Бизга боғланинг
Жаннатиларнинг сифатлари ҳақида
Савол:
Жаннат аҳлининг сифатларига оид баъзи далилларни топишга ҳаракат қилдим. Уларга кўра, жаннатда мўминнинг бўйи Одам алайҳиссаломникидек олтмиш зиро – тўқсон фут, ҳусни Юсуф алайҳиссаломнидек, ёши Ийсо алайҳиссаломникидек ўттиз ва ўттиз уч орасида, овози Довуд алайҳиссаломники каби хушовоз, афв ва кечиримлилиги Яъқуб алайҳиссаломнинг афвидек, сабри Айюб алайҳиссаломникидек, ахлоқи ва одатлари эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламникидек бўлар экан. Мазкур сифатлар қай даражада ҳақиқатга яқин?
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ.
Жаннат аҳли жисмоний жиҳатдан қандай сифатларда бўлишлари борасида бир неча ҳадис келган. Шулардан баъзисига тўхталиб, тафсилотини айтиб ўтамиз. Аллоҳ таоло бизни ҳам жаннатлари билан сийласин!
1) Жаннатиларнинг бўйи олтмиш зиро бўлади. «Мўъжамул васит» (1/311) да «зиро» ҳозирги замон ўлчовида 64 см га тенг экани айтилган. Бунга далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ Одамни Ўзининг суратида яратди. Бўйи олтмиш зиро. Уни яратгач деди: «Анави ўтирган фаришталар олдига бор ва уларга салом бер. Уларнинг сенга нима деб алик олишларига қулоқ сол, ўша сенинг ва зурриётингнинг саломи бўлади». Одам уларга: «Ассаламу алайкум», деди. Фаришталар: «Ассаламу алайка ва роҳматуллоҳи» деб, «ва роҳматуллоҳи» ни қўшимча қилдилар. Жаннатга кирадиган ҳар бир киши Одам алайҳис-саломнинг суратида бўлади. Одамзотнинг бўй-басти тўхтовсиз қисқариб бормоқда». Бухорий (6227) ва Муслим (2834) ривояти.
2) Баданлари туксиз;
3) Ёшлари ўттиз билан ўттиз уч орасида бўлади.
Бунга далил Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатилар жаннатга туксиз, соқолсиз, мўйловлари сабза урган ва кўзларига сурма қўйилган, ўттиз ёки ўттиз уч ёшли ҳолда кирадилар». Термизий ривоят қилиб, ҳасанун ғариб деган (2545), имом Аҳмад «Муснад»ида Абу Ҳурайра ва бошқа саҳобалардан ривоят қилган (13/315). Бу ҳадисни Абу Ҳотим «Илал»да (3/272), Албоний «Силсилатус саҳиҳа»да (6/1224), Ҳайсамий «Мажмауз завоид»да ҳасан санаганлар (10/402).
Муборакфурий деди: Ҳадисдаги “ёки” ровий томонидан содир бўлган иккиланиш. Имом Аҳмад, Ибн Абу Дунё, Табароний ва Байҳақий Абу Ҳурайрадан қилган ривоятларида “Ўттиз уч ёш” деб, жазм билан айтилган. Шунингдек Байҳақий Миқдомдан ҳасан санад билан қилган ривоятида ҳам жазм билан келган.
4) Ҳуснлари Юсуф алайҳиссаломнинг ҳуснларидек;
5) Қалблари Айюб алайҳиссаломнинг қалбидек бўлади.
Мазкур сифатлар ҳақида икки ҳадис келган. Биринчи ҳадисни Ибн Абу Дунё «Сифатул жанна» (210) да ривоят қилган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннат аҳли жаннатга Одам алайҳиссаломнинг бўйида, олтмиш зиро баландликда, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳуснида, Исо алайҳиссаломдек ўттиз уч ёшида, Муҳаммад алайҳиссаломнинг тилида, туксиз, соқол-мўйловсиз, кўзлари сурмаланган ҳолда киради», дедилар».
Бу санад заиф, чунки бу ҳадисни ишончли ва обид бўлган Ҳорун ибн Роиб Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан эшитгани борасида ихтилоф қилинган. («Жомеъут таҳсил», 292- бет).
Равод ибн Жарроҳни аҳли илмлардан кўпи заиф санаган. Бу хулосани унинг ҳадисларидаги мункар, тафарруд ва қарама-қаршиликлар борлигидан олиб айтишган. Бухорий у ҳақда: хотираси айниган, деярли яроқли ҳадиси йўқ, деган. Абу Хотим эса: умрининг охирида хотираси ўзгарган, ўзи ростгўй бўлган, деган. Насоий: хотираси кучли бўлмаган, ҳадисларни аралаштириб юборган, деган. Абу Аҳмад ибн Адий: у солиҳ шайх эди, зеро, солиҳлар ҳадисида ҳам баъзи мункар ҳадислар учрайди, магар ҳадисларини ёзиб борган бўлса, ундай эмас, деган. Ибн Ҳиббон «Сиқот» номли китобида уни зикр қилиб: хато ва хилоф қилади, деган. Дорақутний: матрук, деган. «Таҳзибут таҳзиб», 3/289 га қаранг.
Иккинчи ҳадис: Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим:
– Қиёмат кунида киши Одам алайҳиссаломнинг хилқатида, Айюб алайҳиссаломнинг қалби ва Юсуф алайҳиссаломнинг ҳуснида, соқол-мўйловсиз, кўзлари сурмаланган ҳолда тирилтирилади.
Биз:
– Эй Аллоҳнинг пайғамбари, кофирлар қандай бўлади? – дедик.
– У дўзах учун шунчалик катталаштириладики, ҳатто, терисининг қалинлиги қирқ зироъга етади, озиқ тишлари эса Уҳуд тоғидек бўлади, – дедилар».
Мазкур ҳадис уч йўл орқали келган:
Биринчиси Язид ибн Синон Абу Фарва Раҳовий йўли бўлиб, у менга Абу Яҳё Килоий Миқдомдан сўзлаб берган, деди. Бу санадни Фасавий «Маърифа ват тарих» (2/95)да, Ибн Қонеъ «Мўъжамус саҳоба» (3/106)да, Табароний «Мўжамул кабир» (20/280)да, Байҳақий «ал-Буъсу ван нушур» (410)да, Дайламий «Муснадул фирдавсда» (8785)да, Ибн Асокир «Тариху Димашқ» (60/184, 193)да ривоят қилишган, Ибн Ҳажар «Матолибул алия» (4750)да уни Абу Яъло Мувсилийга нисбат берган.
Бу санад Язид ибн Синон сабабли заифдир. Аҳмад, Ибн Мадиний ва Насоийлар уни заиф, дейишган. Ибн Маин: унинг ҳадиси эътиборга олинмайди, деган. Ибн Адий: умумий тарзда унинг ҳадислари сақланмаган, деган. «Таҳзибут таҳзиб» (11/336)га қаранг.
Ҳайсамий «Завоид» (10/334)да айтади: Табароний ривоят қилган санадда Язид ибн Синон Абу Фарва Раҳовий бор бўлиб, у заифдир.
Иккинчи йўл Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Зибриқ Ҳасмийдан ривоят қилинган бўлиб, у айтади: Амр ибн Ҳорис бизга сўзлаб берди, у Абдуллоҳ ибн Солимдан, у эса Муҳаммад ибн Валид ибн Омир Зубайдийдан ривоят қилди, бизга Солим ибн Омир сўзлаб бердики, Миқдом ибн Маъдий Кариб уларга айтишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирор киши гўдаклик ёки қарилик чоғида вафот этса, – инсон шу иккисининг орасида бўлиши муқаррақ – ўттиз ёшли ҳолида тирилади. Ким жаннат аҳлидан бўлса, жаннатга Одам алайҳиссаломнинг шаклу ўлчамида, Юнус алайҳиссаломнинг суратида ва Айюб алайҳиссаломнинг қалбида киради. Ким дўзах аҳлидан бўлса, тоғдек улкан қилиниб, катталаштирилади». Бу ҳадисни Табароний «Мўъжамул кабир» (20/280)да, Байҳақий «Ал-баъсу ван нушур» (411)да ривоят қилган. Албоний роҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуйидаги икки жиҳатга кўра санад саҳиҳ эмас:
Биринчидан: Амр ибн Ҳорис Ҳасмийнинг адолатли экани собит эмас. Заҳабий деди: у фақат Абдуллоҳ ибн Солим Ашъарийдан ривоят қилган, унда фақат бир нусха бор, ундан Исҳоқ ибн Иброҳим, Зибриқ ва Улва исмли адолати маъруф бўлмаган мавлоси ёлғиз ҳолда ривоят қилган, Зибриқ эса заифдир. Ҳофиз ибн Ҳажар: мутобаа жиҳатидан мақбул, деган.
Иккинчидан: Исҳоқ ибн Иброҳим борасида ихтилоф қилинган. Заҳабий унинг заифлиги ҳақида жазм қилиб айтган. Ҳофиз ибн Ҳажар ҳам шу каби сўзни айтган. Муҳаммад ибн Авф эса: у ёлғон сўзлайди, деган». «Силсилатус саҳиҳа» (6/47). Ибн Касир ҳадиснинг икки санади борасида: уларда заифлик бор, деган. «Ан-ниҳая» (273-бет).
Учинчи йўлни Абу Нуайм «Сифатул жанна» (268)да ривоят қилган. Айтади: Бизга Абу Муҳаммад ибн Мосий сўзлаб берди, бизга Аҳмад ибн Абу Авф сўзлаб берди, бизга Ийсо ибн Мусовир сўзлаб берди, бизга Валид ибн Муслим сўзлаб берди, у Абдурроҳман ибн Язид ибн Жобирдан, у Салим ибн Омирдан, у эса Миқдом ибн Маъдий Карибдан ривоят қилган.
Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ: «(Ушбу) иснод саҳиҳдир», деган. «Силсилатус саҳиҳа», (6/45).
Хулоса шуки, мазкур ҳадиснинг баъзи йўллари заиф. Лекин, шоядки, кўп йўллари сабабли ҳадис кучайса. Шунинг учун Мунзирий ҳадисни «Тарғиб ва тарҳиб» (4/274)да ҳасан санаган, Албоний эса «Силсилатус саҳиҳа» (2512)да саҳиҳ деган.
Демак, шу ҳадислардан саволда келган жаннат аҳли сифатларининг тўғрилиги маълум бўлади. Фақат уч сифат бундан мустасно:
1) Довуд алайҳиссаломникидек хушовозлик;
2) Яъқуб алайҳиссаломникидек афв ва кечиримлилик;
3) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламникидек хулқу одоб.
Мазкур сифатларга далил борлигини билмаймиз.
Валлоҳу аълам.
Ислом савол ва жавоб веб саҳифаси