Бизга боғланинг
Қуллар маданияти
حضارة العبيد
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Аллоҳ учун севган дўстларим!
«Қуллар маданияти»… Бугунги суҳбатимиз ана шундай аталади ва уни қуйидаги моддаларга бўлиб олиб борамиз:
- Биринчи: Мағзли сўзлар.
- Иккинчи: Қуллар маданияти.
- Учинчи: Ислом ва инсониятнинг ягона маданияти.
- Тўртинчи: Ислом маданияти ҳамда тенги йўқ, танҳо ахлоқлар.
- Бешинчи: Ислом маданияти ва ҳайвонларга раҳм-шафқат.
- Олтинчи: Омонатлар шодаси.
Диққат-эътибор билан тинглашингизни сўрайман. Зеро, суҳбат мавзуси уммат бошдан кечираётган ушбу оғир танглик даврларида ўзига хос аҳамияти бўлган мавзулардан саналади.
Биринчи: Мағзли сўзлар
Ўтмишини билмаган халқнинг ҳозири йўқ, фазилатларини унутган умматнинг келажаги йўқ.. Аммо, ўтмишга юзланиш фақат аламли кунларни эслаш ва йиғи-сиғи қилиш учун бўлса, бу нарсанинг фойдаси йўқ ва бу бекорчиларнинг иши бўлиб қолади.
Ўтмишни унда бўлган барча яхшилик ва ёмонликлари билан қоралаш ва ёмон кўриш эса фақат жоҳилларнинг ишидир.
Зўр бериб умматимизнинг замондош авлодини ўз нурли ўтмишидан тўсишга ва уни унуттиришга уринаётган душманларнинг режалари остига тушиб қолишимиз ақлсизлик бўлур эди. Зотан, улар ҳозирги авлодимиз ўз мунаввар мозийсидан келажагини ёритувчи зиё ва нур, ҳаёт қуёшларини порлатувчи шуъла ва келажак авлод томирида гупирувчи қайноқ қон олишга ҳаракат қилиб қолмаслиги учун қўлларидан келган ҳамма воситаларни ишга солишмоқда.
Ер юзидаги ҳар бир халқ ўзининг ўтмиши билан – гарчи тун зулматидан ҳам қоронғироқ бўлса ҳам – фахрланади, ўз давлатчилигининг бошланиш санасига бағишланган йиғилишлар, тўй-тантаналар уюштиради, ўша кунни ишчи-хизматчилар, талабалар ва мактаблар ўқувчилари учун дам олиш куни деб эълон қилади.
Аслида, ўз ўтмиши билан ана шундай фахр ва ифтихор қилишга ҳақиқий лойиқ халқ Азиз ва Ғаффор Зотнинг гувоҳлиги бўйича, бизнинг ислом умматидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй уммати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).
Ушбу сўзларим ҳақида яхшилаб мулоҳаза қилиб кўринг, нурли ўтмишимиз билан келажагимиз ўртасига тўсиқ қўйишга уринишлар нақадар хатарли режанинг маҳсули эканини англаб етасиз. Аллоҳ таолодан келажагимизни Ислом ва мусулмонлар учун гуллаб-яшнаган ва порлоқ келажакка айлантиришини сўрайман.
Иккинчи: Қуллар маданияти
Ҳа, у қуллар маданиятидир, у ғарб кишисининг бошқаруви остидаги руҳсиз маданиятдир, у бутун башариятга оғир азоблар олиб келаётган маданиятдир. Башарият бугун ушбу қуллар маданияти остида бошдан кечираётган азоб-уқубатларни сўз билан ифодалаш учун қомусларга киритилган барча сўзлар мутлақо ожизлик қилади!!
Зеро, башарият ҳозирда – ҳақиқий бошқарув уммати бошқаришдан четланиб қолгач, оламни бошқарув ғарб қўлига ўтганидан сўнг ғарб кишиси маданияти остида – ўрмондаги йиртқич ҳайвонлар ҳам бир-бирига нисбатан қилишдан хижолат бўладиган ваҳшийликларга гувоҳ бўлмоқда. Бу сўзларим асло муболаға эмас. Бунинг исботини кўриш учун бор-йўғи Парвардигорининг манҳажидан ва Пайғамбарининг йўлидан оғиб кетган бахтсиз инсониятнинг аччиқ воқелигига бир назар ташлаш кифоя қилади.
Азиз мусулмонлар, ҳар қандай маданият, аслида, инкор қилиб бўлмас иккита унсур (омил)дан – моддий унсур ва ахлоқий унсурдан ташкил топади.
Инкор қилмаймиз, бугунги кунда ғарб маданияти моддийлик оламида жуда катта ютуқларга эришди. Бу нарсани инкор қилиш на инсофдан ва на ақлдан бўлур эди. Биз ғарб маданиятининг модда оламида эришган улкан ютуқларига тан берамиз, ғарб кишиси фазо бўшлиқлари аро узоқ-узоқ масофаларга етиб борганини, денгиз ва океанлар қаъридаги етиб бўлмас чуқурликларга тушиб борганини, атомни парчалаб, ядровий бомба яратганини, бактериологик қуроллар ишлаб чиққанини, алоқа ва коммуникация оламида яратган ихтиролари ва эришган ютуқлари орқали улкан дунёни гўё кичкина бир қишлоққа айлантириб қўйганини асло инкор қилмаймиз.
Бу нарсани инкор қилиш, кўриб кўрмасликка олиш мумкин эмас. Бироқ, шу билан бир қаторда биз яна бир нарсага ҳам аниқ ишонамизки, ҳаёт фақат моддадан иборат эмас. Қуш ҳар қанча куч-қудратли бўлмасин, бир қаноти шикастланган бўлса, биргина соғ қаноти билан ҳавода узоққа учиб боролмайди, ҳар қанча уринмасин, бир жойга етгач у қаноти ҳам синиб, аниқ ерга қулайди. Ҳаёт моддадангина иборат эмас, унинг маданиятни ташкил этувчи яна бир фаол унсури – ахлоқий жиҳати ҳам бор.
Ғарб маданияти ўзи эришган улкан моддий тараққиёти билан инсонни – мана шу маданият кишисини – инсонийлик поклигига, одамийлик чўққисига олиб чиқишга қодир бўлмади, мана шу маданият эгаси бўлган инсонга кўнгил роҳати, қалб очиқлиги ва руҳий хотиржамлик ато эта олмади. Ҳа, у инсонга ана шу нарсаларни тақдим эта олмади. Аксинча, руҳиятшунослар ва тиббиёт соҳаси олимлари бугунги кунда руҳий ва асабий касалликлар сони даҳшатли даражада ўсиб бораётгани ҳолати олдида, моддий тараққиётнинг юксак даражасига эришган мамлакатларда содир бўлаётган кескин суратда кўпаяётган ўз-ўзини ўлдириш кўринишлари олдида бошлари қотиб, нима қилишни билмай, ҳайрону лол бўлмоқдалар. Буни ҳаммамиз билиб, кўриб, эшитиб турибмиз. Аллоҳ таоло нақадар рост айтган: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубхасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 124-127).
Моддий маданият инсонни – мана шу руҳсиз маданият фарзандини – бахт-саодатга эриштиришга, кўнгил роҳатига ва нафс хотиржамлигига етказишга ожизлик қилди. Чунки, руҳ граммлаб ва ё термометрлаб ўлчанмайди, у ишхоналарда ўтказиладиган амалий тажрибаларга бўйсунмайди. Ер юзининг ҳеч бир инсони руҳни юксалтирадиган программа тақдим этишдан, унга озуқа бўладиган манҳаж таклиф қилишдан ожиздир. Чунки, руҳга дунёда ҳам, охиратда ҳам унинг салоҳияти ва муваффақиятига мос келувчи манҳажни фақат унинг яратувчисигина тақдим эта олади. Аллоҳ таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).
Ҳа, севикли дўстларим, ғарб маданияти маданиятнинг икки асосий унсуридан бирини – ахлоқий унсурни йўқотди. Маълумки, Аллоҳ таолонинг ҳаёт тараққиётидаги қонуниятига кўра, кейинги маданият ўзидан аввалги маданиятдан моддий жиҳатдан юксалган бўлиши зарур. Шундай экан, биз ўтмиш маданиятидан бугунги кун маданияти моддий жиҳатдан эришган ютуқларни талаб қилишимиз тўғри бўлмайди.
Сўзим тушунарлироқ бўлиши учун бир мисол келтираман: олис ўтмишдаги ёзув услубига боқинг, сўнг ҳайратомуз тараққий этган бугунги даврдаги замонавий ёзув машиналарида ёзиш услубига қаранг, бир дақиқада ўн мингларча сўзларни ёзиш мумкин. Ғарб кишиси эришган бугунги ютуқлар аслида, ўнлаб авлодлар миялари ва ақллари тадрижий маҳсулидир. Лекин, шуни асло унутмаслик лозимки, ер юзида маданият фақат моддий унсурнинг ўзи билангина тараққий этавериши ва давом этавериши асло мумкин эмас, маданият тўлақонли равишда тараққий ва давом этиши учун ахлоқий унсур ҳам бўлиши, ушбу икки унсур ўртасида мувозанат юзага келиши даркор.
Ғарб кишиси бошқарувидаги ҳозирги маданиятнинг ахлоқий унсурига назар ташласангиз, ғарб маданиятининг ахлоқдан тамомила ажралган маданият эканига иқрор бўласиз. Ушбу кофирона маданиятнинг маҳсули бўлган инсон фарзанди курсида эмас, балки инсон биродарининг (бош) суяклари устида ўтириб роҳат қиладиган махлуқ эканига иқрор бўласиз!! Ушбу маданият фарзанди бир коса муздек сув ичиб эмас, у ер, бу ердаги инсон биродарининг қайноқ қонини ичиб ҳузур қиладиган махлуқ эканига иқрор бўласиз!!
Ҳар қандай ахлоқ ва фазилатлардан ажралган бу маданиятнинг ҳақиқатини билиш учун атрофингизга яхшилаб боқинг!
Босния ерида содир бўлган воқеаларга назар солинг, Чеченистонда содир бўлаётган фожеаларга назар солинг, Фаластинда бўлаётган хунрезликларга боқинг, Ироқда бўлаётган қонли ҳодисаларга назар солинг, Кашмирда бўлаётган аламли ҳодисаларга кўз ташланг, умуман Аллоҳ таолонинг тавҳидига иқрор бўлган ҳар бир ўлкада содир бўлаётган қонли фитналарга боқинг, ғарб маданияти ахлоқ борасида нақадар тубан ва паст ўринда туришига иқрор бўласиз!!!
Бу маданият зоҳирда инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойиллари, эътиқод эркинлиги, халқаро нормалар, дунё хавфсизлиги борасида ялтироқ ва жарангдор шиорларни кўтариб чиқаётган эса-да, бу усти ялтироқ, ичи қалтироқ шиорларнинг бир пулга арзимаслиги ҳозирга келиб фақат гўл ва ўта содда кишилардан бошқа ҳеч кимга сир бўлмай қолди, оммавий ахборот воситаларида зўр бериб тарғиб қилинишига, ғарб давлатлари раҳбарлари мажлислар, конференциялар, ҳайъатлар, форумлар минбарларида томоқ йиртиб, сиёсий шаллақилик қилишларига қарамай, ғарб кишиси томонидан амалга оширилаётган қабиҳ ва жирканч жиноятлар ҳар қандай ақли-ҳуши бўлган инсонга ғарб маданиятининг асл башарасини очиб ташлади.
Ғарб дунёси етакчилари ялтироқ шиорлар билан ҳар қанча оғиз кўпиртирмасинлар, воқелик уларнинг сўзлари қуруқ сафсатадан ва сиёсий фоҳишабозликдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатиб турибди.
Ғарбликлар ҳар икки гапнинг бирида оғиз кўпиртириб мақтайдиган бу маданиятга ўзингиз етарли баҳо беришингиз учун биргина мисол келтирсам, бор-йўғи тўрт йил ичида ғарб маданияти вакиллари томонидан Боснияда ўта ваҳшийлик билан ярим миллиондан ортиқ инсон қатл қилинди!! Ғарб маданияти эгаларининг кўзида Боснияда мунтазам равишда аёлларнинг жамоавий шаклда ўғирлаб кетилиши ва зўрланиши амалга оширилди!! Муслималар оҳи оламни тутди, муслима аёл инсониятга хитоб қилди, оламга шикоят қилди: (шеър мазмуни)«Эй одамлар, мен орзуларини фосиқ ва авбошлар топтаган муслимаман,
Улар менинг гўдагимни чирқиратиб бағримдан суғуриб олдилар,
У онажон деб чирқирар, кўзлари илтижо билан боқарди.
Қайсидир аблаҳ мени ертўласига қараб судрар,
Кўз олдим қоронғилашиб, шуъурим пасайиб борарди.
Дилимда иффат инграр, поклигим шикоят қилар,
Ахлоқ қовоқларини юмган эди.
Мен сизлардан емак-ичмак сўрамайман,
Қоним оқмоқда менинг эй мусулмонлар!
Номусим топталмоқда, қани ҳамиятингиз?!
Ичингизда қалби уйғоқ бирон кимса йўқми?!!…».
Ғарб маданияти остида аёл кишига ана шундай муомала қилинмоқда!! Энг янги оламшумул тузум соясида аёл кишига ана шундай муомала қилинмоқда!! Халқаро тинчлик-хавфсизлик сояси остида аёл кишига шундай муомала қилинмоқда!! Аёл кишига нисбатан бундай жирканч ва машъум қилмишлар кечаю кундуз ялтироқ шиорлар билан оғиз кўпиртираётган ғарб маданияти эгалари кўзи олдида содир қилинмоқда!!
Ғарб маданияти остида, унинг бошқарув курсисига бугун ғарб кишиси ўрнашиб олган машъум қуллар маданияти сояси остида ҳатто болалар ҳам саломат қолмади!! Ўша Босния ерида гўдак болалардан тирик қалқонлар ва ҳаракатланувчи бомбалар сифатида фойдаланилди! Овоз кучайтиргичлар орқали болаларнинг катта бир гуруҳини асирликдан озод қилганликларини эълон қилдилар. Болалар мусулмонларга қарашли жабҳага етиб келишгач, серблар уларни кутиб олгани чиққан ота-оналари ва ерлик аҳоли билан қўшиб, узоқдан бошқарилувчи пультлар воситасида портлатиб юбордилар!! Улар гўдакларни узоқдан бошқарилувчи тирик бомбаларга айлантирган эканлар!! Ҳа, фожир ғарб маданияти остида ҳатто ёш болалар ҳам саломат қолмади!! Аёл киши ҳам саломат қолмади!! Кексалар ҳам саломат қолмади!! Гўдак болаларни оналарининг бағридан суғуриб олишарди!! Оммавий ахборот воситаларида улар оналарнинг қоринларини ёриб, ҳомилаларини чиқаришгани суратлари билан нашр қилинди!! Онанинг бағридан гўдагини тортиб олишиб, уни тириклайин ўтга ташлашар, онанинг кўзида уни пиширишар, сўнг бечора онаизорни қурол ўқталиб, ўз гўдагининг гўштини ейишга мажбур қилишарди!! Буларнинг ҳаммаси ғарб маданияти соясида бўлиб ўтмоқда эди. Ушбу урушда 40 000 (қирқ минг) болани ўлдирдилар, 100 000 (юз мингта) бола Загреб, Македония, Албания ва Европанинг бошқа давлатларидаги қочоқлар лагерларидан паноҳ топишга мажбур бўлди. Ҳа, ғарб маданияти вакиллари гўдакларимизни ҳам тинч қўймадилар. Ўша болалар ўрнига ўз болангизни қўйиб кўринг, шунда биласиз мусибатнинг кўлами нақадар катталигини!!«Болаларимиз ширин орзулар билан уйқуга кетдилар
Ва бомбалар оташ-алангалари остида уйғондилар.
Болаларимиз сотилди, харидор Европадир,
У ерда қуллар бозори авжига чиқди».
Болаларимиз сотилди, мусулмон боласи Европада атиги 100 (юз) долларга сотилди! Европа ҳозирга келиб, ўз тарихида энг жирканч қул бозори ривож топгани, унда асосан болалар савдоси билан шуғулланилиши ҳақида шоҳидлик бермоқда! Бугунги кунда гўдаклар Америка, Англия, Ҳолландиядаги – кофир ғарб маданияти гуллаб-яшнаган давлатлардаги тажрибахоналарда тажриба сичқонлари вазифасини ўтамоқда!!«Қани оламшумул тузум? Таъсири йўқми унинг?
Нега жар солмас карнайлари унинг?
Қани халқаро тинчлик, ҳам глобал хавфсизлик?
Тинчлик сўзи ёлғон экан, кўзлар тиниб қолғон экан!!
Эй унинг соясида тинчлик бузилган, битимлар узилган Хавф (!) Кенгаши!
Бизнинг бошимизга солинаётган кўргуликлар сени нечун безовта қилмас?
Қон отилаётган жароҳатларимизга нечун бунчалар парвосиз қарайсан?
Туғён қилган Сербия кечирилар, бироқ,
Жазога тортилишга маҳкумдир Ироқ!!»..
Аллоҳга қасамки, қуллар маданиятидир бу… Барча ўлчовлар бўйича қуллар маданияти..
Унинг соясида инсон ўзининг инсон биродарига ўрмондаги ваҳшийлар ҳам тортинадиган ишларни қиладиган маданият яна қайда бор?!
Ушбу маданият фарзанди Ҳиросима ва Нагасакида атом бомбаси билан нима ваҳшийлик қилганини унутдингизми?!
Ушбу маданият фарзанди Америкада ҳабашларга нисбатан қилган ваҳшийликларни унутдингизми?! Лос Анжелес ҳодисаларига ҳали унчалар кўп бўлмади!
Ушбу маданият фарзанди ер юзининг ҳамма жойида инсон биродарига нисбатан қилаётган ваҳшийликларни унутиб бўладими?!
Биласизми, нима учун қилади бу ишларнинг ҳаммасини?! Ирқий тозалов ўтказиш учун!!
Нима учун қўл уради бу қадар ваҳшийликка?! Терининг ранги туфайли!! Ақида туфайли!! Дин туфайли!!
Ғарб кишиси бошқарувидаги маданият вакили инсон биродарига нисбатан қилаётган жирканч жиноятлардир булар!!
Қуллар маданиятидир бу!! Мен бу ҳақда узоқ тўхталишни истамайман, зеро бу қонли жароҳатдир, юраклар ярасидир!!
Келинг, энди Исломдан қўрқадиган, Ислом деса лабига учуқ тошадиган, ҳатто ўзининг мусулмонлигини эълон қилишга уяладиган, халқаро йиғин ва мажлисларда Ислом лафзини айтишдан хижолат бўладиган, Қуръон ояти ва Пайғамбар ҳадисларидан сўз очишдан тортинадиган кишиларга Исломнинг қандай дин эканини эслатиб қўяйлик!
Улар назарида Ислом фақат экстремизм ва террор динидир!
Жаҳоннинг қай бир мамлакатида бўлмасин, агар бирон фожеали ҳодиса содир бўлса, уни Ислом ва мусулмонларга нисбат бермасалар ҳайрон бўладиган бўлиб қолдим!!
Америкада Лос Анжелес ҳодисалари юз берганида ушбу ҳодисалар ижрочилари исломий экстремистлар ва террорчилар деб айтсалар керак, деб кутган эдим!
Мисрда кучли зилзила бўлганида ушбу зилзила ортида исломий террористлар турибди, деб айтишларини кутдим!
Қаерда қандай мусибат юз бермасин, уни Исломга боғлашларини, экстремист ва террористларга нисбат беришларини кутаман!!
Сўзларимни муболаға деб ўйласангиз, марҳамат, бизнинг ўта тортинчоқ ва камсуқум матбуотимизда, радио-телевидениямизда берилаётган воқеа-ҳодисалар силсиласини кузатинг, «жасоратли» журналистларимиз экстремизм ва терроризимга қарши «матонат билан курашмоқдалар», улар нафақат экстремизм ва экстремистларни, терроризим ва террорчиларни, балки пайғамбарлар саййидини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масхара ва танқид тиғига тўғриламоқдалар! Барчангиз буни кўриб, эшитиб, ўқиб, билиб турибсиз. Нақадар аччиқ воқелик!!
Эй Исломдан қўрқадиганлар, Аллоҳга қасамки, агар Исломнинг улуғворлигини билганингизда эди, Исломнинг ҳақиқати ва моҳиятидан хабардор бўлсангиз эди, Исломнинг адолати билан таниш бўлганингизда эди, содиқ даъватчиларга мукофот ва совринлар улашган, уларни ернинг машриқу мағрибида одамларга ушбу диннинг ҳақиқатини танитишга рағбатлантирган бўлар эдингиз!
Учинчи: Ислом ва ягона инсонийлик маданияти
Мусулмон биродарлар! Ислом бутун инсониятни Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида худди тароқ тишлари каби баб-баробар қилиш учун, на ранг, на ирқ, на жинс, на ватан учун таассубчиликни қолдириш учун келди. Ислом одамларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло олдида теппа-тенглигини таъминлаш учун келди.
Илк лаҳзаларидан бошлаб Ислом Аллоҳ таолонинг мана бу ояти билан ягона инсонийлик шиорини баланд кўтарди: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13).
Аллоҳу акбар!! Илк лаҳзалардан бошлаб Ислом мана шу буюк пойдеворни қўйди.
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ва мол-дунёларингизга қарамайди, балки қалбларингизга ва амалларингизга қарайди» (Имом Муслим (№2564), имом Аҳмад (2/285) ривоятлари).
Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан, шунингдек Байҳақий «Сунан»ида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташриқ кунларининг ўртаси куни бизларга хутба қилиб: «Эй одамлар, билингки, Парвардигорингиз биттадир, оталарингиз биттадир, арабнинг ажам устидан, ажамнинг араб устидан, қоратанлининг қизилтанли устидан, қизилтанлининг қоратанли устидан ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат тақвоси билан (афзал бўлиши мумкин)», дедилар. «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир».
Ранг билан ранг ўртасини, жинс билан жинс ўртасини, ер билан ер ўртасини фарқламайдиган ягона инсонийлик ғоясига асос солган, бировнинг бошқа бировдан афзаллигини фақат тақво ва солиҳ амал билангина ўлчайдиган —Исломдир. «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13).
Макка фатҳ этилган куни Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни шу асосни яна бир бор мустаҳкамладилар. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган, шунингдек Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ҳам ривоят қилиб, ҳасан, ғариб ҳадис деган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳи куни туриб: «Эй одамлар! Аллоҳ сизлардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболарни улуғлашни кетказди. Огоҳ бўлингки, инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан яралган», дедилар, сўнг Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13) оятини тиловат қилдилар.
Ислом ҳабаший Билол, ғифорлик Абу Зар, ансорий Муоз, румлик Суҳайб, форслик Салмон, қурайшлик Ҳамза ўртасида тенглик пайдо қилиш учун келди. Насаблар билан фахрланишган пайтда Салмон розияллоҳу анҳу шундай шеър ўқигандилар:«Менинг отам Исломдир, ўзга отам йўқдир, бас,
Майли, мақтансин улар отам Тамим деб ё Қайс».
Умар розияллоҳу анҳу бу шеърни эшитиб йиғладилар ва баланд овозда Салмоннинг шеърини такрорладилар:«Менинг отам Исломдир, ўзга отам йўқдир, бас,
Майли, мақтансин улар отам Тамим деб ё Қайс».
Ислом форс Салмонини юксакларга кўтарди, куфр эса аслзода Абу Лаҳабни тубанликка туширди.
Энди сизларга битта савол, Ислом олиб келган мана шу ягона инсонийлик ғоялари худди БМТ инсон ҳуқуқлари декларацияси каби тортмаларда чанг босиб ётишдан бошқа нарсага ярамайдиган оддий бир варақ қоғоз бўлиб қолдими?! Ёки ушбу ғоялар худди Француз революциясининг эркин фикр-ғоялари фақат Франциянинг ўзига чекланиб, унинг мустамлакалари ва бошқа ўлкаларига алоқаси бўлмагани каби, уларни биринчи бор кўтариб чиқилган диёрнинг ўзига – Мадинаи Мунавварага чекланиб қолдими?! Ёки ислом маданияти бу фикр-ғояларни худди Америка Нью Йоркдаги катта майдон ўртасига тиклаган, шаҳарга кириб келаётган киши биринчи унга тўқнаш келадиган Озодлик ҳайкали мисоли ёлғон ва бир пулга қиммат ҳайкаллар тимсолида гавдалантирдими?! Ҳолбуки, Американинг ўзи ўз еридан ташқарига озодликни лаънатлаш, озод, шарафли, покиза инсонларни эзиб-янчиб ташлаш учун чиқиб борди!! Ислом маданияти шундай қилдими?! Аллоҳга қасамки, йўқ!! Тарихни ўқинг, тарих энг яхши гувоҳ! Ислом мазкур асос-ғояларни ҳаёт манҳажига ва одамлар оламида кўриб, эшитиб туриладиган воқеликка айлантириш учун нима қилди?!
Амалий далилларни энг аввал маданиятимиз дарғаси, замонлар ва асрлар оша ўрнак ва намуна бўлиб келаётган раҳбаримиздан, ўзлари кўтариб чиққан ушбу асос ва ғояларни воқеликдаги юксак ва порлоқ ҳаёт манҳажига айлантирган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирамиз.
«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: «Ўғирлик қилган Бани Махзумлик бир аёлнинг иши Қурайшни ташвишга солиб қўйди. Улар (унинг қўли кесилишининг олдини олиш мақсадида) мана шу аёлнинг ишини ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб бераркан, дейишди, сўнг бунга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюклиси Усома ибн Зайднинг журъати етиши мумкин, деган қарорга келишди. Усома розияллоҳу анҳу ўғри аёлнинг гуноҳини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилганида, «Сен ҳали Аллоҳ белгилаган ҳад-шаръий жазо хусусида ўртага тушмоқчимисан?!», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб хутба қилдилар: «Сизлардан аввалгилар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғирлик қилса индамай, заиф киши ўғирлик қилса, жазога тортганликлари боис ҳалок бўлишди. Аллоҳга қасам-ки, агар Фотима бинт Муҳаммад ўғирлик қилса ҳам, қўлини кесган бўлардим» (Бухорий (№3475), Муслим (№1661) ривоятлари).
Бу ягона инсоний тенгликнинг амалий татбиқидир.
Яна бир мисол: Абу Зар ал-Ғифорий оқтанли, Билол Ҳабаший эса қоратанли ҳабаш эди. Ҳар иккаласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба эдилар. Бир куни ўрталарида гап қочиб, низо кескин тус олди ва Абу Зар Билолни: «Эй қора хотиннинг боласи», деб ҳақорат қилди. Билол ғазабланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, Абу Зарнинг гапини айтиб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ ғазабландилар ва Абу Зарга қараб: «Эй Абу Зар, уни онаси билан ҳақорат қилдингми?! Сен жоҳилият (феъл-атвори) бор киши экансан!», дедилар. Шундан сўнг Абу Зар айтган гапига пушаймон бўлиб, йиғлади.
Қаранг, бу пушаймонлик Абу Зарни нақадар юқори чўққиларга кўтарди! У юзини ерга қўйиб, қасам ичдики, иккинчи юзини Билол оёғи билан албатта босади!! Буни Ислом дейдилар!
Рухсатларингиз билан яна бир воқеани айтиб берай. Кошкийди буни барча араб ҳокимлари эшитса! Амирул муъминийн Умар ибн Хаттоб бир куни тунда Мадинага кириб келган карвонни кўриб, Абдурраҳмон ибн Авфга: «Эй Абдурраҳмон, бу кеча ажрга эга бўлишни истайсизми? Келинг унда, тун бўйи шу карвонга қўриқчилик қиламиз», дедилар!!.
Бутун дунё эшитсин, ёлғончи ғарб маданияти эшитсин бу ягона инсонийлик маданияти намунасини!!
Умар билан Абдурраҳмон шу кечани намоз ўқиб, қўриқчилик қилиб ўтказдилар. Шу орада Умарнинг қулоғига карвон ичида бўлган бир гўдак йиғиси чалинди. Умар йиғи овози келган томонга яқинлашиб, гўдакнинг онасига: «Ҳой, Аллоҳдан қўрқ, болангга қарасанг бўлмайдими?!», дедилар.
Бола йиғиси, дунёда у учун энг яқин кишиси бўлган онасининг бағридаги бола йиғиси ҳокимнинг қалбини ҳаракатга келтирмоқда!! Амирул муъминийннинг, давлат бошлиғининг дили онасининг бағрида ётган гўдак йиғисидан жунбушга келмоқда!! Бомбалар, ракеталар, танклар, ўқ ёмғирлари остидаги эмас, ўз онасининг қучоғидаги бола йиғиси у кишини безовта қилмоқда! Умар боланинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара!», дедилар. Сўнг қайтиб бориб, яна намозларига машғул бўлдилар. Бироздан сўнг бола яна йиғлай бошлади. Умар яна аёлга яқинлашиб: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара! Назаримда, сен яхши онага ўхшамайсан», дедилар. Шунда ҳалиги аёл Умарни танимасдан: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Бу кеча сен кўп ғашимга тегдинг», деди, сўнг: «Мен боламни мажбуран сутдан айирмоқдаман», деди. «Нега, бунча ошиқмасанг?», сўрадилар Умар. «Чунки, Умар ибн Хаттоб гўдакларга сутдан айрилганидан кейингина нафақа ажратади», жавоб берди аёл. Умар бу сўздан оҳ тортиб юбордилар, кўзларидан дувиллаб ёш оққан ҳолда ортларига бурилдилар. Абдурраҳмон ибн Авф айтадилар: «Шу куни Умарнинг йиғиси зўридан бамдод намозидаги қироатини одамлар англай олмадилар». Аллоҳу акбар!! Салом бериб, намоздан бурилгач, Умар соқолларини тутамлаб, йиғлаган кўйи: «Умарнинг ҳолига вой бўлсин! Қанча мусулмонларнинг болаларини ўлдирдинг экан эй Умар?!», дедилар.
Бутун дунё эшитиб қўйсин, ғарб раҳбарлари эшитиб қўйсин буни!!
Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб шундай деб жар солдирдилар: «Гўдакларингизни сутдан айиришга шошилманглар, биз ҳар бир болага туғилган кунидан бошлаб нафақа ажратамиз».
Исломнинг буюклигидир бу, ягона инсонийлик намунасидир бу эй Аллоҳнинг бандалари!
Ҳар қанча фасоҳатли ва ҳар қанча сўзга уста бўлганимда ҳам, Ислом олиб келган ва пойдеворига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асос солган бу ягона инсонийлик туйғуларини сўз билан ифодалаб беришга кучим етмаса керак эди!
Иккинчи хутба:
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Тўртинчи: Ислом маданияти ҳамда тенги йўқ, танҳо ахлоқлар
Севикли биродарим! Сизга ҳозир Ислом ҳатто урушлар ичра ва жанг майдонларида ҳам ахлоқ бобида ягона бўлган десам, ажаблансангиз керак. Ҳолбуки, қонни кўриш қонни гупиртиради, уруш дилда ҳамият ва интиқом ҳисларини уйғотади. Шунга қарамай, мен айтаманки, Ислом ҳатто урушлар ва жанг майдонларида ҳам ўзининг ахлоқида ягона бўлиб қолди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонида ётган аёл кишининг жасадини кўриб ғазабланадилар ва саҳобаларни бундай қилишдан қайтарадилар.
Абу Бакр Сиддиқ Усоманинг қўшинини жангга кузатар эканлар, кексаларни, аёлларни, черковларида ибодатига машғул бўлган кишиларни ўлдирмасликка, дарахтларни кесмасликка, мол-ҳолларни ейиш мақсадисиз бўғизламасликка буюрадилар.
Бу Исломнинг ҳатто, урушлар дунёсида ҳам унутмаган намунавий ахлоқларидир.
Тарихда бизнинг пайғамбаримизга қилинганча қувғин ва озорлар бошқа бирон кишига қилинмаган бўлса керак. У зот Маккадалик чоғларида кўп азиятлар чекдилар, бошларига тупроқ сочилди, саждада турганларида елкаларига нажосат ташланди, бўйинларидан қаттиқ бўғилиб, нафаслари чиқмай қолаёзди, диёрларидан қувғин қилиндилар, уйларидан ва мол-мулкларидан маҳрум қилиндилар, асҳоблари ҳам қаттиқ азиятларга дучор бўлишди. Бу ҳам етмагандек, ватанларини ташлаб, Мадинага ҳижрат қилиб кетганларидан кейин ҳам мушриклар у зотни ўз ҳолларига қўйишмади, балки у зотга қарши қилич яланғочлашди. Энди шунча азиятлардан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган кун ғолиб ва музаффар ҳолда турганларида, бутун Макка аҳли у зотнинг олдиларида қўл қовуштириб турганида уларга шундай хитоб қилдилар: «Эй Қурайш жамоаси, мени сизларга нима муомала қилади деб ўйлайсизлар?». Улар: «Яхшилик умид қиламиз, сиз олийжаноб биродарсиз, олийжаноб кишининг ўғлисиз», деб жавоб беришди. «Мен сизларга Юсуфнинг ўз ака-укаларига айтган гапини айтаман: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир» (Юсуф: 92). Боринглар, барчангиз озодсиз», дедилар. (Илмий омонат юзасидан айтиб қўйишим керак, бу ҳадис заифдир).
Субҳаналлоҳ! Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғоят оғир соатлардаги ахлоқларига қаранг! У зот Тоифда тошбўронга тутилиб, қувғин қилингач ва Тоиф аҳли у зотга инсон инсонга нисбатан қиладиган энг жирканч муомалани қилишгач, у зотга: «Мушрикларга қарши истаган дуонгизни қилинг», дейилганида, зулмга дучор бўлган инсон қалби интиқом туйғулари билан тўлиб-тошадиган ана шундай соатда ҳам у зот нима дедилар?! «Мен лаънат айтувчи бўлиб юборилмадим, балки раҳмат бўлиб юборилдим. Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин, улар билмайдилар», дедилар!! (Имом Муслим (№2599) ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ саҳобалари ҳам ушбу асосларни гўзал суратда татбиқ қилдилар. Бунга тарих гувоҳ! Аллоҳу акбар! Исломий фатҳлар ер юзида кенгайиб бориб, Умар ибн Абдулазиз халифалиги даврида Самарқандга етиб келди. Шунда Самарқанд ҳокими қозикалонга мактуб йўллаб, Самарқанднинг фатҳи ноҳақ бўлганини билдиради. Чунки, мусулмонлар шаҳарга зўрлик билан бостириб киришган, шаҳар аҳлига на жизя тўлашни таклиф қилишган ва на уруш эълон қилишган экан. Қозикалон Умар ибн Абдулазизни бу ҳақда хабардор этиб, элчи юборади. Умар ибн Абдулазизнинг жавоби эса, ислом қўшини зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқиб кетсин, деган мазмунда бўлади. Самарқанд аҳли қўшин амирул муъминийн Умарнинг амрлари билан шаҳарни ташлаб чиққанини билгач, ҳаммалари фотиҳ лашкар ҳузурига «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деб, шаҳодат калималарини айтиб, чиқиб боради.
Исломий жанглар тарихи нурли тарихдир. Тарихни ўқисинлар, улар асосан воқеаларнинг жонли гувоҳлари томонидан ёзиб қолдирилган.
Сизлар Салоҳуддин Айюбийнинг салибчиларга қарши қандай жанглар олиб борганини яхши биласиз. Бироқ, яна бир нарсани, Салоҳуддин Қуддусни фатҳ қилган куни Исломнинг энг ашаддий душманлари бўлмиш салибчиларга исломий ахлоқнинг амалий намунасини тақдим этганини, у ўзининг ашаддий душмани Ричард Шерюракнинг бетоб эканини, керакли дори-дармонлари йўқлигини эшитиб, уни даволаш учун ўзининг хос табибини ва бунинг учун зарур дори-дармонларни юборганини биласизми?!. Бу қандай ахлоқ намунаси эди?!
Бир насроний аёл тунда фарёд кўтариб, ўзини Салоҳуддиннинг чодирига уради. Фарёди сабабини сўраганида мусулмон қўшини аъзоларидан бири унинг боласини тортиб олганини айтади. Шунда Салоҳуддин лашкарга қандай қилиб бўлмасин, болани онасига зудлик билан қайтаришни амр этади ва то бола онасига қайтарилганига ишонч ҳосил қилмагунча тинчимайди.
Муҳаммад Фотиҳ Константинополни (Исламбулни) фатҳ қилиб, Аё София соборига кирган куни мусулмон бўлмаганларга нисбатан исломий бағрикенглик намуналаридан яна бир гўзал намунани кўрсатиб, ундаги барса насронийларга омонлик берганини биласизми?! Тарих ҳануз бу воқеа қаршисида ҳурмат-эҳтиром билан бош эгади.
Тарихни ўқинг, биз у буюк ва пок зотларнинг, ҳатто жанг майдонларида қилган барча ишларини санаб ўтишга вақтимиз етмайди.
Бешинчи: Ислом маданияти ва ҳайвонларга раҳм-шафқат
Ислом ҳайвонларга раҳм-шафқат кўрсатиш асосларига ҳам Европа ва Америка ҳайвонларга раҳм-шафқат кўрсатиш жамиятлари ҳақида гапира бошлашидан анча илгари асос солганди. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шуни деб азобланди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади». (Бухорий (№3318), Муслим (№2242) ривоятлари).
Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда айтилишича: «Чанқоқдан ўлаёзган бир ит қудуқ атрофида айланаётганини кўрган Бани Исроиллик бир фоҳиша аёл оёқ кийимини ечиб, унга сув олиб, итни суғорди. Шу иши сабабли уни мағфират қилинди» (Бухорий (№3467), Муслим (№2245) ривоятлари).
Шундан келиб чиқиб, айтаманки, агар итларга раҳм-шафқат кўрсатиш фоҳишаларнинг гуноҳигаки каффорат бўлган экан, мўмин-мусулмон кишига раҳм-шафқат кўрсатишнинг ажри қанчалар бўлиб кетаркин?!
Аллоҳ таоло бир итни суғориб қўйиши сабабли Бани Исроиллик фоҳишанинг гуноҳини кечирибди!. Ислом ана шундай диндир.
Олтинчи: Омонатлар шодаси
Гапни чўзиб юбормаслик учун бир неча омонатларни санаб ўтаман. Ҳокимларимизнинг бўйнига тақмоқчи бўлганим омонатлар.. Уламоларимизнинг бўйнига тақмоқчи бўлганим омонатлар.. Ер юзининг ҳамма жойидаги муслим ва муслималарнинг бўйинларига осиб қўймоқчи бўлганим омонатлар..
Ҳокимларимиз бўйнида Исломни ва унинг ҳақиқатини етказиш, унга қарши курашмаслик, Аллоҳнинг йўлидан тўсмаслик, бутун дунёга Ислом ҳақиқатларини баён қилиш омонати бордир. Мен мусулмонларнинг ҳокимларини катта-катта йиғинларда фақат экстремизм ва террорчилик ҳақида гапиришларини кўриб, юрагим ачишади. Нима қиласиз ўзингизга ўзингиз тамға ёпиштириб, қўйинг энди бу каби энса қотирар нағмаларни, фурсатдан фойдаланиб оламга Исломнинг ҳақиқатини, Исломнинг буюклигини, Исломнинг адолатини, Исломнинг раҳматини етказиб қолинглар! Айрим мусулмонлар томонидан хато ишлар содир бўлаётган бўлса, ўша хатоларга катталаштирувчи ойналар орқали қараш, шу жамоа бўйнига сиёсий зулм, ижтимоий зулм, ахлоқий истибдод, синфий фасод деган нарсаларни илиб қўйиш керак эмас. Бундай қилиш адолатсиз тақсим бўлур эди. Субҳаналлоҳ!! Бу каби ишлар жаҳон театри саҳнасида ҳар куни ўйналмоқда. Фаластиндаги яҳудий экстремизмига нима дейсиз?! Босниядаги серб экстремизмига нима дейсиз?! Чеченистондаги рус шовинистлари экстремизмига нима дейсиз?! Кашмирдаги сигирпарастлар экстремизмига нима дейсиз?! Ер юзининг у ер, бу еридаги яна бошқа шу каби экстремизмларга нима дейсиз?! Айрим ёшлар томонидан содир бўлаётган баъзи хатоларга катталаштирувчи ойналар орқали қараш ярамайди. Аксинча, биз ўша ёшларга бағримизни очайлик, мухлис уламолар ва содиқ даъватчиларга имконият яратиб берилсин, улар ўша ёшларга ҳақиқатни баён қилсинлар, уларнинг қўлларидан тутиб, Ислом олиб келган улуғворлик, гўзал ахлоқлар, адолат ва раҳмат сари етакласинлар.
Уламолар бўйнига тақиб қўймоқчи бўлганим омонат: Эй умматнинг уламолари! Сизлар ҳидоят машъалаларисиз. Биз унда нифоққа, тилёғламачиликка, ялтоқиликка асло ўрин йўқ бўлган бир даврда яшаб турибмиз. Агар курсилар (креслолар) бирон кишига вафо қилганида эди, сизларга етиб келмаган бўларди. Курсилар кетади, мансаблар ўткинчи. Ҳозирда сизлар Аллоҳнинг дини учун қилишларингиз мумкин бўлган энг катта хизмат ҳокимларга холис насиҳат қилишдир, уларга одоб билан насиҳат қилиш, ётиғи билан ҳақни тушунтириш муносиб бўлади. Ҳа, одоб билан, биз одоб қоидаларидан асло чиқмаслигимиз, раҳбарларнинг ҳурматларини сақлаган ҳолда, юмшоқлик билан имкон қадар ҳақни етказиб қолишимиз даркор.
Мусулмонлар бўйнидаги омонат: Сизлар, эй мусулмонлар, Исломга ўз юриш-туришингиз билан, амалларингиз билан, ахлоқингиз билан гувоҳлик беринг! Қуруқ гаплар етар! На жарангдор хутбалар билан, на таъсирчан маърузалар билан Исломни ҳаётга қайтара оламиз. Эй муслим, эй муслима, бугун фақат сизнинг шу дин йўлидаги саъй-ҳаракатларингизга зарурат бор! Такрор ва такрор нидо қиламан, Исломни воқеликка айлантиринглар! Исломни масжидлар ичидан ҳаётий ишлар ичига олиб ўтинглар! Бутун дунё мусулмонларнинг ўз Исломлари сабабли юксакликка кўтарилганини кўрсин! Чунки, олам Исломга сизларнинг воқеий ҳаётларингиз орқали баҳо беради. Шифокор ўзининг исломига гувоҳлик берсин, муҳандис ўзининг исломига гувоҳлик берсин, олим ўзининг исломига гувоҳлик берсин, ишчи-хизматчи ўзининг исломига гувоҳлик берсин, ўқитувчи ўзининг исломига гувоҳлик берсин, аёл киши ўзининг исломига гувоҳлик берсин, ҳар ким ўзининг иш-амали, ахлоқи, юриш-туриши билан ўзининг исломига гувоҳлик берсин, Ислом ҳаётимизнинг ҳамма соҳасига кириб борсин, ер юзида ҳаракатланувчи воқеликка айланиб қолсин.