Бизга боғланинг
Ваколатга доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Ваколат луғатда «топшириш» маъносини англатади, истилоҳда эса бир киши ўзига ўхшаган тасарруфи жоиз (яъни, тасарруф қилишга лаёқатли) бир кишини ноиблик мумкин бўладиган ишларда ўзидан ноиб (вакил) қилиши, маъносида ишлатилади.
Ваколат Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан жоиздир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ, насиба олиб келсин… дейишди» (Каҳф: 19).
«(Юсуф) деди: Мени шу Ернинг хазиналари устига қўйгин» (Юсуф: 55).
«Албатта, садақалар (яъни, закотлар) … уни йиғувчиларга …» (Тавба: 60).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Урва ибн ал-Жаъд розияллоҳу анҳуни қўй сотиб олишга вакил қилганлар (Бухорий (3642) Урва ал-Бориқийдан ривояти), Маймуна розияллоҳу анҳога уйланишларида Абу Рофиъ розияллоҳу анҳуни вакил қилганлар (Термизий (841) ва Аҳмад (6/392, №27197) ривоятлари), закот йиғиш учун закотчиларни юборардилар.
Ал-Муваффақ ва бошқалар ваколатнинг жоизлигига уммат ижмоъ қилганини айтганлар.
Уни зарурат ҳам тақозо қилади, чунки, ҳар ким ҳам ўзи муҳтож бўладиган ишларнинг ҳаммасини бир ўзи қилиш имконига эга бўлмайди (Ал-муғний: 5/51).
Ваколат ақди нима билан амалга ошади:
Ваколат ақди изнга далолат қилувчи: «Сен шундай қилгин» ёки «Сенга шу ишни қилишингга изн бердим» деганга ўхшаган ҳар қандай сўз билан амалга ошади.
Ваколатни дарҳол қабул қилиш ҳам, қабул қилишни англатувчи ҳар қандай сўз ё иш билан кейинроқ қабул қилиш ҳам дуруст бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вакилларининг қабули у зот уларни вакил қилганларидан кейинроқ ҳам амалга ошарди.
Ваколат вақтинчалик бўлиши, шунингдек, бирон шартга боғлиқ бўлиши мумкин, масалан: «Сен менга бир ойлик вакилсан» ёки «Ҳовли-жойимнинг ижара муддати тамом бўлганидан кейин уни сотиб юбор» деганга ўхшаган.
Вакилни аниқ тайин қилиш эътиборлидир, «Мана бу иккисидан бирини вакил қилдим» дейиш билан ёки ўзи танимайдиган кишини вакил қилиш билан ваколат ақди амалга ошмайди.
Қандай ишларда ваколат дуруст бўлади:
Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларига таллуқли бўлган ишлардан ниёбат (бировни ўзига вакил ва ўринбосар қилиш) мумкин бўладиган ҳар қандай битим тузиш ва уни бузиш ишида ваколат дуруст бўлади.
Битим тузиш – сотиб олиш, сотиш, ижарага бериш, қарз бериш, музораба (шериклик иш қилиш) кабилардир.
Битимни бузиш – талоқ, хулъ (аёл кишининг талаби билан никоҳ бузилиши), озод қилиш, бўшатиб юбориш кабилардир.
Ниёбатни қабул қиладиган Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқлари бўлган ҳар қандай ибодатларда ваколат дуруст бўлади. Масалан, садақаларни тарқатиш, закот чиқариш, назр, каффорат, ҳаж, умра каби ибодатларда ваколат дуруст. Чунки, булар ҳақида далиллар келган.
Ниёбатни қабул қилмайдиган Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқларида эса ваколат дуруст бўлмайди. Улар асосан баданий ибодатлардир, намоз, рўза, таҳорат каби. Чунки, булар ҳар бир кишининг баданига тааллуқли ибодатлардир.
Ҳад (шаръий жазо)ни исботлаш ва уни ижро қилишда ваколат дуруст бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Эй Унайс, ўша аёл олдига боргин, агар (зино қилганини) бўйнига олса, уни тошбўрон қил», деганлар (Бухорий (2314) ва Муслим (1697) Абу Ҳурайра ва Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).
Вакил ўзига топширилган ишни бошқа бировга топшириши мумкин эмас, фақат бир неча масалада мумкин:
- Вакил қилувчининг ўзи: «Истасанг, бировни вакил қил» ёки «истаганингни
қил» деб, бунга изн берган бўлса. - Ваколати топширилган иш унга ўхшаганлар қиладиган иш бўлмаса, яъни, у
бундай ишни қилишни ўзига эп кўрмайдиган катта одамлардан бўлса. - Ўзи вакил қилинган ишни адо этишга кучи етмаса.
- Ўзи вакил қилинган ишни яхши бажара олмаса.
Мана шу ҳолатларда у ишончли бир кишини вакил қилиши жоиз бўлади, чунки, унга ишончли бўлмаган одамни вакил қилишга изн берилмаган.
Ваколат икки тарафдан жоиз ақд бўлиб, вакил қилувчи тарафидан изн, вакил тарафидан эса фойда келтириш, иккаласи ҳам бунга мажбур бўлмайдилар, ҳар иккиси истаган пайтларида уни бекор қилиши мумкин.
Ваколатни бекор қилувчи ишлар:
Ваколат иккала тарафдан бирининг уни бекор қилиши ёки вафоти ёки ақлдан озиб қолиши билан бекор бўлади. Чунки, ваколат ҳаёт ва ақлга суянади, улар бўлмаса, у яроқли бўлмайди.
Ваколат вакил қилувчининг вакилни бўшатиши билан ҳам бекор бўлади…..
Вакил қилиш ва вакил бўлиш жоиз бўладиган ишлар:
Ким бир ишда тасарруф қила олса, унда вакил қилиши ва вакил бўлиши мумкин. Кимнинг тасарруфи яроқли бўлмаса, унинг ноиби ҳам (яроқсиз бўлишга) лойиқроқ.
Ким сотиш ёки сотиб олишга вакил қилинган бўлса ўзидан сотиб олмайди ва ўзининг нарсасини сотмайди. Чунки, байъдаги урф – бошқа биров билан байъ қилишдир. Акс ҳолда унга бирон туҳмат (айблов) етиб қолиши мумкин. Шунингдек, ўзининг фарзандидан, отасидан, аёлидан ва унга гувоҳликлари қабул қилинмайдиган бошқа кишилардан байъ қилиши дуруст бўлмайди. Чунки, бу ҳолда ҳам унга туҳмат (айблов) етиб қолиши мумкин.
Вакил қилувчига ва вакилга тааллуқли тасарруфлар ҳақидаги боб:
Тўловни амалга ошириш, сотиб олинган молни олиш, айби бўлса қайтариб юбориш каби ақд ҳуқуқлари вакил қилувчига тааллуқлидир.
Байъга вакил қилинган киши молни топширади, вакил қилувчининг изнисиз ёки изнга далолат қилувчи бирон қарина (белги)сиз тўлов баҳосини қабул қилиб олмайди, яъни, масалан бир ўринда сотган бўлсаки, ўша жойнинг ўзида пулини олмаса, у зое бўлиб кетиши мумкин бўлса, мана шу нарса изнга қарина бўлади. Сотиб олишга вакил бўлган киши тўловни амалга оширади, чунки, бу унинг ваколатидан ва ҳуқуқидан саналади….
Вакилнинг бўйнига юкланадиган ва юкланмайдиган жавобгарликлар:
Вакил омонатдордир, унинг бепарволигисиз ва тажовузисиз талафотга учраган молнинг кафолати (жавобгарлиги) унга юкланмайди. Агар бепарволик қилган бўлса ёки ҳаддидан ошган бўлса ёки ундан молни талаб қилинганда узрсиз уни топширмаган бўлса, у уни тўлаши лозим бўлади.
Байъ ва ижарада вакил қилинган вакилнинг тўловни ва ижара ҳақини қабул қилиб
олгани ва улар унинг қўлида талафотга учрагани ҳақидаги сўзи қабул қилинади.
Унинг тўлов ва ижара ҳақининг миқдори ҳақидаги сўзи ҳам қабул қилинади, валлоҳу
аълам.