Бизга боғланинг
Виждон азоби
Навбатдаги қахрамонимиз саҳобалардан бири Моиз розияллоҳу анҳу. У ёш ва келишган йигит. Кунларнинг бирида Мадина чеккасидаги боғларни айланиб юраркан ансорларнинг бирига тегишли ёш чўрига кўзи тушди. Шу қарашга зор турган Шайтон дарров ҳозир бўлди. Бир томондан йигитни, бошқа томондан қизни юрагига олов ёқди. Қон томирларида сузиб, қонларини кўпиртирди. Уларни яна бир бор қарашга ундай бошлади. Иккисини ҳам чиройли сифатларини кўз ўнгларига олиб келди. Нафсларини тийиб иймонга юзланмоқчи бўлсалар, бошқа томондан келарди. Ахийри Шайтон устун келди. Кўзлар яна қайта учрашди. Улар буни бахт тушунишди. Шайтон қўйган тузоғи деб билишмади. Улар Шайтонга ўзларини топширишганди. Хилватгина жой экан, Шайтонга ҳеч ким халақит бермади. Икки ёшни аста секин алдаб, охири уларни харомга илаштирди. Ишини қилиб, икки пок мусулмонни гуноҳга ботиргач, уларнинг шу холига Аллоҳ ғазаб қилиб бало туширишидан қўрқиб қочиб қолди. Узоқларга қочди. Шайтон кетиши билан Моиз ўзига келди.
– Э воҳ! Бу не кўргилик! Ахир гуноҳга ботибди-ку! Аллоҳга осий бўлибди-ку! Бунга қандай чидаш мумкин!
Шайтон хуружида ҳайқириқларига қулоқ солмагани учун қалби энди ундан ўчини оларди.
– Сен гуноҳкорсан! Шайтоннинг айтганини қиламан деб Буюк Аллоҳга осий бўлдинг! Сен энди Шайтон қулисан!
Бу маломатлардан юраги ёрилай дерди. Кеча-кундуз тинмай йиғлаб тавбалар қилди. Йўқ, қалби таскин топмас, аксинча кундан-кунга дарди ошиб борарди. Нима қилиш керак?
Қалблар шифокори.. ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориш керак. Ҳамммасини тўла тўкис айтади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келганида дилдаги тилига чиқа олмади. Дард зўридан аранг гапирди: – олдингиздаги бахтсиз зино қилиб қўйди. Уни покланг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини эшитмаганга олиб бошқа томонга қараб олдилар. Моиз у томондан келиб гапларини такрорлади.
– Эй Расулуллоҳ! Зино қилдим. Мени покланг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аччиқланиб: – Холиннга вой бўлсин! Бор, Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айт! дедилар.
Озроқ узоқлашди-да қалб оғриқларига дош беролмай яна қайтиб келди.
– Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени покланг!
– Холиннга вой бўлсин! Бор, Аллоҳга тавба қилиб истиғфор айт дедимку сенга, бор!
Яна ўша хол – ҳеч қанча узоқлашмай ортга қайтади: – эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени покланг!
– Холиннга вой бўлсин! Сен ўзи зино нималигини биласанми! – аччиқланиб атрофидагиларга Моизни масжиддан чиқариб юборишни буюрдилар. Яна қайтиб келди, яна ўша гап.
– Холиннга вой бўлсин! Сен ўзи зино нималигини биласанми! – аччиқланиб атрофидагиларга Моизни масжиддан яна чиқариб юборишларини буюрдилар. Моиз қайта–қайта келавергач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар: – жинниликдан шикоят қилмаганми бу?
– Йўқ! Соппа соғ! – жавоб беришди билганлар.
– Ароқ ичмаганмикин? Маст эмасми?
Бир киши дарров туриб оғзини ҳидлади.
– Йўқ , ичмаган. Хуши ҳам жойида кўринади! – жавоб берди.
– Сен ўзи зино нималигини биласанми?
– Ҳа! Мен киши ўз аёли билан ҳалол қиладиган ишни ҳаром йўл билан бегона аёлга қилдим.
– Нима истайсан?
– Мени покланг!
– Яхши ..- дедилар ноилож.
Масжид ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилишга буюрдилар… Жаноза ўқиб, дафн қилишди.
Бир неча кундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қабри олдидан ўтдилар. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда кетаётганлардан икки киши ўзаро суҳбатлашарди:
– Буни қаранг, Аллоҳ яширган бўлса, тавба қилиб юравермайдими?! Мана итдек тошбўрон қилинди.
– Ҳа, шуни айтинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб индамадилар, норозиликларини яширдилар. Озроқ юришгач чуқурга ташланган ўлимтик эшак олдидан ўтишди. Чидаб бўлмас бадбўй ҳиди ҳаммаёқни тутганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтаб ўша кишиларни чақириб уларга дедилар: – чуқурга тушиб, ўлимтикдан енглар!
– Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Буни ким ея олади?!
– Озгина олдин биродарларинг ҳақида айтганинглар олдида бу ўлимтикдан ейиш ҳеч нарса эмас! Шуни яхши билинглар! Моиз шундай тавба қилдики, тавбасини бир умматга бўлиб берилса кифоя қилади. Аллоҳга қасамки ҳозир у Жаннат дарёларида сузиб юрибди.
Моиз ибн Моликка жаннатлар бўлсин! Тўғри у зино қилди. Роббиси билан ўртасидаги пардани йиртди.. Лекин шундай тавба қилдики тавбасини бир умматга бўлиб берилса ҳаммаларига кифоя қилиб Аллоҳнинг раҳматига эришган бўлишарди.
Қиссанинг асли имом Бухорий ва имом Муслим Саҳиҳларида келган.
* * * * * * * * * *