Жаҳаннамдан қўрқитиш

    بسم الله الرحمن الرحيم

    الحمد لله وحده و الصلاة و السلام على من لا نبي بعده، أما بعد:

    Бугунги кунимизда мўмин биродарларимиз иймонларининг кучсиз бўлиб қолаётгани ва қалбларини қўркмас қалбга айланиб кетаётганидан шикоят қилмоқда. Гуноҳларга дуч келиб қолганда жаҳаннамдан қўрқиш сифати мўмин биродарларимизни гуноҳдан асраб қолиши умидида бу рисолани ёзмоқдамиз. Бизга ҳам, мўмин биродарларимизга ҳам жаҳаннамдаги азобни эслаб гуноҳни тарк этиш тавфиқини Аллоҳ таоло насиб этсин!

    Аллоҳ таоло Ар-Раҳмон сурасининг 46 – оятида бундай марҳамат қилади:

    { و لمن خاف مقام ربه جنتان} سورة الرحمن: 46

    Маъноси: “Роббисининг олдида туришдан қўрқиб гуноҳларни тарк этган, тоатлар қилган киши учун икки жаннат бор”. Мазкур оят маъносини Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ бундай баён қилади: ҳар бир одамнинг қилган иши тепасида Аллоҳ қоимдир. Кимки, бир нарсани қилмоқчи бўлганида Роббисининг олдида туришидан қўрқса, унга икки жаннат бор. Яна бу кишидан бўлган бошқа ривоятда айтадиларки: Инсон гуноҳ қилмоқчи бўлиб турганида Аллоҳ олдида туришини эслаб гуноҳни тарк этади. Оят шу каби мусулмонлар тўғрисида.

    Абдуллоҳ бин Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: Аллоҳ олдида туришдан қўрқиб, Ул зотнинг фарз қилган амалларини адо этган мўминларга Аллоҳ жаннатни ваъда қилди.

    Юқоридаги оятни Абдурраҳмон Ас-Саъдий роҳимаҳуллоҳ қуйидагича тафсир қилади: Роббисидан ва Ул зотнинг олдида туришдан қўрқиб, Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк этган ва амр қилган буйруқларни адо этган киши учун иккита жаннат бор. Бу икки жаннатнинг идишлари, тақинчоқлари, бинолари ва улардаги нарсалар тиллодандир. Икки жаннатнинг бири қайтарилган нарсаларни тарк этгани учун бандага мукофот қилиб берилса, иккинчиси буюрилган тоатларни адо этгани учун берилади.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:

    » ناركم هذه التي يوقد ابن آدم، جزء من سبعين جزءاً من حر جهنم» قالوا: والله إن كانت لكافية يا رسول الله، قال: » فإنها فضلت عليها بتسعة و ستين جزءا كلها مثل حرها» (رواه مسلم: 2843)

    Маъноси: “Одам боласи ёқадиган сизларнинг бу оловингиз жаҳаннам ҳароратининг етмиш ҳиссасидан бир ҳиссадир”. Саҳобалар сўрашди: Аллоҳга қасамки, шу бир ҳиссанинг ўзи етарли бўлса ҳамми, ё РасулАллоҳ? Ул зот айтдилар: “Жаҳаннам олови дунёдаги оловга олтимиш тўкқиз баробар зиёда қилиб қўйилган. Уларнинг ҳароратини ҳар бири дунё оловининг ҳароратичадир”.

    Нуъмон бин Башийр розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади, айтадиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:

    «إن أهون أهل النار عذابا من له نعلان و شراكان من نار، يغلي منهما دماغه، كما يغلي المرجل، ما يرى أن أحدا أشد منه عذابا، و إنه لأهونهم عذابا». (رواه مسام: 213)

    Маъноси: “Дўзах аҳлининг энг енгил азобланадиганида оловдан бўлган икки оёқ кийим ва унинг иплари бўлади. У оёқ кийимлардан козоннинг қайнаши каби унинг мияси қайнаб туради. У ўзидан-да қаттиқроқ азобланаётган бирор кимса бўлмаса керак, деб ўйлайди. Ҳолбуки, у дўзах аҳлининг энг енгил азоб тортаётганидир”.

    Ҳасанул-Басрий айтадики:

    » قالت الجنة يا رب لمن خلقتني، قال لمن يعبدني و هو يخافني»

    “Эй Роббим, мени ким учун яратдинг, деди жаннат. Мендан қўрқиб менга ибодат қиладиган бандаларимга, деди Аллоҳ”.

    Абу Сулаймон Ад-Дороний роҳимаҳуллоҳ бундай дейди: Дунё ва охиратдаги барча яхшилик асли Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишдадир. Аллоҳдан қўрқиши бўлмаган ҳар бир қалб ҳароба қалбдир.

    Фойдаланилган китоблар:
    1. Аҳмад бин Ражаб Ал-Ҳанбалийнинг (795 – ҳижрий санада в.э.) «التخويف من النار» китоби.
    2. Муслим бин Ал-Хажжoжнинг (261 – ҳижрий санада в.э.) «صحيح مسلم» китоби.
    3. Абдурраҳмон бин-Носир Ас-Саъдий (1376 чи ҳижрий санада в.э.) тафсири.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962