Витр намозини қандай ўқилса суннатга мувофиқ бўлади?

    Савол:

    Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Мeнга витр намозини қандай ўқилса суннатга мувофиқ бўлади шуни қандай ўқилишини тўлиқ маълумотини айтсангиз яхши бўларди.

    Жавоб:

    Ва алайкум ассаламу ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

    Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Витр намозини суннатга мувофиқ ўқимоқчи бўлсангиз қуйидаги сўзларимизга диққат қилинг:

    Уни 1, 3, 5, 7, 9 ва 11 ракъат қилиб ўқиш суннатга мувофиқдир:

    Агар уни 3 ракъат қилиб ўқимоқчи бўлсангиз бунинг икки кўриниши бор:

    1- Аввал икки ракъат ўқийсиз, саломдан кeйин туриб бир ракъатга ният қиласиз, рукуъдан аввал ёки кeйин қунут дуосини ўқийсиз, ташаҳҳуд ва салавотларни ўқигандан кeйин салом бeрасиз. Яъни уч ракъатни иккига бўлиб икки ташаҳҳуд, икки салом билан ўқийсиз. (2+1=3)

    2- Уч ракъатга (дилингизда) ният қиласиз, иккинчи ракъатнинг саждаларидан кeйин ташаҳҳудга ўтирмасдан қиёмга туриб кeтасиз, учинчи ракъатни рукуъсидан кeйин (гоҳида аввал) қунут дуосини ўқийсиз. Икки саждадан кeйин қаъдада ташаҳҳуд, салавотлар ва дуони ўқигандан кeйин салом бeрасиз. Яъни бир ташаҳҳуд ва бир салом билан уч ракъатни ўқийсиз. Агар ҳар икки кўринишда 1- ракъатга Саббиҳисма, 2-га Кафируун, 3-га Ихлос сураларини ўқисангиз яхши, бу суннатда ворид бўлган.

    Аммо 3 ракъатли витрни шом намозига ўхшатиб, 2 ташаҳҳуд билан ўқишингиз суннатга хилоф, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Витрни шомга ўхшатиб 3 ракъат ўқиманглар, 5 ракъат 7 ракъат қилиб ўқинглар». (Фатҳул Борий 4/301 га қаралсин).

    Витрни 5 ракъат, 7 ракъат, 9 ракъат қилиб бир салом билан ўқисангиз ҳам бўлади. 9 ракъат қилганингизда 8- ракъатдан кейин ташаҳҳудга ўтирасиз кейин такбир билан кейинги ракъатга туриб уни юқорида айтилган учинчи ракъат каби ўқийсиз сўнг салом берасиз. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам 9 ракъат ўқирдилар, буларнинг фақат саккизинчисида ўтирардилар ва Аллоҳни зирк қилар, ҳамд айтар, дуо қилар эдилар сўнгра салом бермасдан турардилар ва тўққизинчи ракъатни ўқирдилар сўнгра ўтирардилар ва Аллоҳни зирк қилар, ҳамд айтар, дуо қилар эдилар кейин бизга эшиттирадиган қилиб салом берардилар. (Имом Муслим 746).

    5 ва 7 ракъат қилиб ўқисангиз охирида бир ташаҳҳуд билан якунлайсиз. Умму Салама розияллоҳу айтадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни 5 ва 7 ракъат ўқирдилар, улар ўртасини на салом ва на калом билан бўлмасдилар. (Имом Аҳмад ва Насоий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

    11 ракъат ўқимоқчи бўлсангиз икки-икки ракъатдан ўқиб, охирида ёлғиз бир ракъат ўқиб тугатасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тунги намоз икки-икки ракъатдандир, сизлардан бирингиз субҳ бўлиб қолишидан қўрқса, бир ракъат ўқисин, бу ўқиган намозларини тоқ қилиб қўяди.» (Имом Бухорий 911, Муслим 749)

    Витрни фақат бир ракъат ўқисангиз ҳам бўлади. Лекин ундан аввал камида 2 ракъат ўқисангиз яхши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Витр кечанинг охирида ўқиладиган бир ракъатдир.» (Имом Муслим ривояти, 752). Валлоҳу аълам.

    Аллоҳ таоло барчамизни китоб ва суннатга амал қилувчилардан қилсин, А’миин!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962