Тавассул, унинг ҳукми ва турлари (2)

    Бешинчи тур: Аллоҳ таолога дуо қилувчининг ҳолини васила қилиш

    Яъни, дуо қилувчи Аллоҳ таолога ўз ҳолини ва ўзида бўлган эҳтиёжни васила қилиш билан кифояланиб, бошқа нарсани зикр қилмаслиги. Масалан: «Эй Аллоҳим, мен Сенга муҳтожман, мен Сенинг қўл остингда асирман» деганга ўхшаш сўзларни айтиши. Мусо алайҳис-салоту вассалом икки аёлнинг қўйларини суғориб бергач, бир четдаги дарахт соясига бориб ўтириб, айтган сўзлари бунга далил бўлади: «Роббим, мен Ўзинг мен учун нима яхшилик (яъни ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман» (Қасас: 24).

    Закариё алайҳис-салоту вассаломнинг қуйидаги сўзлари ҳам шу турга киради: «Парвардигорим, дарҳақиқат менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим — сочим оқарди. Парвардигорим, мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман» (Марям: 4).

    Олтинчи тур: Дуоси қабул бўлиши умид қилинадиган солиҳ кишининг дуосини васила қилиш

    Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳга ом ва хос дуолар қилишларини сўрашарди.

    «Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир йили одамларга қурғоқчилик етди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума кунида хутба қилиб турганларида бир аъробий туриб: «Ё Росулаллоҳ, мол-ҳоллар ҳалок бўлди, бола-чақалар оч қолди, биз учун Аллоҳга дуо қилинг», деди. У зот қўлларини кўтариб, уч бор: «Эй Аллоҳим, бизларга ёмғир ёғдиргин» деб дуо қилдилар. Осмонда бир парча ҳам булут кўринмас эди. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳали қўлларини туширмасларидан тоғлар мисол булутлар ёпирилиб келди. Сўнг минбарларидан тушмаслариданоқ у зотнинг соқолларидан ёмғир томчилари оқиб тушаётганини кўрдим. Ўша куни ёмғир ёғди, эртасига, индинига, ундан кейинги кун, то келгуси жумагача тинмади. (Кейинги жума) ҳалиги аъробий – ёки бошқа биров – туриб: «Ё Росулаллоҳ, уй-жойлар вайрон бўлди, моллар ғарқ бўлди, биз учун Аллоҳга дуо қилинг», деди. У зот қўлларини кўтариб: «Парвардигоро, устимизга эмас, атрофларимизга (ёғдиргил)», дедилар. Қўллари билан булутнинг қайси тарафига ишора қилсалар, ўша томон очилар эди. Мадина (осмони) улкан доира шаклида очилиб қолди. Қанот водийсида бир ой ёмғир суви оқди. Атрофдан ким келса, кўп ёмғир ёққани ҳақида гапирарди».

    Солиҳ кишининг дуоси билан тавассул қилиш жоизлигига яна бир далил: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичидан етмиш минг киши ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга кириши ҳамда улар руқя қилдирмайдиган (дам солдирмайдиган), куйдириб даволанмайдиган, шумланмайдиган ва Роббиларига таваккул қиладиган кишилар эканини айтганларида Укоша ибн Миҳсон ўрнидан туриб: «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ўшалардансан», дедилар.

    Демак, инсон дуоси ижобат бўлиши умид қилинадиган бирон кишидан унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилишини сўраши дуруст бўлади.

    Эслатма: Тавассулнинг бу тури дуо қилувчининг ҳаётлигида бўлиши шарт. Ўлимидан сўнг дуруст бўлмайди. Чунки унинг амал дафтари ёпилиб, жазо ва мукофот ҳовлисига кўчиб ўтган бўлади. Шунинг учун ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида қурғоқчилик бўлганида ёмғир тилаб дуо қилишларини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларига бормадилар, балки ҳазрати Умар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббосга: «Туринг, сиз ёмғир сўраб Аллоҳга дуо қилинг» дедилар ва у киши дуо қилдилар.

    Аммо Утбийдан ривоят қилинган, яъни, бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига келиб: «Ассалому алайка ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло Қуръонда: «Агар улар (Аллоҳ ва расулидан бошқасидан ҳукм сўраб боришлари билан) жонларига жабр қилган пайтларида дарҳол сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳдан мағфират сўраганларида ва пайғамбар ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибон эканлигини топган бўлур эдилар» (Нисо: 64) деган. Мен гуноҳларимга истиғфор айтиб, сизни Роббимга воситачи бўлишингизни истаб, ҳузурингизга келдим» дегани, сўнг у ортига қайтгач, Утбийнинг кўзи илиниб, тушига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб: «Аъробийнинг ортидан бориб, хабар бер, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечирди» деганлари ҳақидаги сўзлар ёлғон ва саҳиҳ бўлмаган сўзлардир, оят бу нарсага далолат қилмайди. Зеро, Аллоҳ таоло: وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ деди, إِذَا ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ демади, إذ «из» калимаси ўтган замонга истеъмол қилинади, келаси замонга эмас. Оят оқимидан маълум бўладики, у Аллоҳ ва Расулидан бошқадан ҳукм сўраб борувчилар хусусидадир.

    Еттинчи тур: Аллоҳ таолога солиҳ амал билан тавассул қилиш.

    Яъни, инсон дуоси олдидан тилагининг ҳосил бўлишига сабаб бўлувчи бирор солиҳ амалини зикр қилиши.

    Бунинг мисоли: Қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган уч киши ҳақидаги ҳикоядир:

    Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Сизлардан илгари ўтган умматлардан уч киши йўлда боратуриб, тунаш учун бир ғорга киришди. Шунда тоғдан бир катта харсанг думалаб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Улар (бу харсангни суриб ташлашдан ожиз бўлганларидан кейин) бир-бирларига: «Сизларни бу харсангдан солиҳ амалларингизни восита қилиб Аллоҳга дуо қилишингизгина қутқариши мумкин», дейишди. Улардан бирлари деди: «Эй Аллоҳим, менинг кекса ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун сут соғиб келмб аввал ота-онамга ичирар, сўнг бола-чақамга берардим. Бир куни қайсидир иш билан ушланиб қолиб, кеч келсам ота-онам ухлаб қолган эканлар. Уларга соғилган сутни олиб кирсам ухлашаётган экан. Улардан аввал бола-чақамга сут беришни ҳоҳламадим-да, қўлимда кўза билан то тонг отгунча уларнинг уйғонишларини кутиб турдим. Улар уйғонгач сутларини ичдилар. Эй Аллоҳим, шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, бизни бу ҳолатдан қутқар деди.» Шунда харсанг улар чиқиб кетиша олмайдиган даражада бир оз очилди.

    Иккинчилари деди: «Эй Аллоҳим, амакимнинг бир қизи бор бўлиб, у мен учун ғоят суюкли эди. Мен уни ўзимга чорлаганимда, у кўнмаганди. Ҳатто бир йили муҳтожлигидан ҳузуримга келди. Шунда мен унга бир юз йигирма динор беришимга у эса бунинг эвазига ўзини менга қўйиб беришига келишдик. Ҳатто, қачонки унга етишишга қодир бўлиб турганимда у: «Аллоҳдан қўрқ, муҳрни (яъни бокиралигимни) ноҳақ йиртишинг сенга ҳалол бўлмайди», деди. Шунда мен ундан ўзимни тортдим ва берган тиллаларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй Аллоҳим, агар мен шуни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу ҳолатимизни аритгайсан.» Шунда харсангтош улар сиғмагудек даражада яна бир оз очилди.

    Учинчилари деди: «Мен ишчилар ёллаб ишлатиб, уларнинг ҳақларини бердим. Лекин улардан бири ўз ҳақини олмасдан кетиб қолди. Мен унинг иш ҳақини айлантирдим, ҳатто кўп мол-дунё вужудга келди. Бир қанча вақт ўтгач, у одам келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг иш ҳақимни бер», деди. Мен унга: «Мана бу кўриб турганинг туя, сигир, қўй ва қуллар сенинг иш ҳақинг ҳисобидан» дедим. У одам: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг устимдан кулма», деди. Мен: «Сенинг устингдан кулаётганим йўқ, булар сенинг иш ҳақинг» дедим. Шунда у ҳалигиларнинг ҳаммасини ҳайдаб олиб кетди, ҳеч нарса қолдирмади. Эй Аллоҳим, агар мен шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу ҳолатимизни аритгайсан.» Шунда харсангтош сурилди ва ундан чиқиб кетдилар».

    Бу – Аллоҳга солиҳ амал билан тавассул қилиш бўлиб, у жоиздир.

    Бир одам: «Эй Аллоҳим, ота-онамга қилган яхшиликларим туфайли менга ҳам фарзандларимдан яхшилик кўрсатгин» деб дуо қилса жоиз бўлади, бу ҳам солиҳ амал билан тавассул қилишга киради.

    Тавассулнинг мазкур турлари ҳаммаси жоиздир, чунки булар мақсудга эришиш учун яроқли сабаблардир.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962