Умра қандай қилинади?

    Муаллиф: Аллома Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ
    Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз ва у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

    Ушбу рисола умра ибодати ҳақида талай кўрсатмалар жамланмаси бўлиб, уни сиз азиз ўқувчиларга тақдим этамиз.

    Биринчи: Умра қилмоқчи бўлган одам мийқотга етиб келганидан сўнг ғусл қилиб тозаланиши мустаҳабдир. Хотин-қизлар ҳам, гарчи ҳайз ва нифос қони кўраётган бўлсалар-да, ғусл қилиб тозаланадилар. Бироқ қон тўхтаб, ғусл қилиб покланмагунларича Каъбани тавоф қилмай турадилар.

    Эркак киши эҳром кийимларига теккизмаган ҳолда баданига хушбўй нарсалар суриши мумкин. Мийқотда ғусл қилиш имкони бўлмаса ҳам зарари йўқ. Маккага етиб келгач, қулайлик бўлса тавоф қилишдан аввал ғусл қилиши мустаҳабдир.

    Иккинчи: Эркак киши тикилган барча кийимларини ечиб, изор (бел ости лунгиси) ва ридо (бел усти лунгиси), яъни эҳром боғлайди. Эркакларнинг оқ рангли изор ва ридони бошларини ўрамасдан боғлашлари мустаҳабдир.

    Хотин-қизлар эса зийнатдан холи ва шуҳрат либоси бўлмаган оддий кийимлар кийиши эҳром боғлаш ўрнига ўтади.

    Учинчи: Сўнгра қалби билан ибодатга киришишни ният қилади ва тили билан: «Лаббайкаллоҳумма умратан» (Аллоҳим, сенинг барча ҳукмларингга тайёрман ва умрага ният қилдим) ёки «Аллоҳумма лаббайка умратан» (Илоҳим, сенинг барча ҳукмларингга тайёрман ва умрага ният қилдим), дейди. Агар эҳромдаги одам касаллиги, душманнинг хатари ва бундан бошқа шариат изн берган сабаблардан бири сабабли ибодатини адо эта олмай қолишдан қўрқса, эҳромга кириш пайтида: «Агар мени бирон тўсиқ тўсса, ўша ер менинг эҳромдан чиқиш еримдир», деб шарт қилади. Бунинг далили Зубоа бинти Зубайрдан ривоят қилинган ҳадисдир. У: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳаж қилмоқчиман, бироқ касалман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж қил. Аммо “(касаллик) мени қаерда тўсса, ўша ер менинг эҳромдан чиқиш еримдир”, деб айтгин», дедилар (Муттафақун алайҳ).

    Эҳром кийганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ушбу талбияни айтади: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк! Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, лаа шарийка лак». (Маъноси: Парвардигоро, чақириғингга қайта-қайта ижобат қилмоқдаман ва Сенинг итоатингдаман! Сенинг шеригинг йўқ. Мен Сенинг итоатингдаман, чақириғингга ижобатдаман. Ҳамд ҳам, неъмат ҳам, мулк ҳам Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқ).

    Киши бу талбия ва Аллоҳнинг зикрини кўп-кўп айтади ва Аллоҳга кўп дуо қилади. Масжидул ҳаромга етиб келгач, худди бошқа масжидларда қилганидек эшикдан ўнг оёғи билан кириб: «Бисмиллаҳ, вассолату вас-салааму ала расулиллаҳ, аъузу биллаҳил азийми ва би важҳиҳил карийми ва султониҳил қодийми минаш шайтонир рожийм. Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба роҳматик» дейиши суннатдир. (Маъноси: Аллоҳнинг номи билан бошлайман. Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин. Мен Буюк Аллоҳдан, Унинг буюк юзи ва қадим султонлиги билан Аллоҳнинг раҳмат даргоҳидан қувилган шайтондан паноҳ сўрайман. Илоҳим, мен учун раҳматинг дарвозаларини очгин).

    Сўнг Каъбага етиб келгунига қадар талбия айтиш билан машғул бўлади.

    Тўртинчи: Каъбага етиб келгач талбия айтишни тўхтатади ва Қора тош (Ҳажарул-асвад)ни қасд қилади, унинг қаршисига келиб, уни ўнг қўли билан силайди ёки имкони бўлса ўпади. Одамларга озор бермайди. Силаш пайтида: «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» (Аллоҳнинг исми билан ва Аллоҳ буюкдир) ёки «Аллоҳу акбар» (Аллоҳ буюкдир), дейди. Агар ўпиш имкони бўлмаса, қўли ёки ҳассаси ва шунга ўхшаш бирон нарса билан силайди ва силаган нарсасини ўпади. Агар силаш имкони ҳам бўлмаса, қўли билан ишора қилади ва: «Аллоҳу акбар» (Аллоҳ буюкдир) дейди. Ишора қилган нарсасини ўпмайди. Тавоф саҳиҳ (тўғри, яроқли) бўлиши учун тавоф қилаётган одамнинг ғусли ва тахорати бўлиши керак. Чунки тавоф ҳам намоз кабидир. Битта фарқи тавофда гапиришга рухсат берилган.

    Бешинчи: Тавоф қилар экан, Каъба унинг чап тарафида бўлишига диққат қилади ва уни етти марта тавоф қилади. Агар «рукнул ямоний»га етиб келинса, уни ўнг қўл билан силанади ва: «Аллоҳу акбар» дейилади. «Рукнул ямоний» ўпилмайди. Агар силаш имкони бўлмаса, силамай тавофда давом этилади: унга ишора ҳам қилинмайди ва такбир ҳам айтилмайди.

    Ҳажарул асвадга етиб келингач, юқорида эслатиб ўтилганидек, уни силанади, ўпилади ва такбир айтилади. Бўлмаса, унга ишора қилиниб такбир айтилади.

    Эркаклар «кудум» – келиш тавофи асносида биринчи уч тавофда «рамл» қилиши, яъни кичик кадамлар билан тез-тез юриши мустаҳабдир.

    Бундан ташқари, эркакларнинг «қудум» тавофининг барча шавт –қатновида ридоларининг ўртасини ўнг елкаларининг остига ва икки тарафини чап елкаларининг устига қўйишлари мустаҳабдир. Барча шавтларда имкони борича Аллоҳнинг зикри ва дуоларнинг кўп айтилиши мустаҳабдир. Тавофда ўқиладиган махсус дуо ва махсус зикр йўқдир. Билган зикр ва дуолар ўқилаверади. Икки рукн ўртасида: «Роббана аатина фид-дуня ҳасанатан ва фил-охирати ҳасанатан ва қинаа азабан-наар» (Раббимиз, бизларга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар ато эт ва жаҳаннам азобидан сақла) дуоси хар бир шавтда айтилади. Чунки шундай дуо қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган. Еттинчи шавт, юқорида зикр қилинганидек, имкони бўлса Ҳажарул-асвадни ўпиш, силаш ёки ишора қилиш ва такбир айтиш билан тугалланади. Бундан сўнг ридо ёпинилади: елкага ташланиб, учлари кўксига туширилади.

    Олтинчи: Мақоми Иброҳим орқасида, имкони бўлса икки ракаат намоз ўқийди. Агар имкони бўлмаса, масжиднинг хоҳлаган ерида ўқилса ҳам бўлаверади. Унинг биринчи ракаатига Фотиҳа сурасидан сўнг «Кофирун», иккинчи ракаатида эса «Ихлос» суралари зам сура қилинади. Шундай қилиш афзалдир. Бошқа суралар ўқилса ҳам зарари йўқ. Икки ракаат адо этилганидан сўнг Ҳажарул асвад томон юрилади ва имкони бўлса ўнг қўл билан силанади.

    Еттинчи: Кейин Сафо тоғи тарафига бориб, унинг тепасига чиқилади ёки пастида турилади. Чиқиш афзалдир. Биринчи шавтни бошлашдан аввал:

    (إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ)

    «Иннас-Софа вал-Марвата мин шаъааириллах» – «Сафо ва Марва (тоғлари) Аллоҳнинг ибодат қилинадиган ерларидир» (Бақара, 158) оятини охиригача ўқийди. Эҳромдаги одам қиблага юзланиб туради ва Аллоҳга ҳамду такбир айтиб:

    (لا إله إلا الله، والله أكبر، لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير. لا إله إلا الله وحده، أنجز وعده، ونصر عبده، وهزم الأحزاب وحده)

    «Лаа илааҳа иллаллоҳ. Валлоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, анжаза ваъдаҳ, ва насоро ъабдаҳ, ва ҳазамал аҳзааба ваҳдаҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва Аллоҳ буюкдир! Шериксиз ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ҳамда эгадорлик ва ҳамдлар Унгагина хосдир. Ҳолбуки, У барча нарсага қодирдир. Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У ваъдасига вафо қилди, бандасига ёрдам берди ва ўзи гуруҳларни мағлуб этди), деб қўлларини кўтариб дуо қилади ва бу зикр ва дуоларни уч марта такрорлайди.

    Кейин Марва тоғи томон юрилади. Эркаклар биринчи яшил чироқли белгига етиб келганида иккинчи белгига етгунга қадар югуриб чопадилар. Хотин-қизларнинг югуришлари шариатда кўрсатилмаган. Чунки хотин-қизлар авратдир. Сўнгра давом этиб, Марва тоғига чиқилади ёки Марвада турилади: тоғнинг устига чиқиш афзалдир. Марва тоғида ҳам Сафо тоғида қилинган ишлар қилинади. Бироқ юқорида зикри ўтган оят ўқилмайди. У оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, фақат биринчи шавтда Сафо тоғидагина ўқилади, холос. Кейин тоғдан тушиб, Сафо тоғига етиб борилгунига қадар секин юриладиган ерда секин, югуриладиган ерда югурилади. Етти шавт шу каби адо этилади: бориш бир, қайтиш эса алоҳида бир шавт ҳисобланади. Хусусан эҳтиёж бўлса, бирон нарсани миниб юрса ҳам зарари йўқ. Юриш асносида кўп зикр ва дуолар қилиш мустаҳабдир. Бу юришда ҳам ғуслли ва таҳоратли бўлиш керак. Таҳоратсиз юрса ҳам зарари йўқ.

    Саккизинчи:  Саъй (юриш) ниҳоясига етса, эркаклар сочларини қиришлари ёки қисқартишлари зарур. Қириб ташлаш афзалдир. Агар Маккага келиш пайти ҳаж мавсумига яқин бўлса, сочларни қисқартиш афзалдир. Чунки сочнинг қолган кисмини ҳаж мавсумида қириб ташланиши мумкин. Хотин-қизлар эса сочларини тўплаб, унинг учидан бир бармоқ бўғимича ёки ундан озроқ қирқишлари етарлидир.

    Эҳром боғлаган одам юқорида зикри ўтган амалларни қилса, умра ибодати тугайди ва унга эҳром боғлаши билан ҳаром бўлган барча нарса ҳалол бўлади, Аллоҳга ҳамд бўлсин.

    Аллоҳ таоло бизларни ва барча мусулмон биродарларимизни динида тушунадиган ва собитқадам бўлишга муваффак қилсин ҳамда барчадан ибодатларини қабул айласин. Дарҳақиқат, У саховатли, карим зотдир.

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, У зотниг оиласи, саҳобалари ва У зотга қиёмат кунига қадар яхшилик билан эргашган кишиларга салавот ва саломлар йўлласин.

    19 ноябр, 2002 й.

    Манба: www.islomnuri.com

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963