Қуръон ёдлаётган дўстимга фойдали маслаҳатлар ва қимматли насиҳатлар

    Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ.

    Азиз биродар, Аллоҳ сиздан рози бўлсин!

    Қуйида Қуръони каримни ёд олишингизга кўмак бўладиган бир неча фойдали маслаҳатларни тақдим қиламиз:

    1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога дуоларни кўп қилиб, сизга Қуръонни ёд олишга ёрдам беришини ялиниб ёлборинг. Чунки Қуръон — Муҳаммад ибн Восеъ айтганларидек: «Аллоҳни танийдиган кишиларнинг боғидир. Улар ҳар қачон у боғга киришса, бир роҳат, дилхушликка кирадилар»

    Шуни билингки, дуода ўтиниб сўраш, дуо одобларининг энг улуғларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: «Банда, агар гуноҳ билан, қариндош уруғлардан алоқани узиш билан дуо қилмаса ва шошқалоқлик қилмаса, унинг дуоси ижобат бўлаверади» — дедилар. Сўрашдики: «Ё Расулуллоҳ шошқалоқлик нима?» Шунда у зот: «Банда: Дуо қилаяпман, дуо қилаяпман, лекин, ҳеч ижобат бўлмаяпти» деб ноумид бўлади ва дуо қилишни тарк қилади. Мана шу шошқалоқликдир.» — дедилар. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Муслим ривояти)

    Яна айтиладики: «Кимки эшик қоқишда давом этса, эшикнинг очилиши яқин бўлади»

    2. Сиз ўзингизга Қуръон тиловатидан кундалик вазифа қилиб олинг ва у бир порадан (жуздан) кам бўлмаслигига қаттиқ ҳаракат қилинг. Мана шу вазифангизни тамомлагандан кейингина бошқа илмларни ўқишга киришинг. Қуръонни ёдлашингиз сизни Қуръон тиловатидан банд қилиб куймасин. Чунки тиловат ёдлашнинг ёнилғисидир.

    3. Эрталабки, кечқурунги, уйқудан олдинги ва кейинги зикр ва дуоларда давомий бўлинг. Ҳамда шайтондан ҳимояланиш учун таълим берилган дуо (муаввизот)ларни давомий ўқиб юришда ҳам астойдил бўлинг. Чунки зикр шайтоннинг душманидир. Аллоҳ таоло дейди: «Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида: 91). Агар Аллоҳ сизни шайтоннинг зараридан сақласагина, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобини ўқиш ва ёд олишга қодир бўласиз. Агар шайтон мусулмон кишини ширк, бидъат ва гуноҳи кабиралар қилдиришдан ожиз бўлса, унга на савоб ва на гуноҳ бўлмаган, дунёга ҳам, охиратга ҳам фойдали бўлмаган мубоҳ ишлар билан машғул бўлишга васваса қилиб чақиради. Ёки бўлмаса, афзал амални қўйиб пастроқ амални қилишга ундайди. Бунинг мисоли фарз намози ўқиётган имом ва жамоат бўла туриб, нафл намоз ила машғул бўлаётган ҳамда Қуръони Каримдан жуда оз ёдлагани ҳолда, инсоннинг каломи бўлмиш турли шеър ва ғазалларни ёдлаш билан машғул юрган кишилар кабидир.

    4. Олимлар иштирокида бўладиган илм мажлисларидан, хусусан Қуръон мажлисларидан беузр қолманг. Сиз узрингизни шунга қиёсланг, агар сизга ўша мажлисда катнашиш учун юз минг сўм ваъда қилсалар, келмасдан қолармидингиз!!! Баъзи кишиларни акика ва тўйларга таклиф қилинса, ҳозир бўлишга шошиб қолишади, агар илм мажлисларига чақирилса, турли бахоналарни рўкач қилиб, кетиб қолишади. Яна баъзилар илм мажлисларини ёзиб олинганини эшитиб кўя қоламиз дейишади!!! Лекин шу сўзларни айтаётган бечора ўзини қанчалик улкан ажрдан маҳрум қилаётганини билсайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланишиб, Аллоҳ азза ва жаллани китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилиб ўрганишса, уларнинг устларига Аллоҳ томонидан сокинлик нозил қилинади ва уларни раҳмат ўраб олади ҳамда фаришталар уларни қуршаб оладилар ва Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги зотларга уларни зикр қилади» дедилар». (Муслим ривояти)

    5. Яна Қуръон ёдлашга кўмак бўладиган сабаблардан бири, сизни Аллоҳ зикрига қувватлайдиган, ёрдам берадиган дўстга эҳтиёжингиздир. Чунки, баъзи дўстларни Қуръон тиловатига чақирсангиз, сизга зарур иши борлигини баҳона қилади. Лекин, дунёвий мавзуда суҳбатлашишга таклиф этсангиз, зарур ишларини ҳам четга суриб, соатлаб гаплашишдан малолланмайди. Шунинг учун сиз яхши, тақводор дўстни изланг. Агар топсангиз, бебаҳо хазинага эришган бўласиз.

    6. Имомнинг ортида намозда иқтидо қилсангиз, қироат қилаётган оятларига қулоқ тутинг, ундан хато излашдан кўра сомеъ бўлишга ҳаракат қилинг. Агар имом қироатда янглишиб кетса, оятни тўғрилаш пайтида, ниятингиз Аллоҳнинг каломини улуғлаш ва сақлаш бўлсин. Акс ҳолда ушбу ҳадиснинг мазумунига дахлдор бўлиб қолишингиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб: «Кимки илмни олимларга мақтаниш, аҳмоқлар билан тортишиш ва одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни жаҳаннамга киритади» дедилар. (Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилган)

    7. Шуни яхши билингки, илмнинг боши Қуръонни ёд олишдир. Ёдлаётган ҳар бир янги оятингиз сиз учун Аллоҳ сари очилган бир эшикдир. Сиз ҳали ёдламаган ёки унутган ҳар бир оят Аллоҳ билан сизни ўртангизни ёпиб турган бир эшикдир. Чин мусулмон учун дунё тўла олтинни қўлдан бой бериш, Қуръондаги энг қисқа бир сурани унутишга тенг бўлмайди. Қисқароқ сура у ёқда турсин, Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарфнида унутиш муъминга лойиқ эмас.

    8. Қуръон қироат қилаётган вақтда доимо суннатга мувофиқ таҳоратли бўлинг.

    9. Доимо истиғфорда бўлиш ва уни кўп айтиш. Чунки Қуръонни унутиш гуноҳ ҳисобланади. Абдуллоҳ ибни Масъуд: «Албатта мен эгаллаган илмини унутган кишининг бу унутиш сабаби, шубҳасиз, қилган гуноҳи туфайлидир деб ҳисоблайман» деган эдилар. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга агар бирон масаланинг ечими чигаллашиб қолса, асҳобларига: «Бу фақат қилган гуноҳим туфайлидир», дер эдилар ва Аллоҳга истиғфор айтардилар, гоҳида туриб намоз ўқирдилар кейин масала ойдинлашар эди. Шунда: «Менинг гуноҳим кечирилди, деб умид қиламан» дердилар. Бу хабар Фузайл ибн Иёзга етганда, у зот қаттиқ йиғладилар ва: «Бу унинг гуноҳи камлигидан, ундан бошқалар бунга огоҳ бўлмайдилар (яъни, бирор масала ечилмаса ёки бирон билган илми ёдидан чиқса истиғфор айтиш кераклигига огоҳ бўлмайдилар)» деган эканлар. Ибн Ҳажар «Таҳзибут таҳзиб» китобларида Вакиъ ибн Жарроҳ ал Кўфийнинг таржимаи ҳолини баён этиб, шундай ёзадилар: «У машҳур ҳофиз имомларнинг биридир. Одамлар Қуръон илмини машаққат билан ёдласалар, у жуда осонлик ила ёд оларди. Али ибн Хасрам айтадилар: «Вакиънинг ҳеч қўлига китоб ушлаганини кўрмадим. У фақат ёдларди. Мен ундан ёдлашнинг давосини сўраганимда, у: «Давоси — гуноҳларни тарк қилишдир, мен ундан яхшироғини кўрмадим» деб жавоб берди. Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ «Фавоид» китобларида шундай ёзадилар: «Гуноҳлар жароҳатлардир, гоҳида жароҳат ўлим нуқталарига етади. Банда, қалби қотишдан ва Аллоҳдан узоқ бўлишдан ҳам кўра каттароқ уқубатга дучор бўлмайди! Аллоҳдан энг узоқ бўлган қалб, тош қотган қалбдир! Агар қалб қотса кўз қурийди (яъни, кўз ёши қурийди). Қалб қаттиқлиги тўрт нарсадан бўлади агар уларни ҳаддан ошириб юборилса: ухлаш, ейиш, сўзлашиш ва аралашиш.»

    Яна Ибнул Қоййим ўзларининг «Жавабул кафий» китобида айтишларича: «Илмдан маҳрум бўлиш гуноҳларнинг таъсиридандир. Чунки, илм Аллоҳ таоло банданинг қалбига ташлайдиган нурдир. Маъсиятлар эса, шу нурни ўчириб кўяди». Имом Шофеий Имом Моликнинг ҳузурида ўқидилар. Имом Молик Шофеийдаги зийраклик, ўткир зеҳнлилик, етук зукколикни кўриб, ғоятда ажабланиб шундай деган эканлар: «Шубҳасиз, мен сизнинг қалбингизга Аллоҳ нурни солиб қўйганини кўраяпман. Уни гуноҳлар зулмати билан сўндириб қўйманг.»

    Ибн Касир «Шуро» сурасидаги: «(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур)» оятининг тафсирида Заҳҳокдан шундай ривоят қиладилар: «Биз Қуръонни ёдлаб, сўнг уни унутган кишини эшитсак, у фақат гуноҳ туфайли, деб биламиз, дедилар ва яна: «Қуръонни унутишдан ҳам кўра каттароқ бўлган қандай мусибат бор!», деб қўшиб қўйдилар.

    10. Қуръондан ёд олган ва ундан ўрганган илмингиз билан ғурурланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Қуръонни таълим олишингиз Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларни исташ, Аллоҳдан қўрқиш, сокинлик ва виқорга эга бўлишга ҳаракат бўлсин, мутакаббирлик бўлмасин. Аллома Мановий «Файзул Қадийр» китобларида: «Албатта, илмни фақат тавозе ва камтарлик ила қулоқ солиш билан эгалланади. Шогирднинг устозига бўлган тавозеси юксаклик, ундан ўзини паст тутиши азизлик, унга бўйсуниши эса фахрдир — деганлар.» Сулаймий айтадилар: «Бирон киши Саид ибн Мусаййибдан амирдан изн сўрагандек, изн сўрамагунча савол беришга журъат қилолмасди.» Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мен имом Моликни олдиларида китоб ўқиганимда, варақнинг шитирлашини эшитиб қолмасликлари учун жуда оҳисталик билан варақлар эдим.» Шофеийнинг шогирдлари Рабийъ бўлса, шундай дейдилар: «Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган бўлсалар, ҳатто сув ичишга журъат қилолмаганман.»

    Аллоҳ ҳаммамизга раҳм қилсин, салафларимизнинг талаби илмда ва бошқа ишларда қандай тавозели бўлганларига назар солинг. Сиз Қуръон ёдлаяпсизу бошқалар ёдламаяпти деб, уларга камситиш назари билан қарашдан ниҳоятда эҳтиёт бўлинг! Бу жуда ёмон мусибатдир!

    11. Эй биродарим! Билингки, Қуръон ёдлаш, ёд олувчига шукр қилишга лойиқ улкан неъматдир. Эй ҳофизи Қуръон, Аллоҳга ҳамд айтинг ва ато этмиш бу неъматлари учун Унга кўп шукр қилинг! Ва: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам қаттиқдир.» (Иброҳим: 7)

    Тавфиқ Аллоҳдандир.

    Насиб этса, ушбу мавзунинг давоми сифатида «Қуръон билан таъсирланишга ёрдам берувчи одоблар, ботиний одоблар ва зоҳирий одоблар» ҳамда «Инсонларда Қуръон таъсирининг кўринишлари, авлиёларда, салафларда» каби мақолаларни тақдим этамиз, иншааллоҳ.

    Вадуд Аҳмад таржимаси

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962