Урфий никоҳ ёки қизнинг ота-онасидан бекитиқча турмуш қуриши

    الشيخ محمد حسان
    الزواج العرفي

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Бугун сизлар билан жамиятимизда авж олиб бораётган бир хатарли кўриниш ҳақида суҳбатлашамиз. Зотан, уламолар ўз маърузалари ва хутбаларида бир томонда, халқ эса ўз муаммао ва ғам-ташвишлари билан бошқа томонда қолиб кетиши лойиқ бўлмайди. Шундай экан, биз ҳам бугунги суҳбатимизда «Урфий никоҳ» (яъни ёшлар ўртасида урф бўлиб бораётган, қизнинг ота-онаси ва яқинларидан бекитиқча турмуш қуриш ҳолати) ҳақида сўз юритамиз. Одатимизга кўра, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

    Биринчи: Турмуш қуриш Парвардигор ояти, Пайғамбар суннати, иймон мамлакатидир.

    Иккинчи: Бекитиқча турмуш қуриш шариатда ҳам, урфда ҳам ботилдир.

    Учинчи: Қурбонлар эътирофи.. Аянчли воқеалар.

    Тўртинчи: Сабаблар ва даво

    Бешинчи: Тавба қилувчи борми?!

    Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

    Биринчи: Турмуш қуриш Парвардигор ояти, Пайғамбар суннати, иймон мамлакатидир

    Муҳтарам дўстлар! Ислом фитрат (инсон табиати) эҳтиёжларига қарши турмайди, уни жирканч санамайди. Балки, уни тартибга солади, тозалайди ва ҳайвоний хоҳишлар даражасидан юксалтиради, Аллоҳ таоло мукаррам этган инсонга лойиқ бўлган ҳолатга олиб чиқади.

    Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга)чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик»(Исро: 70).

    Оила қуриш – Аллоҳнинг оят-аломатларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир.  Ислом эркак ва аёл ўртасидаги алоқани руҳий ва жисмоний уйғунлик ҳамда меҳр-муҳаббатга асосланган покиза ва нозик туйғулар асосига барпо қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум: 21).

    Оила иймоний мамлакатдир. Эркак киши Аллоҳ ато этган қобилияти туфайли унинг подшоҳи, раҳбари ва ишларини юритувчисидир. Аллоҳ таоло айтади: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар(хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир» (Нисо: 24).

    Аёл эса ушбу мамлакатнинг маликасидир. Чунки, у умр йўлдошдир, рафиқадир, кўз ва қалб шодлигидир.

    Подшоҳ ва маликадан иборат ушбу мўжазгина мамлакатнинг раияти эса улар муҳаббати самараси, жигарлари пораси, дунё ҳаётининг чечаклари бўлмиш фарзандлардир. Аллоҳ таоло айтади: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир» (Каҳф: 46).

    Агар ушбу мамлакат осмони Парвардигори оламнинг ва башарият саййидининг манҳажи соясида бўлса, унинг ниҳоллари ихлос ва меҳр-муҳаббат суви билан суғорилса, мудом покиза мевалар беради, унинг ерида муҳаббат, вафо, ихлос ва юксак ахлоқ чечаклари очилади.

    Исломий жамиятда аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурматини, шунингдек болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурматларини сақлашга кафил бўлувчи ягона шаръий йўл шудир. Чунки, ушбу шаръий асосга қурилган оилада эр ўз аёли ва болалари ҳақида дунё-ю охиратда тўла масъул саналади.

    Аллоҳ таоло айтади: «Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни ўз ҳолига яраша) нафақа берсин!» (Талоқ: 7).

    Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах)устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

    Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом (халифа) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир…» (Бухорий: №2751, Муслим: №1829).

    «Саҳиҳ Муслим»да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Хотинлар хусусида Аллоҳдан тақво қилинглар! Зеро, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати билан олдинглар ва фаржларини (жинсий аъзоларини) Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олдинглар… Уларни яхшилик билан едириб-ичириш ва кийинтириш сизнинг зиммангиздадир..» (Муслим: №1218).

    Мусулмонлар ваҳий замонидан тортиб, то шу бугунгача билган шаръий турмуш мана шу эди.. Бугунга келиб, замона фитналар гирдобига, шаҳватлар ва шубҳалар фитнаси гирдобига тортилди.. Бугунга келиб ҳалол ва ҳаром ўртасидаги саҳиҳ ўлчовлар бузилиб кетди.. Бу замонга келиб жуда кўп инсонлар тап тортмай Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилаверадиган бўлиб кетди… Ҳозирга келиб, жамиятда янги бир кўриниш палак отиб, ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу «Урфий никоҳ» деб аталган иллатдир. Суҳбатимизнинг иккинчи моддасида ана шу ҳақда сўз боради.

    Иккинчи: Бекитиқча турмуш қуриш шариатда ҳам, урфда ҳам ботилдир

    Диққат билан қулоқ солинг, бугунги суҳбатимиз мағзи ва асоси аслида шу. Мавзунинг аҳамиятидан келиб чиқиб, у ҳақдаги сўзни уч асосий қисмга ажратиб оламиз:

    1)    Бўлаётган урфий никоҳлар шакли.

    2)    Унинг урф жиҳатидан ботиллиги.

    3)    Унинг шариат жиҳатидан ботиллиги.

    1)    Бўлаётган урфий никоҳлар шакли:

    Ишхонададир, университет ё билим юртидадир, хуллас, эркак ва аёллар ёки йигит ва қизлар кўришиб юриб, бир йигит бир қизни кўз остига олади ва аста-секин унга тузоқ қўя бошлайди… Йигит қизни аввал яхшилаб кузатиб, таниб олади.. Унинг сочлари, баданини кўз-кўз қилиб турган тор ё очиқ-сочиқ либослари, қонни гупиртирувчи атри ислари, кишини ўзига тортувчи қилиқлари ва ҳаракатлари, ишвали қарашлари ва нозли сўзлари уни маҳлиё қилади.. Шундай эмасми?! Акс ҳолда, нега у ахлоқсиз йигит ҳаё, иффат, поклик ва шараф пардаси бўлмиш ҳижобга ўранган қизнинг йўлини пойламайди?!..

    Хуллас, ахлоқи ҳаминқадар бўлган йигит ахлоқда ўзига ўхшаган бир қизга «ошиқ» бўлади.. Ўз ҳис-туйғуларини ишқий романларда ўқиб, ёдлаб олган ёки филм ва сериалларда уқиб олган ишқ-муҳаббат сўзлари билан унга тақдим этади.. Уни севиб қолгани, унинг муҳаббати оташида юраги ёниб, вужуди жизғанак бўлаётгани, унинг фироқига бир кун ҳам сабр қилолмай қолгани ҳақида лоф уриб, сўзининг ростлигига жамики муқаддас китобларни ўртага қўйиб, қасам ичади.. Шу йўсинда соддадил қизни ўзига ром этгач, унга жон-жон деб тўй қилиб уйланишни исташини, бироқ ҳозирда шароити буни кўтармаслигини, шу билан бирга усиз бир лаҳза ҳам яшай олмаслигини айтиб, ҳозирча яширинча никоҳ ўқитиб, бирга яшаб туришни таклиф қилади.. Қизнинг валийсига, яъни унинг отасига билдирмасдан турмуш қуриш истагида эканини билдиради.. Бечора ота!! Ўзи емай, едириб, ўзи киймай кийдириб, бор меҳрини бериб, тарбия қилган қизи ундан яширинча турмуш қурса!! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!!

    Хуллас, маккор йигит ўз ниятига эришиш ва катта хиёнатини амалга ошириш учун ҳатто никоҳ қоғози топиб келади, ўзининг ишқий кечинмаларидан яхши хабардор, ҳаром ва шубҳали алоқаларидан воқиф бўлган икки ўртоғини гувоҳликка ҳам ҳозир қилади. Бу ўртоқлари ўз навбатида у ҳам уларга айни шу хизматни кўрсатиши шарти билан унинг бу сохта ва ботил никоҳига гувоҳ бўлишади.

    Севикли дўстларим! Қизнинг валийси, яъни унинг отаси ё бошқа яқин эркак қариндоши оқ фотиҳа берадиган, гувоҳлар ҳозир бўладиган ва мусулмон жамиятига эълон қилинадиган ҳар қандай никоҳ ақди-битими, гарчи расмий никоҳ қоғозига битилмаса ҳам, саҳиҳ шаръий никоҳ ҳисобланади. Валийдан бекитиқча, гувоҳларсиз ва эълон қилинмасдан қилинган никоҳ ақди эса гарчи домла ҳузурида қилинган ва расмий никоҳ васиқасига қўл қўйилган тақдирда ҳам ботил ва ношаръий саналади. Чунки, никоҳ саҳиҳ бўлиши учун расмий никоҳ гувоҳномаси шарт эмас. Бу нарса фақат масолиҳи мурсала (яъни шариатда на буюрилган ва на қайтарилган ишлар) жумласидан бўлиб, алдов ва хиёнатлар кучайган бу даврда аёллар ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида татбиқ этиб келинади.

    2) Унинг урф жиҳатидан ботиллиги

    Хўш, одамларнинг урф-одати буни яхши санайдими?

    Жавоб: Йўқ, Каъбанинг Парвардигорига қасамки, одамларнинг урфи ҳам буни ботил санайди.

    Чунки, усул уламолари таърифига кўра, урф дегани одамлар ўз одат ва муомалаларида танишган ва билишган нарсадир. Баъзан шариат урфни тўғри санайди, баъзан эса тўғри санамайди. Шу маънодаки, покиза шариат баъзан одамларнинг урфларидан бир урфни жоиз деб ҳукм қилади, баъзида эса бир урфни ботил деб ҳукм қилади.

    Шаръан эътиборли бўлган урф – шаръий нас (қатъий далил)га ёки шариат қоидаларидан бирор қоидага хилоф келмайдиган урфдир.

    Бир савол: Ер юзида – мусулмон ўлкада демайман, майли Европада бўлса ҳам – мусулмонлар ваҳий замонидан тортиб то шу бугунги кунгача ҳам ўз ўғил-қизларини ана шундай нопок, ҳаром, бекитиқча йўл билан турмуш қуришини яхши иш санайдилар, деб айтадиган лоақал биргина бўлса ҳам оқил инсонни менга кўрсата оласизларми?

    Шу маънодаки, қиз валийсининг изнисиз ўзини турмушга чиқаради, йигит қизнинг отасига ёки оиласига билдирмай уйланади..

    Одамлар алдов ва хиёнат асосига қуриладиган мана шундай нопок жуфтлашиш ва ҳаром алоқани яхши иш деб санайдиларми?

    Бунда йигитдан ҳам, қиздан ҳам хиёнат содир бўлади.. Йигит биринчи навбатда Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилади, ундан кейин аҳли-оиласига ва жамиятига хиёнат қилади.. Қиз ҳам биринчи навбатда Аллоҳ ва Расулига, кейин аҳли-оиласи ва жамиятига хиёнат қилади..

    Агар ана шу тарзда турмуш қурган бирон йигит ўзини саҳиҳ шаръий никоҳ билан уйланганини даъво қилса, менинг унга саволим бор – ўзи ҳам ишонадиган рост жавоб берсин – агар сен саҳиҳ шаръий никоҳ билан турмуш қурдим деб эътиқод қилсанг, унда буни нега аҳли-оилангдан ва яқин кишиларингдан яширдинг?! Ҳалол бекитиқча қилинмайди, унинг фош бўлишидан қўрқилмайди.

    Кейин.. Нега унда ўша севган қизинг ё университетдаги курсдошинг билан холи қолиш учун одамлар кўзидан йироқ, хилват жой қидирасан, эр-хотинлик даъвоси остида у билан зино қилиш учун меҳмонхона ё ижара хона излайсан?!

    Кейин.. Отангдан ҳар куни эрталаб ўқишга бориш баҳонасида пул олиб, кейин «хотининг» билан зино қилиш мақсадида нимқоронғи хонага йўл оларкансан, хиёнат ва алдов ҳисси сени қийнамайдими?!

    Кейин.. Сен ҳам, оиланг ҳам бехабар, курсдош дўстларингдан биронтаси сенинг синглингни ҳам эр-хотинлик даъвоси билан айни шу ижара хонага олиб келиши ва у билан бузуқлик қилишини қабул қила оласанми?!

    Кейин.. Бир кун келиб, сенинг қизинг университетга деб чиқиб кетиб, қорнида ҳомиласи билан кириб келишини ва курсдошига турмушга чиққанини эътироф этишини, сен эса унинг турмушга чиққанидан бехабар қолишингни қабул қила оласанми?!

    Ўзингни алдамай, тўғри жавоб бер.. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини эсга ол: «Балки (У Кунда) инсон  гарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа келтирса-да, — (унинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик берувчидир!» (Қиёмат: 14-15).

    Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини унутма: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал(ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

    Дедим: Сен зино билан фахрланасанми?! Номуслар билан ўйнашасанми?!

    Деди: Бу кўпчилик қилиб юрган иш, мендан бошқа ҳам қанчаси шу билан машғул ва мағрур!!

    Дедим: Аллоҳнинг азобидан қўрқмайсанми?!

    Деди: Аллоҳни танимайман!!

    Шайтон йўлдан уриб, ақлидан ва эс-ҳушидан бегона бўлган ёшларга ачинаман!!

    Уларга ахлоқсизлик санъатини таълим берди, кўзларини залолат пардалари кўр қилди!!

    «Санъаткорлар» уларга шаҳвоний қўшиқларни ўргатдилар ва уларни мияларига қуйдилар!!

    Ота боласидан ғофил, мактаблар низоми диндан узоқ!!

    Агар уммат иши менинг қўлимда бўлса, Ҳаввони (яъни қизни) уйида ўтиргизиб қўярдим!!

    Уй у учун иззат эди.. У уйининг маликаси эди.. Уйида салтанат ва обрў соҳибаси эди..

    У ўз тахтини ўз қўли билан синдирди.. Ва ўзини бўрилар қаршисидаги қўзичоққа айлантирди!!

    Бундай маданият мен учун бегона.. Мен бундай «дин»нинг мағзи-маъносига кофирман!!

    На оқил кишилар урфи, на мусулмонлар урфи бундай «никоҳ»ни тўғри санайди. Мусулмонлар ваҳий замонасидан тортиб то шу фитналар замонасига қадар ҳам бундай нопок ҳаром алоқани тўғри деб билмаганлар

    3) Унинг шариат жиҳатидан ботиллиги:

    Аллоҳнинг шариати ушбу шаклдаги никоҳни тўғри санайдими?

    Жавоб: Йўқ, Каъбанинг Парвардигорига қасамки, Аллоҳнинг шариати бундай нопок турмушни ва машъум алоқани ботил санайди. Исломда никоҳ ақди ўзига яраша муқаддас, Аллоҳ ва Расули наздида салмоқли ўрнига эга бўлган мустаҳкам алоқадир.

    Эр-хотиннинг никоҳи Аллоҳ шаръий қилган кўринишда саҳиҳ ва ҳалол бўлиши учун қабул, ийжоб, эълон, валий, маҳр ва гувоҳлар бўлиши зарур бўлади.

    Қабул ва ийжоб – никоҳнинг рукнлари бўлиб, никоҳ ақди усиз асло яроқли бўлмайди. Жумҳур уламолар мазҳабига кўра, бағишлаш ва қабул қилиш маъносига далолат қиладиган ҳар қандай сўз билан ушбу рукнлар амалга ошади.

    Никоҳ шартлари:

    Никоҳ ақди дуруст бўлишининг бир неча шартлари бор:

    Биринчи шарти валийдир. Қаерда бўлмасин, қандай шароит ва вазиятда бўлмасин, никоҳ ақди дуруст бўлиши учун валий бўлиши шартдир. Валий – қизнинг отаси, отаси вафот этган ёки йўқ бўлган ҳолатда энг яқин эркак қариндошидир.

    Аллоҳ таоло айтади: «Қачон хотинларни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, (эй валийлар) уларни ўзаро яхшилик билан келишишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг!» (Бақара: 232).

    Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтишларича, ушбу оят валийсиз никоҳ бўлмаслигига Қуръондаги энг очиқ оятдир. Оятнинг нозил бўлиши сабабини айтсам ҳайрон қоласизлар. Бу оят Маъқил ибн Ясор ҳақида нозил бўлган. Маъқил синглисини бир мусулмонга никоҳлаб берган, у одамга яхшилик қилган ва иззат-икром кўрсатган эди. Бир муддатдан сўнг ҳалиги киши унинг синглисини талоқ қилди. Аёлнинг иддаси чиққанидан кейин ҳалиги киши келиб, уни қайтариб олмоқчи бўлди. Шунда Маъқил ибн Ясор: «Сени уйлантириб, иззат-икром кўрсатдим, сен эса уни талоқ қилдинг. Энди яна қайтариб оламан деб келибсан. Аллоҳга қасамки, у сенга ҳеч қачон қайтмайди», деди. У киши ўзи ёмон одам эмас эди, аёл ҳам унга қайтишни истаётган эди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Қачон хотинларни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, (эй валийлар) уларни ўзаро яхшилик билан келишишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг!» (Бақара: 232) оятини туширди.

      Маъқил ибн Ясор бу оятни эшитгач: «Хўп бўлади, ё Расулуллоҳ, ҳозироқ шундай қиламан», деди ва синглисини янги маҳр билан у кишига никоҳлаб, узатди.

    Жумҳур муфассирлар шу оятни далил қилиб, аёл киши ўзини турмушга чиқаришга ёки бошқа бир аёлни турмушга узатишга ҳақли бўлмайди, гарчи жувон бўлса ҳам, дейдилар. Чунки, Маъқилнинг синглиси қиз эмасди, жувон эди. Бироқ, шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг валийсига: «эрига қайта никоҳланишидан тўсманг!» деб амр қилди. Агар аёл кишининг валийси уни тўсишга ҳақли бўлмасайди, Аллоҳ таоло валийларга бундай деб буюришининг маъноси бўлмасди.

    Аллоҳ таоло айтади: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар» (Нур: 32).

    «Уйлантиринглар» хитоби Аллоҳ таоло томонидан аёл кишининг валийларига бўлган хитобдир. Жумҳур муфассирлар ва Имом Бухорий валийсиз никоҳ бўлмаслигига шу оятни далил қилганлар.

    Аллоҳ таоло айтади: «Бас, улардан ўзларини сақлаган, фоҳишалик қилмаган ва махфий ўйнашлар тутмаганларига ҳожаларининг изни билан уйланаверинглар ва маҳрларини тўкис қилиб беринглар!» (Нисо: 25). Қиз бола валийсининг изнисиз қандай қилиб турмушга чиқиши мумкин?! Отасининг ва оиласининг изнисиз қандай қилиб турмушга чиқиши мумкин?! Бу Ўзи яратган халқларини яхши билувчи Ҳаким Зотнинг ҳукмидир.

    Аллоҳ таоло айтади: «То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир» (Бақара: 221). Бу оят ҳам Аллоҳ таоло тарафидан аёл кишининг валийларига хитобдирки, аёл киши ўзини ё бошқа аёлни турмушга узатиши жоиз эмасдир. Бу мазкур оятларни тафсир қилган жумҳур муфассирлар фикридир.

    Суннати мутоҳҳарада ҳам шунга далолат қилувчи очиқ-ойдин ва аниқ-тиниқ, ҳеч қандай таъвилга муҳтожлиги бўлмаган далиллар мавжуд. Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Байҳақий, Дорақутний, Бағавий, Табароний ва Ҳоким Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийсиз никоҳ йўқдир», деганлар. (Абу Довуд: №2085, Термизий: №1101, Ибн Можа: №1907, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1839) саҳиҳ санаган).

     Бир ривоятда: «Валийсиз никоҳ йўқдирСултон валийси йўқ (аёл)нинг валийсидир», дейилган.

    Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Байҳақий, Доруқутний, Бағавий, Табароний, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси аёл ўз валийсининг изнисиз турмушга чиқса, унинг никоҳи ботилдир, унинг никоҳи ботилдир, унинг никоҳи ботилдир», деганлар. (Абу Довуд: №2083, Термизий: №1102, Ибн Можа: №1906, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1840) саҳиҳ санаган).

    Шунча гапдан кейин яна нима истайсизлар эй муваҳҳидлар, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлаган ва у зотга ишонганлар?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат учун қонун чиқарувчи зот эдилар!

    Ибн Можа, Байҳақий, Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл киши аёл кишини турмушга узатмайди, аёл киши ўзини турмушга узатмайди», деганлар (Ибн Можа: №1909, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1841) саҳиҳ санаган).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Зинокор аёл ўзини ўзи эрга беради», деганлар.

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бузуқ аёл ўзини ўзи эрга беради», деганлар.

    Мавзу доирасида илмий омонат юзасидан айтиб ўтмоғимиз лозимки, валийсиз никоҳ дуруст дейдиган кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларини ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини далил қиладилар.

    Ҳадис шуки, Муслим, Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса отаси ўзи ҳақида изн сўрайди. Унинг изни сукутидир», деганлар (Муслим: №1421).

    Бу ҳадис бизнинг сўзимизни бекорга чиқармайди. Ҳадисдан мурод, жумҳур уламолар фикрича, жувон хотиннинг валийси уни зўрлаб турмушга узатишга ҳақли эмас, балки уни ўз розилиги ва маслаҳати билан турмушга бериши лозим. Агар уни истагига қарши ўлароқ, мажбурлаб турмушга узатса, у жувон улул-амр (ҳоким ё қози) ҳузурида никоҳни бекор қилишга ҳақлидир. Уламолар бунга Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни далил қилганлар. Унда айтилишича, Ханса бинт Хизом жувон хотин эди, отаси уни эрга берди, у буни ёқтирмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб, шикоят қилган эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг отаси қилган никоҳни рад қилдилар.

    Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига келсак, у киши аёл киши валийсининг изнисиз ўзини эрга бериши жоиз, дейдилар. Имом Абу Ҳанифа бу ҳукмни қиёс бобидан олганлар. Яъни, аёл киши ўзига тегишли матони сотишга ҳақли экани ҳақидаги ҳукмга қиёсан ўзини турмушга беришга ҳам ҳақли деган ҳукмни чиқарганлар.

    Бу усул уламолари ижмоъ-иттифоқига кўра, фосид қиёсдир. Чунки, Қуръон ояти ва сариҳ ҳадис турганда қиёсга йўл йўқдир. Уламолар иттифоқ қилган усул қоидаси шуки: «Нас (оят ё ҳадис далили) бўлганда қиёс йўқдир».

    Мен Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни тўла эҳтиром қилган ҳолда айтаманки, агар мазкур очиқ оят ва ҳадисдан бўлган далиллар у кишига етган бўлганида, Абу Ҳанифа албатта шу далилларни олган бўлардилар. Мен бунга қаттиқ ишонаман. Чунки, Абу Ҳанифанинг ўзлари: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир», деб айтганлар, Абу Ҳанифанинг ўзлари: «Бирон киши бизнинг сўзимизни қаердан олганимизни билмай туриб айтиши ҳалол бўлмайди», деб айтганлар.

    Аллоҳ жалла ва ало айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз» (Нисо: 59).

    Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (Аҳзоб: 36).

    Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

    Ҳатто ҳанафий уламоларнинг ўзлари ичида ҳам бу масалада Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга хилоф қилганлари бор. Имом Таҳовий «Шарҳ маъонил-осор»да зикр қилганидек, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан – маълумки, бу иккилари Абу Ҳанифанинг энг кучли тобеъларидан ва у кишининг мазҳабларини энг яхши билувчи кишилар эди, ҳанафий мазҳабнинг асосий усул ва қоидаларини тузган кишилар ҳам шулар эди – ушбу масалада ва бошқа кўп масалаларда ҳам Абу Ҳанифага хилоф қилганлар, аёл киши ўзини эрга бериши ёки бошқа бир аёлни эрга бериши жоиз бўлмайди, валийсиз никоҳ дуруст бўлмайди, деб айтганлар.

    Иккинчи шарти эълон қилинишдир.

    Ислом никоҳни эълон қилиш ва билдиришни вожиб қилган. Ислом никоҳ ва турмуш қуришда бекитиқчалик деган нарсани танимайди. У бекитиқча турмуш қилишни инкор қилади. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яширинча никоҳ бузуқларнинг никоҳидир, ўйнашларнинг никоҳидир».

    Ҳалол ўзини кўрсатишдан қўрқмайди. Ҳалол хилватхоналар ва олазарак қарашларни билмайди. Балки, у ўзини бемалол ва бехижолат эълон қилади, ўзини баралла ва бошини ғоз тутиб кўрсатади.

    Адолат шартини ўрнига келтира олсангиз, ҳалол қилиб, бир, икки, уч, тўрттагача уйланинг, бошингизни баланд тутинг, Аллоҳнинг шариатига амал қилишни истаган кишилар бошларини эгиб, гуноҳкорлардек ер билан забун бўлиши керакдек қарайдиган жамиятдан уялманг! Модомики, Аллоҳ азза ва жалланинг амрига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатларига мувофиқ иш қилаяпсизми, бошингизни баланд кўтаринг! Умматга етган руҳий мағлубиятни елкангиздан улоқтириб ташланг! Айни шу руҳий мағлубият мусулмон кишини Қуръон ва Суннатда мужассам бўлган Аллоҳнинг шариатига қолоқлик, замондан ортда қолиш деган назар билан қарайдиган, шу вақтнинг ўзида нопок ҳаром алоқалар қилаётганларга жамият кишанларидан ҳамда дин ва воқелик босимидан ўзини озод қилганлар деб қарайдиган қилиб қўйди! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм!

    Ислом турумуш ва оила қуришдаги яширинчаликни танимайди. Аксинча, Ислом сизга ҳалол йўл билан қураётган оилангизни эълон қилишни ва жамиятда фахр билан ошкор қилишни вожиб қилади.

    Аҳмад, Ҳоким, Табароний ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда: «Никоҳни эълон қилинглар!», дейилган. Табароний Язид ибн Соибдан ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Урс (никоҳ тўйи)да бизга ўйин-кулги қилишга рухсат борми?», деб сўралганида: «Ҳа, албатта бу никоҳдир, сифоҳ (бузуқлик) эмасдир. Никоҳни эълон қилинглар!», деганлар.

    Никоҳ ақдининг учинчи шарти маҳрдир.

    Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз!» (Нисо: 4).

    Маҳр эркак киши зиммасига вожиб бўлиб бўлиб, у аёлнинг комил ҳаққидир. Ислом маҳрни қулай ва енгил қилишга буюради. «Саҳиҳайн»да Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан ривоят қилинади:

    «Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен ўзимни сизга ҳадя қилиш учун келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бир қур назар солдилар, сўнг бошларини қуйи солдилар. У аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи ҳақида бирон қарорга келмаганларини кўргач, ўтирди…»

    Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, аёл киши ўзини биронта эркакка ҳадя қилиши жоиз эмас, бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос иш эди. Аллоҳ таоло Расулига айтганидек: «(Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир» (Аҳзоб: 50).

    Энди юқоридаги ҳадисни келтиришда давом этамиз:

    «Шунда асҳобларидан бир киши ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, агар сизнинг ҳожатингиз бўлмаса, унга мени уйлантириб қўйинг», деди.

    «(Маҳрга бергудек) бирон нарсанг борми?», деб сўрадилар.

    «Аллоҳга қасамки, йўқ, эй Расулуллоҳ», деди у.

    «Хонадонингга бориб қарачи, бирон нарса бормикин», дедилар.

    Киши кетиб, кейин қайтиб келди ва: «Йўқ, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса тополмадим», деди.

    «Қарагин, бир темир узук бўлса ҳам», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

    У кетди, кейин қайтиб келиб: «Йўқ, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, темир узук ҳам тополмадим. Лекин, мана бу изорим (белдан пастга ўраладиган мато) бор, шунинг ярми унга бўлсин», деди.

    «Изорингни нима қиласан? Сен кийсанг, унга ҳеч нарса қолмайди, у кийса, сенга ҳеч вақо қолмайди», дедилар.

    Киши ўтирди. Узоқ ўтиргач, ўрнидан қўзғолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кетаётганини кўриб, чақиртирдилар.

    Келгач: «Қуръондан нима сураларни биласан?», деб сўрадилар.

    У: «Фалон-фалон сураларни биламан», деб санаб берди.

    «Шуларни ёддан ўқий оласанми?», деб сўрадилар.

    «Ҳа», деди.

    «Боравер, сенда бўлган Қуръон суралари (унга маҳр бўлиши) эвазига унга сени уйлантирдим», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий: №5149, Муслим: №1425).

    Демак, Ислом маҳрни вожиб қилган, бироқ уни енгил қилишга буюрган. Уламолар маҳрнинг кўпига чегара йўқлигига ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

    Никоҳ ақди дуруст бўлиши шартларидан тўртинчиси гувоҳлардир.

    Байҳақий, Табароний, Дорақутний Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийсиз ва иккита гувоҳсиз никоҳ йўқдир», деганлар.

    Имрон ибн Ҳусойн ривоят қилган, Албоний «Ал-ирвоъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валий ва икки адолатли гувоҳларсиз никоҳ йўқ», деганлар (Ибн Ҳиббон: №1247, Доруқутний: №383-384, Байҳақий: 7/125, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1858) саҳиҳ санаган).

    Усул уламолари гувоҳликдаги адолатли бўлиш шартлари – мусулмонлик, балоғатга етган бўлиш, ақл-ҳушли бўлиш ва фосиқ бўлмаслик эканига иттифоқ қилганлар.

    Аллоҳга қасамки, бир дорулфунун толибаси бўлган қиз менга хат юборибди. Надомат кўз ёшлари билан битилган бу хатда айтишича, курсдош бир йигити унга яширинча урфий никоҳ билан уйланган экан. Кунлардан бирида қиз ўзининг ҳомиладорлигини сезиб қолибди ва йигитдан зудлик билан унинг ота-онаси ҳузурига совчи қўйиб, унга шаръий никоҳ билан уйланишини талаб қилибди. Шунда йигит нима қилибди денг?! Ботил урфий никоҳ қоғозини чиқариб, қизнинг кўзида майда-майда қилиб йиртибди ва: «Бола мендан эканига ким ишонади?!», дебди!!

    Ҳа, беномус йигит шўрлик қизнинг кўзи олдида никоҳ қоғозини йиртиб ташлаб, яна бир содда-гўл қизга тузоқ тайёрлаш учун кетибди.

    Қизнинг ёзишича, энг ёмони, уларнинг урфий никоҳларига гувоҳ бўлган икки йигитдан бири воқеадан хабар топгач, қизнинг олдига келиб, у билан бузуқчилик қилишини талаб қилибди. Акс ҳолда, бутун университет олдида ҳам, оиласи олдида ҳам уни шарманда қилишини айтиб, пўписа қилмоқда экан. Қиз боши қотиб, нима қилишини билмай, шарманда бўлмаслик учун ўша йигитнинг талабига рози бўлсам бўладими, деб сўрабди. Бунисига нима дейсиз?! Ботил ва сохта урфий никоҳга гувоҳ бўлган гувоҳнинг аҳволи шу!!

    Шундан кейин ҳам мусулмон киши бу ботил, бекитиқча никоҳнинг ҳақиқий шаръий никоҳга на яқин, на узоқ алоқаси борлигини айта оладими?! Йўқ, асло!! Номда эътибор йўқ, эътибор ўша ном остига яширинган ишда бўлади! Ароқни шампан, виски, бренди, ўткир ичимлик деб номлаган билан ўша ҳаром ароқлигидан бошқа бўлиб қолмайди. Судхўрликни фойда, фоиз ва бошқа номлар билан атаганда судхўрликдан бошқа нарсага айланиб қолмайди.

    Мен Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, ер юзидаги биронта ҳам мусулмон киши урфий никоҳ деб аталган бу ботил алоқани ўз онаси, синглиси, аммаси, холаси ё қизида бўлишини ва ҳатто ўғлида бўлишини ҳам асло қабул қилмайди! Чунки, бу иш диндан ҳам, ахлоқдан ҳам, соғлом табиатдан ҳам ташқари нарсадир.

    Учинчи: Қурбонлар эътирофи.. Аянчли воқеалар

    Учта ҳолатни келтириш билан кифояланаман. Аслида, менда бу ҳақда бир талай маълумотлар мавжуд.

    Биринчи ҳолат:

    Бир қиз ҳикоя қилади: «Севган йигитим билан ўртадаги муносабатларимиз кўпчилик курсдошларимга маълум эди. Аслида, бизнинг университетимиз шаҳардаги севги ва ишқ-муҳаббат воҳасига айланиб қолган эди, десам муболаға қилмаган бўламан. Биз урфий никоҳ билан турмуш қуришга ва бу билан иккаламизнинг ҳам оилаларимизни воқелик олдида тиз чўктиришга қарор қилдик…»

    Аслида, ҳар иккаламизнинг оилаларимизнинг бошларини тупроққа, лой ва балчиққа булғашга қарор қилдик, деса тўғрироқ бўларди. Йўқса, бу қиз агар ўзини ҳалол шаръий йўл билан турмуш қурганини эътиқод қиладиган бўлса, мен ундан сўраган бўлардим ва фақат тўғрисини айтишини истардимки, бундай йўл билан турмуш қураётганини нега ота-онасидан яширди?! Бечора она! Қизига Аллоҳдан солиҳ куёв тилаб, илтижолар қилиб ўтирибди, қизи аллақачон эрли бўлганидан хабари йўқ шўрликнинг! Қизиқ, покиза ва шарафли хонадон қизи ўзининг шарафли хонадони аҳлидан яширинча турмуш қуриши ақлга сиғадими ўзи?!

    Қиз айтади: Биз ҳар икки оилани воқелик олдида таслим қилиш мақсадида урфий никоҳдан ўтдик. Ўқишни муваффақиятли битирганимиз хабарини олгач, оилаларимизга аввало, шу муваффақиятимиз хушхабарини, кейин эса турмуш қурганимиз хабарини бериш учун қўнғироқ қилишни бошладик. Аввал менинг оиламга қўнғироқ қилдик ва мен онамга урфий никоҳимиз хабарини етказиши учун телефон гўшагини йигитимга бердим. Йигитдан никоҳимиз хабарини эшитгач, онам дод деб юборди, унинг қичқирган овози менга ҳам аниқ эшитилди..

    Кейин онаизор шу қичқирганича ерга йиқилибди. Унинг қичқириғига чопиб кирган ота шоша-пиша нима бўлганини сўрай бошлайди:

    – Нима бўпти? Қизингга бирон нарса бўптими?! Ўлибдими?!

    – Кошкийди ўлган бўлса!! Ундан баттарроқ бўпти! Қизингиз эрга тегипти!

    Бечора ота, бу хабарни юраги кўтара олмай, ўша заҳоти ерга йиқилибди. Уни шифохонага етказибдилар. Жонлантириш бўлими шифокори унинг олдидан чиқиб, миясида қон қуюлиши оқибатида бир томони фалаж бўлиб қолганини айтибди..

    Иккинчи ҳолат:

    «Стюардессанинг қотили – унинг учувчи эри эътироф этади» деб номланган мақола матбуотда нашр қилинди. Бир учувчи ўзи билан бирга рейсда қатнайдиган стюардесса қизга бекитиқча, унинг ота-онасига билдирмай, урфий никоҳ билан уйланади. Чунки, учувчининг оиласи бор бўлиб, аёлидан яширишни истайди. Қиз ҳомиладор бўлиб қолгач, никоҳларини расмийлаштириб, тўй-томоша билан жамиятга эълон қилишларини талаб қилади. Эр бунга қатъан қаршилик қилади. Қиз ўз сўзида қаттиқ туриб олгач, эр уни пичоқлаб ўлдириб, жиноят изларини яшириш мақсадида жасадини ёқиб юборади.

    Учинчи ҳолат:

    Оилалик ва бир неча фарзанди бор ота иккинчи марта уйланмоқчи бўлади. Бироқ, хотинидан қўрқиб ва кўпхотинлиликка ёмон кўз билан қарайдиган эл-юртдан истиҳола қилиб, яширинча уйланади. Йиллар ўтиб, биринчи хотинидан бўлган ўғли университетга ўқишга киради. Аллоҳнинг тақдири билан иккинчи хотинидан бўлган қизи ҳам айни шу университетга ўқишга киради. Табиийки, улар бир-бирларини танишмайди. Тақдирни қарангки, иккаласи бир бирига кўнгил қўйишади ва урфий никоҳ билан турмуш қуришга қарор қилишади. Қизиғи, иккаласи никоҳ ақди васиқасига имзо қўйиш пайтида фамилиялари ҳам бир хил эканидан ажабланишиб, йигит қизга: «Мана бу уйғунликка қара, севгимиз чин бўлганидан тақдири илоҳий бизнинг фамилияларимизни ҳам бир хил қилиб қўйибди!», дейди. Қиз ҳомиладор бўлиб қолганини билгач, йигитдан зудлик билан унинг ота-онасидан розилик олиб, расмий никоҳдан ўтказиб, тўй қилиб уйланишини талаб қилади. Йигит рози бўлади. Сўнг бир кунни ваъдалашиб, қизнинг уйига боради. Хурсандлигидан учиб-қўниб эшикни очган қизнинг орқасида кимни кўрибди денг?! Ўзининг отасини кўрибди! Ҳақиқатдан хабар топган йигит шўрлик ўзини юқори қаватдан ташлаб, ҳалок бўлибди. Ота эса юрагини ушлаб, ерга йиқилибди. Қиз эса эс-ҳушидан айрилиб, тилдан қолибди.

    Аллоҳнинг шариатидан юз ўгиришнинг аччиқ самаралари! Аллоҳ таоло айтади: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубхасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 123-127).

    Тўртинчи: Ушбу ҳолатга олиб келувчи сабаблар ва унинг давоси

    Биринчи сабаб: Аллоҳ азза ва жалладан узоқлашиш.

    Бу энг хатарли сабабдир. Аллоҳдан узоқ инсоннинг иймони заиф бўлади, ёмонликка буюрувчи нафс-ҳаво ва шайтон тузоғига илиниши жуда осон бўлади, ёмон улфатлар таъсирига тез тушади.

    Сўзим ростлигига амалий далил истасангиз, ён-атрофингиздагиларга бир назар ташланг. Енгилтак ва такасалтанг йигитга қаранг. Кейин пок табиатли, Аллоҳнинг тоатида бардавом йигитга қаранг. Ҳар иккаласи битта ўқув юртида, битта куллиётда ўқийди. Бир хил фитналарга, бир хил жозибадор шайтоний тузоқларга дуч келади. Иккала йигит ўртасидаги фарқни кўринг. Тунлари Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиб, намозлар ўқийдиган, илм ва уламолар мажлисларига қатнайдиган, намозларни жамоат билан адо этадиган, Қуръон ўқийдиган, бомдодни ўқигач, эрталабки зикрларни ўқийдиган, сўнг китоблари орасига Аллоҳнинг Китобини ҳам солиб, ўқишига йўл оладиган, оиласи ва уммати учун ғам чекадиган йигит билан Қуръон эшитмайдиган, қалби иймон ҳаловатини ҳис қилмайдиган, илм мажлисларига қадам босмайдиган, бир марта ҳам масжидга бормаган, қулоғи шармсиз ва енгил-елпи куй-қўшиқлардан бўшамайдиган, пана-пастқамда очиқ-сочиқ ва беҳаё қизлар билан хилватда қолишдан парҳез қилмайдиган йигит ўртасида осмон билан ерча фарқ бор.

    Давоси Аллоҳ таборака ва таолога қайтишдадир. Унинг йўлида нафсига қарши курашганларга Ўзи ёрдам беришини ваъда қилган:

    «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

    «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2-3).

    «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).

    Ҳоким, Абу Нуайм ва бошқалар саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Руҳул-Қудс (Жибрийл) қалбимга солдики, ҳеч бир кимса то ажалини ва ризқини тўлиқ қилмагунича асло ўлмайди. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва ризқ талабида чиройли ҳаракат қилинглар. Ризқнинг кечикиши сизларни маъсият-гуноҳ орқали ризқ қидиришга олиб бориб қўймасин. Зеро, Аллоҳ ҳузуридаги нарсага фақат Унинг итоати билан эришилади».

    Иккинчи сабаб: Оила таъсирининг йўқлиги.

    Машъум ва сохта даъво билан – эркинлик даъвоси билан оила таъсири, ота-онанинг назорати деган нарсалар йўқолди.. Бу соҳада жуда кўп мусулмонлар ақидада биз билан тамомила фарқли бўлган, ахлоқи ҳам бизнинг исломий жамият ахлоқига тўғри келмайдиган кофир ғарбга тақлид қилишади. Кўпчилик мусулмон оталар ғарбга тақлид қилиб айтади: Мен демократия тарафдориман, хонадонимда демократия ўрнатишни истайман! Мен эркинлик тарафдориман, қизим истаган пайтида, ўзи истаганича кийиниб ва истаган кўринишида истаган жойига чиқсин, истаган соатида истаган кишиси билан телефонда гаплашсин! Мен унинг ахлоқига заррача шубҳа қилмайман, унга қаттиқ ишонаман!

    Бу Аллоҳнинг динида бўлмаган ботил сўздир. Қизинг истаган пайтида истаган кишиси билан кўришиши ва гаплашиши ҳалол бўлмайди. Очиқ-сочиқ, ярим яланғоч ва тор кийимлар билан кўчага чиқиши жоиз эмас. Бирга ўқийдиган йигити билан ярим тунгача телефонда гаплашиб ўтириши мумкин эмас. Иймон қаерда қолди?! Ислом қаерда қолди?! Эркаклик дегани қаерда қолди, эй мусумонлар?! Ота ўйламайдими, ўзига савол бермайдими, қизи ярим тунгача телефонда ким билан пичирлашади, ким билан нимани гаплашади?!

    Ота ўзига савол бермайдими, қизи қандай қилиб мана шундай ярим яланғоч ё тор кийимда, атир ислари уфурган ҳолда ўқишга кетиши мумкин?! Она қизиқмайдими, қизининг дугоналари ким, кимлар билан гаплашади, кимлар билан юради?! Қани назорат?! Қани ота?! Қани она?! Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз…» (Таҳрим: 6).

    Давоси Аллоҳнинг шариатига қайтишда, Аллоҳнинг Китобига, Пайғамбарининг Суннатларига қайтишдадир. Эй мусулмонлар, биз ўз қонунчилигимизни динсиз шарқдан ё кофир ғарбдан олмаймиз, биз қонунларимизни Аллоҳ ва Расулидан оламиз.

    Бир саволим бор, шунга чин дилдан жавоб берингчи: Сиз кимга қулоқ соласиз? Кимга итоат қиласиз? Аллоҳ ва Расулигами ё динсиз шарқу кофир ғарбгами?! Ё ғарб ноғорасига ўйнаётганларгами, ғарбнинг ҳар бир сўзини муқаддас санайдиганларгами?!

    Аллоҳга қасамки, уммат бу хорлиг-у хўрликка Роббининг Китобини ва Пайғамбарининг Суннатларини тарк қилган ҳамда ғарб қозонида, бизнинг ақидамиз, динимиз ва ахлоқимизга тамомила қарши бўлган кофир ғарб қозонида эрий бошлаган кунда гирифтор бўлди!!

    Эй мусулмонлар! Даво пок шариатга, Қуръон ва Суннатга қайтишдадир. Муҳтарам ота, муҳтарама она, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларини эсланг: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир…» (Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган, Бухорий: №2751, Муслим: №1829).

    Парвардигорга қасамки, Аллоҳ ҳузурида ўз қизингиздан масъул бўласиз. «Саҳиҳайн»да Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ бир қавмга раҳбар қилиб қўйган банда уларга хиёнат қилган ҳолда ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Бухорий: №7150, Муслим: №142).

    Иккинчи хутба:

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

    Аммо баъд…

    Учинчи сабаб: Маҳр ва турмуш қуриш харажатлари ўта ошириб юборилгани.

     Бу энг асосий сабаблардан биридир. Ота-оналар оила қуриш ва тўй харажатларини ўта ошириб юборганлари туфайли жуда кўп йигитларнинг уйланишлари, жуда кўп қизларнинг турмушга чиқишлари кечикиб кетмоқда. Агар қизларимизнинг дилларидаги ҳаёлари ғолиб келмаса эди, улар ота-оналарига: «Бизга раҳмингиз келсин, майли камбағал бўлса ҳам, бир мусулмон йигит билан турмуш қуриб, оила қилишни, Аллоҳнинг тоатида бир-биримизга ёрдамчи бўлишни истаймиз», деб хитоб қилган бўлишса керак эди!

    Эй ота-оналар! Даво Исломга қайтишдадир. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хушхабар беринглар, нафратлантирманглар, осон-қулай қилинглар, қийинлаштирманглар!», деганлар (Бухорий: №4341, 4342, Муслим: №1733).

    «Сунанут-Термизий»да саҳиҳ санад билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агaр сoвчи юбoргaн кишининг дини вa xулқи сизни қoниқтирсa, унгa (қиз-жувонларингизни) турмушгa узатинг. Шундaй қилмaсaнгиз, ер юзидa фитна вa кенг қамровли фасод вужудга келади», деганлар.

    Тўртинчи сабаб: Қизларнинг очиқ-сочиқ юриши, эркак-аёлларнинг аралашишлари ва хилватда қолишлари.

    Ярим яланғоч бадан, мафтункор қараш, кишини ўзига тортувчи хушбўй атир ислари, нозли ҳаракатлар… Мана шуларнинг ҳаммаси йигит кишидаги яширин ҳисларни уйғотиб, томирдаги қонларини жунбушга келтиради. Аралашиш ва хилватда бирга қолиш ортидан жуда катта кўргуликларга дучор бўлинади.

    Инглиз адибаси Леди Кукнинг бир иборасига кўзим тушганди: «Аралашиш қанча кўп бўлса, зинодан туғилган фарзандлар шунча кўп бўлади».

    Эй оқил дўстларим, ёниб турган оловга мой сепиб туриб: «Эй олов, алангаланма!» деб айтиш ақлдан бўладими?!

    Кишан ва арқонлар билан маҳкам боғланган кишини денгизга отиб: «Эҳтиёт бўл, чўкиб кетма ва кийимларингни ҳўл қилма!», десак тўғри бўладими?!

    Эркак ва аёл ўртасидаги тортиш кучи инсон табиатига азалдан ўрнатилган табиий ишдир. Чунки, Аллоҳ таоло ер юзида инсон насли давом этишини шу жозибага боғлаб қўйган. Қаердаки эркак ва аёл бўлар экан, ўрталарида жозибадор куч бўлиши табиий ишдир. Ҳеч бир жонзот бундан ўзини холи санай олмайди.

    Ушбу сабабнинг давоси Аллоҳнинг шариатига, Унинг мана бу сўзларига қайтишдадир: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65). Ислом шаҳватлар жунбушга келтирилмайдиган ва яширин истак-майллар қўзғатилмайдиган покиза ва тоза жамият барпо қилишни мақсад қилгани учунгина аралашиш ва хилватда қолишни ҳаром қилди.

    Бешинчи сабаб: Оммавий ахборот воситалари.

    Бугунги кунда мўминлар ичида фаҳш тарқалишида матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг жуда катта улуши бор. Шармсиз бадиий асарлар, тубан сериаллар, шаҳвоний филмлар, енгил-елпи саҳна асарлари.. Санъаткор-у артистларни, қўшиқчи-ю раққосаларни кўкларга кўтариш.. Олимлар ва даъват аҳлларининг пок юзларини булғаш.. Бугунги матбуотни кузатсангиз, асосан мана шуларга кўзингиз тушади.

    Давоси мўминлар ҳақида на аҳдга, на бурчга риоя қилаётган матбуот ва ОАВга бош-қош бўлиб турган кишилар Аллоҳдан қўрқишларида ҳамда матбуотнинг асосий вазифаси бўлмиш фазилатларни ёйиш ва разолатларга барҳам бериш ишига қайтишларидадир.

    Чунки, ўғил-қизларимизга, гўдакларимизга тақдим этилаётган дастурларни кўздан кечирган кишининг кўзи бирон фойдали нарса тополмасдан, ҳасрат ила ноумид қайтади. Дастурлар ҳаёсизликка, шаҳвонийликка, жиноят ва безориликка ўргатувчи материаллар билан тўлган. Шундан кейин болалардан яна нимани кутиш мумкин?!

    Олтинчи сабаб: Диний тарбия берувчи муассасаларнинг йўқлиги.

    Хусусан, ёшлар муаммоларига, умуман жамият ва уммат муаммоларига жавоб бермайдиган даъват ва маърузалар кўпайиб кетди.

    Давоси дин ишлари қўмитаси, мусулмонлар идораси ва даъват ишига бош-қош бўлган масъул шахслар жиддийлик билан, чин кўнгилдан ва ихлос билан Аллоҳга даъват қилишга қайтишларидадир.

    Ҳозирги танг аҳволда расмий имом хатиблар ва норасмий, бироқ кўпчилик мухлисларга эга бўлган олим ва даъват соҳиблари ўртасини ажратиш ва улар орасига тўсиқ қўйиш мутлақо ярамайди. Чунки, хатар барчамизни бирдек қамраб келмоқда, ҳаммамиз битта кемага минганмиз. Агар кема нажот топса, барчамиз нажот топамиз, кема ғарқ бўлса, барчамиз тенг ҳалок бўламиз.

    Еттинчи сабаб: Мактаблар, олий ўқув юртлари ва таълим дастурлари.

    Бизнинг диёрлардаги таълим-тарбия дастурлари ёшларимизга илм ва маърифат беришни дўндиради, бироқ, уларнинг кўзларига ёш, дилларига Аллоҳдан қўрқув сола олмайди! Ахир қандай бунинг иложи бўлсин, чор-атрофда йигит-қизлар аралашиб юрган бўлса?! Шаҳватларни жунбушга келтирадиган ва яширин ҳисларни уйғотадиган бундай шароитда қандай қилиб бола иймоний тарбия олсин?!

    Давосини бир неча нуқталарда тақдим этаман, Аллоҳ таолодан таълим-тарбия ишига масъул бўлган муҳтарам устозларнинг қалбларини ва қулоқларини бунга буришини сўрайман:

    1)               Дин фанини асосий фанга айлантириш ва ўзлаштиришдаги муваффақият ва муваффақиятсизликни унга боғлиқ қилиб қўйиш. Шунда болаларимиз бу фанга қаттиқроқ ҳаракат қиладилар. Бир шарт биланки, дин фанидан сабоқ берувчи устозларни фазилатли уламолар ва муҳтарам даъват соҳибларидан тайинлансин. Токи, улар ўғил-қизларимизни Аллоҳга иймон ва Пайғамбарига муҳаббат руҳида тарбия қилсинлар, таълим босқичларидан ҳар бир босқичга мос келувчи маълумот ва билимларни саралаб олсинлар.

    2)               Толиб ва толибалар ўртасини бутунлай ажратиб ўқитиш. Агар масъуллар бундай қилиш имкони йўқлигини айтсалар, ҳеч бўлмаса синфларни алоҳида қилиш билан бўлса ҳам ажратиш лозим. Бу иймоннинг энг заиф кўриниши бўлади.

    3)               Толиб ва толибаларни аралаш сайру-саёҳатларга чиқишларини бекор қилиш. Бу эса таълим босқичларидан ҳар қандай босқичга умумий бўлиши даркор. Чунки, айни шу аралаш сайру-саёҳатлар (походлар) мазкур ҳолатларнинг асосий сабабларидан бўлиб қолмоқда.

    4)               Куллиётлар толибаларининг амалий ва назарий машғулотлари кечки бўлимини бекор қилиш, токи толибалар кечқурунлари бемаҳал кўчаларда қолиб кетмасинлар.

    5)               Толибаларнинг очиқ ва беҳаё кийимларда ўқишга келишларини мутлақо ман қилиш ва ўқув юрти тартиб-қоидаларига мос келмайдиган ахлоқсиз кийимда келганларига жазо қўллаш.

    6)               Ўқув юртлари ҳовлиларида у ер бу ерда бир-бирининг пинжига кириб ўтирадиган жуфтликларни йўқ қилиш. Ўқув юртлари илм даргоҳи бўлсин, ишқ-муҳаббат ҳовлиси эмас!

    7)               Олий ўқув юртлари эшикларини амалли уламолар ва содиқ даъват аҳлларига кенг очиш ва уларни илмий маърузалар қилишга таклиф этиш. Бу ишга ўқув юрти раҳбарлари шахсан бош бўлишлари ва маърузаларда толиблар билан бирга ўзлари ҳам ўтиришлари.

    8)               Дарс жадваллари тузилаётганида намоз вақтларига риоя қилиш. Токи толиб ва толибалар ўқиш даврида пешин намозини адо этишдан маҳрум бўлиб қолишмасин.

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Муаммо барчамизга бирдек алоқадордир. Ҳеч ким мазкур ачинарли кўринишлардан солиҳ кишилар четда қолиб кетадилар, деб айтиши тўғри бўлмайди. Йўқ, асло ундай эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам барчамиз битта кемага, жамият кемаси номли бир ягона кемага минганимизни хабар берганлар. Агар кема ғарқ бўлишдан қутулиб қолса, солиҳлар ҳам, толиҳлар (ёмонлар) ҳам бирдек нажот топади. Кема фалокатга йўлиққудек бўлса, ҳамма бирдек ҳалок бўлади.

    Ва ниҳоят.. Динни билмасликлари ёки динга бепарво қараганлари оқибатида ушбу ношаръий ишга қадам қўйиб қўйган йигит-қизларга хитоб қилмоқчиман: Тавба қилувчи борми?!

    Бешинчи: Тавба қилувчи борми?!

    Ҳой йигит ва ҳой қиз! Аллоҳга қайтгин.. Агар бирон йигит шу ишга қўл урган бўлса, қизнинг оиласига бориб, саҳиҳ шаръий никоҳдан ўтсин. Бу Имом Шофиий ва бошқалар сўзидир.

    Боргин, тавбани янгилагин.. Ўтган ишга пушаймон бўл.. Ва Аллоҳга қайт.. Билгинки, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, раҳмдил Зот.. У аслида, тавбангга эҳтиёжи бўлмаса-да, сенинг тавбанг билан хурсанд бўлади.. Гуноҳинг ҳар қанча кўп бўлса ҳам, билгинки, Аллоҳнинг афви ундан каттароқдир..

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолган пайтда дунё осмонига тушади ва: «Менга дуо қиладиган одам бормики, унинг дуосини ижобат қилсам?! Мендан сўрайдиган одам бормики, унинг сўровини берсам?! Мендан мағфират сўрайдиган одам бормики, унинг гуноҳларини кечирсам?!», дейди» (Бухорий: №1145, Муслим: №758).

    Имом Бухорий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис билан сўзимни якунламоқчиман: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирлар ичида боласини қидириб юрган бир аёлни кўрдилар. У боласини топгач, уни бағрига босиб, эмизди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Мана шу аёл боласини ўтга ташлайди, деб ўйлайсизларми?», дедилар. Улар: «Йўқ, ё Расулуллоҳ», деб жавоб бердилар. «Аллоҳ бандаларига бунинг ўз боласига меҳрибонлигидан ҳам меҳрибонроқдир», дедилар (Бухорий: №5999).

    Шундай экан, Аллоҳга қайтгин эй йигит, эй қиз!!

    «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

    «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

    2012/05/30

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962