Ўқувчининг мактабдаги одоби

    Эй ўғлон, мактаб сенинг иккинчи уйингдир. Сен у ерда ҳаётингнинг энг гўзал соатларини ўтказасан, у ерда ўқувчи биродарларинг ва ўқитувчи оталарингдан ташкил топган оила билан яшайсан.

    Мана шу оилада бахтиёр ва суюкли бўлишинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг зарур:

    1. Уйқудан эрта тур. Шунда таҳорат олиб намоз ўқишга, тоза кийимларингни кийишга, китобларинг ва ўқув қуролларингни олишга шунингдек ўз вақтида мактабга боришга улгурасан.

    2. Биродарларинг билан табассум билан кўриш. Биринчи бўлиб уларга салом бер ва уларни ўзларига ёқадиган исмлари билан чақир.

    3. Сафда турганингда ва синфга кетаётганингда шовқин қилиб гапирма.

    4. Ўқитувчи синфга кирганда унга салом бериш учун ўрнингдан турма, ўтириб салом бер. Чунки бу исломга зид ишдир. Кейин жим қулоқ солиб ўтир.

    5. Савол ёки жавоб бермоқчи бўлсанг, ўнг қўлингни кўтар. Агар ўқитувчи сенга рухсат берса, ўрнингдан туриб жавоб бер.

    6. Овозингни баланд кўтариб шовқин қилма. Ҳар бир дарс оралиғидаги қисқа танаффусда синфдан чиқиб кетиб қолма.

    7. Катта танаффусда эса ўртоқларинг билан соғлигингга ва ахлоқингга зарар бермайдиган ўйинлари ўйна. Хатарли ўйинларни ўйнама. Овозингни баланд кўтариб бақирма. Бирон кишини сўкма ёки у ёмон кўрадиган лақаб билан уни чақирма.

    8. Сенга ёрдам берган барча ўртоқларингга ва мактаб ишчиларига раҳмат айт. Чунки бу одобинг гўзаллигига далолат қилади ва сенга уларнинг муҳаббатини оширади.

    9. Ўқув қуролларингни эҳтиёт қил, уларни тоза тут ва китоб жавонингга тартиб билан қўй. Шунда керак пайтда уларни чиқариб олишинг осон бўлади.

    10. Мактабни ва ундаги жиҳозларни ҳудди уйингни ва ундаги жиҳозларни эҳтиёт қилганингдек эҳтиёт қил. Деворларга ёзма, сув жўмракларини очиқ қолдирма, дераза ойналарини синдирма ва партага қалам билан чизма.

    11. Сенга берилган ҳар бир вазифани ўз вақтида бажар. Бугунги ишни эртага қолдирма. Чунки ҳар бир куннинг ўз амали бор.

    12. Мактабдан одамлар сендан рози бўлган ҳолда қайтгин. Шунда Аллоҳ сендан рози бўлади ва сенга ҳаётингда саломатлик ва баракотни беради.

    Ҳикоя

    Бир ўқувчи мактабга кеч қолиб келишга одатланиб қолди. Ўқитувчи эса куннинг охирида уни қамаб қўйиб жазолар эди. У кўп кеч қолавергач, ўқитувчи кеч қолиб келса уни ҳайдаб юборадиган бўлди. Натижада у уйда ўқиган нарсасини тушунмайдиган бўлиб қолди. Чунки у уй вазифасининг шарҳини ўқитувчисидан эшитмасди. Синфдошларининг биронтасидан сўраса, унга жавоб беришмас эди. Чунки у ўқувчилар ва ўқитувчилар орасида одобсиз деб танилган эди.

    Кетма-кет икки марта имтиҳондан йиқилгач, мактабдан ҳайдалди. Ҳар сафар отаси уни мактабга олиб кириб қўйса, ахлоқи ёмонлиги ва дарсларга доимий равишда қатнашмаслиги сабабли мактаб уни ҳайдаб юбораверди. Тўсатдан унинг отаси ўлиб қолди ва у бутунлай мактабдан узилди. Кейин ёмон болаларга қўшилиб, уларнинг йўлига кириб кетди. Онасининг эса уни тарбиялашга кучи етмасди. Уни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Натижада у ўзига ейишга нарса топа олмай қолиб кўчаларда оёқ кийимларни мойлаш билан кун кечиришга мажбур бўлди.

    Ҳар сафар мактабни аъло баҳоларга битирган синфдошларидан биронтасини кўриб
    қолса, йиғлаб, фойда бермайдиган вақтда пушаймон бўлар эди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962