Бизга боғланинг
Улар билан ўтирманг!
Муаллиф: Абдулмалик Қосим
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ҳамду санога лойиқ, ростгўйларни самимиятлари эвазига раҳмати ва фазли билан мукофотлайдиган, ёлғончи-каззобларни эса хоҳласа ўз ҳикмати ва адолати билан жазолайдиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Ҳукмида ягона ва шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ҳамда Унинг бандаси ва расули бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бандаларнинг энг афзалидир, деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ у зотга, оиласи, саҳобалари ва у зотнинг йўлларига эргашган кишиларга салавоту саломлар йўлласин.
Ислом уммати орасида эзгуликларни маҳв этиб, ёмонликларни жалб қилувчи қабиҳ иллат ёйилди. Бу иллатни Аллоҳ таолонинг улкан неъматлари ва Унинг гўзал яратувчи эканига далолат қиладиган кичик бир махлуқ ташимоқда. У олийжаноблик ва пасткашлик, юксалиш ва тубанлик намоён бўладиган тилдир!
Баъзи мажлисларда бу тил хатарли, ҳаром ва ифлос нарса бўлмиш истеҳзо ва масхаралашларга ҳам узатилмоқда. Бу эса у инсоннинг нияти ёмон, қалби қора ва дин ишларига бепарво эканидан даракдир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, бир қавм бошқа бир қавм устидан масхара қилмасин! Эҳтимол, улар булардан кўра яхшироқдир. Аёллар ҳам бошқа аёлларни масхара қилмасинлар, эҳтимол улар булардан кўра яхшироқдир» (Хужурот, 11).
Масхаралаш камситиш ва таҳқирлаш демакдир. Бу гоҳида ҳаракат ва сўзлар билан бўлса, гоҳида имо-ишоралар билан бўлади.
Истеҳзо – масхара-мазаҳ қилишнинг энг ашаддий ва хатарлиси дин ва диндорлар устидан қилинган истеҳзодир. У хатарли ва катта гуноҳ бўлгани учун ҳам уламолар Аллоҳ, Аллоҳнинг дини ва пайғамбарини масхара қилиш Ислом миллатидан бутунлай чиқарадиган очиқ куфрдир, деганлар.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Исломга кирганидан сўнг Аллоҳ, Аллоҳнинг оятлари ва пайғамбари устидан кулган одам очиқ куфр амалини қилгани учун кофир бўлади ва Ислом миллатидан бутунлай чиқади».
Бугунга келиб масхара ва истеҳзонинг турлари ҳам кўпайди. Баъзилар ҳижоб, шаръий ҳукмлар ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган кишилар устидан, ҳатто соқол қўйиш ва шимни тўпиқдан осилтирмаслик каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари устидан кулиб, масхара қилмоқдалар.
«Доимий фатво қўмитаси» фатвосида соқолли одамни: «Эй соқол!» (соқолтой) дея истеҳзо билан чақирган одамнинг ҳукми ҳақида бундай дейилади: «Соқол устидан кулиш катта гуноҳдир. Агар: «Эй соқол!» деб айтган одам истеҳзони қасд қилган бўлса, куфр ишни қилган бўлади. Агар танитиш мақсадида айтган бўлса, бу иши куфр бўлмайди, аммо бундай дейиши тўғри эмас».
Динга амал қилаётган одам устидан кулиш хатарини яхши англаб олишимиз зарур. Келинг, Тавба сурасида тиловат қилинаётган ушбу оятларга қулоқ солайлик: «Эй Пайғамбар, улардан (сизни ва асҳобларингизни масхара қилиб айтган гаплари ҳақида) сўрасангиз, улар: “Биз шунчаки, ҳазил-ҳузул қилиб гапирган эдик, ёмон ниятимиз йўқ эди”, дейишади. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: “Сизлар Аллоҳни, Унинг оятларини ва Унинг расулини масхара қиладиган бўлдингизми?!” Эй мунофиқлар, узр айтманг, (узр айтишингиздан фойда йўқ). Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг кофир бўлдингиз. Энди сизларнинг орангиздан (кечирим сўраган ва сидқидилдан тавба қилган) кишиларни афв қилсак ҳам, бошқаларини (ножўя ва бузуқ сўзлар айтиб) жиноят қилишгани туфайли азоблаймиз» (Тавба, 65-66).
Бу оятнинг нозил бўлиш сабаби қуйидагича: Мунофиқлардан бири: «Орамизда қориларимиздан кўра қорни қаппайган, ёлғончи ва душман қаршисида қўрқоқ кимса кўрмадим», деди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борди. Буни эшитган мунофиқ у зотнинг ҳузурларига келиб, туяларининг тизгинидан ушлади ва: «Биз шунчаки баҳслашётган ва ҳазиллашаётган эдик», деди. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Унинг расулини масхара қиладиган бўлдингизми?!» оятини охиригача ўқиш билан жавоб бердилар. Туянинг тизгинига осилган мунофиқнинг оёқлари тошларга қоқилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қиё боқмас эдилар.
Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг раҳмлироғи ва узрларни қабул қилувчироғи эдилар. Шундай бўлса-да, у зот ўша масхара қилган кимсанинг узрини қабул қилиш нари турсин, унга қулоқ ҳам солмадилар.
Муҳтарам ўқувчи, Аллоҳ таолонинг юқорида зикр қилинган оятида у мунофиқларнинг кофир бўлишларидан аввал мусулмон бўлганларини мулоҳаза қилган бўлсангиз керак. Зеро, оятда: «Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг кофир бўлдингиз», дейилди.
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ «Зодул муяссар» китобида: «Бу оят далолат қиладики, куфр сўзини жиддий ёки ҳазиллашиб айтиш орасида фарқ йўқдир», деди.
Шайх Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари устидан кулиш Ислом динидан чиқарадиган куфрдир. Чунки дин Аллоҳ таолони, Унинг дини ва пайғамбарини улуғлаш устига барпо бўлган. Улардан бирортасининг устидан кулиш эса бу асосга зид ва батамом тескаридир».
Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Баъзи одамлар ҳақиқатга тўғри келса-келмаса илм аҳлларининг ортидан турли бемаъни гапларни айтадилар. Масалан, «сўпи», дейдилар. Бундай сўзларни талаффуз қилган одамларнинг муртад бўлиш хавфи бор. Чунки улар одамлардан Аллоҳ таолога ибодат қилганлари учун ўч олмоқдалар».
Аллоҳ таоло масхара қилган одамларнинг мўминларга нисбатан ҳолатлари ҳамда охиратдаги мақомлари ҳақида бундай деган: «Кофирларга дунё ҳаёти чиройли қилиб қўйилди. Улар мўминларнинг устидан куладилар. Аллоҳдан қўрқадиган тақводор зотлар эса қиёмат куни барча кофирлардан устун бўлади. Аллоҳ истаган бандаларига беҳисоб ризқ ато этади» (Бақара, 212).
Бу ишлар истеҳзо-масхара экани айтилса, баъзилар: «Биз аслида динни ҳам, у одамни ҳам қасд қилмадик. Шунчаки ҳазиллашиб, кулишаяпмиз холос», дейдилар. Наҳотки улар ушбу ҳазиллари ва кулишлари оқибатидан бехабар бўлсалар?! Бу ишларнинг оқибати дунёда хорлик ва ҳалокат, охиратда эса битмас-туганмас азобдир.
Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ уларга айтади: «Сизлар хорланган ҳолда дўзахда қолинглар ва Менга гапирманглар». Бандаларимдан бир гуруҳи бўлмиш мўминлар: «Эй Раббимиз, биз иймон келтирдик. Бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизга раҳм қил. Сен раҳм қилувчиларнинг энг яхшисидирсан», деб дуо қилардилар. Сизлар уларни масхара қилиш билан машғул бўлдингиз. Ҳатто Аллоҳнинг зикрини унутдингиз ва уларнинг устидан кулиб, масхаралаб юрардингиз. Мен мўмин бандаларимдан бўлган бу гуруҳни озорлар қаршисида ва Аллоҳнинг тоатида сабр қилишлари сабабли жаннат билан мукофотладим» (Мўминун, 108-111).
Биргина оддий инсон устидан мазаҳ қилиб кулишнинг ўзи катта зулм ва тажовуздир. Шундай экан, мўминлар ва мўминалар, динга қатъий риоя қиладиган эркагу аёллар устидан кулиш ҳақида нима дейсиз?! Аллоҳ таоло деди: «Мўмин ва мўминаларга қилмаган ишлари эвазига озор берадиган кимсалар катта бўҳтон ва очиқ гуноҳга қўл урибдилар» (Аҳзоб, 58).
Аллоҳ таоло тоат-ибодат учун яратган тил ўз эгасини ҳалокатлар домига етаклайди. Хусусан, тилига эътиборсиз бўлса, ҳали уни айблайди, ҳали бунинг устидан кулади… Баъзиларнинг ҳаётига назар ташласангиз, ўтиришлари кулги, латифа ва мазаҳ билан ўтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишнинг хатари ва ҳалокатларидан огоҳлантириб, бундай деганлар: «Киши атрофидагиларни кулдириш учун ўзининг назарида оддий бўлган бир сўзни айтади-ки, бу сўз сабабли дўзахда осмондан ҳам узоқроқ бўлган масофага тушади» (Имом Аҳмад ривояти).
Мусулмон дўстим, Аллоҳга осий бўлинаётган мажлисларда қатнашманг. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган: «Эй мўминлар, Раббингиз китобида сизларга нозил қилдики, қачон Аллоҳнинг оятлари инкор ва масхара қилинаётганини эшитсангиз, то ўша кофирлар ва масхараловчилар куфр ва истеҳзодан бошқа гапга ўтмагунларича улар билан бирга ўтирманг. Агар шу ҳолатларида улар билан бирга ўтирсангиз, сизлар ҳам ўшалар билан баробарсиз. Гуноҳга рози бўлиб турган киши уни қилган билан баробардир. Албатта, Аллоҳ таоло мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда йиғади ва улар у ерда ёмон азобларга йўлиқадилар» (Нисо, 140).
Сиз уларнинг бу қабиҳ ишларини имконингизга қараб инкор этишингиз ёки у ўтиришни тарк этишингиз керак.
Доимо Аллоҳ таолонинг: «Инсон бирон сўзни айтар экан, ҳузурида ўта огоҳ назоратчи бордир» (Коф, 18) оятини ёдда тутинг!
Тилингизни доимо эҳтиёт қилинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар тиллари билан айтган гаплар уларни жаҳаннамга юзлари билан улоқтиради», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло тилларимизни покласин ва қулоқларимизни ёмон нарсаларни эшитишдан сақласин.
Барча ҳамдлар Аллоҳга бўлсин!