эгаларига зоминлик (зиённи тўлаш) ҳукмини чиқарди ва бунинг муқобилида боғ
    эгалари учун ҳам тенгма-тенг зоминлик бўлишини ҳукм қилди. Яъни, улар (яъни,
    қўйларнинг эгалари) боғни обод қилиб, аввалги ҳолатга қайтарадилар. Пайхон
    бўлган вақтдан то эски ҳолига қайтгунича унинг ҳосилидан баҳраманд бўладилар.
    Боғ эгаларига эса уларнинг чорваларини берди ва улар боғдан оладиган фойдалари
    миқдорида чорвадан келадиган фойдадан фойдаланадилар. Сулаймон алайҳиссалом ҳар
    иккисидан келадиган фойдани баробар деб эътибор қилди. Аллоҳ таоло унга берган
    ва уни бу билан мақтаган илм шу эди» (Иъламул-муваққиъийн: 1/326).

    Агар чорва ҳайвони (арқони) отлиқнинг ё етаклаб борувчининг ё ҳайдаб
    бораётган кишининг қўлида бўлса, унинг қўли ва оғзи каби олдинги аъзолари билан
    қилган жиноятига зомин бўлади, оёғи каби орқа аъзоси билан қилган жиноятга зомин
    бўлмайди. Чунки, ҳадис борки: «Оёқ бекордир» (яъни, ҳайвоннинг орқа оёғидан
    етган зиён учун зоминлик йўқдир) (Абу Довуд (4592), Абу Ҳурайра розияллоҳу
    анҳудан ривоят қилган). Бир ривоятда: «Чорва ҳайвонининг оёғи бекордир» (Бухорий
    (1499), Муслим (1710) ривоят қилганлар).

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мол, қўй ва бошқа чорва
    ҳайвонларининг жинояти ўзича (тасодифий) бўлса, унга зоминлик йўқдир. Мисол
    учун, бировнинг қўлидан қочиб кетиб, бирон жойни пайхон қилса, модомики,
    қутурган бўлмаса ёки эгаси тунда ё мусулмонларнинг бозори ё жамоат жойларида уни
    қамаб ё боғлаб қўйишга эътиборсизлик қилган бўлмаса, унга ҳеч ким зомин
    бўлмайди» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 5/422). Бошқа бир
    қанча уламоларнинг сўзларига қараганда ҳам, агар чорва ҳайвони етакловчисиз ва
    ҳайдовчисиз ўзи қочиб кетган бўлса, қутурган ва қопағон бўлмаса, унга зоминлик
    йўқдир.

    Агар бир кишига бир одам ё ҳайвон ҳужум қилса, ўзини ҳимоя қилиш учун
    ўлдиришдан бошқа чора топмаса ва уни ўлдирса, унга зомин бўлмайди. Чунки, у
    ўзини ҳимоя қилиш учун ўлдирди, ўзини ҳимоя қилиш жоиз ва унинг ортидан
    келадиган оқибатга зомин бўлмайди, уни ўлдириш унинг ёмонлигидан сақланиш учун
    бўлди, агар ёмонлигидан сақланиш учун ўлдирган бўлса, ҳужум қилган кимса ўзини
    ўзи ўлдиргандек бўлади.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Киши ҳамла қилган одамдан ўзини
    ҳимоя қилиши лозим. Агар ўлдиришдан бошқа йўл билан ҳимоялана олмаса, уламолар
    иттифоқига кўра, бу унга жоиз бўлади» (Ал-фатавал-кубро: 4/595).

    Лаҳв (яъни, беҳуда ўйин ва мусиқа) асбоблари, салиб (хоч), маст қилувчи
    ичимлик идишлари, залолат, хурофот, фаҳш ва бузуқлик ҳақидаги китобларга
    етказилган талафотлар учун ҳам зоминлик бўлмайди. Чунки, Имом Аҳмад Ибн Умар
    розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни
    тиғ олишга буюрдилар, сўнг Мадина бозорларига чиқдилар, бозорларда Шомдан
    келтирилган хамр солинадиган мешлар бор эди, уларни у зотнинг олдиларида йиртиб
    ташланди, асҳобларига ҳам шундай қилишни буюрдилар (Муснад Аҳмад: 2/132,
    №6165).

    Ушбу ҳадис уларга талафот етказишни талаб қилишга ва бунинг учун зоминлик
    йўқлигига далолат қилади. Лекин, бу иш, фойдаси кафолатланган ва зараридан
    омонликда бўлиш учун, албатта ҳукуматнинг буйруғи ва назорати билан бўлиши
    даркор.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962