Бизга боғланинг
Жамоат намозининг фарзлиги ва унинг фазли ҳақидаги боб
Исломнинг энг катта шиор (маросим, белги)ларидан бири намозларни масжидларда жамоат бўлиб ўқишдир. Беш вақт намозни масжидда ўқиш энг улуғ тоат ва энг катта ибодат эканига мусулмонлар иттифоқ қилганлар.
Аллоҳ таоло бу умматга маълум вақтларда жамланишни машруъ қилди. Жумладан:
– Бир кеча-кундуз мобайнида беш маҳал йиғилиш. Яъни, мусулмонлар беш вақт намозни жамоат билан ўқиш учун масжидларга йиғиладилар.
– Ҳафтада бир марта йиғилиш. Яъни, ҳафтада бир кун жумъа намозига йиғиладилар ва бу йиғилиш беш вақт намозга йиғилишдан кўра каттароқ бўлади.
– Бир йилда икки марта йиғилиш. Яъни, йилда икки бор ҳайит намозлари учун йиғиладилар ва бу йиғилиш жумъа намозига йиғилишдан кўра анча катта йиғилиш бўлади. Унда бутун шаҳар ё қишлоқ аҳли йиғилади.
– Бир йилда бир марта йиғилиш. Бу Арафотда туриш учун йиғилиш бўлиб, унда икки ҳайит жамоатидан катта йиғилиш ҳосил бўлади, бу йиғилишга жаҳоннинг ҳамма жойидан мусулмонлар келадилар.
Исломдаги ушбу улкан йиғилиш ва тўпланишлар мусулмонларнинг манфаатлари учун машруъ қилинган бўлиб, булар воситасида ўрталарида яхшилик, раҳм-шафқат, меҳр-мурувват алоқалари тикланади, бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббат ва оға-инилик туйғулари пайдо бўлади, мусулмонлар бир-бирларининг аҳволлари билан танишадилар, беморларнинг ҳолларидан хабар оладилар, жанозаларда иштирок этадилар, бечораларга ёрдам қўлини узатадилар. Бу йиғилишлар орқали мусулмонлар ўз куч-қудратларини ҳис қиладилар, кофир ва мунофиқ душманларини ҳасад ўтида жизғанак қиладилар, ўз ораларида инсон ва жин шайтонлари томонидан тўқилган фитна, адоват ва кўролмаслик тўрларини узиб ташлайдилар, қалбларнинг улфатлашуви ҳамда яхшилик ва тақво устида жамланиши ҳосил бўлади. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ихтилоф қилманглар, қалбларингиз ҳар хил бўлиб қолади», деганлар (Имом Муслим (432) Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривояти).
Жамоат намозининг фойдаларидан – жоҳилга таълим бериш, ажрни кўпайтириш, мусулмон киши мусулмон биродарларининг солиҳ амаллар қилаётганларини кўриб, улардан ўрнак олиши ҳосил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоат намози ёлғиз кишининг намозидан йигирма етти даража ортиқдир», деганлар (Бухорий (645), Муслим (650) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Бир ривоятда: «йигирма беш даража ортиқ», деганлар. (Бухорий (646) Абу Саид розияллоҳу анҳудан, Бухорий (647) ва Муслим (649) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Жамоат намози эркакларга муқимликда ҳам, сафарда ҳам, омонлик ҳолатда ҳам, хавф-хатар ҳолатида ҳам фарзи айндир. Бунга Китобу Суннат, мусулмонларнинг асрлар оша қилиб келаётган амали далилдир.
Шу сабабдан масжидлар обод бўлиб келаётир, улар учун имом ва муаззинлик вазифалари тайинланган, баланд овозда: «Ҳайя алас-солат, ҳайя алал-фалаҳ» деган нидолар янграб турибди.
Аллоҳ таоло хавф-хатар ҳолатида ҳам жамоат билан намоз ўқишга буюрган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар» (Нисо: 102). Ушбу ояти карима жамоат намозининг нақадар қаттиқ вожиблигига (яъни, фарзлигига) далил бўлади. Чунки, мусулмонларга хавф-хатар ҳолида ҳам жамоат намозини тарк қилишга рухсат берилмади. Агар фарз бўлмаганида эди, унинг соқит бўлишига энг муносиб узр хафв-хатар узри бўлган бўлар эди. Чунки, хавф намозидаги жамоат намознинг бир талай фарзларини тарк қилади. Агар фарз бўлмаса эди, ушбу жамоат туфайли бир неча фарзлар тарк қилинмаган бўларди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мунофиқларга энг оғир намоз – хуфтон ва бамдод намозларидир. Агар бу икки намозда қандай савоб борлигини билишганида эди, эмаклаб бўлса-да келган бўлишар эди. Хоҳлардимки, буюрсам, намозга такбир айтилса, сўнгра бир кишини ўрнимга одамларга намоз ўқиб беришга буюрсам, – ўзим эса – ўтин кўтарган одамлар билан биргаликда жамоат намозига келмаётган кишиларнинг уйларига бориб, устларидан ёқиб юборсам», дедилар (Бухорий (644), Муслим (651, 652) ривоят қилганлар).
Ҳадис жамоат намозининг фарзлигига икки томонлама далил бўлади:
1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат намозидан қолган кишиларни мунофиқ деб санадилар. Суннатни тарк этган киши мунофиқ деб саналмайди. Демак, улар фарзни тарк қилган бўладилар.
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни жамоатни тарк қилишлари учун жазолашни истаганлар. Жазо эса вожибни тарк қилиш учун бўлади. Ушбу жазони қўллашларига эса уйлар ичида жамоатга чиқишлари вожиб-фарз бўлмаган аёллар ва ёш болалар ҳам борлиги монеълик қилганди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, кўзи ожиз бир одам: «Ё Расулаллоҳ, мени масжидга етаклаб келадиган одамим йўқ» деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уйида намоз ўқишга рухсат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга рухсат бердилар. Эндигина бурилиб кетаётган эди, ул зот уни чақирдилар ва: «Намозга айтиладиган азонни эшитасизми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деб жавоб берди. «Ундай бўлса ижобат қилинг (яъни, жамоатга келинг)», дедилар (Имом Муслим (653) ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у одамдаги қийинчиликни билганлари ҳолда азонга ижобат қилишга ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрдилар. Бу эса жамоат намозининг фарзлигига далолат қилади.
Жамоат намозининг фарз экани умматнинг илк давридан бошлаб мусулмонларга маҳкам ўрнашган эди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Дарҳақиқат, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида) жамоат намозидан фақатгина мунофиқлиги ҳаммага маълум бўлган мунофиқларгина қолар эди. Ҳатто, битта одамни икки киши суяб олиб келишиб, сафга турғизишарди» (Имом Муслим (654) ривояти.
Бу нарса жамоатнинг фарзлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларида мустаҳкам ўрнашган эканига далолат қилади, буни эса улар фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан билганлар. Маълумки, мунофиқлардан бошқа ҳеч ким қолмайдиган ҳар қандай иш фарз амал саналади.
Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Аллоҳнинг нидо қилувчиси «Нажотга келинглар» деб намозга чақираётганини эшитиб туриб, унга ижобат қилмаслик жафо устига жафо, куфр ва мунофиқликдир» (Аҳмад (3/439, №15627), Табароний «Ал-кабир»да (20/183, №394) Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг қўли жамоат билан бирга, (жамоатдан) айрилган одам дўзахда ёлғиз қолади», деганлар (Имом Термизий (2166, 2167) Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумдан ривояти).
Ибн Абос розияллоҳу анҳумодан кечалари намозда қоим, кундузлари рўзадор бўлувчи, бироқ жумъа ва жамоатга келмайдиган одам ҳақида сўралганда: «У дўзахда» деб жавоб берганлар (Ибн Аби Шайба (1/480, №5540) ривояти).
Аллоҳ таолодан офият ҳамда ҳақни билиб, унга эргашишга муваффақ этишини
сўраймиз, У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.