Талончилик – бир нарсани зулм билан олиш маъносидадир. Фуқаҳолар истилоҳида у
    – бировнинг ҳаққини ноҳақ, зўрлик билан қўлга киритиш маъносида
    қўлланилади.

    Талончилик мусулмонлар ижмоъси билан ҳаромдир. Чунки, Аллоҳ таоло:
    «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ
    ҳаром йўллар билан
    емангиз!»
    , деган (Бақара: 188). Талончилик бировнинг молини ноҳақ ейишнинг
    энг катта кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта
    қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз ораларингизда ҳаромдир», деганлар
    (Бухорий (105) ва Муслим (1679) Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
    Яна у зот: «Мусулмон кишининг моли унинг розилигисиз ҳалол бўлмайди», деганлар
    (Аҳмад (5/72, №20695), Абу Яъло (3/140, 1570) Абу Ҳурра ар-Рақошийнинг
    амакисидан ривоят қилганлар).

    Таланган мол кўчмас мулк бўлиши ҳам мумкин, кўчадиган мулк бўлиши ҳам мумкин.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир қарич ерни зулм билан
    тортиб олса, (қиёмат куни) ўша бир қарич ерга (тагидаги) етти қават ерни (қўшиб)
    унинг бўйнига осиб қўйилади» (Бухорий (3198), Муслим (1610) Саид ибн Зайд
    розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Шундай экан, талончи Аллоҳ таолога тавба қилмоғи, талончилик билан қўлга
    киритилган нарсани ўз эгасига қайтармоғи ва ундан кечирим сўрамоғи лозим бўлади.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг зиммасида биродарининг
    обрў-номусига нисбатан қилган зулм ё (моли ё жонига қилган зулм каби бошқа)
    бирон нарса бўлса, шу бугун, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келишидан олдин
    ундан қутулиб олсин. (У кунда) агар унинг солиҳ амали бўлса, зулми миқдорича
    ундан олинади, агар савоблари бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиниб, унга
    юкланади», деганлар (Бухорий (249) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят
    қилган).

    Таланган мол турган бўлса, ўзини қайтариб беради, агар йўқ бўлиб кетган
    бўлса, унинг ўрнини қайтаради.

    Имом ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар талончилик билан қўлга
    киритилган мол агар ўз ҳолича, ўзгармай турган бўлса, уни қайтариш лозимлигига
    ижмоъ қилганлар» (Ал-муғний: 5/374).

    Шунингдек, таланган молни унга кейин қўшилган қўшимчаси билан қайтариш лозим
    бўлади. Чунки, у ўша таланган молнинг ўсиб-кўпайишидан ҳосил бўлган бўлиб, мол
    эгаси учун унинг асл-асоси билан бир хилдадир.

    Агар талончи таланган ерга бино қурган ёки дарахт эккан бўлса, эгаси талаб
    қилганида ўша бинони бузиши ва дарахтни қўпориши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Золим томир учун ҳақ йўқдир», деганлар Термизий
    (1378), Абу Довуд (3073) Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
    Агар бу ерга таъсир қиладиган бўлса, унга етган зарарни тўлаши лозим бўлади.
    Шунингдек, бузилган бино ва қўпорилган дарахт қолдиқларини тозалаб, ерни эгасига
    саломат қайтариши лозим бўлади.

    Ундан ташқари, уни талаб олганидан то қайтариб бергунига қадар ўтган
    муддатдаги ҳаққини, яъни, айни унга ўхшаган нарсага бериладиган ҳақни тўлаши
    лозим бўлади. Чунки, у ўша нарсанинг эгасини шунча вақт ундан фойдаланишдан
    ноҳақ маҳрум қилди.

    Агар бир нарсани талончилик билан қўлга киритиб, ушлаб турса ва кейин унинг
    нархи тушиб кетган бўлса, саҳиҳ сўзга кўра, унинг зарарини тўлайди.

    Агар талаб олган нарсани бошқа нарсага аралаштириб юборган бўлса ва уни
    ажратиш мумкин бўлса, масалан, буғдойни арпага аралаштириб юборган бўлса,
    талончи уни ажратиб, қайтариши лозим бўлади. Агар ажратиш мумкин бўлмайдиган
    нарсага аралаштириб юборган бўлса, масалан, буғдойни буғдойга аралаштирган
    бўлса, ўшанча кило ёки кайл-миқдорда аралашмаган буғдойни қайтариши лозим
    бўлади. Агар уни пастроқ навига ёки яхшироқ навига аралаштириб юборган бўлса,
    ёки бутунлай ажратиб бўлмайдиган даражада бошқа жинсига аралаштириб юборган
    бўлса, аралашмани сотилади ва ҳар бирига ўзига тегишли баҳосини берилади. Агар
    бу суратда таланган мол ўзининг ёлғиз ҳолатидаги нархидан камайса, талончи
    камини тўлайди.

    Ушбу бобдаги масалалардан яна бири шуки, уламолар: «Талончидан кейинги қўллар
    ҳаммаси зомин бўлувчи (тўловчи) қўллардир», дейишган. Бунинг маъноси шуки,
    талончилик билан олинган нарса талончининг қўлидан бошқа бировларнинг қўлларига
    ўтиб кетган бўлса, ўша нарсага етган талафотни уларнинг ҳаммаси тўлайди.

    Бундай қўллар ўнтадир: сотиб олувчининг қўли, ижарага олувчининг қўли, ҳеч
    қандай тўловсиз эга бўлувчининг (масалан, ҳадя йўли билан эга бўлувчининг) қўли,
    берувчининг манфаати учун олганнинг (масалан, вакилнинг) қўли, ориятга
    олувчининг қўли, талончининг қўли, ўша молда тасарруф қилувчининг (масалан,
    музорабага ишловчининг) қўли, талончилик билан қўлга киритилган (аёл)га
    уйланганнинг қўли, байъдан бошқа бирон эваз билан олувчининг қўли, таланган
    нарсани талончининг ўрнига талафотга дучор этувчининг қўли.

    Ушбу кўринишларнинг ҳар бирида: агар иккинчи киши ишнинг ҳақиқатини билса ва
    нарсани унга бераётган киши уни талончилик билан олганидан хабардор бўлса,
    зоминлик унинг зиммасида бўлади. Чунки, у ўша нарсани эгаси тарафидан изн
    берилмаганини била туриб олди. Агар у ишнинг ҳақиқатидан хабардор бўлмаган
    бўлса, зоминлик биринчи талончи зиммасида бўлади.

    Агар таланган нарса одатда ижарага бериладиган нарсалар жумласидан бўлса,
    талончининг қўлида қанча муддат турса, ўшанча муддат ижара ҳақини тўлаши лозим
    бўлади.

    Талончининг барча ҳукмий тасарруфлари моликнинг изнисиз бўлгани учун
    ботилдир.

    Агар бир нарсани талон қилган бўлса-ю, унинг эгасини билмаса ва эгасига
    қайтариш имкони бўлмаса, уни керакли, тўғри ўринга ишлатадиган ҳокимга
    топширади, ёки уни эгасининг номидан садақа қилади. агар садақа қилиб юборса,
    савоби унинг эгасига бўлади ва талончи ундан халос бўлади.

    Молларни талон қилиш уни зўрлик билан эгаллаб олишга чекланмайди. Балки, уни
    ботил хусумат билан, ёлғон қасамлар билан қўлга киритиш ҳам талончиликка киради.
    Аллоҳ таоло айтади: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ ҳаром
    йўллар билан емангиз!
    (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва
    (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини
    ҳаром йўл билан ейиш учун
    (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга
    узатманг!»
    (Бақара: 188).

    Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат Кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан боқмайди ва гуноҳларидан покламайди. Улар учун аламли азоб бордир» (Оли Имрон: 77). Иш жуда оғир, ҳисоб-китоб ўта қаттиқдир.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир қарич ерни зулм билан тортиб олса, (қиёмат куни) ўша бир қарич ерга (тагидаги) етти қават ерни (қўшиб) унинг бўйнига осиб қўйилади» (Бухорий (3198), Муслим (1610) Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Яна айтганлар: «Мен бировга биродарининг ҳаққини ҳукм қилган бўлсам, уни
    олмасин, чунки унга дўзах оловининг бир парчасини берган бўламан» (Бухорий
    (2680) ва Муслим (1713) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962