Ўқувчининг уйидаги одоби

    Эй ўғлон, уйинг сен учун энг азиз макондир. Сен унда ҳаёт кунларингни ўтказасан. Унда сен уларнинг яхшиликларидан фойдаланадиган ота-онанг, сени яхши кўрадиган ва сен учун яхшиликларни орзу қиладиган оила-аъзоларинг яшашади. Сен у ерда ухлайсан, ўйнайсан, дам оласан, овқат ейсан ва чой ичасан.

    Шундай экан сен у ерда чиройли ахлоқ ва гўзал одоб билан қуйидагиларга амал қилиб яшашинг керак:

    1. Мактабдан қайтганингда, ухлашдан олдин ва уйқудан турганингда оила аъзоларингга салом бер.

    2. Ота-онангга итоат қил, ўзингдан катта акаларинг, опаларинг ва бошқа қариндошларингни ҳурмат қил ва ўзингдан кичкиналарга меҳрибон бўл.

    3. Агар уйда хизматкорлар бўлса, уриб сўкиш билан уларга озор берма. Агар улардан бирон нарса сўромоқчи бўлсанг, мулойимлик билан сўра.

    4. Уй жиҳозларини, уйдаги суратларни, электр қўнғироқларни ва сув жўмракларини ўйнама, девор ва ўриндиқ ва кўрпачаларни кир қилма. Уларга бўр ёки қалам билан чизма. Агар уйда боғ бўлса, дарахт шохлари ва гулларни синдирма.

    5. Копток тепиб, кўп бақириб ёки югириб уйдагиларга ҳам, қўни-қўшниларга ҳам озор берадиган ва уйдаги нарсаларга зарар берадиган ўйинларни уйнинг ичида ўйнама. Мактабдан қайтганингда кийимларингни илгакка осиб қўй ва уларни қидириб вақтингни бекор кетказмаслигинг учун китобларингни ўзинг биладиган жойга қўй.

    6. Дарсларингни тайёрлаш учун бир вақтни таъйин қил ва ўша вақтда бошқа нарсага чалғима.

    7. Қўшниларинг ва уларнинг болаларига нисбатан одобли бўл. уларни кўрганингда салом бер. Уларга мулойимлик ва одоб билан муомала қил.

    8. Агар уйга бирон меҳмон ота-онангни зиёрат қилиб келса ва сен унга салом бермоқчи бўлсанг, юз қўлларингни ва кийимингни тозалаб, одоб билан унинг олдига бор.

    9. Товуқ, қуён, мушук ва шуларга ўхшаш уй ҳайвонларига озор берма.

    Ҳикоя

    Бир кишининг иккита боласи бор бўлиб, улар уй жиҳозларини ўйнашга одатланиб қолишган эдилар. Курсиларни ерда судраб юришар ва уйда копток ўйнашарди. Натижада копток деразага тегиб, уни синдирарди ва идишларни ерга ағанатарди. Баъзида ота-оналари уларга насиҳат қилишса улар бу одатларини ташлашар эди. Кейин яна шу ҳолатга қайтиб олишарди. Уларнинг отаси ҳар йили ёзда денгиз бўйида дам оларди. Ёз фасли бўлгач, болалари оталаридан:

    – Қачон денгизга борамиз? – деб сўрадилар.

    – Сизлар уй жиҳозларига кўп талофат етказдинглар. Энди мен ҳар йили ёзда дам
    олишга сарфлайдиган пулни уларни тузатишга ишлатаман. Сизлар эса шу қилмишларинг
    сабабли бу йил ёзнинг жазирама иссиғида дам оласизлар – деди оталари.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963